Пайғамбаримиз намозни қандай ўқиганлар?
2. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларининг тартиби
Олтинчи: руку
Қироатдан фориғ бўлгач, бироз тўхтаб, нафас ростлайди.
Сўнгра қўлларини такбири таҳримда (намоз бошлашда) кўтарганидек кўтаради.
“Аллоҳу акбар” деб такбир айтади. Бу вожибдир.
Сўнг бўғинлари ўрнашиб, ҳар бир аъзо ўз ўрнига тушадиган миқдорда руку қилади. Бу намоз рукнларидан биридир.
Рукунинг кўриниши:
Қўлларини тиззаларига жойлаштиради. Бармоқлари орасини очиб, тиззаларини чангаллагандек ушлайди.
Орқасини бирон идишдаги сув қўйилса тўкилмай турадиган даражада бир текис ва баробар қилади.
Бошини қуйи эгиб ҳам, кўтариб ҳам юбормайди, бели билан бир текис тутади.
Тирсакларини биқинларидан узоқлаштиради.
Рукуда уч марта, ё ундан кўпроқ “Субҳаана роббиял азийм” дейди. Истаса, бундан бошқа ҳам бир неча зикрларни айтиши мумкин. Улар “Сифати солатин набий” китобида зикр қилинган.
Рукнларни баробар қилиш:
Намоз рукнларини бир хил узунликда қилиш суннат бўлиб, рукусини, рукудан кейин қад ростлаб туришини, саждани ва икки сажда ўртасидаги ўтиришини қарийб бир хил узунликда қилади.
Рукуда ва саждада Қуръон ўқиш жоиз эмас.
Рукудан туриш:
Сўнг белини рукудан кўтаради. Бу ҳам рукн.
Рукудан бош кўтариш асносида “Самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ” дейди. Бу вожибдир.
Рукудан турган пайтида қўлларини юқорида айтилганидек кўтаради.
Рукудан қайтиб, хотиржам туради, ҳатто ҳар бир суяги ўз ўрнига қайтади. Бу ҳам рукндир.
Тик турган ҳолида: “Роббанаа ва лакал ҳамд” деб айтади. (Шу ҳолда айтиладиган бошқа зикрлар ҳам бор. Бу ҳақда қўшимча маълумот учун “Сифати солатин набий” китобига мурожаат қилинсин). Бу ҳар бир намоз ўқувчига вожиб, чунки бу қиёмнинг зикридир. Аммо “Самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ” дейиш рукудан бош кўтаришдаги зикрдир. Рукудан турганда қўлларни боғлаб турилмайди.
Рукудан кейинги туриши узунликда қарийб рукуга тенг бўлади.
Сажда қилиш:
Сўнгра “Аллоҳу акбар” деб такбир айтади. Бу вожибдир.
Баъзан қўлларини кўтаради.
Кейин саждага йиқилади, қўлларини тиззаларидан олдин қўяди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шунга буюрганлар ва туянинг чўкишига ўхшаб саждага боришдан қайтарганлар. Маълумки, туя олдинги тиззалари билан чўкади.
Сажда намознинг рукнларидан. Саждада кафтларига суянади, уларни мушт қилиб олмайди.
Бармоқларини йиғиқ ҳолда тутади.
Уларни қиблага қаратади.
Кафтларини елкалари тўғрисига қўяди.
Баъзан қулоқлари тўғрисига қўйиши ҳам мумкин.
Билакларини ердан кўтаради, бу вожибдир, уларни итлар тўшаганидек ерга тўшаб олмайди.
Бурун ва пешонасини ерга теккизади, бу рукндир.
Тиззаларини ҳам ерга теккизади.
Оёқлари учларини ҳам ерга теккизади.
Уларни тик тутади. Бу айтилганлар ҳам вожиб.
Оёқ бармоқлари учини қиблага қаратади.
Товонларини бир-бирига теккизади.
Саждада мўътадил туриш:
Саждада сажда аъзоларининг барчасига – пешона, бурун, кафтлар, тиззалар ва қадам учларига бир хилда суяниб, мўътадил туриши вожиб бўлади.
Саждада шундай мўътадил туриш билан хотиржамлик ҳосил бўлади. Саждада хотиржам туриш ҳам рукндир.
Саждада уч марта, ё ундан кўпроқ “Субҳаана роббиял аъло” дейди. Истаса, бундан бошқа ҳам бир неча зикрларни айтиши мумкин. Улар “Сифати солатин набий” китобида зикр қилинган.
Саждада дуони кўпайтириши мустаҳабдир. Чунки сажда дуо ижобат бўлиши умид қилинадиган ўриндир.
Саждаси узунликда қарийб рукусига тенг бўлади.
Бевосита ерга ёки унга тўшалган гилам, бўйра, жойнамоз кабиларга сажда қилиш жоиз.
Саждада Қуръон ўқиш жоиз эмас.
Икки сажда ўртасида ўтириш:
Кейин “Аллоҳу акбар” деб бошини саждадан кўтаради. Бу вожиб.
Баъзан қўлларини кўтаради.
Кейин хотиржам ўтиради, токи ҳар бир суяк ўз ўрнига қайтсин. Бу ҳам рукндир.
Чап оёғини тўшаб, унинг устига ўтиради. Бу вожибдир.
Ўнг оёғи қадамини тиклайди.
Унинг бармоқларини қиблага қаратади.
Баъзан иқъо қилиш, яъни икки оёқнинг товонлари ва кафтлари устига ўтириш ҳам жоиз.
Ўтирган ҳолида: “Аллоҳуммағфирлий варҳамний ваҳдиний важбурний варфаъний ва офиний варзуқний”, деб айтади. (Маъноси: эй Аллоҳ, мени мағфират этгин, менга раҳм этгин, мени ҳидоят қилгин, ўнглагин ва офият (саломатлик) ато этгин. Менга ризқ бергин ва мени юксалтиргин).
Ёки “Роббиғфирлий, Роббиғфирлий” (Эй Раббим, мени мағфират қил, эй Раббим, мени мағфират қил), деб айтади.
Бу ўтиришининг узунлиги қарийб сажда узунлигига тенг бўлади.
Иккинчи сажда:
Кейин “Аллоҳу акбар” дейди. Бу вожиб.
Ушбу такбир билан баъзан қўлларини кўтаради.
Иккинчи саждага боради. Бу ҳам рукндир.
Уни биринчи саждани қандай қилган бўлса, шундай қилади.
Иккинчи саждадан бош кўтариб, иккинчи ракаатга турмоқчи бўлганида “Аллоҳу акбар” деб айтади. Бу вожиб.
Баъзида қўлларини кўтаради.
Туриб кетишидан олдин чап оёғига хотиржам ўтиради, токи ҳар бир суяк ўз ўрнига қайтсин. Бу “истироҳат ўтириши” дейилади.
Иккинчи ракаат:
Сўнг худди хамир қоргандек кўринишда икки қўли билан ерга суяниб, иккинчи ракаатга туриб кетади. Бу ҳам рукндир.
Ушбу ракаатда ҳам биринчи ракаатда қилганидек қилади.
Фақат бу ракаатда намозга кириш дуосини ўқимайди.
Иккинчи ракаатни биринчи ракаатдан қисқароқ қилади.
Ташаҳҳудда ўтириш:
Иккинчи ракаатдан сўнг ташаҳҳуд учун ўтиради. Бу вожибдир.
Бунда худди икки сажда ўртасида ўтирганидек ўтиради.
Лекин бу ўтиришда иқъо қилиш (товон ва кафтлар устига ўтириш) жоиз эмас.
Ўнг қўли кафтини ўнг сони ва тиззасига қўяди. Ўнг қўли чиғаноғини сони устига қўяди.
Чап қўли кафтини чап сони ва тиззасига қўяди.
Қўлига, хусусан чап қўлига суяниб ўтириши жоиз эмас.
Ўнг қўли бармоқларини йиғиб, гоҳо бош бармоғини ўрта бармоғи устига қўяди.
Гоҳо бош бармоғи билан ўрта бармоғини ҳалқа қилади.
Кўрсаткич бармоғи билан қиблага ишора қилади.
Кўзларини унга тикиб туради.
Ташаҳҳуднинг бошидан охиригача дуо билан бармоқни қимирлатади.
Чап қўли бармоғи билан ишора қилмайди.
Ҳар бир ташаҳҳудда шундай қилади.
Ташаҳҳуд ва дуо ўқиш:
Ташаҳҳуд (аттаҳийёт) ўқиш вожиб бўлиб, унутиб ўқимаган киши саҳв саждаси қилади.
Ташаҳҳудни ичида ўқийди.
Ташаҳҳуд будир: “Ат-таҳийяату лиллаҳи вас-солааваату ват-тоййибаат. Ассаламу алайка айюҳан набийю ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ассаламу алайнаа ва алаа ибаадиллаҳис солиҳийн. Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳ”. (Маъноси: Саломлар, дуолар ва покиза сўзу амаллар Аллоҳга хосдир. Эй Пайғамбар, сизга Аллоҳнинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин. Бизга ва Аллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир, Муҳаммад Унинг қули ва расулидир). Ташаҳҳуднинг бундан бошқа бир неча кўринишлари ҳам бор. Истаган киши уларни ўқиши ҳам мумкин. Улар “Сифати солатин набий” китобида зикр қилинган.
Ташаҳҳуддан сўнг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга қуйидагича саловот айтади: “Аллоҳумма солли алаа Муҳаммадин ва алаа аали Муҳаммадин камаа соллайта алаа Иброҳийма ва алаа аали Иброҳийма иннака ҳамийдун мажийд. Аллоҳумма баарик алаа Муҳаммадин ва алаа аали Муҳаммадин камаа баарокта алаа Иброҳийма ва алаа аали Иброҳийма иннака ҳамийдун мажийд” (Маъноси: эй Аллоҳ, Иброҳимга ва унинг аҳли-умматига салавот-раҳмат юборганингдек, Муҳаммадга ва унинг аҳли-умматига ҳам салавот-раҳмат юборгин. Албатта, Сен мақтовли ва улуғ Зотсан. Эй Аллоҳ, Иброҳимга ва унинг аҳли-умматига хайру баракот ато этганингдек, Муҳаммадга ва унинг аҳли-умматига ҳам хайру баракот ато этгин. Албатта, Сен мақтовли ва улуғ Зотсан).
Истаган киши қисқароқ шаклда: “Аллоҳумма солли алаа Муҳаммад ва алаа аали Муҳаммад ва баарик алаа Муҳаммад ва алаа аали Муҳаммад камаа соллайта ва баарокта алаа Иброҳийма ва алаа аали Иброҳийма иннака ҳамийдун мажийд”, деб айтиши ҳам мумкин.
Кейин ташаҳҳудда ўтирган ҳолида суннатда келган дуолардан истаганини ўқиши мумкин.
Учинчи ва тўртинчи ракаатлар:
Кейин “Аллоҳу акбар” дейди, бу вожибдир. Суннат – такбирни ўтирган ҳолда айтишдир.
Баъзан қўлларини кўтаради.
Кейин учинчи ракаатга туради. Бу ҳам рукндир.
Тўртинчи ракаатга тураётганда ҳам шундай қилади.
Лекин ўрнидан туришидан олдин чап оёғи устига хотиржам ўтиради, токи ҳар бир суяк-аъзо ўз ўрнига қайтсин.
Сўнг худди иккинчи ракаатга турганида қилганидек, қўлларига суяниб ўрнидан туради.
Сўнг учинчи ракаатда ҳам, тўртинчи ракаатда ҳам “Фотиҳа” сурасини ўқийди. Бу вожибдир.
Баъзан унинг ортидан бир ёки бир неча оятни ўқиши мумкин.
Бало-офат пайтида қунут ўқиш:
Мусулмонлар бошига бало ва мусибат тушганда улар ҳақига дуо қилиб, қунут дуоси ўқиш суннатдир.
Ушбу қунут дуосини рукудан кейин “Роббана ва лакал ҳамд” деб айтганидан сўнг ўқийди.
Бу дуонинг аниқ бир шакли йўқ, тушган бало-мусибатга муносиб сўзлар билан дуо қилаверади.
Ушбу дуо пайтида қўлларини кўтаради.
Имом бўлса, овозини кўтариб ўқийди.
Иқтидо қилганлар “амийн” деб турадилар.
Дуодан сўнг такбир айтиб, сажда қилади.
Витр намозида қунут ўқиш:
Витрда қунут дуосини ўқийди, баъзан ўқимаслиги ҳам мумкин.
Уни бало-мусибат пайтидаги қунутдан фарқли ўлароқ, рукудан олдин ўқийди.
Қунут дуоси қуйидагича ўқилади: “Аллоҳуммаҳдиний фийман ҳадайта, ва аафиний фийман аафайта, ва тавалланий фийман таваллайта, ва баарик лий фиймаа аътойта, ва қиний шарро маа қозойта, иннака тақзий ва ла юқзо алайка, иннаҳу ла язиллу ман ваалайта ва ла яиззу ман аадайта, табаарокта Роббана ва таъаалайт” (Маъноси: эй Аллоҳ, мени Ўзинг ҳидоят этган кишиларинг қаторида ҳидоят этгин. Менга Ўзинг офият (саломатлик) ато этганларинг қаторида офият бергин. Яқин тутганларинг қаторида мени ҳам Ўзингга яқин этгин. Ато қилган нарсаларингни мен учун баракотли этгин. Қазо-ҳукм этган нарсаларинг ёмонлигидан мени асрагин. Албатта, Сен ҳукм этасан. Сенга (қарши) ҳукм этилмас. Сен дўст тутган киши хор бўлмас ва Сен душман тутган киши азиз бўлмас. Эй Раббимиз, Сен баракотли-буюк ва олий Зотдирсан).
Ушбу дуони Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам таълим берганлар, саҳобалар ҳам уни ўқирдилар.
Сўнг руку қилади, кейин икки марта сажда қилади.
Охирги ташаҳҳудда ўтириш:
Кейин охирги ташаҳҳуд учун ўтиради.
Бунда ҳам биринчи ташаҳҳудда қилганидек қилади.
Фақат бунда таваррук қилиб – чап ёни сондан юқорисини ерга қўйиб, чап оёғини ўнг болдири остидан чиқариб ўтиради.
Ўнг оёқ қадамини тиклайди.
Гоҳо тикламасдан ётқизиб қўйса ҳам жоиз.
Чап қўли билан тиззасини тутиб, унга оғирлигини ташлайди.
Пайғамбарга салавот айтиш ва тўрт нарсадан паноҳ тилаш вожиблиги:
Ушбу ташаҳҳудда ўтирганида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиши вожиб бўлади. Салавотнинг кўринишларидан баъзиларини юқорида айтиб ўтдик.
Сўнг тўрт нарсадан паноҳ тилайди: “Аллоҳумма инний аъувзу бика мин азааби жаҳаннам ва мин азаабил қобр ва мин фитнатил маҳя вал мамаат ва мин шарри фитнатил масийҳид дажжаал” (маъноси: эй Аллоҳ, мен Сендан жаҳаннам азобидан, қабр азобидан, тириклик ва ўлим фитнасидан ҳамда Масиҳи Дажжол фитнасининг ёмонлигидан паноҳ беришингни сўрайман).
Тириклик фитнаси – инсон ҳаёти мобайнида дуч келадиган дунё ҳойи ҳаваслари билан фитналаниш, ўлим фитнаси – қабрдаги сўроқ-савол ва азоб фитнаси, Масиҳи Дажжол фитнаси эса Дажжолнинг қўлида содир бўладиган ва шу билан кўпчиликни адаштириб юборадиган ғайриоддий ишлар билан фитналаниб қолишдир.
Саломдан олдинги дуо:
Сўнг Қуръон ва суннатда келган дуолардан ўзи истагани билан дуо қилади. Агар уларни билмаса, билганича дини ва дунёси учун фойдали нарсаларни сўраб дуо қилаверади.
Салом бериш:
Кейин ўнг томонига салом беради. Бу рукндир. Салом берганда ўнг юзининг оқлиги кўринсин.
Кейин чап томонига салом беради. Бунда ҳам чап юзининг оқлиги кўринсин.
Имом бўлса, баланд овозда салом беради.
Салом лафзи бир неча кўринишда келган:
Биринчиси: ўнг томонига “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ” деб, чап томонига эса “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ” деб салом беради.
Иккинчиси: ккки томонига ҳам “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ” деб салом беради.
Учинчиси: ўнг томонига “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ” деб, чап томонига эса “Ассаламу алайкум” деб салом беради.
Тўртинчиси: Олди тарафига қараб, ўнг томонга сал мойил бўлган ҳолда бир марта “Ассалому алайкум” деб салом беради.
Мусулмон биродар! Мана шу айтиб ўтилганлар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларининг имкон қадар мухтасар кўриниши бўлиб, мен қўлимдан келганича уни сизнинг зеҳнингизга яқин келтиришга ва кўз олдингизга олиб келишга ҳаракат қилдим. Намозингизни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазкур кўринишдаги намозлари каби ўқисангиз, Аллоҳ таоло даргоҳида қабул қилади, деб умид қиламан. Чунки бу билан сиз Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Менинг намоз ўқиганимни кўрганингиздек намоз ўқинглар!” деган сўзларига амал қилган бўласиз.
Яна бир муҳим гап, намозда аввало қалб ҳозир бўлишига, хокисорлик ва синиқлик билан туришга қаттиқ аҳамият қаратиш лозим. Зеро, банданинг намозда Аллоҳга юзланиб туришидан кўзланган асосий мақсад ҳам шу, аслида. Зотан, намознинг Аллоҳ таборака ва таоло Қуръонда: “Албатта, намоз фаҳш ва мункар ишлардан қайтаради” (Анкабут: 45) дея марҳамат қилган улуғ самараси қалбда хокисорлик ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозларига эргашиш қай даражада бўлишига қараб рўёбга чиқади.
Сўзим охирида Аллоҳ таолодан намозларимизни ва бошқа амалларимизни қабул қилишини, уларнинг ажру савобларини биз учун молу давлат ҳам, бола-чақа ҳам фойда бермайдиган қиёмат кунига олиб қўйишини сўраб, илтижо қиламан.
Алҳамду лиллаҳи роббил аламийн.
Ушбу рисолани аллома шайх Муҳаммад Носируддин Албоний раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларининг такбирдан саломгача худди кўриб турганингиздек васфи” китобидан қисқартириб тайёрлаган.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев