2-қисм.
Янги участкага биринчилардан бўлиб кўчиб ўтганимиз ва ён атрофимизда саноқли қўшнилар борлиги сабабидан жаноза катта ҳовлида бўлди.
Мен эса гўёки карахт ҳолатда таъзияга кимлар келди, кимлар келмади англай олмай келган аёлларни таъзияларини қабул қилгандай бўлардиму аммо бу мусийбат туш, ҳозир уйғониб қоларман деб ўйлайверардим.
Таъзиялар ўтди, инсон ҳар ҳолатга ҳам маълум муддатда кўникиб қолар экан, баъзан ҳожат идишни қидириб эрим ётган хонага интилиб қолишимни ҳисобга олмаганда деярли эримни вафот этганига ҳам кўника бошладим.
Энди эри вафот этган аёл 4 ой 10 кун идда сақлаши ва шу муддат ичида уйидан чиқмай ўтириши лозимлигини тайинлашди.
Ўзим якка қолмаслигим учун навбат билан гоҳ сингилларим, гоҳ овсинларимни бирорталари ҳовлида мен билан қолиб ёнимда далда бўлиб туришарди.
Идда муддатим ҳам тугади, болаларимга давлат томонидан нафақа пули ажратиб беришди.
Маҳалла раисига чиқиб "аёллар дафтари"га тиркаб қўйишларини айтишимни , маҳаллага ёрдам пуллари ёки озиқ овқат маҳсулотлари келса биздақаларга тарқатиб беришларини ва бу ҳам ҳарна ёрдам бўлишини айтишди.
Эрим касаллигида ёрдам сўрасам бермаган энди берармикан,- дедимда, аммо болаларимга нафақа пули етмаётгани учун таваккал дея идорага чиқдим.
- Ёзув - чизув, ҳисоб - китобни биласизми,- дея сўради раис менга бошдан оёқ қараб.
- Ҳа, биламан.
- Ҳм, унда менда аёллар билан ишлашда ёрдамчи бўлиб ишланг, яхшигина маош бераман.
Бурчакда нималарнидир ёзиб ўтирган аёллар билан ишловчи ходима бу гапни эшитиб томоқ қириб йўталиб менга ўқрайиб қаради.
Олдида рақибини кўргандек ишорани дарров тушундим, ўзимни ҳам бу ерда ишлаш ниятим йўқ эди, чунки раиснинг кўзлари бежолиги менга ёқмади.
- Йўқ, уйда ёш болаларим қаровсиз қолиб кетади. Ўша "аёллар дафтари"га тиркаб қўйсангиз ҳарна рўзғоримга ёрдам бўларди.
- Ҳм, ўзингиз биласиз, мен сизга ёмон иш таклиф қилмадим, майли, ариза ёзинг, комиссия аъзолари билан бориб текшириб кейин дафтарга тиркаб қўямиз.
Уч кундан сўнг раис, котибаси ва икки фаол билан уйга келишди.
- Хўўшш, кондиционерингиз бор экан, бу шаблонимизга тўғри келмайди.
- Эрим касаллигида ишлаган эски кондиционерни ўртоқлари ўрнатиб беришганди, у ҳозир ишламайди, ишонмасаниз текшириб кўринг.
- Ишлайдими йўқми, уйингизни расмга олсак расмда кўриниб туради, ва темир дарвозангиз ҳам бор экан, бу ҳам шаблонга тўғри келмайди.
- Идда ўтиришим кераклиги учун катта ҳовлида турганимда қариндошлар пул йиғишиб девор кўтариб беришди ва дарвозани ҳам бир киши закотидан ўрнаттириб берганди, ахир дарвозани бузиб **** бўлмайдику.
- Бу мени қизиқтирмайди, мен кичкина одамман, "тепадагилар" тасдиқламайди, аммо ўша кунги таклифим ҳали ҳам ўз кучида турган.
Раис гапириб ўхшовсиз тиржайиши худди мени эрмаклагандай туюлди:
- "Дафтар"ингиз ўзингизга буюрсин, керакмас, ишингиз ҳам керакмас, Худо ризқимизни беради, хайр.
"Комиссия" аъзолари уйимдан чиқиб кетишганидан сўнг шу "дафтар" деганини сўраганимга ўзимни койидим ва хўрлигим келиб хонамга кириб тўйиб йиғлаб олдим.
Қўшни маҳалладаги тикувчилик цехидан иш топдим, ҳозирча цехда, кейинчалик уйда тикишга рухсат беришаркан.
Болаларни мактабга жўнатиб ишга бораман, кечки пайт ишдан қайтаман, ишхонада ҳаммаси аёллар, бошлиқни хонаси ишхона ҳовлисида алоҳида эди.
Бир куни бошлиқ хонасига чақирди:
- Қалай, қийналмай ишлаяпсизми, коллективга ўрганиб қолдизми синглим?
- Раҳмат ака, алҳамдулиллаҳ ҳаммаси яхши.
- Эриз яхши йигит эди, Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.
Индамай ерга қараб туравердим.
- Манавини олиб қўйинг, яхши ишлаганизга мукофот, болаларга ул - бул олиб берарсиз.
Конвертга солинган пулни узатди.
- Хўп, катта раҳмат,- дедимда ташқарига чиқиб ўйладим.
Мен ҳамма қатори ишлаяпман, ҳатто мендан кўра яхши ишлайдиганлар ҳам бор бўлса, нега менга мукофот берди, балки етим болаларим борлиги учун раҳми келиб бергандир.
Конвертни очиб пулни санаб кўрдим, 500 минг сўм, бу пул учун камида 10 кун ишлашим керак эди. Майли, савоб учун бергандирда, кечки пайт болаларим билан хуфтон намозида дуо қиламиз.
Уч кундан сўнг ишдан чиқишимга бошлиқ ташқарида экан:
- ...... хон, бир минутга, эртага яхшироқ кийиниб келинг, бир жойга бирга бориб келамиз.
Бу таклифни эшитиб қўрққанимдан баданим титраб муздей тер чиқиб кетди.
- Қаерга борамиз?
- Фарғонага, ўзим боришга зерикаман, баҳона билан бир айланиб келасиз.
- Кеннойимни олиб боринг, мен "айланадиган" аёл эмасман тушиндингизми,-дедим титроғимни босолмай.
- Сиз мени нотўғри тушундингиз, ахир борамизу қайтамиз холос, жон демайсизми, шунча аёллар ичидан сизни таклиф қилганимга.
- Ҳе башшаранг қурсин, сан учун эри йўқ аёл ҳамма нарсага кўнаверади, "айланаверади",- деб ўйладингми, сениям она туққанми?
- Вой бўў, мунча ноз қиласан, мукофотни жон деб олдингку, гапни дангали мен сени ёқтириб қолдим, мени десанг кам бўлмайсан.
Ортимга ўгирилиб уйга чопдим, шерикларим кетиб бўлишган экан, бир ўзим ёпинғичда чопиб бораётганимни кўрганлар ҳайрон бўлиб ортимдан кузатиб қолишарди.
Ҳаллослаганимча югуриб уйимга етиб келдим, худди ортимдан қувиб келадигандай дарвозани ичкаридан танбаладимда хонамга кириб бир бурчакка чўккалаб ўтириб росса тўйиб - тўйиб йиғлаб олдим.
Одамлар шунчалик ҳам ҳайвонтабиат бўлиб кетганми, наҳотки бева аёлни ўрнига ўзини онасини тасавур қилиб кўрмаса.
Наҳотки Худодан қўрқмаса, ахир ҳар бир ёмонлик бу дунёда қайтмаса охиратда албатта қайтадику.
Жавон ғаладонини очдим, эрим билан тушган суратимиз бор эди, топдим, суратга қараб хаёллар оғушига шўнғидим:
- мана кўрдизми дадаси, мен сизга бежиз айтмасдим, бизни ташлаб кетманг жоон дадаси дердим.
Балки руҳингиз ҳамма нарсани кўриб тургандир, биламан, бу дунё вақтинчалик дунёдир, бир кун келиб ҳаммамиз ҳам бу дунёдан кетишимиз бор.
Фақат сиз эртароқ кетдингиз, на илож, бу Аллоҳнинг иродаси дерсиз, мен ҳам Роббимнинг менга берган қисматига розиман.
Сиздан зурриёдлар менга омонатга қолди, мен номусим булғаниб фарзандларимизни кўрганлар фалончи суюқоёқни боласи дейишларини хоҳламайман.
Бунинг учун Роббимдан менга қувват ва матонат беришини сўрайман, юзим ёруғ ҳолда номусимни асраган ҳолда жаннатга киришни истайман.
Ахир сиз хасталик азобини чекиб шаҳидлар мақомида бу дунёни тарк этдингиз ва ин ша Аллоҳ жаннатий бўласиз.
Сиз мендан рози эканингизни ҳаттоки тилдан қолганингизда ҳам қалам билан оппоқ қоғозга ёзиб билдирганингиз эсингиздами?
Энди мен рўпарамдан чиқаётган шайтоний нафс қулларига шунча қилган хизматларим эвазига сиздан олган розилик неъматини осонлик билан енгилиб жаннат неъматидан бебаҳра қолишни истамайман.
Эшик таққиллади, хаёлларим бир зумда тарқаб кетди, шошиб расмни жойига қўйдимда дарвозахонага бордим.
- Ким бу?
- Онажон, бу мен, эшикни очинг.
Хайрияте, ўғлим экан, дарвозани очдим.
- Қаерларда юрибсан болам, мактабинг тугагани қачон эдию?
- Бобомни уйларига борувдим, у ерда роса жанг бўлди.
- Вой, жанг дейсанми, қанақа жанг?
- Амаким ичиб келиб хотинларини урдилар, кейин бобом амакимни қувдилар, амаким кўчага қочиб чиқиб кетдилар.
Бобом ерга ўтирволиб йиғладилар.
- Амакинг кеннойингни қаттиқ урдими?
- Унчалик қаттиқ урмадилару, бир тарсаки уриб "сани ҳайдайман, ўғил туғадиган хотин оламан", - дегандилар бу гапни бобом эшитиб амакимни қувиб солдилар.
Майли болам, Худо инсоф берсин, ўғил фарзанд ҳам кўриб қолишар, уйга кириб кийимларингни алмаштир, опанг ва укаларинг Хосият холаникида бўлишса керак, уларниям чақир.
Болаларимни кўриб бугунги воқеани ҳам унутгандай бўлдим, бирга овқатландик.
Эрталаб нонуштадан кейин кийиндимда янги иш қидириш учун кўчага отландим.
- Ҳой ким боор, келин уйдамисиз.
Шошиб деразадан қарадим, қайнотам келибдилар, тинчликмикан?
- Келинг дада, тузукмисиз, уйдагилар яхшими?
- Ҳа, ҳаммаси яхши, энди сени олдингга бир гапни айтгани келдим.
- Сўрига чиқинг, мен ҳозир чой дамлайман.
- Чойингни қўй, гапни эшит.
Ўзинг ҳовлида қўрқмаяпсанми?
- Йўўқ дадажон, невараларингиз ҳам катта бўлиб қолишган, нега қўрқаман.
- Энди шундай катта ҳовлида бева аёлни ўзи туриши урфимизга тўғри келмайдида, ўғлим раҳматлик шу ерда ака - ука яшаймиз деб олтита хона қурганди, укасиниям хизматлари синган қурулишда биласан а?
Хуллас қайнинг келин билан шу уйга кўчиб келади, сизларга ҳам далда бўлиб яшайди.
Анави учта хонани бўшатиб қўй, бугун кечга кўчиб келишади.
Қайнотам мендан жавоб ҳам кутмадилар, бу эса - "хоҳласанг мени айтганим бўлади, йўқса ота уйингга кетавер",- деган ишора эди бу.
Эй Аллоҳ, энди бошимга алкаш қайинини ҳамхона қилишим бормиди,- дедимда йиғи билан ўзимни овутмоқчи бўлдим.
Афсуски йиғи ҳам мени тарк этди шекилли, йиғлай олмадим.
Унсиз уҳ тортиб учта хонани бўшатишга киришдим, кечгача хоналар бўшади.
Асрдан кейин катта мошинада қайнимни кўчлари етиб келди, овсиним жиянлари билан кириб келиб кўчларни хоналарга таший бошлашди.
Овсинимни қайфияти тушкун ҳолатда, қовоғидан "қор ёғарди".
- Ҳа овсин, нимага дабдурустдан бундай бўлди?
- Ээ опажон, шу қайнингиз ичиб келиб тўполон қилавериб қайнотамизниям, маҳалланиям жонига тегдилар.
Кеча жанжал бўлиб охири қайнотамиз бизни кўчиришга қарор қилдилар.
Сизни эрингизни ўрнига шу ер юткур ўлса бўлмасмиди, мениям жонимга тегиб кетди.
- Вой ундай деманг, фаришталар омийн деворадия, ёмон бўлсаям бошингиздаги эрингизку.
Ярим кечагача кўчларни жойлаб бўлдик, қайним ўша кечаси уйга келмади, овсиним билан бомдодгача гаплашиб ўтирдик.
Бомдодни ўқиб ҳам бўлгандик дарвоза тарақлаб очилиб қайнимни икки қўлтиғидан судраб ўртоқлари ташлаб кетди.
- Ххотиин, ҳой манжалақи қаердасан, сув бер, ҳе оннангни сани.
- Ҳой секинроқ, болалар ухлаяпти, яна ичдингизми, аҳволингизни қаранг, сизга ичирган ўша ошналариргизни уйига ўт тушсин илоё.
Овсиним ҳам жағи тинмай жаврарди, ҳовли ароқ ҳидидан сасиб кетди.
Давоми бор.
Муҳаммад Икром.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 4