ЁРУҒ КУННИ СОҒИНИБ
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
Қисса
5-қисм
— Ойи... Укаларимни ким олиб кетади?
— Ўзим...
Шу билан Муниса хотиржам мактабга йўл олди. Мактаб унинг учун яна бир тинч гўша. Чунки бир-иккита синфдош қизларнинг камситишини айтмаса, ўқиш-ўрганиш унга завқ беради. Ўқитувчилари ҳам меҳрибон. Дарслари тугагач, у тўғри уйга келди-ю, сигирини суғориш учун яна тутзор томон йўл олди. Кунлик юмушларини у режалаштириб олган. Одатда ҳар куни укаларини қўшнисиникида қолдириб, сўнг сигирга борарди. Кейин уйларини йиғиштиради, укаларини ўйнатади, онаси келишига картошка, пиёзни арчиб қўяди. Бугун шошмаса ҳам бўлади. Укалари онаси келгунича бувисиникида. У бемалол Райҳон момо билан суҳбат қуради. Ширин хаёл уни тутзор томон ошиқтирди. Лекин у ерда момо йўқ. Муниса сигирни сал наридаги анҳорга суғориб, яна ўтли жойга боғлаганида ҳам кўринмади. “Балки мен кўрмай қолгандирман?” Қиз эгилиб тутзор ичига аланглади.
— Мовийкўзим... — ортидан келган овоз уни энтиктирди.
— Момо...
Тўладан келган, бошига катта рўмолни салла шаклида ўраб оладиган, ўнг томонга сал қийшайиб қадам босадиган момо унга қучоқ очди. Ундан сал олдинда келаётган уч дона қўй ўзини тутзор томон урди. Муниса эса момога интилди.
— Эрталаб ҳам йўқ эдингиз. Ҳозир ҳам кўринмаганингизга қўрқиб кетдим, — кўм-кўк, катта-катта кўзларини момога тикиб деди Муниса.
— Кутишингни билдим, шу учун келдим, — деди момо ҳам синиқ жилмайиб. — Етимлик нималигини биламан, болам. Уни фақат сабр билан енгиш мумкин. Сенам сабрли бўл. Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, қолган ўн беши ёруғ. Демак, сенинг ёруғ кунларинг ҳали олдинда.
Муниса таажжубланди. Момо нега етимлик ҳақида гапириб қолди. Ота-онаси йўқларни етим дейишмайдими? Ахир унинг отаси ҳам, онаси ҳам бор.
— Жуда ҳам қийналиб кетганингда ҳаётингдаги ширин, қувончли кунларни эсла. Қани, айт-чи менга, қачон жуда ҳам хурсанд бўлгансан?
Муниса бошини эгди. Қачон хурсанд бўлган эди?
— Сизни кўрсам, — деди охири.
— Яна-чи?
— Узоқдаги бувимларникида... — Мунисанинг кўз олдига уч йил олдинги, яъни, бу ердан анча узоқда яшайдиган буви ва бобосиникида ўтган даври жонланди. Ўшанда у эртакдаги маликалардек яшарди. Буви ва бобоси оғзидан чиққанини муҳайё қилишарди. Ҳеч ким уришмас, урмас, “кўккўз” деб ҳақорат ҳам қилмасди. — Уларнинг уйида мени ҳеч ким уришмасди...
— Ўша кунлар ҳаётингдаги энг ёруғ кунлар. Ҳали яна шунақа бахтли кунларинг келади. Агар сени кимдир хафа қилса, ўша бувингникида ўтган кунларни эсла. Сенга далда бўлади, куч беради. Сенга бир ривоят айтиб берайми?
Муниса “хўп” дегандек бош чайқади.
— Қадимда бир подшоҳ бўлган экан. У бармоғига тақилган қимматбаҳо узугини асло ечмас экан. Чунки узукда шундай хислат бор эканки, шоҳ энг бахтиёр кунида унга қараса, хомуш тортиб қолар, аксинча, ғамгин пайтларда боқса, чеҳраси ёришаркан. Бунинг сирини ҳамма билгиси келар, аммо журъат этолмас экан. Охири бир куни энг яқин вазири юрак ютиб ундан сўрабди: “Шоҳаншоҳим, узугингизнинг сири нимада? У сизнинг кайфиятингизни ўзгартиришга қодир?”
— Узугимда ҳеч қандай сир йўқ. Ҳамма гап унинг кўзларига ёзилган ҳикматда, — дебди шоҳ. — Қани, айт-чи, унга қандай ҳикмат ёзилган?
Минг ўйласа ҳам вазир жавоб топа олмабди. Шунда подшоҳ дебди. Узугимга шундай ҳикматли сўз битилган: “Бу кунлар ҳам ўтар-кетар!”
Шунинг учун қайғуга ботганимда унга қарсам, хурсанд бўламан, акси бўлса қувонч тарк этади.
— Бечора шоҳ, — деди негадир Муниса.
— Сен ҳам шундай қил, — сўзида давом этди момо. — Хафа бўлганингда “бу кунлар ҳам ўтар-кетар”, деб ичингда қайтар...
“Ҳар кун қайтаришим керак экан, унда”, хўрсиниб қўйди қиз. Сўнг кўзлари ўзиники каби мовий бўлган момога тикилди. Нега момо бу қадар меҳрибон? Нега у учун қайғуради? Кўзлари ҳам ўзиникига ўхшаш.
— Момо, нега иккимизнинг кўзларимиз ўхшаш? — беихтиёр сўради у.
— Менинг кўзларим отамга тортган. Отамнинг кўзлари шунақа кўк эди. Шунинг учун отам жуда яхши кўрарди. Сеникини билмадим, болам...
Муниса яна ўйга толди. Унинг кўзлари кимникига ўхшайди? Отасиники, онасиники қора. Буви, боболариники ҳам. Ҳатто, укалариники ҳам қоп-қора. Балки шунинг учун отаси уни ёмон кўрар? Онаси ҳам шу сабабли меҳр бермас... Миясида айланган ўйлардан унинг кайфияти бузилди. Буни момога билдирмаслик учун оҳиста деди:
— Мен уйга кетдим...
Момо негадир унга термулиб оғир хўрсинди. Муниса эса уйи томон чопқиллади. Уйга келиб кўрдики онасининг кўзлари ёшли. “Дадам ҳали ҳам жаҳлидан тушмабди. Энди менга ҳам тинчлик йўқ... Ўзи қаерда экан?” У уйнинг бошқа хоналарига қулоқ тутди. Жим. Бунақа пайтда отаси сўкинар, бақирарди.
— Мунис, бувинг... бувинг оғирлашиб қолибди, — хўнграб юборди онаси.
“Бувим боя яхши эди-ю”, ҳайрон бўлди Муниса. Аммо миясига яшиндек урилган фикрдан шошиб қолди.
— Бувим... Узоқдаги бувим...
Бувиси уч йилдирки, тўшакда. Ўша олти ёшигача уни кафтида катта қилган бувижониси. Сўнг хасталик туфайли Мунисага қарашга қийналиб қолди. Меҳмонга борган онаси уни ўзи билан олиб келди.
6-қисм
— Сизнинг ўзингизга битта қаровчи керак. Мунисанинг оғирлиги тушмасин. Энди мактабга ҳам боради. Ўзимизнинг мактабга боргани яхши. Яна укасига ҳам қарайди, — деганди онаси ўшанда бувисига.
Ўшандан бўён бор-йўғи тўрт марта кўргани боришди. Унда ҳам онаси отасидан рухсат сўрагунча бўлари бўлган. Ҳозир ҳам отасини кутиб ўтирибди, шекилли.
— Ўша ишхонасида иш бўлса ҳам майли эди. Нима қилар экан-а, даданг кун бўйи? — тоқатсизланди онаси. — Сени олиб боришимга рухсат берармикан?
Мунисанинг юраги пакка-пука бўлиб кетди:
— Ўзимни ташлаб кетманг, ойи.
— Камол билан анув бувингникида ўтириб турасизлар. Биз даданг билан бориб келамиз. Жавлонни олиб кетаман.
— Каромат опаникида ўтирсак-чи? — ялинганнамо деди Муниса.
— Бўлмайди. Каромат опангнинг сизларга қарашдан бошқа иши йўқми?
Мунисанинг нафаси ичига тушди. Онасининг айтгани бўлди. Мана укаси Камол билан мактаб яқинидаги бувисиникида.
— Бўйинг гўрда чиригур, — дейди ҳар гапида бувиси. Уйда икки таҳмон кўрпа-тўшак йиғилган бўлса-да, эски қора пўстак устидан тушмайди. Қўлида тинмай урчуқ айланади. Мунисага қарамаса-да, худди ҳаммасини кўриб тургандек.
— Талмовсираб туравермай, чиқ янгангга ёрдамлаш. Кейин бориб сигирларингни ҳам олиб кел. Ё мен олиб келиб берайми? Келишингда эшик-тешикларингни ёп. Яна онангдан бошим балога қолмасин...
Бувисининг гапларидан Муниса ҳайрон қолади. Чунки онасининг бирор марта бувисига ёмон гапирганини эслай олмайди. Лекин у киши ҳар гапида “онанг, онанг” дегани-деган. Нега бувисининг уни ва онасини кўргани кўзи, отгани ўқи йўқ? У ўзи тушунмаган, билмаган жумбоқлар кўплигидан сиқилди. Сигирни тутзордан олиб келишида ҳам шулар ҳақида ўйлади.
Эртасига отаси қайтди. Унинг айтишича, узоқдаги бувиси улар боргунича ўлиб бўлган экан. Онаси икки кундан кейин келармиш. Бу гап Мунисанинг дилини қоронғи қилди. Бувисидан ажралганидан эмас, онасисиз ўтажак кунлар ўйга толдирди. Дўзахдек ўтар балки. Ўйлаганидек бўлди. “Ўв кўккўз, уйингга сув ташиганда бизникига ҳам олиб кел”, “Сигирларингга қўшиб бизнинг бузоқларни ҳам олиб кет”, “Тутзордан қўзиларга барг қоқиб келмасанг, оёғингни уриб синдираман”... Бувиси айтган юмушларининг сўнгги кўринмади. Энг ёмони, кечки овқатни емай туриб, бақиради: “Ёт, ёпиш! Нимани кутиб ўтирибсан? Онанг айтмаган аллани айтиб қўяйми, ё? Бетинг қурсин, сенинг!”
У бирор марта кечки овқатни емади. Эрталаб ва тушда эса сигир баҳона уйларига келиб, ул-бул еган бўларди. Шукрки, икки кун ўтиб онаси келди. Узун кўк гулли кўйлак, пешанасига танғилган кичик дурра ва унинг устидан ташланган катта оқ рўмол билан онаси янада кекса, ожиз ва ғариб. Худди бувисига ўхшаб қолибди.
— Ойижон! — Муниса онасининг бағрига отмоқчи эди. Аммо журъати етмади.
Онасининг кўзлари ёшга тўлди. Қошини чимириб, оғир “уҳ” тортди. Пешанасидаги ботиқ чизиқлар янада чуқурлашгандек бўлди. Кўзининг артофини ҳам ўргамчак тўри каби чизиқлар эгаллади. “Ойим уч кунда кексайиб қолибди. Йўқ, ўзи менинг ойим қари. Ана, Салимнинг онаси Каромат опанинг мендан катта иккита ўғли бор. Аммо қаримаган. Яна ойимни “опа”, деб чақиради. Нега ойимнинг ёши катта бўлса ҳам биз — болалари кичикмиз? Нима учун укам Камол мендан жуда кичкина? Менинг тендошларимнинг биринчи синфга борадиган ука-сингиллари бор. Камол эса энди учга кирди”. Мунисанинг мияси ғовлаб кетди. У улғайгани, ўйлагани сари жавобсиз саволлар ичида қоларди.
— Бувингни ҳам қора тупроққа қўйдик, — пиққилади онаси ўзига ўзи гапиргандек. — Айтганча, холанг сени келади деб манов кўйлакни олиб келган экан. Олиб қўйганига анча бўлибди. Бериб юборди...
Муниса онаси тутқазган кўйлакни қўлига оларкан, қувончдан кўм-кўк кўзлари порлаб кетди:
— Бунча чиройли. Эртага мактабга кийиб борсам бўладими?
Ғами билан андармон онаси унга жавоб бермади. Муниса ухлагунича кўйлакни икки марта кийиб кўрди. “Кийим ухласаммикан?”, деди худди йўқотиб қўядигандек. “Эрталаб дадам сигирга бор деса, кир қилиб қўяман”, дея ечди. Тонгда ўзи уйғониб, сигирни етаклаб югургилади. Одатига қарши тутзорга энгашиб алангламади ҳам. Ортига югурди. Томоғидан чой ҳам ўтмай, кўйлакни кийиб тайёр бўлди.
— Кўйлак кийсанг, чиройли қиз бўларкансанми, Муниса? — дадасидан илк бор эшитган ширин гапи эсанкиратди ҳам. Сумкасини олишга келган Салим ҳам ҳайратга тушиб, ушлаб ҳам кўрди кўйлагини. Ўзи тўқ кўк, ёқаси, енги ва боғичи оппоқ бу кўйлакда Муниса қўғирчоққа айланиб қолганди. Жингалак қора сочлари, оппоқ юзи, мовий кўзлари бу қишлоққа бегонадек. Севинчи ичига сиғмай, бир укасини опичлаб, иккинчиси етаклаб йўлга тушди.
— Вой, вой ўлмасам... Пешанамда шу кунларни кўриш ҳам бормиди? — бувиси саломига шундай “алик” олди. — Кўйлакни қаердан олдинг, ер ютгур, кўккўз! Онанг ўғлимга олдирган! Тулки онанг ичидан пишган! Менинг невараларим қай аҳволда юрибди-ю, қаердаги етим боламнинг топганига чиройли кўйлак кияди! Еч, еч кўйлакни!
Бувисининг важоҳатидан Мунисанинг ранги-қути учди. Кампир эса неварасининг эгнидан либосни куч билан ечиб ола бошлади.