Келинни кўрган аммаларнинг юзи ўзгариб кетди. Янги келинларнинг нимасидир бўлади. Одатда хунуккина бўлган қизлар ҳам тўйдан кейин очилиб, латофатли бўлиб қоладилар. Охорли кийимларми, безакларми келинга ўзгача жозиба бағишлайди.
Пак-пакана, оёқлари калта, хўппа семиз, қорачадан келган келин пишиллаб чой келтирди. Аммалар ўзаро кўз уриштириб олдилар. Куёв бола кириб,эгилиб кўришди. Келиннинг акси ўлароқ келишган, бўйлари баланд, кўзлари ёниб турарди куёвнинг.
Энди аммалари лабини тишлади.
Меҳмонларни ажаблантиргани куёв бўлмишнинг шу қизга севиб уйлангани эди.
Янги келиннинг бой хонадондан эканлигини эшитган эдилар, буюмлари ҳам шунга яраша эди, албатта.
Бу хонадонда яна битта келин бор. Овсин олсам ишим енгиллашади деб ўйлаган Райҳон тўйдан уч кун ўтибоқ адашганини тушунди. Овсини қизлик пайтида машина ҳайдаган экан. Уйига бориб ўз машинасини миниб келди. Пешингача ухлаб, тайёр овқатни ****, эри билан айлангани чиқиб кетадиган овсинига на қайнотаси, на қайнонаси бир оғиз сўз айта олади. Маълум бўлишича янги келинга отаси икки қаватлик уй қуриб қўйган экан. Яқинда кўчиб кетишар экан.
Райҳонга алам қилди. Катта ҳовлининг битмас-туганмас ишлари, томорқа, мол-ҳол, ош-овқат яна ўзига қолди. Бир оғиз "раҳмат," "барака топинг", деган сўзга маҳтал бўлиб яшай бошлади. Бир куни қайнонасининг қилиғи ҳаммасидан ўтиб тушди." Райҳон, кириб овсинингни уйини йиғиштириб чиқ, Муроднинг кир кийимларини ҳам йиғиб чиқ, кирларингга қўшиб ювасан".
Хўрлиги келди. Аммо қайнонасининг гапи қонун!
Овсинининг уйига кириб оғзи очилиб қолди. Янги келиннинг уйи ҳам шунчалик ёйилиб кетадими? Бир четдан йиғиштиришга киришди. Овсинининг кийимларини илгичларга солди, қайнонаси тўғри айтган экан, қайнисининг кийимлари ҳар ерда сочилиб ётар, улардан тер иси келарди. Бир қучоқ кирни қучоқлаб чиқаётиб ойнага разм солди. Ундан оппоқ юзлари қуёшда пуштиранг тусга кирган, қош кўзлари оловдек, бўй-басти келишган гўзал ўзига тикилиб турарди. Беихтиёр ойнадаги ўз аксига қараб кулди. Юзидаги кулгичлари яшнаб кетди...
Янги келин Муродга ҳам машина олиб берди. Райҳон оддий ўқитувчиларнинг қизи, овсинининг отаси бизнесмен. Турмуш ўртоғини жудаям яхши кўради, қани энди иложи бўлса-ю, у ҳам Асад акасига машина олиб берса, кейин улар ҳам болаларини олиб айлангани борсалар.
Баъзида хаёл суриб кетади, орзулар қилади, кейин уларга эришгандек бўлиб, кайфияти кўтарилади. Онасининг доимий такрорлайдиган сўзларини эслайди. "Олам сўздан яралган. Фақат яхши ният қил, худойим беради, болам."
Қозонга овқат солди. Ҳовлига сув сепаётиб, ўзи эккан райҳонларни қўли билан силкитиб ўтди. "Ифорим келиб турсин" - ўзининг сўз ўйинига ўзининг завқи келди, жилмайиб қўйди.
Қайнонаси болаларини боғчадан олиб келди. Югуриб келаётган ўғилларига қучоқ очаркан уларни жудаям соғинганини ҳис қилди, энтикиб кетди.
--Овқатинг тайёрми, бўла қол Асад ҳам келиб қолади, Муродлар кўчада овқатланишаркан,-- деди қайнонаси.
--Хўп бўлади, ойижон, адажон билан чиқинглар, сўрига жой қилдим,-- ошхона томонга йўл олди у.
Дарвозадан турмуш ўртоғининг йўталгани, сўнг қадам товушлари эшитилди. Юраги уриб кетди. Дик этиб ўрнидан турди, йўл-йўлакай боя сув тўлдириб қўйган обдастани кўтариб, эрининг истиқболига ошиқди. Салом берди. Мулойим кулиб алик олди Асад.
Райҳон сочиқ узатди, эри доимгидек сочиққа қўшиб қўлларини тортқилади. Аёл дув қизарди, аммо шугина эътибор, шугина ҳаракат гул юзини янада гўзал қилиб юборди.
Косалар яримлаганда янги келин--куёв кириб келди. Саломат салом бериб, қўлидаги бир марталик идишларга солинган таомларни қайнона-қайнотасининг ўртасига қўйди.
Қайнонаси мамнун жилмайиб идишларни очаркан, Райҳоннинг кичик ўғли
--Ойи, шашлик ейман, --деди, --бувижон, мангаям шашлик. Унга укаси қўшилди
--Мангаям.
--Кўргандан кўз ҳақи тилайди шу болаларинг,--қайнонасининг гапидан кўра оҳанги таъсир қилган жувон болаларига қарата
--У аччиқ, **** бўлмайди,--деди.
--Ма, ол, --деди қайнонаси, сўнг итга суяк ташлагандек иккита жаз ирғитди невараларига. Райҳоннинг юраги эзилди. Секин эрига қаради. Кўзини ерга тикиб ўтирган азиз инсонини кўриб, ўзини қўлга олиш кераклигини тушунди.
--Қани, бувижонингга раҳмат айтингларчи.
--Раҳмат, бувижоним,--
--Раҳмат...
Саломат кўзини очар--очмас телефонини қўлига олади. Онаси севимли машғулоти--қизига хабар ёзишни бошлабди.
"Турдингми, ўзингни қийнама, овсининг сенсиз ҳам эплаган, буёғига ҳам эплайди"
Негадир кейинги пайтларда онасининг гаплари ғашига тега бошлади. Ҳамма нарсага аралашади, ҳамма нарсани билиши керак. Тушганига бир ой бўлмасидан ҳали танимаган овсинидан душман ясаб улгурди. Яна хабар келди.
"Бугун қайнонангга тандир гўшт жўнатаман, битта яхши кўйлак ҳам, овсининг куйиб ўлсин, сен иш қиламан деб юрма, ҳаммасини ўзим боплайман."
Жавоб ёзмади.
Болалигидан бери онаси овсинлари билан чиқиша олмайди.
Отаси топармон--тутармон бўлса ҳам ака--укасига нарса илинмайди. Бир марта аммасининг ўғли туҳматга учраб, қамалиб кетай деди. Аммаси яхшироқ адвокат ёллаш учун пул сўраб келди. Отаси уйда йўқ эди.Онаси тарсиллаб уёққа ўтди, тарсиллаб бу ёққа ўтди. Охири
--Кутманг, акангизда ортиқча пул йўқ, ўғлингиз жиноят қилган бўлса, жазосини олади, барибир !-деди юзсизларча. Аммасининг ўғли оқланди, аммо ака--сингил юзкўрмас бўлиб кетди.
Мурод акаси ишга кетган шекилли. Уям ўзгариб қолаётгандек. "Қачонгача менга чойни келинойим тайёрлайди, турсанг, ҳаракат қилсанг сал.."
Уёғини айтмаса ҳам билди "озармидинг" демоқчи.
Ўрнидан турди. Юз--қўлини ювиб ҳовлига чиққанида кун ёйилиб кетган, овсини аллақачон ҳовлидаги ишларни саранжомлаб, томорқага ўтган эди.
Ўқиши ҳам тугади. Якуний имтиҳонларини топшириб бўлди. Ҳар куни ўқишини баҳона қилиб ишдан чиқиб кетар, нонуштани ҳам институт ошхонасида қилар эди.
Ана овсини, ҳиргойи қилиб сабзини ўтоқ қиляпти. Бошига оқ рўмол танғиб олган. Офтоб тушган пешонасида маржондек терлар. Бу аёл шу ҳолида ҳам гўзал эди.
--Опажон! Саломат овсинига яқинлашди --ҳорманг.
--Ассалому алайкум.
--Бор бўлинг,--негадир уялиб алик ололмади Райҳон.
--Сизга қарашиб юборай, менга ҳам ўргатинг.
Райҳон севиниб кетди.
--Биргалашиб, гаплашиб, ўт--ўланларга қарши жанг эълон қиламиз, келинг, айтганча, ўқишга бормайсизми?
--Бўлди, имтиҳонларим тугади, энди сизга ёрдамчи бўламан, ўзингиз ўргатасиз-а, опажон.
Райҳон индамади, аммо табассумли нигоҳларида мамнуният бор эди...
--Битта савол берсам майлими,--деди Саломат, кейин жавобини кутмай сўрайверди, --Опажон, сизга шу ҳаётнинг нимаси қизиқ, фақат иш, иш, иш...
Райҳон бироз ўйлаб жавоб берди.
-- Ойижоннинг айтганларини сўзсиз бажараман, шундоқ ўғил ўстириб, мени ўғилларига раво кўрганликлари учун, адажон дуо қиладилар-- хурсанд бўламан, акангиз менсиз пайпоғини ҳам топиб киёлмайдилар,--жилмайди у, -- хизматларини қилиб ҳузур қиламан. Фарзандларимга қараш қувонч бағишлайди. Муроджонни бўлса укамдек яхши кўраман. Фарзандларимга хомиладорлигимда қаҳратон қишда қулупнай топиб келардилар...
Саломатнинг оғзи очилиб қолди. Ўзи менсимаган шу аёлнинг фикрлаши, қалбининг гўзаллиги уни ром этиб қўйган эди.
Кўнглида овсинига ўзи билмаган ҳолда.меҳр ёғилиб келаётганини пайқади.
--Меничи, мени, яхши кўрмайсизми?--деди эркаланиб.
--Бир умр синглим бўлишини орзу қилганман, синглим бўласизми?
Саломат беихтиёр қалби ўзиданда гўзал бу жувонни қўлидаги ўт--ўланлари билан қўшиб қучоқлаб олди...
Кечки овқатни бирга тайёрладилар, асосий ишни
Райҳон бажарган бўлсада, қайнотаси севиб ейдиган кесма лағмонни дастурхонга тортаётганда баралла эълон қилди
--Бугунги овқатни Саломатхон тайёрладилар.
Дарвозанинг қўнғироғи чалинди. Саломат "Мен қарайман", деб тез юриб кетди. Бироз ушланиб ортга қайтди.
--Ким экан, болам,--деди қайнотаси
--Адашиб қўнғироқ чалишибди, бизникига эмас, қўшниникига келишган экан,--деди кўзларини яшириб.
Аслида эса у ҳозиргина бир қоғоз қути тандир гўшт билан,чиройлик совға қутига солинган, қайнонасига аталган кўйлакни кўтариб келган укасини ортига қайтариб юборган, бундан кейин ҳеч нарса келтирмаслик шартини қўйган эди...
(тугади)
Феруза Салходжаева
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 4