Сония машинасини доим қўядиган жойига— кекса бақатерак остига олиб келиб тўхтатмоқчи эди, аллақачон бегона машина жойлашиб олибди. Беихтиёр рақамига қаради. "Биз томонлардан эканми?" — хаёлидан ўтказди аёл.
Кейин оҳиста юриб, шифохона дарвозасидан кирди. Қоровул кекса киши. Шундай бўлса-да аёлдан аввал салом берди.
Сония ҳам унинг саломига салом билан жавоб қайтариб, ичкарига қараб юрди.
Котиба қиз қошига югуриб келди-да бугун ҳузурига кириши лозим бўлган беморлар ёзилган рўйхатни тақдим этди.
—Сония Зуфаровна, фақат битта аёл навбатсиз кираман деб туриб олган. Узоқдан келдим деяпти.
—Йўқ, навбатга ёзилиб, ўз вақтида кирсин, —эътирозга ўрин қолмайдиган қилиб гапирди у.
Сўнг ўз хонасига йўл олди. Бу вақтда котибаси кимгадир вазиятни тушунтира бошлаганди
— Бизнинг клиникамизга ойлаб навбат кутишади, опа, сизни қўйиб юборолмайман. Бу рўйхатдагилар ҳам бир ойдан бери кутадилар...
— Келиним бирров кирса бўлди, мана неча йиллик таҳлиллар қўлимда турибди, бизни киргизиб қўйинг рўйхатингизга.
Бу овоз таниш эди. Жудаям таниш.
Сония бир лаҳза тўхтаб қолди. Сўнг гулдор кўйлак кийиб, ялтироқ рўмол ўраб олган аёлга тикилди. "Наҳотки бу Гулсевар бўлса! Ҳа, худди ўзи. Ер думалоқ деганлари шу эканда. Бу ҳам бировларга ялинар экан-ку!"
—Камолахон, биринчи шу аёл кирсин!
Аёл ҳам, ёнидаги келини ҳам унга ялт этиб қаради. Кўзлар атиги бир лаҳза учрашди. Сония Зуфаровна хонасига кириб кетди.
Халатини кияр экан, ҳаяжонланаётганини сезди.
Ҳадемай у киради. Бир пайтлар қалин ўртоқ бўлиб, кейин ундан юз ўгирган дугонаси!
Жойига ўтириб олиши билан аввал эшик тақиллади, сўнг котибанинг
—Бошлайсизми? —дегани эшитилди.
—Ҳа, бошладик.
Гулсевар ҳуркак кўзлари жавдираб турган нозиккина аёл билан етаклашиб кирди.
—Келаверинг, Гулсевар! Ўрнидан туриб кўришди Сония.
—Сен, сен, ҳа Сония Зуфаровна деганларида хаёлимга келгандинг ўзи. Яхшимисан, дугонажон.
Дугонажон! Ҳа, бир вақтлар ўртоқ бўлса, бўлгандирлар, аммо кейин ҳаммаси чирпирак бўлиб кетди
Сония эса мана шу "дугона"си сабабли бегона шаҳарга келиб, мусофирчиликнинг қаттиқ нонини ейишга мажбур бўлганди.
***
Сония вилоятдаги таниқли мансабдорнинг иккинчи қизи эди. Отаси катта лавозим эгаси бўлса ҳам камсуқум одам бўлганидан фарзандлари ҳам камтар бўлиб улғайдилар. Айниқса, Сония. Мактабда ўқиётган чоғида ҳам самимий, беғубор эди. Оддий оиланинг қизи Гулсевар билан битта партада ўтирар, уйидан нима егулик келтирсалар, катта танаффусда бўлишиб ер эдилар.
Синфдошлари Сонияни қанчалик яхши кўрсалар, уришқоқ, калта ўй Гулсеварни шунчалик ёмон кўрарди.
Мактабни битиргач, ҳамма ўз йўлидан кетди. Сония аёллар шифокори бўлиш учун ўқишга кирди, Гулсеварнинг отаси эса қизининг. ўқишига қарши бўлди. Ўн саккиз ёшида узатиб юборди.
Сония ўқишни битирадиган йили тўйи бўлди. Отаси ўзига ўхшаган одам билан қуда бўлди. Буни қарангки, бой тадбиркорнинг ўғли сираям эркатой эмасди. Ўқимишли, зиёли, тарбияли эди. Сония кетма-кет иккита қиз туғиб берди Қодиржонга. Кейин ўғли дунёга келди. Ана шундан кейингина ишламоқчи бўлди аёл.
—Жамиятга соғлом, ақлли фарзандлар тарбиялаш ҳам —бахт, —дели турмуш ўртоғи, —сиз бор билимингиз, салоҳиятингизни болалар тарбиясига бағишланг.
Начора, аёл кўнди. Энди кетма- кет ўғиллар туғди. Тўртта боласи учун уйида ўтирди аёл. Аммо ота-онасиникига борадими, дугоналари билан ўтириш бўладими, аёл ҳаммасига борар, рўзғори бадастир, ҳаёти бир аёл орзу қиладиган даражада эди.
Бу орада Гулсевар ҳам иккита фарзандлик бўлган, ўзи ҳам тўлишиб, тўкин ҳаётнинг нусқи уриб қолганиданми кибрли аёлга айланиб бораётганди. Синфдош қизлар билан бўладиган ўтиришларга ҳар сафар янги либос кийиб келар, ярашса, ярашмаса тилла тақинчоқларга бурканиб олар, шунча йиллик қадрдонлари билан баланддан туриб гаплашарди.
Йиллар йилларни қувиб ўтди. Бу орада Сония аввал отасидан, сўнг онасидан айрилиб, эрига янаям суяниб қолди. Кекса қайнотаси вафот этгач эса турмуш ўртоғи ҳам ҳам аёлига янада меҳрибон бўлиб борди. Аслида, Қодиржон оиласига ўта ғамхўр эди.
Тўнғич қизи ўн саккизга кирганда уйларига илк совчи келди.
Совчилар Гулсевар ва турмуш ўртоғи эди. Қодиржон шошиб қолди. Сония ўйланиб, ғашланиб қолди.
—Ўзимиз ўқитамиз, — деди аёл.
—Қизимиздек кўрамиз, —деди эркак.
Сония дугонасини яхши билгани учун ҳам эрига ётиғи билан тушунтирмоқчи бўлди. Аввалига рад жавобини бердилар. Совчи бўлмишлар сира ортга тисарилмас, аксинча, борган сари маҳкамроқ ёпишиб олмоқда эдилар.
—Қиз билан йигит бир марта кўришсин! Майли, ёшлар бир-бирига ёқмаса, биз ҳам тинч қўямиз, —деди Гулсевар.
Шу жойда Сония катта хатога йўл қўйди. Кўнгли бўшлик қилиб қизини учрашувга кузатиб қолганини ўзи ҳам сезмай қолди.
Кийикдек ҳуркак Орзигул учрашувга чиқди-ю, бошқача бўлиб қайтди. Ўйчан, сал гапга қизариб кетадиган, аммо кўзлари ёниб турарди унинг. Йигит қизнинг қалбига йўл топа олди. Исмидек лочин эди у! Энди Орзигул ўқишдан чиқибоқ Лочинни пойлаб турар, ярашиқли кийимлар, совға саломлар билан қарши оладиган йигитнинг машинасида уйига қайтаркан, хатто у сепадиган атирга ҳам маст бўларди...
Патир ушатилди. Ёшлар унаштирилди. Қиш ўтиб, баҳорнинг сўнгги ойида тўй қилиш режаси тузилди. Аммо ҳаммаси ўзгариб кетди.
Ким ўйлабди, одамнинг оддий кўричакдан вафот этишини. Қирчиллама йигит шифохонада вафот этди. Кўричаги ёрилиб кетибди!
Сонияга дунёлар қоронғи бўлди.
У фарзандлари отасиз қолгани ҳақида ўйламас, ёнидаги суянчиғи, дўсти, эркаги оламдан ўтганига куйиб кетар, дунёдаги энг меҳрибон одамидан айрилганига чидолмай, дод солиб йиғларди.
Одамзот ҳамма нарсага кўнади, у ҳам йиғлаб-йиғлаб кўнди.
Севган одамининг доғи ҳижрони кетмай туриб бошига яна бир ташвиш тушди. Ёз ўтиб, куз ўтиб, қизининг фотиҳаси бузилди. "Ўламан саттор" деб остонасига ётиб олган ўртоғи юзини сидириб уйига кириб келди
—Қизингни келин қилолмаймиз. Эрим эркаги йўқ уйдан қиз олмайман,-деяптилар.
Шунақаям мантиқсиз баҳона бўладими? Шунчалик аҳмоқона қарор бўладим!? Одам дегани ҳам шу қадар юзсиз бўлиши мумкинми?!
—Менинг қизим отасиз ўсмаган, у эркаги бор уйда вояга етган, ота тарбиясини кўрган! Унинг отаси дунёдаги энг яхши одам эди! —деди Сония инграгудек бўлиб.
Без бўлиб тураверди ўртоғи.
Бироз ўтгач унинг қўшни тумандаги баланд мартабали амалдор билан қуда бўлганини эшитди.
Қизи бир тишлам бўлиб қолди. Қизгинаси сўлиб қолди. Қизи остона ҳатлаб кўчага чиқишни истамай қолди.
—Қўй, болам, —деди аёл нуридийдасини қучоқлаб,—тақдиринг эмас экан у йигит!
—Мени нега у билан кўриштирдингиз?! Нимага у бэлан учрашдим!? Нега шунча ой гаплашди мен билан! Энди нима қиламан, ойи? Мен уни кўргим келяпди, ойи, ойижоним, усиз қандай яшайман!
Шундагина Сония ўзини қўлга олиши кераклигини ўйлади. Бола-чақасини олиб, қасрдек уйини сотиб, Тошкентга кўчиб келди. Қизи ҳам аста-секин ўзига келди, аммо у азоблар ёлғиз ўзига аён. Бошидан қандай кунлар кечганини ёлғиз ўзи билади.
Сония дипломини сандиқдан олди. Ишга кирди. Изланди, ўқишини яна давом эттирди. Мамлакатдаги энг яхши аёллар шифокоридан бирига айланди.
Турмуш ўртоғидан қолган сармоя билан шахсий клиникасини очди.
Барча фарзандларини ўқитди. Бу йиллар аёл учун энг қийин йиллар бўлди. Тушкунлик исканжасидаги қизини етаклаб даво излаганлари, шифохона очиш умидида қоғоз кўтариб идорама идора чопганлари,, сарғайиб навбат кутганлари, замонавий тиббиёт янгиликларини ўрганиш учун илм излаб, китоб титиб, интернетга шўнғиб, бедор ўтказган тунлари...
Оламда хаёлдан учқур нарса йўқ. Сония Зуфаровна мунғайибгина бош эгиб ўтирган Гулсеварга атиги бир-икки дақиқа тикилиб туриб шуларни ўйлади.
—Нима шикоятингиз бор? —сўради расмий оҳангда. Аммо ўзининг ғаши келдими, кейин сўзини, оҳангини, ўзгартиришга тиришди.
—Гулсевар, эшитаман сени, гапиравер...
—Бу—келиним, титроқ овозда гап бошлади аёл. Шу—ўн беш йилдан бери фарзандлик бўлолмаяпти...
"Ўн беш йил бўлдими!?" Сония яна бир лаҳза ўша оғир кунларига қайтди.
—Бу— неча йилдан бери топширган таҳлилларим, ўзимизнинг шифокорлар ёзган муолажалар,-деди келин бир тахлам қоғозни узатар экан.
Сония унга яна бир неча таҳлилларни ёзиб берди...
Эртаси куни аёлни замонавий тиббий мослама ёрламида текширди, сўнг , таҳлил натижалари билан қўшиб, баралла фикр билдирди.
—Келининг соппа-соғ! Бу келин бемалол ҳомиладор бўла олади.
Унда ҳеч қандай касаллик аломати топилмади.
Сония бошқа беморларига айтадиган сўзларини тилига чиқара олмади. "Бу аёлнинг жуфти ҳам тиббий кўрикдан ўтиши керак!" Шундоқ ҳам ҳаммаси тушунарли эди.
Гулсевар , бошини эгиб ўтирар, хонани тарк этиш ҳаёлига келмасди. Хайрият, бу ёқимсиз сукунатни телефон овози бузди.
—Яхшимисан, Орзигул, ҳа кечга уйда бўламиз. Невараларимни соғиндим. Асқаржон билан бирга келинглар...
Гулсевар ўрнидан қўзғалди. У ортиқ бу ерга сиғмай қолган, назарида хонада тобора ҳаво камайиб борарди...
У эшикка қараб юраркан Сония болаликдаги ўртоғини тўхтатиб қолди.
—Гулсевар, ҳозир тиббиёт ривожланган, ҳар ишнинг чораси бор. Ўғлингни олиб кел, бу ўртамизда сир бўлади...
Бир ҳафта ўтар-ўтмас, Гулсевар яна келди. Бу сафар ўғли билан.
Сония таҳлил натижаларини кўриб хайрон бўлиб қолди.
—Сиз, бемалол фарзанд кўра оласиз, иншааллоҳ. Фақат муолажани бироз ўзгартирамиз. Аввало Аллоҳ. Бизни эса сабабчилардан қилсин..
Гулсевар кўз ёшларини тўхтата олмасди. Чиқиб кетар экан секин шивирлади
—Сония, мени кечир...
Бу сўзлар жуда секин айтилган бўлса-да, эгасига бориб етди.
Сония бошини кўтарганида дугонаси чиқиб кетган,
ташқарида эса кузнинг дайди шамоли дарахт шохларини қасирлатиб, у ёқдан бу ёққа кўчиб юрарди...
Орадан икки йил ўтиб, Гулсевар кичкина Сонияни кўтариб, дугонасини кўргани келди. Жажжи қизалоқ уларни яна болаликнинг беғубор кўчаларига етаклаб кетди...
(тугади)
Феруза Салходжаева
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1