Эскиси тугамай туриб янгисини бошлайверарканда деманглар. Барча хикоялар давоми билан чиқади аста -секин Энг қизиғи СИЗЛАРНИ СОҒИНДИМ!!!
МАРВАРИД--1
#иброхимризо
Марварид-Марварча хола белига овқат сузадиган катта чўмични қистириб, ўрдак юриш қилиб юриб келар экан, туйқус олдим га келиб- Садбаржон опангни кўрмадингми?!-деб қолди.. Садбаржон опа маҳалламизга келин бўлган, ўзи шу холанинг қизи эди
-Кўрмадим хола, подбор-тўкилган пахтани териб олай бўлмаса бригадирдан балога қоламан!-дедиму елкамга калта боғичли фартукни илиб, чанг йўлга тушаман.
-Тушликка келасану, бир коса макрон бераман!-дейди ортимдан Марварид хола
***
Беш яшар бўлсам керак, Мирзахокимбувам-бу киши қўшнимиз, иккита япон ҳамда улуғ Ватан уруши ни кўрган, бўйлари дароз, қўллари узун, ориқдан келган киши бўлиб, кампири Солия момом билан уч ўғил, бир қиз кўришган.
Бувам билан бизнинг уй рўбарў дарбоза. Дарбоза дегани икки табақали, бир тепса йиқилар, орқасига битта тўнка ташланса, тамба вазифасини бажарадиган эшик. Кун чиқар томонимизда Отабек амакининг уйи, ўртамизда девори йўқ.
Кун ботар томонимизда эса Ахмаджон қуда тоғанинг ўғли Хусанбой ака уй кўтарган ҳали битмаган. Бўлажак воқеалар ўтган асрнинг етмиш бешинчи йиллари кечади.
Хуллас бувамнинг катта ўғли Олимжон ака уч йиллик хизматини тамомлаб келгач, Солия момо етказганига шукр деб уйлаш тараддудига тушди. Бунда кўпроқ хизматнинг, маслаҳатни албатта маҳалланинг канвойи кампирлари беради. Саломат момо, Ортиқ момо, Хосият момо, Тожихон момо, Қундузхон момолар, менинг момом отин момо Хайринсо олдига кўп келувчилар эдилар.
Момом кичик жуссали бўлсада, дугоналари келишса чаққон ҳаракатли бўлиб қолар эдилар. Кўпинча хизматларида қоим бўлганим сабаб, андак ғазал, байт, авлиё азизлар ҳаётидан, Қуръон, ҳадисдан бохабар бўлардим. Момомнинг бир одати айтган байту-ғазалининг муаллифи кии маъноси нима дугоналари кетишгач сўрар эди. Кейин билсам,-Сенларнинг китобилар ҳам китоб, аммо дунёвий, мана бу китоблар мендан сенга қолади-дердилар
Хуллас сизларнинг жаннатмакон момом билан у кишини дугоналари билан танитдим.
Галдаги йиғинга барча кампирлар қўлларида тугун билан кириб келишди. Шунда Солия момом ҳам;-Маслаҳатинглар керак-қабилида момом даврасига кириб келди.
Улардан анча ёш бўлганлари боис, давранинг пойгак томонидан жой олиб ўтирди
-Дардингизни англаган бўлсак ўргилай, ўғлингизга муносиб хотин қидиряпсиз чоғи? Қани отин эгачи аввал сиздан бир гап чиқсин, кейин биз бир гап айтсак маъқулдир!-деди овози гуриллаган Саломат момо
-Эгачилар мен лойиқ номзод деб эгачим Гулсумнинг қизи Марварчанинг туққан боласи Садбарчанинг муносиб кўрдим. Хотирам панд бермаса ўша очарчилик пайтлари бу қизнинг Гулсум эгачим тишлаб-тирноқлаб боққан эди. Эри Абдукарим қора билан кулбаси битгунча капа тикиб, умргузаронлик қилиб, сув келса симириб, тош келса кемириб яшаганидан барчамизни хабаримиз бор. Машаққат чеккандан ёмонлиқ чиқмас деган гап бор. Менинг тўхтамим шунда!-деди отин момом
-Момо менда ишингиз бўлмаса, кўчага чиқсам!--дейман ялингандек момомга.
-Шошма, бироз ўтир, ҳув китобимни олиб ўқиб тур, ҳозир мана бу момонгларга қироат қип берасан! дейди момом
Қўлимга Нурноманинг оламану, бир бурчакда ўқишга киришаман. Мен китобни очдим ҳамки, кампирлар-Маслаҳат шу унда, Гулсум эгачи нима дейсиз?!-деди Саломат момо ёнида ўтирган оқ юзли, бошидаги оқ рўмоли учини дам бадам ўйнаб турган, ҳижолатдан лабларини қимтиб турган кампир тиззасига қўлини қўйиб
-Отинчам айтиб бўлди гапини, мен нима ҳам дердим!-деди Гулсум кампир
-Ундоқ бўлса масала ҳал, қани қори болам, яхшилаб бизга китоб ўқиб берингчи!-деди даврабошидек Саломат момо
Мен мутаолага киришаман. Давра сув қуйгандек жим. Китобнинг икки варағини тамом қилганим, момом;-Андак сабр!-дея амр қилади. Ва ўқилган хикоятдан маъно-мантиқ чиқариб, икки оғиз сўз айтади. Кейин Тожихон момомга қараб;-Қани сиздан эшон Ҳазинийдан эшитайлик!-деб қолади
Тожихон момом ҳазрат Ҳазиний ғазалидан ўқийди. Ғазал поёнига етганидан сўнг, унинг шарҳига киришадилар. Хуллас, бу давранинг ўз одобига кўра, оёт ҳадис, кейин азизлар зикри, ғазал ва байт, рубойилар, Машрабхонлик билан якунланар эди. Мажлис аҳли йиғилмиш хонадонимиз шу билан файзоб бўлиб, чарағонлашгандек бўлар эди.
У пайтлар пастак уйлар, уй ичида ўчоқ, сандал, ёз кунлари салқин, қиш кунлари иссиқ бўлар эди. Қўшнилар ўртасида девор бўлмагани сабабми, қўшни хотинлар бир косами, бир лаганми пиширган таомидан оғиз тегсин беришар эди. Агар бирон юмуш чиқса, фалончи чақирмапсанда бўлиб, уюшиб ҳашар сифат ишлар битарди.
Солия момо кампирлар гапини олибми, Гулсум момонинг уйига борди. У кишини розилигини олгач, қизи Марварчаникига йўл олди.
Кўчанинг муюлишидан Мирзахокимбувам қораси кўринади. У киши баланд бўйли, узун қўллари, жа ўзларига хос салобат билан юриб келарди.
-Ҳа тойчоғим мени кутиб турибсизми, мана келдим исменди топшириб. Момонгиз уйдами?!-дейди илк савол бериб
-Совчиликка кетди момом бува!-дейман ёнларига тушиб сакраб.
Бува одати гузардан иккитагина обинон, муштдек новвот, икки-учта газета кўтариб нақшинкор айвон ичига кириб, ўзи учун қўйилган ёғоч кравотга бориб ўтиради. У кишини битта термозлари бор, ҳамиша чойи дамланган туради. Дастурхони битта қийиқ белбоғлари.
У киши белидаги белбоғини ечиб, ғижимини ёйиш учун бир силтаб қоқиб, сўри устига ёйиб, тўрхалтадаги борини қийиқ устига қўйгач,-Келинг тойим меҳмонсиз!-дер эдилар
Кейин эса;- Нега биз белимизга қийиқ боғлаймиз, хотин-халаж бошига рўмол ўрайди биласизми?!-деб қолади.
Бунақа саволни эшитавериб жавобини ўзлари айтиб, қулоғим ўргангани боис, тўхталмасдан;-Ўлим ҳақ, одам омонатини қайда топширади, ёлғиз Худога аён бобожон, шу сабаб одам жони чиққанида эркак киши бўлса қийиқ билан,заифаларнинг рўмоли билан ияги боғланиши учун!-дейман
-Мана сизга наввот тойчоғим, отин момонгиз илми дарё, сиз уни ўғирланг, токи илм йўқолиб кетмасин учун. Бу мактаб илми дунёвий, отин момом илми икки дунёлик деб уфтаниб қўярдилар бобом
Мирзахокимбува асли чўлдан келган. Режабхола дегувчини уйи бўлар эди садда қайрағоч олдида, шу жойда капа тикиб, чайладеккина капада яшардилар
Уруш тугаб, қишлоққа қайтган бувам, дадамнинг қариндоши Абдулазизхожининг ўғли Абдулла амаки бир сабаб билан Тошкандга кўчмак бўлиб, уйининг сотишини дадамга айтганида, истасангиз шуларга сотинг, мен отамдан қолган ховлидан чиқмайман-дер эканларда, амаки Мирзахокимбувага эллик сўмга сотиб кетар экан. Уй баланд, тўсинлари нақшинкор, шифтлари вассаси рангдор, нақшинкор фақат томоша қилиб ўтириш мумкин бўларди.
Мирзахокимбува Солия кампир билан шунда яшаб, уч ўғил бир қиз кўришади. Ўғиллари Олимжон, Каримберди, Рахимберди, қизлари Рахимахон.
Улар иккиси мана катта ўғиллари Олимжон аканинг уйлаш тараддудига тушиб қолишди.
-Бугун кечга Олимжон акангиз телевизор олиб келади. Энди сиз билан иккимиз телевизор тамоша қиламиз. Телевизор дегани қора қути, ичида ойнаи жаҳони бор, бутун оламнинг кўриб ўтирасиз!-деди бувам худди уни кўргандек
Мен у пайтда унақа тасаввурга эга эмасдим Сабаби эшитардиму кўрмаганман, уйимизда бўлмаган. Гап орасида момом у телбузармас дилбузар деганини эшитиб қолардим
Ўзимизни уйимиз бўлсада, доим уникида буникида юрардим. Чунки қўшнилар ўртасида девор йўқ эди. Онам қидирса бир қўшниникидан чиқиб келардим. Айтганча бувам қўлидаги газетани менга ўқитарди. Олти ёшимда ўқишни билардим. Сабаби момом бўлса иккинчи сабаб шу газета эди. Акамнинг китобини ўғирлаб ўқирдим.
Хуллас бобом газетни ўқитиб, яна бир наввотдан учириб қўлимга берар эди. Олимжон акам телевизор олиб келди
Бирдан токка улаганди, қора экран ёришди, ҳамма қўшни ўша ердамиз. Кимдир-Вой ана Насиба Иброхимова чиқди!-деб юборди.
-Ҳа бунақа Насибахондан тўрттаку буни ичида. Мақсудоваси, Қамбароваси, бу кишим, яна бири бор фамиляси эсимга тушмаяпти!-деди бир қўшнимиз Ширмон холам
-Жим концерт кўрайлик!-деди кимдир. -Вооҳ Комилжон ака чиқдику, шунақа одам экан-а? Радиодан эшитардим, ўзи ни қара, мўйлови бор экан!-дерди кимдир. Хуллас Олимжон ака олиб келган телевизор қўшнилар кўзига мўъжизадек кўринган эди ўшанда.
давоми бор
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев