Узилиб зил бўлди кўнглимни чоки,
Ҳозир алам билан битаяпман байт:
Менсиз аҳволингга йиғлайми ёки
Сенсиз аҳволимга куяйинми, айт?
Машриқлардан кутиб олгали бонгни,
Дунё саф тортади хушрўй шаҳарда –
Мен ҳали ўнглолмай бу телба онгни,
Қуёш чарақлайди тонг-ла саҳарда!!!
Хўш, мен нима қилай бундайин тонгни,
Сенсиз кириб келар тундайин тонгни???
Сенинг номинг билан оқажак бу қон,
Оллашиб бормоқда ўйлаган сарим:
Кўзларим қаърида эгизак вулқон
Изҳор қила бошлар бор қайғуларим.
Сенсиз он асрлар ўтганга ўхшар,
Ер мени ўзига ютганга ўхшар.
Сен томон ўтмоққа имконим бору,
Ўртада аждаҳо ётганга ўхшар.
Нима бўлди менга, хаёл жонталаш,
Мажнун белбоғининг йиртиғи менда.
Фарҳод кўтаролмай қолган қўшбардош
Менга, фақат менга, ортиғи менга!!!
Жулдур кийимларга санчиқ тиканак,
Менинг номим энди мангу телбавор!
Покиза дунёга қарайман ғамнок,
Бунда ул шўрликнинг нима айби бор?
Оҳ, сенсиз яшашлик азоби ғалат,
Бўртиб чиққанми-ей елкамда тоғлар...
Сўнгсиз нигоҳингни мен томон қарат,
Чўллаган юзимда уйғонсин боғлар!
Айт, мени қутқарсин илоҳий амр,
Сокин тунларига қайтар юракни.
Вужудим биноси сўрайди таъмир,
Кечиктирма, ёрим, ўзинг даракни!
Буни араз дегил ва ёки гина,
Майли, бўлари - шу... ҳолим паришон.
Сенинг овозингни эшитибгина
Яна бу дунёга қайтаман, ишон!
Сўровим, тиловим, шугина борим,
Дунёи дунингга қайтиб қўй мени.
Ҳеч қурса, ҳеч қурса, ҳеч қурса, Ёрим,
Кўриб турганингни айтиб қўй мени!
© Хайрулла Ҳамидов
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев