Бу номни биз жуда кўп эшитганмиз ва деярли ҳаммамиз талқон еб катта бўлганмиз десак, хато қилмаган бўламиз. Бу таомни жуда қадимдан момоларимиз тайёрлаб келишган, ҳаттоки "Ўтган кунлар" асарида ҳам талқон хусусда сўз кетганлигини адабиётчи устозларимиз айтишган эди.
Аммо ҳозирда талқон туйиш удуми ва талқон анча унутилиб борилмоқда, онда-сонда у ер-бу ерда дуч келиб қолинмаса, доимий равишда учратиш мушкулдир. Баъзида янги нон ёпсак ёки олиб келсак, бир икки кун туриб бироз суви қочиб қолган нонларни, нима қилсам экан дея ўйланиб қоламиз.
Бу каби нонлар агар ейилса нур устига нур, аммо ейилмай қолиб кетса, бу нонлардан камида уч хил таом тайёрлаш мумкин.
Биринчиси,нон қовурдоқ ёки бошқача қилиб айтганда - нон палов.Иккинчиси,нонни кесиб қуритиб қотган нон тайёрлаб қўйилса суюқ таомлар билан, айниқса қайнатма шўрва билан ейиш ўзгача бир роҳат бахш этади.Учинчиси,бу саҳифада тайёрламоқчи бўлганимиз талқон. Талқон тайёрлаш унчалик ҳам мураккаб эмас.
Керакли маҳсулотлар
1. Нон
2.Шакар (таъбга кўра)
3.Таъбга қўра ёнғоқ, бодом ёки бошқа бир мағзлардан ҳам қўшиши мумкин
4.Баъзилар талқонни сариёғ билан ейишни лозим топишади, бу ҳам ҳар кишининг ўз хоҳиши ва таъбига кўра.
Нонни тўғраб, димхона патнисига териб чиқамиз. Агар нонда седана сепилган бўлса, вақт сарфлаб териб, тозалаб ўтирманг, уни ҳам нон билан бирга қуритиб, талқон қилаверинг. Чунки уч тўрт дона седана талқон мазасини бузмайди, шунингдек седанани фойдаси инсон организми учун жуда ҳам фойдали саналади.
Нонлар бўлакларини ўртача оловда, тахминан 20 дақиқа мобайнида димхонда қуритилади.
Нонлар хажмини хоҳласангиз майдароқ қилиб тўғранг, хоҳласангиз йирикроқ, бу унчалик катта аҳамиятга эга бўлмаган масала.
Нонларни димхонадан олиб бир оз совутинг, шунда нон бўлаклари янада қуруқроқ бўлади ва майдалаш осон кечади. Қуриган нон бўлакларини, олдинлари момоларимиз ҳовонча (ўғирча)да туйишган. Агар уйингизда ҳовонча бўлса, қуриган нон бўлакларини шу билан туйишингиз мумкин. Мана ўша ҳовончанинг расми.
Ҳозирда техника асрида "блендер" деган матоҳларни ишлаб чиқишди ва шу ёрдамида анчагина нарсаларни, жумладан қуриган нонларни ҳам майдалаб олиш мумкин.
Юқоридаги икки ускуна бўлмаса, "эҳ, талқон ея олмас эканманда" деб талқон ейишдан умидингизни узманг. Ошхонангиздаги супрани ичига қарасангиз албатта жўва топилади. Шу билан ҳам туйиш, аниқроғи эзиб майдалаш мумкин.
Яхшилаб туйилган талқонга, таъбингизга кўра шакар, ёнғоқ қўшиб аралаштирасиз ва ликопчада дастурхонга тортиқ қиласиз.
Дарвоқе, битта чойнакда иссиққина кўк чойни олдиндан дамлаб олинг.
Марҳамат, талқонимиз тайёр.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 5