Менинг қора кўз болам,
Тилимда бир сўз, болам,
Қизим - ёмон, сиз - яхши.
Эрка болам, арслоним,
Ойим турган осмоним,
Кўлингиздадир жоним.
Қизим - емон, сиз - яхши.
Йигит борми сиздай мард,
Юраги тоза, бегард,
Икки дунё кўрманг дард
Қизим - ёмон, сиз - яхши.
Биз-темир, сиз-тиллосиз,
Биз-оми, сиз-муллосиз,
Биз-нодон, сиз-доносиз,
Қизим - ёмон, сиз -яхши.
Қизимнинг ўзи ахмақ,
Юрарди сизни мақтаб,
Бир кепти-да аразлаб,
Қизим — ёмон, сиз — яхши.
Тириклик деб юрсангиз,
Уй-жойим деб турсангиз,
Нима қипти урсангиз,
Қизим - ёмон, сиз - яхши.
Рўзғор хуржун бўлади,
Гоҳ камб, гоҳ тўлади,
Хотин деган кўнади.
Қизим - ёмон, сиз - яхши.
Болам, сизда ихтиёр,
Бўлмайлик озор-безор,
Ўртада болалар бор,
Қизим - ёмон, сиз - яхши.
Кўп яшанг юзга етинг,
Қиз тушгурни авф этинг,
Алдаб-сулдаб обкетинг,
Қизим - ёмон, сиз - яхши.
Ишламай ётсангиз ҳам,
Маст бўлиб қотсангиз ҳам,
Чойнакни отсангиз ҳам,
Қизим — ёмон, сиз — яхши.
Бўлсангиз ҳам майдагап,
Юрсангиз ҳам ўнгу чап,
Мен ҳамиша сиз тарап,
Қизим - ёмон, сиз - яхши.
Соғлигида - сизники,
Ўғлиники, қизиники,
Касал бўлса, - бизники,
Қизим - емон, сиз - яхши.
Тахсиримсиз, хўжамсиз,
Кимматбаҳо ўлжамсиз,
Ўзим очган жўжамсиз,
Қизим - ёмон, сиз - яхши.
Марҳабохон, уққаним -
Гўнгга гунча суққаним,
Гуноҳим - қиз туққаним,
Қизим - ёмон, сиз - яхши.
Мархабо Каримова
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев