АЁЛСИЗ ДУНЁНИНГ БОРЛИГИ БЕКОР
Аёлсиз тонг отмас, келмайди наҳор,
Аёлсиз куз-қишинг бўлмайди баҳор.
Аёлсиз бефойда, яшаш ҳам, чунки
Юраксиз ҳаётдан нима маъни бор?
Гулсиз жозибали бўлмагандек боғ,
Тошсиз салобатли бўлмагандек тоғ,
Қошсиз бўлмагандек, ҳеч қачон қабоғ,
Аёлсиз дунёнинг борлиги бекор!
Кўз тушганда ҳатто ой ҳам уялса,
Мажнунтол ҳасаддан сочларин юлса,
Тан олинг, озгина виждониз бўлса,
Аёлсиз гўзаллик бўлмайди зинҳор!
Онанг севгиси, бу - тенги йўқ сеҳр,
Опа-сингилларинг ҳамроҳи меҳр,
У жуфти ҳалолинг, йўлдошинг ахир,
Аёлсиз бўлгайсан муҳаббатга зор!
Ширин сўзларингни қизғонмай сўзла,
Уларга бахт бериш мақсадин кўзла,
Оёғин остидан ЖАННАТни изла,
Аёлсиз жаннат ҳам кўзларинга тор!
Вафо рўмолини бўйнига бойлаб,
Кутишга тайёрдир ҳафталаб, ойлаб,
Бизни балолардан юрганда пойлаб.
Аёлсиз ишингда бўлмагай барор.
Етти ўлчаб тузар, барча режани,
Санайди ҳар доим кузда жўжани,
Девор бўлса ҳамки, кўрар кўчани,
Аёлсиз наф бермас қилинган қарор!
Тилайман Оллоҳдан сизни қўллашни,
Кўнгилда бахтингиз мангу гуллашни,
Хушнуд бурч деб билди табрик йўллашни,
Аёлсиз битилмас эди бу ашъор!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Комментарии 117