Ҳикоя қилинишича, бир қўшин бир шаҳарни босиб олиш учун унинг атрофига жойлашди-да, шаҳар ҳақида маълумот йиғиб келишга жосусларини юборди. Жосуслар бир ёш йигитча билан бирга ўтин йиғаётган бир чолга дуч келдилар ва ундан:
- Айт-чи, шаҳринг қандай шаҳар, лашкарларинг сони қанча ва унга қандай қилиб кириш мумкин? - деб сўрадилар.
- Бир шарт билан айтаман. Олдин мана бу йигитчани ўлдирасизлар. Токи, у гувоҳ бўлиб қолмасин, - дея жавоб берди чол.
Жосуслар, майли, сен айтганча бўла қолсин, дедилар ва улардан бири қиличини олиб, йигитчанинг калласини танасидан жудо қилди. Ер йигитчанинг ёйилган қонини симирарди. Бу ҳолатни ўз кўзи билан кўриб турган мункиллаган чол жосусларга қараб:
- Кимни ўлдирганингларни биласизларми? - деди.
- Сен биласан-да, биз қаёқдан билайлик?!
- У менинг ўғлим эди. Унинг олдида мени ўлдирганингларни кўриб, қўрққанидан юртимни босиб олишингларга кўмак бўладиган биронта сўз оғзидан чиқиб кетишидан хавфсираб шундай қилдим...
Жосуслар ўз подшоҳларига бориб, бўлган воқеани баён қилдилар. Воқеани эшитган подшоҳ, оталари юрти учун ўз боласини ҳам қурбон қила оладиган элни босиб ололмаймиз, босиб олган тақдиримизда ҳам уларга эга бўлолмаймиз, дея лашкарни ортга қайтарди.
Бу пайтда фидокор чол ўз жигарбандини тупроққа топширарди...
(Муқим Маҳмуд саҳифасидан)
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев