Муаммолар ва кўнгилсизликларни
юракка жуда яқин олиш бутун организмга зарба
беради. Шунинг учун ҳам ҳаётдаги тўфонлардан
омон чиқишни истасангиз, ўзингизни руҳан ва
жисмонан чиниқтиришингизга тўғри келади.
1-қоида: тўйиб ухланг. Уйқусизлик асабни
емириши турган гап. Бунинг олдини олиш учун уйқу
тартибига риоя қилинг: кунига 7-8 соат ухланг, бир
вақтда ётиб, бир вақтда туришга ўрганинг. Тўғри,
тетик бўлиш учун кимгадир 6 соат ҳам кифоя,
бошқа бировга эса 9 соат керак. Буниси энди
организмнинг ўзига хослиги.
Тиниқиб ухлаш учун овқатлангандан ёки фаол
меҳнатдан (хоҳ ақлий, хоҳ жисмоний) кейиноқ
каравотга чўзилиб олманг.
2-қоида: шовқиндан қочинг. Кўпчилигимиз
телевизорга шунчалик ўрганиб қолганмизки, унинг
жавраб ётиши ҳатто сезилмайди ҳам. Ваҳоланки,
баъзан ойнаи жаҳондан узатиладиган агрессив
табиатдаги маълумотлар асабларимизга қўшимча
юк бўлиб тушади. Демак, телевизорни фақатгина
ўзингизга маъқул дастурларни томоша қилиш
учунгина ёқинг. Қолган пайтга хонангизда ёқимли
мусиқа (яхшиси, мумтоз мусиқа) янграб тургани
маъқул.
3-қоида: очиқ ҳавода кўпроқ бўлинг. Бу, айниқса,
ақлий меҳнат билан шуғулланадиган кишилар учун
фойдали. Ахир миянинг яхши ишлаши учун
кислород керак!
4-қоида: шифобахш гиёҳлардан фойдаланинг.
Асабларни мустаҳкамлаш ва уйқусизликни
бартараф этишга тирноқгул (календула) дамламаси
ёрдам беради. 1 ош қошиқ гиёҳни 1 стакан қайнаган
сувда 1 соат дамлаб қўйинг. Сузиб, ярим стаканини
ухлашга ётишдан олдин ичасиз.
Бу борада арслонқуйруқ (пустырник) ҳам фойдали:
15 грамм гиёҳни 1 стакан қайноқ сувда 20 дақиқа
дамланг. Сузиб, кунига 3-5 маҳал 1 ош қошиқдан
ичасиз.
Далачой (зверобой) ҳам антидепрессант хусусиятга
эга. 2 ош қошиқ майдаланган далачойни 1 стакан
совуқ сувга солинади ва идишни ўраган ҳолда сув
ҳаммомига қайнаб чиққунча қўйилади. 3 дақиқа
қайнатилади. Совигач, сузиб, кунига 3-4 маҳал ярим
стакандан ичилади.
Ва ниҳоят, ялқовлар учун рецепт: дорихонадан
дўлана (боярышник) ҳамда валериана
тиндирмаларини олиб, тенг миқдорда
аралаштирилади. Ярим стакан сувга 20 томчисини
аралаштириб, ухлашдан олдин ичилади.
5-қоида: овқатланишга эътибор беринг. В
гуруҳидаги витаминлар асабийликни енгиш ва
хотирани яхшилаш, диққат-эътиборни жамлашга
кўмаклашади. Дуккакли ўсимликлар, хусусан, соя бу
витаминларнинг кони ҳисобланади.
Кальций етишмашганда ҳам одам тажанг ва
беҳаловат бўлиб қолади. Уни сут-қатиқ
маҳсулотларидан топасиз.
6-қоида: бадантарбия билан шуғулланинг. Ҳар
куни бажариладиган жисмоний машқлар нафақат
мушакларни мустақкамлайди, балки кишига
интизомни ва хотиржам бўлишга ҳам ёрдам беради.
Қолаверса, мушаклар ишлаётган пайт организмда
шодлик гормони – эндорфинлар ҳосил бўлиши
кучаяди. Бу гормон стрессларга қарши табиий
доридир. Демак, машқларни бошланг!
7-қоида: ҳаётга фалсафий нигоҳ билан қаранг.
Мулоҳазакор бўлишга ҳаракат қилинг,
омадсизликлардан кўнглингизни чўктирманг,
ижобий фикрлашни ўрганинг.
Унутманг: салбий ҳислар асабларимизни емириб,
танамизни дардга дучор қилади.
Мана, кўриб турганингиздек, асабни чиниқтириш
қоидалари жуда-жуда оддий. Сиздан талаб
қилинадигани – сал эътиборлироқ ва ҳафсалали
бўлиш. Қолгани ўз-ўзидан изга тушиб кетади.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 19