33 - 34 - қисм
Сурайё опа яна бироз вақт Осиёнинг ортидан ғазабини боса олмай ҳансираб турди-да, сўнгра ўрнидан туриб жаҳл билан эшикни қарсиллатиб ёпганча қўшни хонага кириб кетди.
Кечга томон ишдан қайтган Умид уйда Осиёни кўрмай ҳайрон бўлди. Тезда телефон қилди: Осиёнинг телефони ўчиқ эди.
-Ойи, Осиё сизга ҳеч нарса демаганмиди? - деди у ойисининг ёнига келиб
- Йўқ, -елка қисди Сурайё опа,- нимадир дейиши керакмиди хотининг?
- Мактабда тадбирими, йиғилишми бўлса "Кеч қоламан" деб огоҳлантирмаганмиди?
- Мени одам ўрнида кўрса огоҳлантиради-да,- лабларини бурди Сурайё опа,- мен ким бўлибман-ки, бир оғиз огоҳлантиришга ярасам?! Ундан кейин хотининг сенга қизиқ, менга эмас. Керак бўлса ана телефон қил. "Эрим телефон қиляпти" деб учиб- қўниб жавоб қайтарар.
- Телефон қилдим, аммо телефони ўчиқ беряпти. Шунга сиздан бир сўрай дегандим-да. Қош ҳам қорайяпти, шу пайтгача дараги йўқ, одамни ҳавотирга қўйиб.
- Бировни ҳавотирга қўймаслик учун ўша одамни ўзида фаросат бўлиши керак. Аммо худо бермаганни бандаси қўшиб беролмас экан.
- Мен бориб мактабидан бир хабар олиб келай бўлмаса, негадир юрагим нотинч,- Умид ойисининг жавобини кутмай хонадан чиқиб кетди.
Мактабга бориб қоровулдан бошқасини учратмагач, Умиднинг тарвузи қўлтиғидан тушди. Шунда мактабнинг илмий бўлим мудири Зарифа опанинг рақамини сақлаб олгани ёдига тушди:
- Осиё бугун дарсига келмади,- деди Зарифа опа уни янада ҳайрон қолдириб,- туш вақти "Тобим йўқ, уч-тўрт кун мактабга боролмасам керак" деди-ю, шартта алоқа узилди. Қайтиб қилсак телефон аппарати ўчирилган. Мен ҳам ҳеч нарсага тушунмагач, уни ўрнига дарсга биринчи навбатдаги Руҳсорани киргиза қолдим.
Умид бир нималар деб Зарифа опага миннатдорчилик билдирган бўлди-ю, ўзи жадаллик билан Осиёларникига йўл олди.
Эшикни Латофат очди.
- Ассалому алайкум, ая,- деди Умид. У худди Осиё каби Латофатни ая деб чақирар эди,- Осиёга келган эдим.
Латофат оҳиста алик олганча Умидга йўл бўшатди:
- Кираверинг, Осиё хонасида...
Умид Осиёни топганидан енгил тортганча шаҳдам қадамлар билан Осиёнинг хонасига йўл олди.
- Бекор келибсиз,- деди Осиё Умид хонасига кириб келиши билан,- мен барини яхшилаб ўйлаб сўнгра бир қарорга келдим. Остонангиздан қайтиб келмас бўлиб ҳатлаб чиқдим.
- Осиё...
- Умид ака?! - кўзларида бир олам изтироб билан эрига юзланди Осиё,- нима мен шунчалик ҳудбинманми?
- Ким сени ҳудбин деди? - овози титраб чиқди Умиднинг
- Сиз!? -алам билан таъкидлади Осиё, - агар ҳудбинлигимга ишонмасангиз қўйиб беринг, ҳаётингиздан чиқай. Сизга ота номини олиб беролмайдиган аёлни жавобини беринг. Мен ўз ҳоҳишим билан сўраяпман жавобимни. Ахир дунёда ҳеч бир туйғу ота ва оналик туйғусига бас келолмайди. Қўлимдан кела туриб, яъни ҳаётингиздан чиқиб кетиш орқали сизни ота бўлиш бахтидан бенасиб қилсам буни ҳудбинлик деб аташдан бошқа муносиб сўз тополмадим.
- Осиёёё...
- Кўндираман деб овора бўлманг. Бу сафар қарорим қатъий,- Умидга жиддий тикилди Осиё, - биласизми нимага? Бу сафар сиз учун қилмоқчимасман бу ишни. Бу сафар адажонни деб қарор қилдим барига! Ахир уларнинг ҳам набира эркалашга ҳақлари бор. Сиз ўзи ёлғиз фарзандсиз. Наслингиз сизга қолганда тугаши адолатдан эмас. Тушунинг ахир,- бу сафар Осиёнинг овози инграганга ўхшаб чиқди,- адажонни орзуларидан... Жалолиддиндан жудо қилиш даражасида мунофиқ эмасман. Одам деган фақат ўзини ўйлаши керак эмас. Бизни дунёга келтирган ота-она олдидаям қарзларимиз бор...
Илтимос, Умид ака... Жавобимни беринг. Майли иккимиз қийналайлик, ҳеч бўлмаса ойижон билан адажоннинг кўнгиллари таскин топсин... Илтимос... Хўп денг... Менга шундоқ ҳам осон эмас...
Осиёнинг кўзларидан икки томчи юмалаб юзида тўхтаб қолди.
Умид унинг кўз ёшларини бармоғи билан сидирар экан, аёлини маҳкам бағрига босди:
-Яхши...- деди у бўғилганча,- яхши...Бари сен айтганча бўлақолсин...
Фақат бир шартим бор...
Осиё эрининг юзига зорланиб боқди:
- Мен сенинг қарорингга кўнаяпман-а? Сен ҳам менинг шартимни қабул қил. Менга яна олти ой муҳлат бер. Агар... Агар шу вақт ичида ҳомиладор бўлмасанг, майли унда ажралишганимиз бўлсин.
- Умид ака...
- Осиё, юрагимда бир овоз "Яна... Яна озгина қолди... Озгина сабр" демоқда. Тўғри у овоз жудаям ожиз эшитилмоқда, аммо мен уни эшита олдим.
Илтимос, маликам... Бу менинг сендан оҳирги илтимосим. Олти ой... Атиги олти ой муҳлат сўраяпман сендан.
-Умид ака...
- Тшш, - Умид унга оғиз очгани қўймади, қўлидан маҳкам тутганча эшикка йўл олди,- кетдик уйимизга...
Осиё Умидга эргашар экан кўзларидан юм-юм ёш қуйиларди. Умид остона ҳатлашдан олдин Осиёга юзланди:
- Биламан қийин. Бироқ кўз ёшларингни аям кўрмасалар яхши бўларди... Яхшиям-ки, бахтимизга дадам уйда йўқ эканлар...
Осиё "хўп" дея бош силкиди. Улар Латофат билан хайрлашгач, кўчага чиқишди. Икковлари машинага ўтиришгач, Умид Осиёга жилмайиб боқди:
- Буюринг, маликам. Сизни кўнглингиз тусаган жойга олиб борсам дегандим. Қаерга боришни истайсиз?
Осиё чуқур ҳўрсинди:
- Тўйиб-тўйиб йиғлаш мумкин бўлган, одамлардан ҳоли жойга...
🔳 🔳 🔳
Ўғли билан етаклашиб келган келинини кўрган Сурайё опанинг авзойи бузилди. Ўғлининг ташқарига чиқиб кетганидан фойдаланган Сурайё опа Осиёга эшиттириб тинғиллади:
- Итга ҳам кет деса кетади. Аммо баъзи бировларнинг итчалик фаросати йўқ. Без...
Осиё қайнонасига жавоб қайтармади. Остки лабини маҳкам тишлаганча ошхонани йиғиштиришга тутинди.
Сурайё опа ўз хонасига кириб телефонини қўлга олди. У ташқарига бир бор назар ташлади-ю, смс ёзишга тутинди:
- Одил, у қайтди. Энди ишга киришмасак бўлмайди. Демак, барини келишганимиздек қиласан.
Сурайё опа хабарни жўнатиб бироз тин олишга улгурмай, қисқагина жавоб хабари қайтди:
- О кей...
🔳 🔳 🔳
Осиё кейинги вақтларда қайнонасининг феълига тушунолмай қолганди. Гўёки қайнонаси алмаштирилиб қўйилгандек. Тилидан жуда бол томиб кетмаётган бўлса-да, ҳар ҳолда аввалги қўрс муомаласи йўқ. Жуда "қизим"лаб қолмаган бўлса-да, ҳар ҳолда олдинги баланддан туриб "келин" деб писанда муомала қилишлари йўқ. Номини айтиб чақира бошлаганига ҳам бир мунча вақт бўлди. Сурайё опанинг совуқ муомаласидан зада бўлиб кетган Осиё шунга ҳам боши осмонда ҳурсанд. Гўёки тилла топиб олган тиланчидек юраги дук-дук уради. Шундай вақтларда Умид акасининг "Осиё, юрагимда бир овоз "Яна... Яна озгина қолди... Озгина сабр" демоқда. Тўғри у овоз жудаям ожиз эшитилмоқда, аммо мен уни эшита олдим" деган сўзлари ёдига тушиб кўнглидаги тугунлари бир-бир эрийди. Қайнонасидаги ўзгаришларни барини яхшиликка йўйиб, ширин энтикади.
Қайнонаси билан бўлган охирги тортишувдан йигирма кунлар ўтганда, Сурайё опа қўшни тумандаги дугонасиникига отланди.
-Мен уч-тўрт кун ҳаво алиштириб келмоқчиман, -деди Сурайё опа,- уйда ўтиравериб диққинафас бўлиб кетдим. Сиз ишга кетгунингизгача ўрнимга юкларни тарқатиб турсангиз бўлгани. Ўзи ертўлада кўпам юк қолган эмас. Дўкондагилар тўрт-беш "ходка" қилишса тугайди. Келишганда эшикни очсангиз бўлди, кираверишдаги ертўладан билиб-билиб олиб кетишаверади. Бошқа нарсалар билан ишингиз бўлмасин. Пулини ҳисоб-китоб қилиб олдиндан олиб бўлганман. Тушунарлими?
- Тушунарли, ойижон. Ҳўп бўлади.
Сурайё опанинг кетганининг эртаси куни соат ўнларда эшик қўнғироғи жиринглади. Осиё уйларига келиб-кетиб юрадиган йигирма ёшлардаги йигитчани овозидан таниб эшикни очди.
- Юкга келгандим, келинойи.
- Ҳаа, ойижон айтгандилар, бемалол олаверинг.
Осиё йигитчага қўли билан ертўла эшигини кўрсатди-ю, ўзи ошхонага йўл олди. Ярим соатларда ҳовлидан овоз эшитилди:
- Келинойи, мен бўлдим, кетяпман. Эшикни қулфлаб оларсиз.
Осиё иш билан бўлиб йигитчани унутаёзган экан. Шошилиб ҳовлига чиққанида унинг аллақачон кетиб бўлганлигини билди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев