Бир оилада ота, она, онанинг онаси ҳамда бир қизалоқ билан бир болакай яшарди. Улар шаҳардан 70км узоқликда турардилар.
Бир куни она касал бўлиб қолди. Табиб тез операция қилмаса, ўлиб қолиши мумкинлигини айтди. Операция учун эса пул йўқ эди. Ота танишларидан қарз топиб келиш учун шаҳарга йўл олди.
Бемор она болалар кўз ўнгида қийналар, оғриққа чидолмай инграрди. Қўшни хотинлар зиёратга чиқиб, қайтаётганларида, Аллоҳ комил шифо берсин, деб қўйишарди. Бу ҳолни кўрган болалар катта оналаридан сўрадилар:
- Аллоҳ ким? У ҳақиқатда онамизга шифо бера оладими?
- Ҳа, албатта. Аллоҳ ҳар ишга қодир. Сизлар ҳам дуо қилинглар, шифо беришини сўранглар. Сизларнинг дуоларингизни яхшироқ эшитади. Чунки сизлар бегуноҳсизлар...
Эртаси куни болалар мактабдан қайтаётиб бир конверт сотиб олдилар. Бир панага ўтиб, қуйидаги номани ёздилар:
"Эй Аллоҳ! Сен ҳар ишга қодир экансан. Болаларнинг дуосини эшитар экансан. Чунки биз бегуноҳ эканмиз. Тезроқ келиб, онамизга ёрдам бер. У жуда қаттиқ оғрияпти. Ёрдам берсанг, сени яхши кўрамиз, сенга шукр қиламиз, раҳмат айтамиз. Ёрдам бермасанг, қаттиқ йиғлаймиз, бир умр хафа бўламиз. Дадамиз ҳалигача шаҳардан қайтмади. Сендан бошқа ҳеч ким бизга ёрдам бермайди. Тезроқ кел! Биз сени кўча бошида кутиб турамиз".
Конвертни ёпишиб, почта қутисига ташлашибди.
Почта ходимларидан бири қараса, бир хат бор-у, лекин адрес ёзилмаган. Кимдир ўйнашмоқчи бўлибди шекилли деб, хатни очиб ўқибди ва ундан таъсирланиб йиғлабди. Уни кўриб шериги, нима бўлди, деб сўрабди. У хатни узатибди. Хатни ўқиб, шериги ҳам йиғлабди. Йиғи овозларини эшитиб, бошлиқ кириб келибди. Унга бўлган воқеани айтиб беришибди.
Хатдан таъсирланиб, у ҳам йиғига қўшилибди. Кейин ходимларини тўплаб, ҳаммани хабардор қилиб, ўртада пул йиғиб, маъсум гўдакларга ёрдам беришга қарор қилибди. Кўча бошида кутиб турамиз, деган жойидан манзилни аниқлашибди...
Ёмғирдан шалаббо бўлиб кетган болажонлар "Тез ёрдам" машинасини кўриб, "Ана, Аллоҳ келди", дея чопиб келишибди...
Онага ўз вақтида ёрдам кўрсатилиб, шифо топибди...
Арабчадан Муқим Маҳмуд таржимаси
2018-03-16
(Воқеанинг қисқача мазмуни таржима қилинди)
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев