----------
بسم الله الرحمن الرحيم
وَالسَّابِقُونَ الأَوَّلُونَ مِنَ الْمُهَاجِرِينَ وَالأَنصَارِ وَالَّذِينَ اتَّبَعُوهُم بِإِحْسَانٍ رَّضِيَ اللّهُ عَنْهُمْ وَرَضُواْ عَنْهُ وَأَعَدَّ لَهُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي تَحْتَهَا الأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا أَبَداً ذَلِكَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ
“Биринчи пешқадам муҳожирлар, ансорийлар ва уларга яхшилик билан эргашганлар. Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Улар унда абадий қолурлар. Ана ўша улкан ютуқдир”. (Тавба. 100)
قال عليه الصلاة والسلام: ما من أحد من أصحابي يموت بأرض إلا بُعث قائدا ونورا لهم يوم القيامة
Пайғамбар алайҳис салоту вас салом дедилар: “Саҳобаларимдан қай бири бу дунёдан ўтадиган бўлса, охират ховлисида атрофидагилар учун бошлиқ ва йўлбошчи бўлиб тирилтириладилар”. Термизий ривояти.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳуни сифатларини баён қилишда бирон бир сифатга чекланиш мушкул, чунки у зот розияллоҳу анҳу, жанг майдонида жасур мужоҳид, илм даврасида Қуръон хофизи, муҳожир биродарлари ҳижрат қилиб келганда Исломий биродарликни ўз ўрнига қўйган ансорий, Аллоҳга тақво қилишда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг этакларини махкам ушлаган саҳобий эди.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу ал Ансорий ал Хазражий. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадинага ҳижратларидан 38 йил олдин туғилган.
Убода розияллоҳу анҳу Хазраж қабиласининг обрўли киборларидан бўлгани учун, Росулуллоҳ алайҳиссалом билан қилинган иккала байъатларда ҳам иштирок этган, яъни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтириб, у кишиннг қилаётган даъватларида шерик бўлишга ва кейинроқ Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватлари талаби нусрат палласига етганда, у кишига куч эгалари номидан нусрат беришга, яъни Ислом давлатини тикланишига сабаб бўлган энг буюк инсонлардан бири бўлишга сазовор бўлган. Росулуллоҳ алайҳиссаломга нусрат берилган иккинчи Ақаба байъатида Росул алайҳиссалом байъатга келганлар билан байъат қилиб бўлганларидан кейин, “Ичларингиздан ўн иккита нақиб (қабила ўртасида обрўли ва кучли фикр эгалари бўлган одамлар) Хазраждан тўққизта, Авсдан учта одамни менга ажратиб беринглар” деганларида Убода розиллояҳу анҳу Хазражнинг катталаридан бири бўлиб, Росулуллоҳ учун хизматга шайланган эди.
Убода ибн Сомитнинг Исломга кириши Росулуллоҳ алайҳиссаломнинг Мадинага ҳижратларидан уч йил олдин бўлган. Убода ибн Сомит Ислом ақидасини қабул қилиб, унга иймон келтиргани захоти Ислом учун имконида борича хизмат қилишга бел боғлаган. Росулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам қанча жиҳодда иштирок этган бўлсалар, Убода розияллоҳу анҳу ҳам у киши билан бирга елкама елка туриб жиҳод қилган.
Убода розияллоҳу анҳунинг Аллоҳдан қўрқиши, омонатга вафодорлигини кўрган Росул алайҳиссалом у кишини байтул молга бошлиқ қилиб тайинлаганлар.
Мусулмонлар Мадинага ҳижрат қилиб келишганида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишини муҳожирлардан Абу Марсад ал Ғанавий билан биродар қилдилар.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анху моҳир жангчи ва давлатнинг йиғилган садақотларига бошлиқ бўлиши билан бирга, хофизи Қуръон ҳам эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидлари олдида яшайдиган аҳли суффаларга Қуръон ўргатар эди.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр розияллоҳу анҳулар вафотларидан кейин Умар розияллоҳу Халифалик даврида Ислом ерлари кенгайиб, фатхлар кўпайиб кетди. Бу даврга келиб Ислом етиб борган ерларда Аллоҳнинг шариатини ҳаётга татбиқ қилиш учун Қуръонни инсонларга ўргатувчиларга зарурат сезилди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу Убода ибн Сомит, Муоз ибн Жабал ва Абу Дардо розияллоҳу анҳумларни Шом ерларига Қуръонни ўргатишлари учун юборди. Убода розияллоҳу анҳу Шомнинг Химс шаҳрида Қуръон ўргатиш учун яшаб қолди.
Тарихдан биламизки, Ислом давлатининг узоқ вақт дунёни бошқарган, юксак ҳаёт тарзини шакллантирган, тез суръат билан ривожланган ва бошқа кўплаб яхши сифатларига бу давлатнинг илоҳий мабдани ушлагани сабаб бўлган. Ислом Халифалик давлатининг ютуқларидан яна бири, бу давлатда бошқарувни муҳосаба қилиш, бошқарувчилар Аллоҳ жорий қилган шариатни татбиқ қилишдан оғишсалар тезлик билан шариат ҳукмидан хабардор бўлган шахслар уларни (бошлиқларни) муҳосаба қилишар эди. Бошқарувни ҳатосини иймон келтирилган мабдадан чиқмасликка чақириб турувчи танқидлар бор жамиятда, албатта, юксалиш бўлмай қолмайди. Ана шундай муҳосаба ҳолатларидан бири Убода ибн Сомит ва Муовиялар ўртасида бўлиб ўтган эди.
Абу Қаллоба ривоят қилади. Шомда бир дарс ҳалқаларидан бирида эдим, у ерда Муслим ибн Ясор ҳам бор эди. Шу пайт Абул Ашъаб келиб қолди. Одамлар “Абул Ашъаб келди”, дейишди. Мен Абул Ашъабга “Биродаримиз Убода ибн Сомитнинг воқеасини айтиб беринг” дедим. Абул Ашъаб шундай деди: “Ҳа, ғазотлардан бир ғазотда жанг қилдик, одамларни устида бошлиқ Муовия эди. Ғазотда кўплаб ғаниматлар олдик, ғаниматлар ичида кумуш идишлар ҳам бор эди. Муовия бир кишини ўша кумуш идишларни сотишга буюрди. Одамлар сотиб олишга шошилишди. Бу воқеа Убода ибн Сомитга етиб борди. Буни эшитган Убода шундай деди: “Мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тиллага тилла, кумушга кумуш, буғдойга буғдой, арапга арпа, хурмога хурмо, тузга тузни бир бирига сотилганда фақат тенгма тенг ва қўлма қўл бўлиши кераклигини, ким бундан оширса ёки оширишни сўраб оширтириб олса, батаҳқиқ рибо қилибди, деб айтганларини эшитганман”. Убоданинг бу гапларини эшитган одамлар қўлларидаги кумуш пулларга алмаштирган кумуш идишларни қайтардилар.
Бу ҳолат Муовияга етиб борди ва минбарга чиқиб хутба қилди: “Баъзи одамларга нима бўлибдики, Росулуллоҳдан гапларни гапиришяпти экан. Биз ҳам Росулуллоҳ билан юрганмиз, суҳбатда бўлганмиз бундай гапларни эшитмаган эдик”. Шу пайт одамлар орасидан Убода ибн Сомит ўрнидан турди ва тепадаги айтганларини Муовияга ҳам айтиб берди ва қўшиб қўйди: “Биз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нимани эшитган бўлсак, уни гапирамиз, агарчи бу Муовияга ёқмаса ҳам”.
Убода розияллоҳу анҳу шариат қонунларини ҳаётда татбиқ бўлишини ана шундай муҳофаза қилар эди.
Саҳобалар розияллоҳу анҳум Ислом шариатига амал қилишни ҳаётининг ҳамма соҳасида шарт-зарур деб билар эдилар. Улар Аллоҳ Таъолонинг
فَاسْتَبِقُوا الْخَيْرَاتِ ۚ أَيْنَ مَا تَكُونُوا يَأْتِ بِكُمُ اللَّهُ جَمِيعًا ۚ إِنَّ اللَّهَ عَلَىٰ كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ
“Яхшиликларга шошилинг. Қаерда бўлсангиз ҳам, Аллоҳ сизларни жамлайди. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир”. (Бақара. 148) деган сўзларини ҳаётларида энг буюк ширрлардан бири қилиб ушлаган эдилар. Ҳаётнинг қайси жабҳасида бўлмасин, Аллоҳнинг шариатига амал қилишнинг имкони бўлиб қолса, тезлик билан қилиб қолишар ва қаерда Аллоҳнинг шариати чегаралари-қонунлари бузилиши ҳолатини кўрсалар, тезлик билан уни тузатишга ҳаракат қилишар эдилар. Ана шунинг учун Аллоҳ улардан рози бўлганини муқаддас китобида эълон қилди.
وَالسَّابِقُونَ الأَوَّلُونَ مِنَ الْمُهَاجِرِينَ وَالأَنصَارِ وَالَّذِينَ اتَّبَعُوهُم بِإِحْسَانٍ رَّضِيَ اللّهُ عَنْهُمْ وَرَضُواْ عَنْهُ وَأَعَدَّ لَهُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي تَحْتَهَا الأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا أَبَداً ذَلِكَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ
“Биринчи пешқадам муҳожирлар, ансорийлар ва уларга яхшилик билан эргашганлар. Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Улар унда абадий қолурлар. Ана ўша улкан ютуқдир”. (Тавба. 100)
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу Рамла шаҳрида етмиш икки ёшида вафот этди. Баъзи ривоятларда Байтул Мақдисда вафот этган дейилган.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев