Аллоҳ таоло барчамизга бу ойни ғанимат билиб, тоат-ибодат билан ўтказишни насиб этсин.
Ҳеч кимга сир эмаски, бу йилги рамазонни ўтган йиллардан фарқли ўлароқ, коронавирус пандемияси сабабли бутун дунё узра мураккаб шарт-шароитларда қарши олмоқдамиз. Мусулмонлар бу муборак ойни масжидларда жамоат билан намоз ўқишдан, оммавий ифторлар ўтказишдан маҳрум бўлган ҳолда ўтказишга мажбур қоладиган кўринадилар. Бир томондан вирусга чалинган инсонларнинг яқинлари хасталарининг тақдиридан хавотирда бўлса, бошқа тамондан кўпчилик оилалар моддий етишмовчилик хатаридан ташвишга тушганлар.
Аллоҳ таоло тақдир қилган ҳар бир ишда биз билган-билмаган кўплаб ҳикматлар бор. Зеро, У зот ҳикматли, бандаларига меҳрибон ва раҳмли зотдир. Карантин шароитида ҳаёт кечириш инсонларга ўз оилалари билан кўпроқ бирга бўлиш, уларнинг тарбияси билан шуғулланиш, жигарбандлари билан тўйиб-тўйиб суҳбатлашиш имконини берди.
Шунингдек, дунё ташвишлари билан елиб-югурган инсонлар учун оз бўлса-да китоб мутолаа қилиш фурсати пайдо бўлди. Бугун бошимизга соябон бўлиб турган рамазон ойи бу борада янада кенгроқ имкониятлар беради, иншааллоҳ. Шайтонлар занжирбанд қилинган, раҳмат ва барака ёғилиб турган бу ойда оила аъзолари билан тоат-ибодат қилиш, уларнинг диний-эътиқодий савиясини ошириш, улар билан бирга диний китоблар мутолаа қилиш имкони пайдо бўлади. Қолаверса, масжидлардаги жамоавий ибодатлар ўрнини якка ўзингиз холи қолиб, иймон ва ихлос ила тоат билан, Аллоҳнинг неъматлари тўғрисида тафаккур билан тўлдиришингиз мумкин.
Элга ифтор дастурхонини ёзолмаган бўлсангиз, асло бунинг учун ҳасрат чекманг. Бугунги оғир шароитда оиласини кундалик эҳтиёж моллари билан таъминлашда қийналиб қолган инсонларга ёрдам қўлини чўзинг, иншааллоҳ жамоавий ифторнинг савобидан ҳам кўпроқ савобга ноил бўласиз.
Аллоҳ таолодан бу муборак ойда барчамимизнинг гуноҳларимизни мағфират қилишини, беморларга шифо беришини, бошимиздаги бу балоларни кўтаришини, мусулмонларга ва мусулмон юртларга хайр-баракасини зиёда қилишини сўраб қоламиз. Барчангизга рамазон муборак бўлсин, азизлар!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев