Куз фаслида тўкилса япроқ,
Япроқданда гуноҳим кўпроқ,
Сепмоқ керак юзингга тупроқ,
Одамлар ёнида мени мақтама.
Нега мени мақтайсан обдон,
Мақтаб яна куласан шодон,
Мен аслида жуда бир нодон,
Одамлар ёнида мени мақтама.
Мени мақтаб кўкларга отма,
Кўкдан олиб шайтонга сотма,
Ўзлигингни ҳаргиз йўқотма,
Ҳамма ичра мени мақтама.
Йўқлигимда ғийбат қиларсан,
Ёнгинамда мақтаб оларсан,
Унутмагин бир кун ёнарсан,
Одамлар ёнида мени мақтама.
Гуноҳларим ҳиди бўлсайди,
Ёнгинамда туролмас эдинг,
Ширин-шакар ҳидларинг билан,
Уни мендан қуволмас эдинг.
Мақтаб мени риёкор қилдинг,
Риё ичра гуноҳкор қилдинг,
Балки буни савоб иш билдинг,
Одамлар ёнида мени мақтама.
Гуноҳларим юзи бўлсайди,
Уни ҳардам кўролгай кўзинг,
Одамларга бир-бир санаб ҳам,
Етмас эди минг чандон сўзинг.
Кўпиртирма савобларимни,
Унутмагин гуноҳларимни,
Тўғри тушун жавобларимни,
Одамлар ёнида мени мақтама.
Гуноҳларим кўзга кўринса,
Мени ҳаргиз мақтамас эдинг,
Оламонлар ичинда ёлғиз,
Фақат мени оқламас эдинг.
Ҳамма ичра мақтама сира,
Кўнглимни ҳам айлама хира,
Ҳадисларда келган бир қара,
Одамлар ёнида мени мақтама.
Эҳ одамлар менда гуноҳ кўп,
Гуноҳларим сон - саноғи йўқ,
Чунки менда маъсиятлар кўп,
Мақталишга менда тоқат йўқ.
Ўз ҳолимга қўйгин илтимос,
Мақташларинг алдаса бироз,
Амал қилмай риёкорга хос,
Ҳамма ичра мени мақтама.
Яхши ишим кўрсанг сўйлама,
Гуноҳсиз деб ҳаргиз ўйлама,
Авлиё деб мени қўллама,
Ҳамма ичра мени мақтама.
Маърифатим жуда озгина,
Сенга асло менда йўқ гина,
Илтимосим сендан биргина,
Мени мақтаб ўтирма яна.
Ҳадислардан олиб иқтибос,
Фақат сендан битта илтимос,
Ҳамма ичра ўзгинангни бос,
Ҳаддан ошиқ мени мақтама.
Охир сўзим менга қарагин,
Ўзингни ҳам ювуб-тарагин,
Ён атрофга бироз қарагин,
Ҳеч кимсалар йўқ бўлса агар,
Хатоларим менга санагин.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Комментарии 3