Инсон ўз хатолари учун ўзи жавоб бериши керак, атрофидагилар, ота-онаси ва айниқса фарзандлари эмас. Фақат ўзи! Бироқ баъзида бунинг жавоби топилмайди ёки топилгани шу қадар оғир келадики, ноилож, одамларга дил ёриш ва маслаҳат сўрашга мажбур бўласан. Мен ҳам ана шу мажбурият юзасидан ҳаётимни ҳикоя қилиб беришга жазм этдим…
Ўн етти ёшимда турмушга беришди. Ота-онам топган, танлаган ва ёқтирган йигит билан оила қураётганим, ҳаёт аталмиш оғир синов қаршисида турганим, бунинг учун етарли даражада тайёр эмаслигим мени у қадар ташвишлантирмасди ўшанда. Кўзни қамаштирадиган сарполар, бағоят гўзал оқ либос, карнай-сурнай садоларию тантанали тўй базми ва ҳамманинг эътиборида бўлиш, маликалардек ясаниб тўрда ўтириш – булар мен учун аҳамиятлироқ эди ўшанда.
Лекин ҳаёт тўй эмас экан. Буни турмушнинг илк ойларидаёқ англаб етдим. Рўзғор ишларига нўноқлигим, ҳали эркаликларини қўймаган ёш қизалоқлигим, бирон ҳунар ёки касбга эга бўлмаганим – буларнинг бари тез орада ҳаётимни заҳарлай бошлади.
Ўқимишли, зиёли инсонлар оиласига келин бўлиб тушган эсам-да, катта даргоҳ, келди-кетдиси кўп хонадон эди. Мен бўлсам эрталаб соат етти яримда аранг кўзимни ишқалаб ҳовлига чиққанимда, ҳаммаёқни супуриб-сидириб, нонушта ҳозирлаб, эркакларни ишга кузатиб турган қайнонаю қайнсинглимнинг кўзига балодек кўринишим турган гап эди. Эрим тиббиёт институтининг сўнгги курсида ўқир, амалиёт билан банд бўлгани учун кечқурунлари чарчаб уйга қайтарди. Мен эса на уни ширин гап билан кутиб олишни билардим ва на баҳри-дилини очадиган суҳбат қура олардим. Мендан икки ёш кичик қайнисинглимнинг пазандалиги, чаққонлиги, тили ширинлиги олдида неча марта уялиб қолганимни айтмасам ҳам бўларди.
Аввалига ҳали ёш-да, ўрганиб кетади, деб сабр қилиб юрган қайнонаю қайнотамнинг фарзандли бўлганимдан кейин сабр косаси тўлди. Чунки мен оналик вазифаларини-да уддалай олмас, боламга ҳам қайнонам ва қайнсинглим қарашарди. Ўзим эса доим ҳаммадан хафа, тунд қиёфада юрардим. Чунки бу хонадонда мен ўзимни эркин ҳис қилолмас, қўйган ҳар бир қадами хатодан иборат ношуд бир одамдек эдим. Натижада билмаганларимни ўрганиш учун қилган барча саъй-ҳаракатларим ҳам тузук натижа бермасди. Хуллас, чақалоғим икки ойлик бўлганида отамникига кетиб қолдим.
Бу, албатта, ота уйига биринчи марта аразлаб келишим эмасди. Биринчиси тўйдан икки ой ўтгач содир бўлганди. Ҳар сафар онам «ажаб қипсан, уларга хорлатиб қўядиган қизим йўқ. Ўзлари ялиниб олиб кетишади», деб кутиб олар, бир неча кундан сўнг чиндан ҳам ё эрим, ё қайнотам келиб олиб кетарди. Лекин қўлимда болам билан кириб борган ўша куним онам «хуш келибсан» демади. Аксинча: «Бекор қипсан, болани ташлаб келиш керак эди», — деди. «Қанақасига?» — десам: «Шу пайтгача айтганларим тўғри чиқяпти, шундайми? Болангни ташлаб келганингда тезроқ олиб кетишарди», - деди.
Ростдан ҳам бу сафар уйимда бир ой ўтирдим. Олиб кетишга ҳеч ким келмади. Охири отам қайнотам билан келишиб, ўзи олиб бориб қўйди. Бу билан эримникидагилар менга сабоқ бермоқчи, мени она сифати боламнинг ҳаётига масъулият билан қарашга чақирмоқчи бўлишган. Мен эса болалигимга бориб, «онам ҳамиша ҳақ бўларкан, унинг айтганини қилишим керак», деган нотўғри хулосага келдим.
Шундай қилиб, бориб-келиб юриб орадан саккиз йил ўтди. Икки ўғил ва бир қизли бўлдик. Оилавий ҳаётни бир лойқаланиб тинадиган сувга қиёслашади. Аммо менинг сувим шунча вақт ўтса ҳам, тинай демасди. Ҳар сафар кетаётганимда онамнинг «Болаларингни ташлаб кел. Улар ўша ёқда қолса, эринг ялиниб келади», дегани эсимга тушарди. Кичкинам олти ойлик бўлганида, қайнонамнинг бир гапи жон-жонимдан ўтиб кетдию, кичкинтойни бешикка белаб, қорнини тўйғаздим-да, сумкачамни илганча яна онамникига йўл олдим.
Катта ўғлим ўқишда, кичиги боғчада эди. Катта кўчага чиқиб улгурмасимдан ортимдан қайним машинасида етиб келди ва қўярда-қўймай уйга қайтариб олиб кетди. «Ҳа, қўрқмас экансанлар-а!» — деб ўйладим ўзимча. Назаримда, онамнинг айтганлари тасдиқланаётгандек эди.
Шундан кейин аразласам, болаларни ташлаб кетишга ўрганиволдим. Икки ёшга тўлгунча, кичкинамни олиб кетардим.Аммо бу онамга ёқмасди. Сўнгра уни ҳам ташлаб кетадиган бўлдим.
Эрим билан муносабатларимиз шунча йил ўтса-да, яхшиланмади. Бунақа омонат ҳаёт, келиб-кетиб юришларим унинг ҳам асабини қақшатган, мендан кўнглини совитган эди. Нима қилай, мени онамдан бошқа ҳеч ким йўлга солмасди. Онам эса «ўшалар»га ўзимни хорлатиб қўймаслигимни, қадримни кўрсатиб туришимни уқдирарди. Мен онамни ҳамма нарсага айбдор, демоқчимасман. Чунки у хонадонда яшаган менман, иссиқ-совуғию аччиқ-чучуги ҳеч кимга менчалик аён эмасди. Демак, муросаю мадора қилиш ва тадбир топиш ҳам аввало ўзимнинг қўлимда эди.
Бундан бир йил аввал эримнинг тоқати тоқ бўлдию, менга «Йўқол, ҳаммаси жонимга тегди», деб юборди. Мен ҳам алам устида: «Кетаман! Аммо итваччаларинг ўзингга сийлов, уларни деб ёш умримни ҳазон қилмайман!» — дедим-да, болаларни ташлаб, ота уйимга жўнавордим. Икки ярим яшар қизалоғим «Ойижон!» дея йиғлаб орқамдан эргашганидан қувондим: «Яхши бўлди-да. Бола хархаша қилаверса, бирпасда ортимдан учиб борасанлар», — деб ўйладим.
Буни қаранг-ки, ҳеч ким ортимдан учиб бормади. Аввалига болаларни ташлаб кетиб, ўрганиб қолганим учун уларнинг соғинчи у қадар билинмади. Биринчи кечадаёқ кичкинам тушимга кириб чиқди.
Эрталаб отланиб, болаларни олиб келишга кетаётганимда онам йўлимни тўсди:
– Қаёққа?
– Ажрашишга қарор қилдим, ойи. Бунақа яшаб бўлмайди. Болаларни олиб келаман.
– Ажрашадиган бўлсанг, олиб келиб нима қиласан. Қўлингда ҳунаринг ё тилингда илминг бўлмаса. Бу уч болани қандай қилиб таъминлайсан, оёққа қўясан? Ҳали ёшсан. Сени ёш умрингни хазон қилишинг учун туққан эмасман. Эринг эркак киши, болаларсиз бирпасда ёш ва чиройли қизга уйланиб олади. Сени эса уч боланг билан ит ҳам олмайди.
– Нима қил дейсиз бўлмаса?
– Шу пайтгача айтганларим тўғри чиққан, биласан-а? Энди жим ўтирасан, болаларни эринг боқиб олсин. Бир-икки кун соғинасан-да, кейин кўникасан. Ҳали ёшсан, гўзалсан. Ўзим сени бундан-да яхши жойга узатаман.
Онамнинг айтганларини қилиш қийин бўлса-да, унга қарши боришга иродам етмади. Шу кундан бошлаб ўзимни янги ҳаётга тайёрлай бошладим. Гўёки мен уч боланинг онаси эмас, эрта-индин бадавлат ва келишган инсонга турмушга чиқиши керак бўлган қизман.
Эримникида ўтган ҳаётим, болаларим – барини бир тушдек унутишим керак эди. Онам томонидан ҳар куни бир неча марталаб таъкидланадиган бу сўзларга бора-бора ишониб, ўзимни шунга тайёрладим. Ҳатто фарзандларимнинг туғилган кунларини-да унутдим гўё, ўша кунларда ҳам уларни йўқламадим Лекин ичимда, қалбимнинг туб-тубида бир умид бор эди. Яъни ўша мен турмушга чиқажак шаҳзода шу даражада олижаноб бўладики менинг уч фарзандимни ҳам ўзиникидек қабул қилишга сўз беради. Шунда мен болаларимни отасиникидан олиб кетаман деб ўзимни овутардим Бу орада суд орқали ажрашдик болаларим отаси билан қоладиган бўлди Эрим пайсалга солмай уйланиб ҳам олди. Эшитишимча фарзандларим у аёлни ойи дейишаётган эмиш У аёл ҳам болаларга ҳақиқий онаси каби меҳр бераётганмиш.
Бу хабардан ўртаниб юрган кунларим менга ҳам талабгор чиқди Онам айтганидек ўқимишли топарман-тутарман келишган йигит Собиқ эримдан ўлса ўлиги ортиқ Биринчи оиласи билан ажрашган икки фарзандини хотини олиб кетган экан Айтишича хотини ҳадеб эри билан баҳслашаверар ҳеч унинг айтганини қилмас экан Унга мендек ёш чиройли айниқса итоаткор аёл керак эмиш Фақат бир шарти бор фарзандларим ҳақида умуман оғиз очмас эканман Ўзимизнинг болаларимиз туғилгач вақти-вақти билан биринчи эримдан бўлган болаларни кўриб туришимга рухсат бераркан Аммо уларни бутунлай олиб келиш тўғрисида гап ҳам бўлмаслиги керак Бу менинг охирги умидим ҳам пучга чиқди дегани эди.
Балки эркак зоти қуриб кетмаган сени фарзандларинг билан қабул қиладиган одам чиқади ҳали демоқчидирсиз Фақат ўша одам чиққунча мен фарзандларимнинг онаси бўламанми-йўқми Бежиз бундай демадим Чунки шу кунларда эрим мени оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш учун судга ариза берибди Энди мен бошимни қайси тошга урай?
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев