("Ҳаётни англатувчи ҳикоятлар" китобидан)
Али Тантовий роҳматуллоҳи алайҳ Дамашқ масжидидаги маърузаларидан бирида айтади:
- Бу масжиднинг номи “Тавба” бўлиб, эндиликда жуда файзли маскан ҳисобланади. Масжиднинг номи нега “Тавба”? Сабаби шундаки, илгари бу ер турли хил гуноҳ ишлар қилинадиган жой бўлган. Ҳижрий еттинчи асрда бир подшоҳ уни сотиб олади. Сўнг бинони бузиб ташлаб, ўрнига шу масжидни қурдирган. Бу масжидда етмиш йил Шайх Салим Суютий исмли олим имомлик қилдилар. Қишлоқ аҳли имомга қаттиқ ишонишар, диний ва дунёвий ишларида кўп мурожаат қилишарди.
Масжидда фақирлик ва нафсини сақлашда зарбулмасал бўлган бир талаба яшар эди. Талаба икки кун туз тотмади: егулиги тамом бўлган, сотиб олишга пули йўқ... Очлик забтига олавергач, талаба чидамабди: “жон сақлаш учун ўлимтик ейишим ёки бирон егулик ўғирлашим мукин”, деган хаёлга бориб, иккинчи фикрида тўхталибди...
Масжид жойлашган кўчадаги уйларнинг томи бир бирига туташиб кетганди. Кўчанинг бу бошидаги уй томига чиққан одам нариги бошигача худди ерда юргандек юриши мумкин. Талаба ҳам масжид томига чиқиб, ундан қўшни ҳовлига ўтди. Қўшни ҳовлида аёллар бор экан, уларга назари тушмаслиги учун кўзини юмдида, наригисига ўтди. Кейинги ҳовлида ҳеч кимса йўқ, боз устига пишаётган таом ҳиди келарди. Талаба бир сакраб айвонга тушди. Ошхонага кириб кўрдики, қозонда бақилажон пишмоқда! Шартта биттасини олиб, қайноқ эканига ҳам қарамасдан тишлади. Тишлаганини ютиб улгурмасдан ақли жойига келди: “Толиби илм бўлатуриб, ўғирликка қўл уряпманми-а?. Аллоҳдан паноҳ сўрайман... Ўзин кечир...”. Қилиб қўйган ишидан надомат чекиб, истиғфор айтди. Қўлидаги бақилажонни қозонга ташлаб орқасига қайтди.
Масжидга келиб Шайхнинг илм халқасига қўшилди. Қорни очлигидан сабоқлар қулоғига кирмасди. Дарс тугаб, ҳамма тарқалгач, бир мастура аёл Шайх ҳузурига кириб, биров эшитмайдиган даражада нималардир деди. Аёлни гапини эшитгач, Шайх ён-атрофига қаради. Талабадан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Шунда Шайх талабани ёнига чорлади ва: “Уйланганмисан?” деди. Талаба: “Йўқ”, деб жавоб берди. Шайх: “Уйланишни ҳоҳлайсанми?”, деди. Талаба сукут сақлади. Шайх яна сўради: “Уйланишни ҳоҳлайсанми?”. Талаба: “Эй ҳожам, менда пул йўқ, нимани эвазига уйланаман?”. Шайх айтди: “Бу аёлнинг эри вафот этибди. Қари амакисидан бошқа ҳеч кими йўқ экан. Эрининг уйи ва молу давлати аёлга мерос қолибди. Аллоҳ ва Расулининг суннатига мувофиқ, турмушга чиқмоқ ниятида келибди. Ёлғизликдан ўзига зарар етиши эҳтимолидан қаттиқ ҳавотирда экан... Хўш, унга уйланасанми?”. Талаба: “Ҳа”, деб жавоб берди. Шайх аёлга юзланди: “Сен-чи, шу йигитга турмушга чиқасанми?”. Аёл ҳам розилигини билдирди. Шайх аёлнинг амакисини чақирди ва икки инсон гувоҳлигида никоҳ ўқиди. Никоҳдан сўнг талаба аёл билан унинг уйига кетди. Уйга киргач, аёл юзини очди. Талаба олдида жуда гўзал ёш қизни кўрди. Аёлнинг чиройига маҳлиё бўлган йигитнинг кўнглига бирдан хавотир оралади. Негаки, бу уй боя ўзи ўғирликка кирган хонадон эди-да. Аёл: “Овқатланасизми?” деди. Йигит: “Ҳа”, деди. Қозонни очган аёл ҳайратдан донг қотди: “Ажаб, кимдир кириб, бақилажонни тишлаб кетибди!”.
Йигит йиғлаб юборди ва бўлган воқеани айтиб берди.
Йигит иқрорини тинглаган аёл шундай деди:
– Бу омонатдорлик меваси. Сиз ҳаромдан ўзингизни тийдингиз. Эвазига Аллоҳ таоло мана шу уйни ҳам, эгасини ҳам сизга ато қилди...
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев