Муаллиф: Наргиза Усанбоева
45-қисм
Давоми
Мижозлар эса бунга жавобан бир гапни такрорлайди:
— Бозордагиларнинг қимматлиги майли, арзон матодан ҳам тикилган-да. Сифати у қадар яхши эмас. Мен боламнинг тўнни фақат тўй куни эмас, кейинчалик, қиш кунлари ҳам кийиб юришини истайман. Тўн яхши-да, барибир, бели, оёқларини ёпиб туради. Ҳозирги курткалар калта. Молга ем берай деб эгилса, бели очилади. Шунинг учунми, ҳозирги ёшлар болали бўлмай туриб, “белим оғрияпти”, дейишга тушади.
— Унда йигитларнинг белини сақлаётганим учун ҳам пул тўлашларингизга тўғри келади, — қиқирлайди Мадина.
У икки йил деганда зўрға асл ҳолига қайтаётганди. Бундан уйдагилари ҳам, унинг ёнига келиб-кетувчи мижозлар ҳам хурсанд эди. Энг қувонарлиси, аста-секин қўни-қўшнилар унинг ёнига қизларини олиб чиқишаётганди. Албатта, ўтирган жойида гулдек ҳунарни эгаллаб, мўмайгина даромад қилаётган ногирон қиздан ибрат олмай бўладими?
— Мадина, менинг қизимга ҳам тикишни ўргатинг. Ҳар ой дарсингиз учун айтган пулингизни бераман. Фақат шу ҳунарни ўрганса бўлди. Эртага турмушга чиқса, бирор корига яраб турадими, дейман-да!
Мадина бирини қўшним деб рад этолмади, бирининг қариндош деб юзидан ўтолмади. Ҳаш-паш дегунча унинг тикиш қиладиган хонасида тўртта шогирд қиз пайдо бўлди. “Кўпнинг иши йитарми, ознинг иши битарми?” деганларидек, биргалашиб келган буюртмаларни тезда битказиб беришди. Бироқ қизлар “ўрганаман” деб келган. Буни эса амалда кўрсатмай иложи йўқ.
— Ойи, бозордан тўнлик ва астарлик мато, яна уларга мос ип олиб келиб беринг, — деди Мадина.
Энди у ўргатиш баҳонасида ҳам ортиқча тўнларни тикиб, битказиб қўярди.
— Бозордаги тўнчиларга топшириб келинг, — дея маслаҳат берди кимдир Дилоромга.
Бир пасда тайёр тўнларни сотиб берадиган савдогар ҳам топилди. Бу Мадинага янада куч берди. Уйга ҳам файз ва шодлик мўралагандек эди. Яна аввалгидек дастурхон бошида кулги, қаҳ-қаҳа янграрди. Айниқса Мадина шогирд қизлар билан ҳазил-ҳузул қилиб куннинг кеч бўлганини сезмай қоларди. Шундай кунларнинг бирида у қизлар кетгач, эндигина матоларни тахлашга киришганди. Дарвозахонадан келаётган овоз диққатини бўлди. “Кимдир келди шекилли”, дея кўзларини деразага тикди. Аввалига онасининг бесаранжом юзини, сўнг унга эргашиб келаётган Алишернинг онаси ва аммасини кўрди...
“Ё Худо, нега келишди? Нима бор бизникида уларга?” — Мадинанинг бутун танасига титроқ кирди. Ўзини қўярга жой топа олмай қолди. Зум ўтмай Малак жонсарак ҳолда кириб келди.
— Ишларинг битдими? Қизлар ҳам кетибди-ку? — деди у гапини йўқотганидан билган нарсани сўраб.
— Кетишди... — деди Мадина ерга қараганча олдида турган мато қийиқларини ўйнаркан.
Унинг овози ва бармоқларидаги титроқ Малакка ҳаммасини аён қилди. Довдираб хона бурчагидан жой олган тикув машинаси олдига борди-ю, яна ортга юрди:
— Мен овқатга қарашай...
Мадина ўз хаёллари билан қолди. Аёлларнинг келиш сабаби, нияти ҳақида билиш тугул ўйлашга ҳам қўрқаётганди. Қанча фурсат ўтди билмайди. Бир пайт Диёра чопқиллаб кириб келди. “Болали уйда гап ётмас”, деганлари ҳақ. Бувиси ва онасининг пичир-пичирини эшитиб қолган қизалоқ холасини саволга тутди:
— Лола, совчи нима дегани?
— Нима эди? — деди Мадинанинг юраги кузги япроқдек пирпираб.
— Сизга совчи келибди. Лекин мен унақа нарсани кўрмадим...
Жиянчасига тикилиб турган қиз ўзини йўқотиб қўйди. Вужудини қамраб олган даҳшат жонини қақшатиб юборгандек бўлди. Томирларида оқиб турган иссиқ қон ҳам совугандек, қалтироқ тутди. Кўзларида айланган ёш тўхтаб, мижжаларида қотиб қолди. Нафаси қайтиб, ранги оқарди. У шу ҳолида пойидан арраланаётган жонсиз ҳайкални эслатарди. Тили ҳам калимага келмас, гўё ўзи каби бутун борлиқ ҳаракатдан тўхтагандек...
— Диёра! — аввалига айвондан Малакнинг овози эшитилди, кейин эшик очилиб ўзи кўринди.
Қизалоқ холасидаги ўзгариш сабаб гуноҳкорона онасига қаради. Мадина ҳамон қилт этмай турарди.
— Нима дединг холангга? Дарров айтдингми? — Малак ўзи билмаган ҳолда қизчанинг юзига шапалоқ тортиб юборди. Сўнг Мадинанинг ёнига бориб чўккалади: — Мадин... Ҳалиги... Мадина...
Мадина чуқур нафас олди. Сўнг бир нуқтага тикилган нигоҳини опасига қаратди. Лаблари қимтилиб, кўзларига ўкинч чўкди-ю, бир томчи ёшни сиқиб чиқарди. Қалт-қалт қилаётган бармоқлари билан оғзини бекитди.
— Мадина! — ўзини қўлга олиб, жилмайишга ҳаракат қилди Малак. Лекин тилини тишлади. Алишернинг Мадинага совчи юбориши қанчалик қувончли бўлса, шу қадар қайғули ҳам эди. Шунданми, опа бу хабарни синглисига қай йўсинда етказишни билмади. Бахтига Мадинанинг ўзи тилга кирди:
— Нега опа? Нима учун бундай қилди? Шу инсофданми? Қандай қилиб устимдан кулишга журъат қилди?
Малак бир лаҳзага сўзини йўқотди. Синглисининг ёш сизиб чиқаётган кўзларига маъносиз боқди. Сўнг бир хўрсинди-ю, кулишга тиришганди, сохта илжайишдек кўриниш олган лаблари хунук қийшайди. Буни ўзи ҳам сездими, дарров жиддийлашиб деди:
— Ким устингдан кулди, шириним? Бу ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. У бунинг учун аввало, ота-онасига айтишга журъат топган, кейин... уларни рози қилиш ҳам осон бўлмагандир? Алишер мард йигит экан. Сени чиндан яхши кўраркан...
Мадина энди ўксиб-ўксиб йиғлай бошлади:
— Нима қиларди мени қийнаб совчи юбориб? Юбормасин эди, мени куйдирмасин эди! Шунда номард, нокас, бевафо дея ёмон кўрсам яхши эмасмиди?
— Йиғлама, йиғлама...
— “Бошқа қизни севдим”, деса, уйланса мен енгил тортмасмидим? Нега мени мунча қийнайди, опа?
— Нега хафа бўляпсан? Ахир сени чин дилдан севаркан, уйланишни тугибди дилига. Ахир ҳозир бир пайтнинг ўзида бир неча қизга ваъда бериб алдаб юрганлар қанча? У эса бундай қилмади. Фақат сени севди, ҳамон севади.
— Менга бунақа кемтик муҳаббат керакмас! Бунақа ногирон, мажруҳ муҳаббатнинг кераги йўқ, опа! Раҳм-шафқатни ичига яширган севгини орзу қилмагандим...
— Мадина, сингилжоним, — уни қучиб олди Малак. — Нега бунақа деб ўзингни қийнайсан? Қанақа раҳм, қанақа шафқат? Алишернинг севгиси бир зум бўлса-да, камайдими? Тинимсиз хат ёзди. Жавоб бермасанг-да, аҳволингни билса-да, ёзаверди. Шунча сукутингдан кейин нима қилсин? Худога шукр, яхшисан, тикиш қиляпсан. Шуларни эшитиб, соғайганингни билиб, совчи юборган.
— Қани соғайганим? — бир олам армон билан йўғрилган товуш билан деди Мадина. — Соғайишимни, юришимни қанчалар исташимни билсангиз эди? Тонмайман, қалбим унга бўлган муҳаббат билан лиммо-лим! Уни асраб-авайлаб ўзига тутқазмоқчи эдим барча хатлари билан бирга... Унга бўлган меҳримни, садоқатимни шу йўл билан билдирмоқчи эдим. Оппоқ кўйлакда, оппоқ орзуларим, пок ниятларим билан остонасига қадам қўймоқчи эдим. Муҳаббатимни, унинг мактубларини гард юқтирмай асрадим. Аммо... ўзимни асрай олмадим. Унинг остонаси томон элтадиган оёқларим...
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 4