Муаллиф: Наргиза Усанбоева
48-қисм
Давоми
Ўлмас хотинига қараб раҳми келди. Қўли калталигидан, топгани эгнига тортса, этагига етмаслигидан хўрлиги келди. Нима қилсин? Амаллаб кўтарган икки хона уйига кўчиб келганига ҳам ҳадемай олти йил бўлади. Лекин ҳамон газ ўтказа олмади. Қувур фалон пул, яна тоғли жойда тортиб келишнинг ҳам ўзи бўлмайди. Йиққанини энди бўй кўрсатганида “пирт” этиб бир нима чиқиб туради. Шукрки, топгани яхши кунига кетяпти. Уч фарзанди туғилди. Акаси Абдусалимнинг боласига қўшиб ҳали кичик бўлса-да, ўғилларининг қўлини ҳалоллади. Амаллаб битта сигирининг бошини иккита қилди. “Мусулмончилик аста-секинлик билан”, дейишади-ку. Мана, у ҳам аста-аста эришяпти.
“Энди бошқа фарзанд кўрмаймиз, тўйларини ҳам қилдик. Шуларни ўқитсак, одам қилсак бўлгани”, деганди Ўлмас. Покиза кўнмади. Нима эмиш, қизи ёлғизланиб қолармиш. Эрта у ўлса, қизининг дардкаши бўлмасмиш. “Яна битта қиз туғаман”, деб туриб олди у. Мана аҳволи, эрта-индин кўзи ёрийдиган ҳолида бир неча чақирим наридан қўйнинг қумалоғини ташиб юрибди.
— Шуни айтсанг, ўзим арава-паравадан олиб келаман-ку! Шунча йўлга бориб, ярим қоп билан қайтиб келгани вақтингга ачинмадингми? У ҳам майли, йўлда туғиб қўйсанг нима бўлади? Ўзи... — Ўлмас гапини давом эттирмади.
Лекин аёли унинг ичида қолган фикрини уқди. Норози қараркан, араз аралаш деди:
— Яхшиман. Учта бола туғдим, ўлмадим. Бунисини ҳам туғишга етади кучим...
Ўлмас “чирт” этказиб, ерга тупураркан, хўрсинди. Хотининг юраги хасталигини биринчи ҳомиладорлигидаёқ билишган. Аҳволи жуда оғир бўлмаса-да, барибир дардман-да. Юрак касал билан ўйнашиб бўлармиди? Аслида бундай беморларга шифокорлар туғишни таъқиқларкан. Аммо аёл зоти гап уқармиди? Яна фарзанд масаласида. Ўлса ўладики, туғади! Боласини соғ-омон дунёга келтирсам, дейди. Покиза ҳам шундай. Юраги эмас, юраги остида кўтариб юрган дилбанди соғлиги учун шифокорлар буюрган барча дориларни қабул қилади. Уларнинг айтганига риоя этади. Нима жин урибдики, ҳолини унутиб қий кўтариб юрибди?
— Айтсанг, ўзим олиб келардим, демоқчиман-да, — деди ён бериб Ўлмас.
— Ҳалиям ўзингиз олиб келасиз.
— Унда нега ташиб юрибсан қоплаб?
— Кўргани боргандим, қурибдими, йўқми, деб... — тумтайди хотин.
— Шу иссиқда одам қуриб боряпти-ю, қий қуримасаканми? Оласан-да, сенам гапни. Янгам йўлдан урдими сени? Ўзи битта боласини етаклаган, иккита қопни олган. Сен шунчаки шерик. Шунақами? Уч марта икки қоп қий олиб қайтса, тамом. Сен эса йўл сарсони.
Покиза жавоб ўрнига кулиб юборди:
— Биласиз, дадаси, ернинг остида илон қимирласа биласиз.
— Сарвара сени сувга олиб бориб, суғормай қайтаради, — жилмайди Ўлмас ҳам янгасини исми билан атаб.
У ўгай акаси Абудсалимнинг хотинини кўпам “янга” деявермас, ўзи билан эса сира мулоқот қилмасди. Ўсмирлик ва йигитликда бўлган воқеалар хотираси ёмғирда қолган кундалик дафтаридаги ёзув каби чаплаша бошлаган бўлса ҳам нимадир улар орасида тўсиқдек турар, гаплашишларига монелик қиларди. Балки улар ҳамон Абудсалимнинг дилини оғритишдан қўрқар, эҳтимол, ўзларини гуноҳкор санашар... Аниғи шуки, иккиси учун ҳам энг маъқул йўл шу.
— Янгам йўлда айтдики... — Покиза уят гапни айтаётгандек ерга қаради. — Аянгиз акамга “Ўлмаснинг уйига кўчиб ўтсам, одамлар гапирармикан?” дебди.
Ўлмаснинг эндигина яхшиланаётган кайфияти бирдан тушди. Қовоғи осилиб, жаҳл билан деди:
— Аям ҳам қизиқ. Акамдан сўраб нима қилади? Минг марта айтдим, мен билан яшанг деб. Одамлар билади-ку туққан боласи менлигимни! Ўз боласи билан яшамай, ким билан яшайди? Бошидаёқ “Бирга кўчиб кетайлик”, дедим. “Отангдан айро яшайманми?” деди. Мана, отам ўтганига ҳам бир йилдан ошди. Ҳали ўйланади. Ўзимга қолса-ку, бориб йиғиб-териб келай дейман. Яна акамнинг сассиқ гапини эшитгим келмайди-да!
— Одамлар ҳам гапирарди-да, эрининг чироғини ёқиб ўтирмади, деб.
— Отамнинг чироғини бир йил ёққани етар. Бугун бориб олиб келсаммикан?
— Манов ишингизни тугатиб олинг, — ерда ётган маккажўхори пояларига ишора қилди Покиза.
— Ҳамма жойимни тилиб ташладими, ачишиб кетяпти. Ноинсофларни қара, қанақа кичкина боғлашибди, — пояларга ишора қилди Ўлмас. — Боланинг қучоғига ўлчашганми? Учтасини бир қилсанг ҳам битта катта боғ бўлмайди. Одамлар пулни деб инсофни еб қўйишяпти.
Ҳамон қайнонасининг хаёли билан банд бўлган Покиза эрининг гапини бўлди:
— Ё ўзим бориб олиб келайми аямни? Менга ҳеч нарса демайди-ку акам.
— Йў-ўқ, уйда нима бор? Яхшироқ овқат пишир, кечга борамиз. Ўтириб, тушунтириб бирга олиб келамиз, — Ўлмас ўзининг қароридан ўзи қувонди.
Шундай қилса, ҳеч кимнинг кўнгли қолмайди. Онаси ҳам қийналиб кетди. Кўчиб кетишаётгандаёқ мунғайиб қолганди. Ўз фарзанди, неваралари қолиб, ўгай ўғлининг болаларини қараб ўтириш ҳар қандай она учун ҳам оғир. Буни Ўлмас ўзича ҳис қилади. Онанинг юрагидагини эса ҳеч ким тўлалигича англай олмаслиги аниқ.
Ўша кеч Покиза ошқовоқдан манти пиширди. Катта идишга солиб, тугишди-да, бутун оила йўлга тушди.
Абдусалим она-боланинг истагига қарши чиқмади. Қайтанга уларни қўллаб-қувватлади:
— Барчин она, сизга раҳмат! Шунча йил бизнинг хизматимизни қилдингиз. Энг кўп кўп менга меҳнатингиз сингган бўлса керак. Мендан кейин болаларимни катта қилиб бердингиз. Индамасангиз, мен ўзимдан билиб айтмасдим. Энди ўзингиз учун ҳам яшанг. Ўлмасникига кетдингиз дегани, менинг уйимдан ўрнингиз йўқолди дегани эмас. Ана, ўн кун Ўлмасникида, ўн беш кун меникида туринг. Кимникини кўнглингиз тусаса, ўша уйга боринг.
— Хафа бўлмасанг бўлди, — деди бир пайтлар қип-қизил, таранг бўлиб турувчи юзлари осилиб, ажинлари кўпайган Барчин.
— Нега хафа бўламан, Барчин она! Ўлмас ўз ўғлингиз бўлса, бегона бўлса экан, қарши бўлсам...
Шу билан Барчин катта, кенг ҳовлини тарк этиб, тоғ этагида, адир устида жойлашган ўғлининг уйида истиқомат қиладиган бўлди. У борганидан сўнг бир ҳафта ўтмай, Покизани тўлғоқ тутди. Барчин бир энтикди, бир энтикди...
Ниҳоят у ўз невараларига бемалол қарайдиган, катта қиладиган бўлди. Катталарига Абдусалимнинг болалари билан бўлиб яхши қарай олмаганди. Соғинса, кўргиси келса ҳам бир-икки соатга келиб кетарди. Фақат чилласи чиққунча қарашганини айтмаса, болаларини Покизанинг ўзи улғайтиряпти. Мана энди бу неварасини унинг ўзи бағрига босиб, катта қилади.
— Қиз бўлармикан, ая? — деди Покиза кетиши олдидан умидли кўзларини қайнонасига тикиб.
— Худонинг бергани бўлади, болам, — деди Барчин безовта бўлиб. У неварасининг ўғил ё қиз бўлишидан эмас, келинининг кўкариб келаётган лаби ва калта-калта нафас олишидан ўзини йўқотаётганди. Югуриб ҳовлига чиқди: — Ўлмас! Ўлиб қолдингми? Қанисан?
Атрофга аланглади. У турган ҳовли қишлоқдаги бошқа уйларга қараганча баланд жойда жойлашганига қараймай, ўзини ҳеч ким кўрмайдиган, эшитмайдиган чуқурликда тургандек ҳис қилди. Иссиқ асфальт устида юргандек оёқларини ердан калта-калта узиб, тағин уйга кирди:
— Покиза, яхшимисан? Дардинг бошлангандан айтмабсан-да...
— Қўрқманг, ая. Ҳали туғмайман. Дардим кучли эмас. Фақат томоғим бўғилгандек, нафасим қайтяптими-ей... — деди ранги докадек оқарган Покиза.
Барчин яна уйдан югургилаб чиқди. Атрофга бир қур қараб оларкан, бор овози билан бақирди:
— Ўлм-а-ас!
Юракни эзувчи жимлик баттар Барчинни сиқа бошлади. Турган жойидан келинига деди:
— Болаларинг қаёққа кетиб қолган экан-а?
Покизанинг ичкаридан нимадир дегани эшитилди.
— Дадасига эргашган-да, қаёққа борарди? — ўзича ғўлдиради Барчин.
Яна неча бор уйга кирди, қанча бақирди саноғини билмай ҳам қолди. Бир пайт сариқ “Москвич” чангитиб келиб, эшик олдига тўхтади...
* * *
Ўлмаснинг қулоқлари битиб қолганди. Онаси тиззасига муштлаб, нималардир деб йиғлаяпти. Кўзларидаги ёш шундан дарак. Ёнидаги шифокор аёл чўк тушганча лаби-лабига тегмай гапиряпти. Сал нарида қизини икки ўғли маҳкам қучиб олибди. Қизи эса кўзлари ёшга тўлганча қотиб турибди. Учаласининг ҳам нигоҳи унга қадалган. Худди отанинг назари уларни ҳайкалга айлантириб қўйгандек, қилт этишмайди. Рўпарадаги бинонинг очиқ деразаларидан аёллар бошини чиқариб гаплашишмоқда. Пастда турганлар ҳам нималардир деяпти...
“Ҳозир Покиза ҳам деразадан қарайди. Аввал ўзи қараса керак. Кейин чақалоғини қаратади. Йўқ. Ўзи эндигина туғди-ку! Эртага кўришга келишганида мўралайди у. Жуда хафа бўлса керак. Кутгани бўлмади. Қиз туғилмади. Қизчали бўлишни жуда истаганди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 6