"Макрнинг 41-туяси"
Ҳикоя
Сизга яқинда, Янги йил арафасида рўй берган воқеа ҳақида айтиб бермоқчиман. Ҳаёт каттамисан, кичикмисан, деб сўраб ўтирмас экан. Ота-оналар ҳар доим ҳам фарзандларига ўрнак, маслаҳатгўй бўлмайди. Баъзан биз ёшлар ҳам уларга кўмак беришимизга тўғри келаркан…
Яқинда жияним иккаламиз шундай қилишимизга тўғри келди. Жияним деганим — аммамнинг қизи. Иккаламиз дугонадек катта бўлганмиз. Шунинг учунми, тортишганимиз-тортишган. Яқинда бир воқеа содир бўлди-ю, иккаламиз иноқлашиб қолсак денг. Янги йил байрамидан олдин оналаримиз хафалашишган эди. Одатдаги ҳолат. Ҳамма оилада бўладиган ғиди-биди. Янга-қайнсингилнинг тез-тез бўладиган «айтишуви». Аммо бу сафар бироз жиддий бўлдими, байрам келяпти ҳамки, ярашай дейишмайди.
— Менга қара, ойиларимизни яраштириб қўймаймизми? — дедим боя айтган жияним Гулруҳга.
— Бўпти, яраштирамиз!
— Қандай қилиб?
— Ўйлаб кўрайлик-чи?
Иккаламиз анча бош қотирдик. Қани миямизга жўяли бир фикр келса.
— Зўр фикр келди миямга! — дедим қувониб. — Мен ойимнинг телефонидан аммамга «sms» юбораман. Сен ҳам аммамникидан ойимга юбор.
— Нима деб ёзамиз?
— Кечирим сўраб-да!
— Жиннимисан? Менинг ойим ҳеч қачон бировдан кечирим сўраган эмас!
— Менинг ойим сўрабдими? Улар сўрамаяпти-ку! Дарров аммамга ўхшаб жаҳл қилишга тушма!
— Ўзинг ҳам янгамга ўхшайсан-ку! Қайсардан қайсарсан!
— Ойимга тил теккизма!
— Ўзинг бошладинг-ку!
Ойиларимизни яраштирамиз деб сал қолди ўзимиз ҳам уришиб кетишимизга. Аввал мен ўзимни қўлимга олдим. Олти ойга бўлса ҳам каттаман Гулруҳдан.
Биринчи макр
— Бўлди. Энди бизнинг уришмаганимиз кам эди. Яхшиси, кечирим сўраб ёзмаймиз. Шунчаки, Янги йилга таклиф қиламиз. Сен уйга боргач, аммамнинг телефонини ол-да, ойимнинг рақамига хабар ташла.
— Нега энди мен биринчи? Аввал ўзинг ёз. Менинг ойимни биласан-ку, биринчи қадам ташламайди.
— Единг-да одамни. Кўнглингга олма-ю, ғирт аммамнинг ўзисан! Поччамга ўхшасанг нима бўларди? Бўпти, ҳозир мен юбораман. Хабаримга мос қилиб сен жавоб ёзасан. Энди бор уйингга. Сен етиб боргунингча хабарим борган бўлади. Балки аммамнинг ўзи ёзар…
— Йўқ. Мен уйга боргандан кейин ёз. Ойим олдин хабарни ўқиб ойингга телефон қилса-чи? Кейин сенинг ойинг мен хабар юбормадим деса, шарманда бўламиз.
— Баттар уришиб қолиши ҳам мумкин, — деб қўрқиб кетдим. — Бўпти, сен уйга етганингдан кейин хабар юбораман.
— Хўп.
Шу билан Гулруҳ уйига кетди. Етиб боргач, қўнғироқ қилди:
— Юбор, мен ойимнинг ёнидаман.
— Қўрқяпман, Гулруҳ. Ойим билиб қолиб мени уришса-чи?
— Юборган «sms»ингни кейин ўчириб ташла, билмайди, — ақл ўргатган бўлди Гулруҳ.
— Биламан. Ойим шундоқ ҳам телефонни яхши тушунмайди. Фақат яшил тугмани босиб гаплашишни билади. Шунинг учун қўрқяпман-да! Аммам «хабар юборибсиз», деса, ойим сезиб қолади-ку!
— Уф, унда нима қиламиз? — Гулруҳ бир зум ўйланиб қолди. Кейин эса яна маслаҳат беришга тушди. — Мен ҳозир ойимнинг телефонини оламан. Сен хабар юбор. Мен ойимга ўзим ўқиб бераман-да, жавобни ўзим ёзай, дейман. Шунда ойим янгамга телефон қилмайди. Сен ҳам хабарни янгамга ўзинг ўқиб бер.
Унинг гапи билан ойимдан телефонини олдим:
— Ойи, телефонингизни бериб туринг. Бир нарсани текшириб кўрмоқчи эдим.
— Ана, ол, — бепарво деди ойим.
Мен ола солиб хабар ёзишга тушдим:
«Салом! Яхши ўтирибсизларми? Келаётган байрамлар муборак! Байрамда келингизлар, бирга кутамиз».
Хабарни юборишга юбордим-у, қўрқа бошладим. Сал ўтмай эса жавоб келди:
«Салом! Келаётган байрамларингиз билан. Келингизлар…»
Қурумсоқ Гулруҳ бошқа гап ҳам ёзмабди. Аммам қараб турган бўлса, қўрққандир?
Дарров ойимнинг ёнига югуриб бордим:
— Ойи, аммам «sms» юборди.
— «Sms»? Нима дебди? — ҳайрон бўлди ойим. Баланд овозда ўзимча таъсирли қилиб ўқиган бўлдим. Ойим эса «яхши» дейишдан нарига ўтмади.
Иккинчи макр
Хуллас, бизнинг бу ҳийламиз иш бермади. Ойиларимиз бир-бирига қўнғироқ қилиш у ёқда турсин, қайта эслаб ҳам қўйишмади.
— Энди нима қиламиз? — деди Гулруҳ телефонда. — Бу иккаласига ҳам таъсир қилмади. Гаплашишни хаёлларига ҳам келтиришмади.
— Мен ҳам ҳайронман. Яна бирор нима ўйлаб топайлик.
— Қўрққанимиз учун ҳам бирор нима қила олмаяпмиз. Қўрқмай бирор нима топ.
— Бирга топамиз. Миянгга келса телефон қил.
Шу билан иккаламиз ҳам роса ўйландик. Қани, уларни гаплаштиришнинг йўли бўлса? Бирдан миямга келган фикрдан қувониб Гулруҳга қўнғироқ қилдим.
— Менга қара, ҳозир аммамнинг олдига ўтганингда мен қайта телефон қиламан. Гап орасида аммамни сўрайман. Сен телефонни ойингга берасан. Кейин эса аммам уйдагиларинг, янгам яхшими, дейиши билан «мана ўзидан сўранг», деб телефонни ойимга узатаман.
— Зўр йўлини топибсан-у, лекин ойим янгам яхшими, демаса-чи? Биласан-ку, ойимнинг қайсарлигини. Яхшиси, тескарисини қиламиз. Янгам бирибир ойимни сўрайди. Сўраганидан мен шартта телефонни ойимга бераман.
— Келишдик.
Ўйлаб топган баҳонамиздан хурсанд бўлиб ишга киришдик. Афсуски, бу режамиз ҳам кутганимиздек таъсир қилмади:
— Яхшимисиз? — деди ойим совуққонлик билан. Кейин эса келинглар, дедию телефонни ўчирди. Бирам кайфиятим тушиб кетдики… Дарров ташқарига чиқиб Гулруҳга қўнғироқ қилдим:
— Бўлмади!
— Ўхшамади, — деди у ҳам хўрсиниб.
— Уларни бир жойда ўтиришга мажбур қилишимиз керак. Шунда иложсизликдан гапириб кетишади.
— Қилса бўладиган ишларни гапирсанг-чи? — жаҳли чиқди Гулруҳнинг.
— Қилса бўлади. Фақат бош қотиришимиз керак.
— Бўлмаса, бош қотириб бўлганингдан кейин телефон қил.
Учинчи макр
Икки қиз роса ўйладик. Афсуски, бирор йўли топилмади. Шу билан янги йил байрами ҳам келди. У ёқда Гулруҳ, бу ёқда мен хафа. Байрам баҳона ҳам оналаримизни яраштира олмадик. Энди қачон ярашиб, апоқ-чапоқ бўлиб кетишади? Яна янги йил уйда, оилавий кутиладиган байрам. Шуларни ўйладим-у, дастурхон безашга киришиб кетдим. Ўзимча дадам тирик бўлса ҳам майли эди, деб қўяман. Ойимни уришиб бўлса ҳам аммамникига олиб борарди-да! Кайфиятсиз синглим, укам, ойим ўтиргандик уйга Қорбобо кириб келди. Аввалига танимадик. Совғаларни олиб бўлгач, акам эканлигини билдик.
— Шу ҳолингда опангникига ҳам кириб ўтмабсан-да, жиянларинг хурсанд бўларди, — деди ойим акамга. — Ё чарчадингми? Бугун ҳам шу пайтгача ишларканми одам?
— Ишдан чиққанимга анча бўлди. Қорбоболик қилиб юрибман. Опамникига кирмоқчи эдим. Ҳаммамиз борганимиз яхшимасми?
Хурсанд бўлиб кетдик. Менинг эса миям ишлаб кетди. Ойим кийинаётганда акамни четга тортдим:
— Опамникидан олдин аммамларникига кириб ўтайлик. Иккаласини яраштирамиз. Кейин уларни ҳам олиб опамникига борамиз.
Бу таклиф акамга ҳам ёқди.
Машина бошқа йўлга бурилганини кўриб, ойим ажабланди:
— Қайга кетяпсан?
Менинг юрагим «шиғ» этди.
— Аммам телефон қилди. Аввал бизникига келинглар, кейин биз ҳам опангникига борамиз деди…
Акамнинг топқирлигига қойил қолдим.
Уйга келган меҳмондан ким ҳам юз ўгирарди. Аммам ҳам бизни қучоқ очиб кутиб олди. Ойим ҳам ҳеч нарса бўлмагандек, аммамни бағрига босиб байрам билан қутлади.
— Буни қандай эпладинг? — Гулруҳ туртди мени.
— Ҳамма сенга ўхшаб аҳмоқми? Ақллилар ҳам бор!
— Ким аҳмоқ? Ўзини ақлли санаганлар аҳмоқ бўлади, билдингми?
— Яхши бўпти, барибир сенга тенг келадигани йўқ!
— Ўчир, овозингни!
Мана энди биз уришиб қолдик. Яраштириб қўядиган чиқиб қолар…
2013
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1