Муаллиф: Наргиза Усанбоева
53-қисм
Давоми
Бунинг устига унинг ялқовлиги ҳам бор. Бир оғиз саришталик, озодалик ҳақида Анис гапиргудек бўлса, қопиб беради:
— Менам ишлаяпман. Ҳам ишлаб, ҳам рўзғор юмушларини бажариш осонми?
— Ишинг тушдан сўнг тугайди. Уйга келиб нима қиласан? Сал у ёқ бу ёқни тартибга солсанг, йиғиштириб қўйсанг бўлади-ку! “Дом”нинг пастига тушиб, писта чақиб, ўтган-кетганни ғийбат қилишдан бўшамайсан!
— Шуни ҳам кўролманг! Тўрт деворнинг ичида энди ёрилиб ўлайми? Бу ерда менинг дардлашадиган онам бўлмаса, яқинларим ҳаммаси узоқда бўлса... На болам бор...
— Сенга гап топиб бериб бўлармиди? — жанжални катталаштиришни истамай гапни қисқа қилади Анис.
Бироқ кейин Умидани тўхтатиб бўлмайди. Бугун тонгда ҳам салгина нарсадан чиқди можаро.
— Пушти ва оқ кўйлагимни ҳалиям ювмабсан. Ҳар куни эфирим борлигини биласан. Алмаштириб кийишимни ҳам. Лекин ювиб қўйиш хаёлингга келмайди.
— Менинг саккизта қўлим йўқ. Жонимга тегиб кетди шу турланишингиз.
— Бу нима деганинг? Ишимни биласан-ку!
— Ўргилдим шу ишингиздан ҳам. Бошқасини кийиб туринг. Кўп-ку сизда кўйлак деганлари...
— Бошқаларининг ҳам ёқаси кир бўла бошлаган. Шу икковини ювиб қўйганингда бирортасини киярмидим?
Рост гап учун яна Аниснинг ўзи айбдор бўлди. Тўхтамай жавраган Умида ҳар галгидек низони ўз фойдасига ҳал қилди:
— Бўлди, кетаман қишлоққа. Бир ёзилиб келмасам, ўлиб кетдим минғир-минғирингиздан. Мендан камчилик топавергунча ўзингиз даволанинг. Қачонгача кўчадаги беш-бегона одамлардан ҳам “Туғмайсизми?” деган гапни эшитаман?!
Анис тишини тишига босди. Бугун съёмкаси бор. Кайфиятини бузмагани маъқул. Аслида бузилиб бўлди. Лекин тутайдиган даражага бормагани яхши. Фикри қочиб, ўзига қийин бўлади.
Шу хаёлда у индамай уйдан чиқиб кетди. Аниқ билади, Умида ҳозироқ йўлга тушади. Уни эрининг нима еб-ичиши, кийиши асло қизиқтирмайди. То кўнглига теккунича ё ишхонасидагилар чақирмагунча юраверади онасиникида. Ишхонасидагилар ҳам қизиқ. Бир оғиз илтимоси билан унинг ўрнига ишлаб берувчи топишади. Албатта Умида иш ҳақидан кечгани учун дарров ўриндош ишчи топилади-да!
* * *
Анис ҳақ эди. У ишга кетиши билан Умида керакли нарсаларини йиғиштирди-ю, ишхонасига қўнғироқ қилди:
— Опажон, яхшимисиз? Менинг ўрнимга икки-уч кун ишлаб туринг, илтимос. Ўша кунларингизни ойлик олганда ўзингизга бераман. Ҳа, қишлоққа. Онамни кўриб келай. Раҳмат!
Шу билан у йўлга тушди. Кела-келгунча онасининг берадиган саволларини ўйлаб пича зиқ бўлди ҳам. Сезганидек дастурхон ёзар-ёзмас онасининг ҳар галги сўроғи янгради:
— Янгилик йўқми? Эринг ҳалиям бормагандир-да дўхтирга.
— Қаёқда? Унга фақат иши, эфири, кўйлаклари, мухлислари керак. Кейин хотиннинг ҳам туғадигани эмас, уйни йиғиштирадигани, тез-тез кир ювадиган бўлса роса кўнглидагидек бўларди...
— Ҳалиям минғир-минғирми? Жуда эзмами дейман шу эринг?
— Секин айтасизми? Баралла айтаверинг, дунёда ундан ҳам эзмароқ одам бўлмаса керак.
— Сенам шум эмассан, айланиб-ўргилиб, алдаб-сулдаб дўхтирга боришга кўндирмайсанми?
— Нега мен айланиб-ўргилишим керак? Жон десин бирга яшаётганимга. Айбини билиб, тили қисиқ бўлармикан, десам... Қайда, кундан кун “уни қилмабсан, буни қилмабсан”, деб асабимга тегади.
— Энди-и, болам эр ўз оти билан эр. Мана, менам неча йилдан буён дадангнинг инжиқлигига чидайман-ку! Ҳамма хотин ҳам чидайди-да!
— Ойи, дадам бошқа, у бошқа. Иккисини солиштирманг. Қўйинг, шуни гапирманг! Нима янгиликлар? Янгиликлардан гапиринг. Кимларнинг тўйи бўлди? Катта янгам туғмадими ҳали?
— Йў-ўқ, ҳали бор, — деди Норхол. Сўнг зўр янгилик эсига тушгандек Умида томон бир интилиб оғиз жуфтлади-ю, тағин жимиди.
— Нима демоқчи эдингиз? — ажабланди Умида.
— Ҳеч... — деди Норхол. Шу пайт эшикдан овқат кўтариб кирган келини қўл келиб “кейин” дегандек имо қилиб қўя қолди. Келини чиқиб кетгач ҳам гапни бошқа ёққа бурди: — Иззат аканинг келини ўзини осиб қўйди. Бегона эркак билан телефонда гаплашаётганда эри ушлаб олибди. “Адашиб тушибди”, деб қутилмоқчи бўлган экан. Эри компанияга бориб текширтираман деганмиш. Шундан қўрққанми, ўлди бечора...
— Тавба, тавба, — ёқасига туфлади Умида. Кейин айтилмай қолган гап ичини қиздирдими, қайта сўради: — Боя нима демоқчи эдингиз?
— Қўй шу гапни... — деди Норхол.
— Ойи... — аразлагандек деди Умида.
— Ҳалиги... Ўрол катта қизини қайта эрга берди. Шуни айтмоқчи эдим. Кейин кайфиятинг бузилмасин, деб...
— Қайси Ўрол? Э-э, Малакними? Малак яна эрга тегдими? — кўзлари ёниб кетди Умиданинг. — Нега кайфиятим бузилсин, ойи? Кимга?
— Самарқандга. Хотини ўлган, тўрт болали эркакка...
— Вой, — ачингандек юзи буришди Умиданинг. Сўнг бирдан алам билан деди: — Баттар бўлсин!
— Ундай дема, тавба қил. Бахтини берсин. Ўзи истабдими шуни...
Умиданинг қулоғига қолган гаплар кирмади. Ўзича нималарнидир режа қила бошлади. Чеҳраси очиқлигидан ўзининг манфаатини кўзлаётгани аниқ эди. Ҳар доим бир ҳафталаб ота уйида юрадиган қиз негадир эртасигаёқ “Уйга кетаман”га тушди. Ҳаммани лол қолдириб, Тошкентга йўл олди ҳам.
Кечки пайт ишдан хориб келган Анис уйда куймаланиб юрган хотинини кўриб ҳайратланди. Шунчаки ҳазиллашмоқчи бўлиб пичинг қилди:
— Ў-ў, оламшумул воқеа! Нима сабаб бўлди-ю, бир кечада қайтдинг?
— Келсам ҳам гапиринг, келмасам ҳам. Ўтирсам ўпоқман, турсам сўпоқ! Бўлди, энди қутилдингиз! Ажрашгани келдим! Ҳамма нарсаларимни йиғдим. Эрталаб йўлга тушаман. Ортиқ сиз билан яшолмайман!
— Жинни бўлдингми?
— Жиддий айтяпман! Ажрашаман! Кўнглингизга ёққанини олиб келиб яшайверинг! Минғир-минғирингизни бошқа кўтармайман!
— Бу фақат сен ҳал қиладиган масала эмас! Мен борман! Ота-она...
Аниснинг гапи тугамай Умида бобиллади:
— Яшамайман сиз билан дедим! Мени ҳеч ким мажбур қила олмайди!
— Оила сенга ўйинчоқми?
— Сизга ўйинчоқ эмасмиди? Мени хотин ўрнида кўрдингизми? Камчилик топганингиз топган. Атай дўхтирга ҳам бормадингиз! Мендан бола кўришни истамадингиз-да! Ўзингизча, мен билан шу баҳона ажрашиб, Малакка уйланмоқчимидингиз? Малак эрга тегиб кетибди! Энди уйлана олмайсиз! Шунинг учун ҳам кетаман! Қасдма қасдига кетаман!
54-қисм
Давоми
Анис бошига гурзи келиб тушгандек аввалига гангиб қолди. Кўзлари Умиданинг тинимсиз қимирлаётган лабларини кўрарди-ю, товуши қулоғига кирмасди.
“Нималар деяпти бу хотин? Шунчалар ҳам ичи қора бўладими? Гапирган гапини-чи? Мен Малакка уйланиш учун у билан болали бўлишни истамасмишман... Ё тавба, қанақа одам бу? Қайси гуноҳим учун Худо менга уни раво кўрди экан? Бу қанақа синов бўлдики, тоқатимдан ташқари...”
Анис бошини чангаллаб, дераза ёнидаги стулга ўтирди. Кўзларини юмиб очаркан, шу аснода қулоқлари ҳам очилгандек, Умиданинг овози кела бошлади:
— Сиз шоҳида юрган бўлсангиз, мен баргида юраман! Мени бахтсиз қилиб ўшанга уйланмоқчимидингиз? Ана, энди уйланинг! Уйлана олармикансиз? Менам кетаман, би-и-ир қадримни билинг. Уйингизни энди елкамнинг чуқури кўрсин! Орқамдан бориб овора ҳам бўлманг. Ота-онангиз ҳам бошимни оғритмасин... Умид қилиб юрганингиз сизни кимга алишганини кўринг! Тўрт болали, ўзидан ўн ёш катта эркак! Кўрдингизми, сизни ковушига патак ҳам қилмади. Ўртада жабр чеккан — мен, боласизликдан бағрим куйиб, сизнинг минғир-минғирингизга чидаб юрибман. Малагингиз бўлса...
— Бас қиласанми, йўқми? — ортиқ чидаб тура олмади Анис. — Малак, Малак, Малак... Мен бирон марта у ҳақда гапирдимми сенга? Ё у мени безовта қилиб, оилангни бузишга уриндими? Нега бир бегуноҳни бунчалар айблайсан? Ёки сенга бир нима дедимми? Сен миянгда айлана бошлаган ҳар қандай фикрингга ўзинг ишонасан. Бу товуқмиянгга эса сира яхши нарса келмаган!
— Ҳо-о, яна ёнини оляптиларми? — беписанд кесатди Умида. — Бунча ёнини олмасангиз? Ўшанингиз сизни ўйламайди ҳам. Ўйласа, тўрт болали эркакка алишармиди сизни? Ё бепуштлигингиз учун воз кечдимикан?
— Ўчир! — бор овози билан бақирди Анис. — Ўлдириб қўймасимдан овозингни ўчир! Ким бепушт? Ким айтди сенга мени бепушт деб?
Эрининг важоҳати Умиданинг унини ўчирди. У сира Анисни бу аҳволда кўрмаганди. Қўллари мушт бўлиб тугилган, жаҳлдан титраб кетган эркакка бир оғиз гап ортиқчалигини, сўзлагудек бўлса ўлдириб қўйишдан ҳам тоймаслигини ҳис қилиб жимиди. Аммо энди Аниснинг тоқати тошиб, йиллар давомида йиғилган алам қопи очилганди. У ичкариги хонага кириб, нарсалари орасидан бир пайтлар текширувдан ўтган ташхис қоғозларини топди-ю, келтириб Умиданинг юзига отди:
— Мен бепушт эканманми? Мен-а? Кўр-чи, нима деб ёзишибди? Ҳали сенинг мана бу миянгда шунақа ўй бормиди? — Умиданинг бошига кўрсатгич бармоғини ниқтади Анис. — Сени одам бўлар деб шунча кутдим. Бўлди, бошқа сабрим қолмади. Йўқол, кўзимга кўринма! Менам ажрашаман сен билан! Менам ортиқ яшай олмайман! Билдинг, аслида мен сен билан яшай олмайман энди!
Гўё юраги чиқиб кетгудек ураётган, танасидаги бор қон мияси томон югургилаётгандек бўғриқиб кетган Анис пишқиргудек бўлиб дераза ёнига борди. Ўзини босишга уринди. Бу Умидага қўл келдими, яна жағи очилди:
— Мен нима қилиб сабрингизни тугатдим? Мен билан яшаб Малакни ўйлаганингизни билмайди, деб ўйлайсизми?
— Яна Малак дейди! — тишлари орасидан ғазаб билан гапирди Анис. Аммо Умида томон ўгирилмади. Ташқарига қараган кўйи сўради: — Тинч қўясанми уни, йўқми?
— Яхши кўрмайман, яхши кўрмаганман, денг-чи? Деёлмайсиз? — эрининг Малакнинг ёнини олиб гапираётгани Умиданинг юрагини ёқаётганди.
— Демайман ҳам! — дераза ёнидан Умида томон юра бошлади Анис. Ҳозирга унинг ловуллаб турган қаҳри қайгадир ғойиб бўлган, ишониб бўлмас даражада ўта хотиржам гапирарди: — Чунки яхши кўрмайман! “Яхши кўриш” деган сўз менинг мана бу еримдаги ҳислар учун... — у юрагига муштлади, — камлик қилади, тушундинг! Малакни яхши кўрмаганман, севганман, билдинг! Сев-ган-ман! Севаман уни! Нима келади қўлингдан? Тортиб оласанми севгимни! Юрагимни қўпориб чиқарганингда ҳам унга бўлган меҳримнинг илдизлари қолади танамда. Илдиз қолди дегани, яна муҳаббатим униб чиқади, дегани. Шу гап керакмиди сенга! Ана, эшитдинг! Мен шу муҳаббатни ичимга ютиб яшаётгандим. Оиламни ундан устун қўйиб, никоҳимни муқаддас билиб ҳаммасидан кўз юмгандим. Сен нима қилдинг? Билдингми шуни? Йўқ, мен ичимга ютганим, сабр қилганим сари кавладинг! Энди ҳаммаси тугади! Қайта тиклаб бўлмайдиган бўлиб тугади! Кўзимга кўринма! Эртага кет, бошқа қадамингни босма! Истасанг, ҳозироқ кет!
* * *
Аниснинг сўнгги сўзлари Умиданинг қулоғидан кетмай қолди. Эри бу гапларни паст ва осойишта ҳолда айтган бўлса-да, негадир Умиданинг миясида акс-садо бергандек жарангларди. Эслагани сари қони қайнар, ғазаб ва нафратдан тутақиб кетарди.
У туни билан тўлғониб чиқди. Ўйлаб-ўйлаб қилмишидан бироз надомат ҳам чекди. Чунки эрталаб бу уйни тарк этиши лозимлигини хаёлига келтирса, ичидан нимадир узилгандек бўлаётганди. Малак эрга теккани билан Аниснинг атрофида қиз зоти камми? Уй-жойи бўлса, тағин машҳур телеюлдуз. Яна яқинда машина ҳам олди. Буни кўрган, ажрашганини билган ҳар қандай қиз унинг бўйнига осилмайдими?
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 4