57-қисм
Давоми
— Шўрлик боламни довдиратиб ташладинглар-э-э! — деди невараларига Барчин севинчи ичига сиғмай. — Мен ҳали ўзимга келганим йўғ-у, бу кетишда дадангни жинни қилиб қўясизлар.
Ростдан ҳам Ўлмас ақлдан озар даражада лол эди.
— Буларни ўзингга бир кунда иситиб олдингми? — деди охири хотинига қараб.
— Мен эмас, болаларингизнинг ўзи мени ҳам иситиб, ҳам эритиб олди, — жилмайди Малак.
— Сиз аввал аямнинг ит тишлаган оёғини кўринг. Кейин биласиз, нима бўлганини, — деди Дилбек мақтанган оҳангда. — Битта оёғи тишланган, биттаси тирналган. Шундаям аям йиғламади.
— Аянгни тишлагани учун ўша итни калтаклардим-у, аммо озгина яхшилиги ҳам бор экан унинг, — деди Ўлмас болаларининг Малакни “ая” деётганига ишора қилиб.
— Озгина эмас, а-а-анча фойдаси тегди, — маъқуллади Барчин. — Шунинг учун мен қўшнига ҳам гапириб ўтирмадим.
Ўлмас хонадонидан яна бахт, қувонч саси кела бошлаганидан севинди.
26
2009 йилнинг баҳори. Ғаллаорол
Умиданинг танбеҳ эшитмаган одами қолмади. Эри билан ажрашганига беш ой бўлибдики, ҳамон унга кўзи тушган одам зоти гапирсам дейди. Ҳеч бири дардини сўрамайди. Дарров уни ёшлик қилганда, бесабрликда айблайди. Бошида у бироз эзилар, бундай гаплардан кейин Анисни тушунмаганини тан олгандек бўларди. Ҳатто бир-икки марта Тошкентга йўл олмоқчи, Анисдан кечирим сўраб ярашишни таклиф қилмоқчи ҳам бўлди. Уйқуга кетишидан олдин шундай қарорга келар, тонгда буткул бошқа одам бўлиб уйғонарди:
“Нега энди мен бош эгиб боришим керак? Нима айбим борки, ялинаман? Унинг ўзи келсин! Дилимни оғритган, “Малакни севаман, қўлингдан нима келади?” деган у эмасмиди? Бундан ташқари, у ҳар куни машҳурлигидан маст бўлиб юрганида мен уйда сиқилиб ўтирардим. Ким билсин, съёмка, монтаж баҳонасида кимлар билан гаплашган, учрашган. Балки ўша ишхонасининг ўзида кўз остига олгани бўлгандир? Ҳозир икковлашиб менинг устимдан кулишаётгандир? Йў-ў-ўқ! Ўлсам ҳам бормайман! Керак бўлса ўзи келсин! Менам кўчада қолганим йўқ! Ундан яхшисига турмушга чиқиб кетиш ҳам қўлимдан келади!”
Умида шу ўйлар ичида юрганида Аниснинг судга ажрашиш ҳақида ариза бергани маълум бўлди. Бундан у аввал тутади, кейин ёнди:
— Ойи, унинг аниқ бирор ишонгани бор. Бўлмаса бир марта бўлса ҳам келарди-да. Оила бирдан бузилиб кетадиган, омонат нарса эмас-ку! Ҳамма ҳам уйим-жойим, рўзғорим дейди. Фақат куёвингиз шунақа эмас. Аслида у менинг кетишимни кутиб юрган. Қилиғини қаранг, ариза берганмиш. Бераверсин, мен ҳам ярашаман деб ўлиб турганим йўқ. Ундан олдин эрга тегиб кетаман шу қилганига. Мабодо у уйланса, чида-а-аб қараб ўтиргани бардошим етмайди. Ўшангача менам тегиб оламан...
— Нима қилсин уям, — деди Норхол ичидан зил кетиб. — Қайнонанг бир келди, “Бунақа юрма, уйингга бор. Иссиқ жойингни совутма”, деди. Сен нима дединг? “Мен сиз билан яшамайман, яшайдиган одамнинг ўзи келсин”, деб оғзига урдинг. Уям ана кетди-борди. Энди келмайди ҳам. Маҳалла оқсоқоли чиқди. Унгаям деганингни дединг.
— Нима ҳаммасининг сассиқ гапини эшитиб ўтиришим керакмиди?
— Менга-ку, умуман қулоқ тутмайсан, ҳеч бўлмаганда ўшаларнинг гапини олиб, Тошкентга кетганингда Анис олдига солиб ҳайдамасди сени. Эр-хотин келишиб кетардинглар. Сен нима қилдинг? Келган одам борки, бобиллаб бердинг. Буни Анис эшитмайди дейсанми? Муроса учун орқангдан йўқлаганлар эрингдан бемаслаҳат келган деб ўйлайсанми? Улар ҳам албатта аввал эрингдан сўраган. У майл билдирганки, келди бизникига, — куйинди Норхол.
Умидага онасининг гаплари заррача таъсир этмади. Ариза ҳақида бутун қишлоқ эшитибдими, Умида яна саволлар ичида қолди.
— “Анис ариза ташлабди”, деб эшитдик. Ростми?
— Эринг яхши эди-ку! Нега сендан аввал судга ариза берибди?
— Энди эринг уйланиш ҳаракатига тушса, нима қиласан?
Умиданинг эса бунга жавоби тайёр:
— Мен шуни талаб қилдим. Судга ариза беришнинг катта миқдорда тўлови бор экан. Биринчи ташлаган одам тўларкан. Шуни тўламаслик учун атай уни мажбур қилдим.
У аммасига ҳам шу гапларни айтганди, боши балога қолди.
— Битта тўловни деб эрингни ўзингдан буткул совутдингми? Давлат ҳам шу тўловни бекорга қўймагандир? Атай катта миқдорни тайин қилгандир? Токи сенга ўхшаган мияси йўқлар пул тўлашга қийналиб, ўйлаб кўрсин, дегандир? Сен нима қилдинг? Орқа-олдингни ўйламай иш қиласан доим. Нимага эришасан бу билан? Ўрнингга бошқа биров боради. Уйланмай тоқ ўтмайди-ку эринг. Тайёр уй-жой, машина... Пойтахт бўлса... Шароити айтмайсанми? Ўзингга хон, ўзингга бексан! Бахтингни сотиш учун қўшқўллаб эрингга топшириб яна мажбурладинг ҳамми?
— Уйланса уйланаверсин, — паст кетмади Умида ҳам. — Менам эрга тегаман! Ундан зўрроғига тегаман!
— Эсини еб қўйибди бу қизингиз янга. Тиниб-тинчиб кетай деб ўйламайди.
— Қандай тинчийман, амма? Болам йўқ боғлаб турадиган...
— Сабр қилсанг беради болани ҳам. Одамлар ўн-ўн беш йиллаб кутади. Сен беш йил яшадингми, йўқми? Ана энди уйланади, бола ҳам кўради...
— Айтдим-ку, уйланаверсин. Ундан олдин мен тегиб кетаман!
Умида бу гапларини бот-бот такрорлагани учунми, бир ой ўтмай сўраб келувчилар ҳам топилди. Биринчи эшик қоққан совчилар бегона жойдан экан. Яна Умида орзу қилганидек, Анисдан зиёд томони йўқ. Шу туфайли у рад этди. Норхолга қолса совчиларни эшигига йўлатмасди ҳам. Қизининг биринчи бахтидан тиниб кетишини истарди. “Биринчи бахтинг — ой бахтинг”, деб қизининг қулоғига қуйгани-қуйган.
Умида эса ҳамон аламидан тушмаган. Вақт ўтгани сари Аниснинг сўнгги иқрори ва судга берган аризаси уни баттар жизғанак қила бошлади. Худдики кимдир унинг эри томонидан менсимай қўйиб юборилганини билиб қоладигандек бесаранжом эди. Бу орада Жамшид қассоб деб ном қозонган, асли отасининг касбини давом эттираётган, пичоғи доим ёғ устида бўлган, ҳали ўттизга ҳам кирмаган қишлоқдош йигит хотини билан ажрашди. Тўғрироғи, шўрлик келинга қайнонаси кун бермай, иккита боласи билан ҳайдаб юборди. Табиатан юмшоқ, бўш-баёв бўлган аёл қайнона ва эр зуғумларидан қутилганига шукр қилдими ё қайтиб кетгани юраги бўлмадими, ота уйидан қўним топди. Жамшид икки юзи қип-қизил, қорувли, бироз қўрс бўлишига қарамай, қишлоқда обрўйи бор йигитлардан. Иши ва даромади тайин, топиш-тутиши ҳавас қилгулик бўлгани учун унга бўй қизини бергувчилар ҳам топиларди. Лекин Жамшид нимагадир Умидага совчи қўйди. Бу ҳақда одамлар турлича гап чиқарди. Катталар уларни шошқалоқликда айблаган бўлса, тенгқурроқ бўлганлар бир пайтлар Жамшиднинг Малак ортидан юргани, аммо қизнинг атрофида Анис гирдикапалак бўлиб ҳалал берган учун энди шунинг қасдини олиб, унинг хотинига уйланаётганини ўзаро шипшишишди. Айримлар эса Умиданинг ўзини Жамшидга қош қоққанликда гумон қилишди. Кўп томонлама бир-бирига ўхшаб кетадиган Жамшид ва Умида бу гап-сўзларнинг ҳеч бирига парво қилмади.
— Ўлсам ўламанки, ўша қассобга бердирмайман! — қатъий қарши бўлди Норхол.
— Нимаси ёмон унинг? — қувлик билан сўради Умида. — Қўша-қўша машиналари, данғиллама ҳовлиси бор.
— Машина-ю, уй эрингда ҳам бор! — жаҳли чиқиб кетди Норхолнинг.
— У энди эрим эмас! Ажрашяпти мен билан.
— Нима бало, ҳали ажрамай туриб эрга тегмоқчимисан?
— Нима қилишим керак? Ҳеч ким билмаса ҳам аҳволимни сиз яхши биласиз-ку! Ўшанинг менга нима дегани-ю, мендан сўрамай ҳам ариза берганини... Ярашади деб ўйлайсизми? Билмас экансиз ўшани... Ҳайдагани, одамлар ичида гапга қўйиб, биринчи ариза берганига чидадим. Лекин мендан олдин уйланиб, керилишига йўл қўймайман! Шундай қиламанки, ҳали мендан ажрашганига пушаймон бўлади.
58-қисм
Давоми
Она қизига бошқа гап айта олмади. Жамшид эса атай қилгандек улар розилик бермагунча совчи қўяверди.
— Унинг онасини билмайсан-да! Иккита неварасига жони ачимай, ҳайдаб юборди. Сени “пуф-пуф”лаб ўтирармиди? Жамшид қассоб ҳам анойи эмас. Эшитганман, юзи каби қамчисидан ҳам қон томиб туради. Хотини ўлгудек калтаклаганини қўшнилари айтишган. Шунинг учун ҳам Соҳиба келин индамай кетди-да! Болаларининг тирик етим бўлаётгани ҳам кўзига кўринмади.
— Менам ердан чиқмаганман, ҳақимни ажрата оламан! — фикридан қайтмади Умида.
Хуллас, асли уларнинг тақдири қўшилган эканми, кўп ўтмай Умида ўзини Жамшиднинг уйида кўрди.
* * *
Аввалига қилган таваккалидан хурсанд эди у. Чунки Жамшид унга яхши гапирар, оғзидан чиққанини олиб берарди. Гоҳ-гоҳ биринчи хотини Соҳиба билан солиштирган бўлиб, уни мақтаб ҳам қўярди:
— Соҳиба тилсиз қўйдек гап эди. Бир нима десам эшитмаётгандек, бошини эги-иб тураверарди. Сен бошқачасан! Одам деган сал эри билан гаплашса яхши-да!
Қайнонаси ҳам қаттиқ гапирмайди. Аммо бирпас тин ҳам бермайди:
— Умида, ошхонани супирмабсан-ку! Умида, чой дамлаб кел, томоғим қақраб кетди. Умида, чаққон-чаққон қимирла, Жамшид ҳадемай қўй сўяди, унгача ҳамма ишингга улгур.
Бора-бора Умиданинг тоқати тугай бошлади. Кўп қаватли уйда хоҳласа ётиб, хоҳласа кўчага чиқиб ўрганган эмасми, рўзғорнинг икир-чикирларидан бир ойга бормай безди. Айниқса, Жамшид қўй сўйган чоғларда жониворнинг калла-поча, ичак-қорнини тозалашга умуман тоби қолмади.
— Ҳар куни шартми шуларни ўзимиз тозалашимиз? Шундоқ сотиб юборинг! — деди охири эрига.
Буни эшитган қайнонаси бобиллаб берди:
— Келинмисан, қиласан! Тозалаб сотсанг қимматроқ кетади. Ўлмайсан, ҳар куни битта калла тозаласанг!
— Бақирманг менга! Ишга кираман менам. Етади шунча ичак тозалаганим!
— Ўтирасан уйда! Уйнинг ишини мен қиламанми? Жамшид, қулоғингга пахта тиқиб олдингми? — ўғлига юзланди қайнона.
— Индаманг ойи, сайрасин-чи? Яна нималар деб сайраркан! — важоҳат билан Умидага яқинлашди Жамшид.
Бундай муомалани кутмаган ва кўрмаган Умиданинг нафаси ичига тушиб кетди. Дарров муроса йўлига ўтиб, эрига мулойим қаради:
— Сайраётганим йўқ. Ишласамми, дегандим. Ҳарна бир-икки сўм бўлармиди? Олий маълумотлиларнинг маоши ҳозир яхшигина. Мана шу каллани тозалаб сотганимиздан кўпроқ топсам керак, деб ўйладим.
— Мен калла-почани ҳар куни сотиб пул қиламан, сен ҳар куни қўлимга пул олиб келиб бермайсан-ку, тўғрими? Бир ойда бир ойлик оласан, — ҳамон отдан тушса ҳам эгардан тушмай бақирди қайнонаси.
— Қўшимча пул зарар қилармиди, ойи? — янада мулойимлашди Умида.
— Жариллама менга. Хоҳласам орқангга бир тепиб ҳайдатаман-да, Соҳибани олиб келиб оламан. У шунча яшаб бошини кўтариб гапирмаган менга, — лаблари учиб гапирди қайнона. Умиданинг попуги пасайганига ишонч ҳосил қилдими, сал юмшагандек деди: — Майли, ишласанг ишла. Фақат рўзғорни қўғирчоқдек қилиб қўясан, ялаб-юлқайсан, кейин борасан ишингга. Калла-поча ҳам бўлаверади, ишинг ҳам.
Умиданинг юраги орқага тортди. Бутун бошли уйнинг икир-чикири, яна қўй сўйилгандан кейинги юмушлар ва ишга бориш...
“Нималар қилиб қўйдим? Ўзимни ўзим жаннатдан дўзахга ташладимми? Тошкентда қандай яшардим-а? Баъзан икки хона уйни йиғиб, эримнинг кийимини ювиш ҳам малол келарди. Тағин овқат пиширишни истамасам, Анисни кўчадан овқат олиб келишга мажбурлардим...”
Умида энди ўн жойини ўйса ҳам ўрнига тушмаслигини англаб етди. Жамшиддан ажрашган тақдирда ҳам Анис ҳеч қачон уни қайта хотин қилмайди. Ҳали икки ой бўлмай туриб, уйига тугунини кўтариб борса, одамларга яна Худо беради. Умиданинг ўзини ёмонга чиқаришади, ҳар хил ғийбатларга сабаб бўлади. Буёғига ҳаммасини ичга ютиб, чидаб яшашдан бошқа чораси йўқ унинг.
Ҳар куни бўлмаса-да, кунора ғиди-биди қиладиган қайнонасига сира бас кела олмайди. Сал овози кўтарилса, тамом, кампир тушмагур ўғлига чақиб беради. Иккаласи бирдан жаҳл отига минса борми, Умидага икки дунё қоронғи бўлади. Шундоқ ҳам уч марта эридан шапалоқ еди. Нима қилсин? Дарди ичида. Онасига ҳам айта олмайдиган бўлди. Бир нима деса, “Ўзинг пиширган ош” деган жавоб эшитиши аниқ.
Бахтига қассобнинг хонадонига келганининг тўртинчи ойида у ўзининг ҳомиладорлигини сезиб қолди. Унгача қайнонаси аллақачон “туғмас” отини тиркаб бўлган, Умида эса ўзининг тамоман бепушт эканига ишониб, тушкунликка ҳам тушганди. Бу камлик қилгандек, унинг эрга теккани маълум қилингач, суд осонгина Анис билан унинг никоҳини расман бекор қилибди. Шундай бўлиши Умидага кундек равшан бўлса-да, негадир ўзини хўрлангандек ҳис қила бошлаганди. Мана энди беш йиллик орзуси ушалиб, барча дилхираликларини ювиб кетди.
— Исмини нима қўямиз, ойи? Ўғилмикан, қизмикан? — севинчини яшира олмасди у.
Қайнонаси эса унга жиннига қарагандек қараб, жеркиб беради:
— Намунча! Туғаётган битта сенми? Хотин зоти туғади-да! Нима менинг ўғлимни ҳам нариги эрингга ўхшаб бепушт деб юрганмидинг? Ана, сендан олдин ҳам иккита болани туғдириб қўйган. Тилла топган тентакдек шайтонлайсан...
Бу гапдан кейин Умиданинг олдинги гумони тасдиқлангандек бўлди: “Демак, Анис ростдан ҳам бепушт. Кўрсатган қоғозлари ҳам сохта. Сохта бўлмаса ҳам мен нимани тушунардим? Энди шармандасини чиқармасамми? Бор аламимни олмасамми?”
Ўзининг фикридан ўзи завқланган Умидага баҳона топилганди. Ҳомиладорлиги қандай кечаётганини сўраган одам борки, лаби-лабига тегмай бир гапни қайтарадиган бўлди:
— Худога шукр, боламни бағримга босадиган пайтлар ҳам келди. Юрсам юраверарканман. Шундоқ ҳам беш йил умрим зое кетди Тошкентда. Билган чоғимдаёқ ажрашганимда ҳам ҳозир болам уч-тўртга кириб қоларди. Раҳмим келиб яшаб юраверибман-да!
#НАРГИЗА_УСЕНБАЕВА
Комментарии 4