Муаллиф: Наргиза Усанбоева
59-қисм
Давоми
— Вой, ҳали Анисдан бола бўлмасмиди? — эшитган киши ҳайратдан оғзини кафти билан ёпади.
— Бўлмаса, менми айбдор? Туғмас бўлсам қассоб билан яшаб ҳам юраверардим-да, ҳомиладор бўлмай. Мана, Худога шукр, кўтардим. Майли, ёмонламайман, биринчи эрим ҳам яхши эди. Худонинг берган дарди-да, уям нима қилсин?!
Шу бўлди-ю, бутун қишлоқда Аниснинг фарзанд кўришдан маҳрумлиги ҳақида гап-сўз тарқади. Умиданинг ҳомиладорлигини эшитганидаёқ ичидан нимадир узилган Аниснинг онаси энди кўзёш қила бошлади:
— Болам бечора, шунча йил айб ўзидалиги учун тишини тишига қўйиб юрган экан-да. Шунинг учун уйланишдан ҳам бош тортаётганмикан? Озиб-ёзиб қишлоққа келганида бирор ким оғзидан гуллаб қўймасин-да, ишқилиб. Умиданинг боласи бўлганини эшитса борми, адойи тамом бўлади... Қишлоққа келмай қўйса нима қиламан?
* * *
Онаизор ҳақ эди. Уларни кўргани келиб бу хабарни, урчиган гап-сўзларни эшитган Анис ростдан ҳам қишлоқдан оёғини тортди. Ўзига ишонса-да, одамларнинг саволли нигоҳи, ачиниш билан боқишлари уни шунга мажбур қилди. Бор аламини ишдан олди. Ўзини касбига бағишлади. Уйда ёлғиз тургиси келмагани учун ишхонасида кечгача қолиб кетарди. Ана шундай кунларнинг бирида уларнинг бўлимига янги ходим келди. Шаҳло кўхликкина, қувноқ ва дилкаш экан. Негадир у ҳам уйига шошилмас, атай қилгандек монтажларини кечки пайтга олиб, то тўққиз-ўнгача бемалол ишлаб ўтирарди.
— Сиз билан бирга ишлайман, деб ўйламагандим, — ҳаяжон билан деди бир куни у Анисга.
— Нега? — таажжубланди Анис.
— Сиздек машҳур тележурналист билан бирга ишлаш... Ҳалиям ишонмайман, — кулди Шаҳло.
— Сиз ўйлаганчалик машҳур эмасман, мендан кўра кучли ва таниқлилар бор.
— Тўғри, лекин сизнинг мухлисларингиз барибир кўп, — ҳавас билан сўзлади Шаҳло.
— Раҳмат. Мана, сизам жон-жаҳдингиз билан ишлаяпсиз-ку, ҳадемай машҳур бўлиб кетасиз, — жилмайди Анис.
— Мен машҳур бўлиш учун эмас, кўпроқ пул топиш учун ишлайман, — хўрсинди Шаҳло.
Анис унга савол назари билан боқди, аммо ҳеч нарса демади. Шаҳло эса дард дастурхони очилгандек сўзлай бошлади:
— Бу хотинни фақат пул қизиқтираркан, деб ўйламанг яна. Ёлғиз аёлман. Эрим ташлаб кетган. Онамникида тураман. “Чиққан қиз чиғириқдан ташқари” деган гап бор. Рост экан шу. Ота-онангизга малол келмасангиз ҳам, катта уйда биздан бошқалар — келинлар, жиянлар бор. Ўшаларнинг малолланган қарашларини кўрмай деб шу ерда ўтираман. Бўлмаса менга зарилми? Бора-бора шуни ҳам қила олмайман, шекилли. Одамлар оёғи билан эмас, оғзи билан юрадиган бўлиб кетишибди. Ўлиб ишлаб, кеч бораётганимни хуштор топганликка йўйишаётганмиш. Онам шўрликнинг “Кечга қолмай, тезроқ кел, одамлар гапиради”, деганидан билдим. Шу охирги кечки монтажим. Энди иложи борича ишларимни кундузига кўчираман. Бир томондан менга кечки пайт ишлаш қулай эди. Ҳеч ким ҳалал бермайди, кириб-чиқавермайди. Кундуз ишлашга кўникишдан бошқа чорам йўқ. Қизим ҳам инжиқлик қиляпти. Отасиз ўсгани етмагандек, мен ҳам ўзимдан айирмай, дея онамнинг гапини икки қилмадим.
— Ие, сизнинг ҳали қизингиз ҳам борми? Сизни ҳали турмушга чиқмагансиз деб юрарканман... — ажабланди Анис.
— Қариқиз деб ўйладингизми? — кулди Шаҳло.
— Йўғ-е, жуда ёш кўринасиз демоқчиман.
— Раҳмат, хурсанд қилдингиз. Ўзингизнинг фарзандларингиз нечта? — сўради Шаҳло.
— Эшитмадингизми? Келганингизга ҳадемай бир ой бўлади. Наҳот суриштирмадингиз?
Шаҳло қизариб кетди. Сўнг тан олиб деди:
— Тўғриси, биринчи бўлиб сизнинг ҳаётингизга қизиққандим. Чунки мухлисингизман. Эшитганларимга ишонмадим.
— Бири кам дунё. Худо тирноқдан қисди ва биз ажрашдик.
— Ажрашганингизга ҳам анча бўлибди. Уйланмай юрганингизга ишонмадим.
Анис синиқ жилмайди. Сўнг шунчаки қўл силтагандек деди:
— Тақдирнинг иши-да...
Бу суҳбат иккиси яқинлаштиргандек бўлди. Улар бир-бирини кўрганида қуюқ сўрашар, Анис унинг қизчаси билан ҳам қизиқарди. Бундан Шаҳлонинг кўнгли ўсар, бирор кун ишхонага олиб келишини айтиб, миннатдорчилик билдирарди. Икки-уч ой ўтгач, ҳамкасблари уларга ботиниб ҳазил қиладиган бўлди:
— Икки бўйдоқ фақат ҳол-аҳвол сўрашиб юраверасизларми? Ундан кўра турмуш қуриб қўя қолинглар. Нима тўсқинлик қилади сизларга?
Бу гапларни Анис эшитмаганга олар, Шаҳло “Жиннимисизлар?” деганча уялиб куларди.
Лекин аста-секин Анис шу ҳақда ўйлайдиган бўлиб қолди:
“Нима бўлибди Шаҳлога уйлансам? Яхшигина жувон. Қизчаси бўлганининг нимаси ёмон? Қайтанга етимнинг бошини силаш савоб эмасми? Беш йилни болага зор бўлиб ўтказдим. Зора унга меҳр берганим учун менга ҳам атаганини берса…”
Шаҳло эса аллақачон буни ўзига тайёрлаб бўлган, Аниснинг кўнглини билишга интиқ эди. Ҳатто онасига ҳам бу ҳақда айтди.
— Болалари бор эканми? Нега ажрашибди? — биринчи сўрагани шу бўлди онанинг.
— Бефарзандлик туфайли ажрашган. Унга ҳам бир йилча бўлай деди. Лекин уйланишга шошмаяпти. Ким билсин, ота-онаси бирорта қизни кўзлаб юргандир. Ўшандан олдин отни қамчилаб қолишим керак.
— Эсинг жойидами? У ўзи тирноққа зор одам бўлса, яна уни бир умр куйдирмоқчимисан?
— Нима қилай, ойи? Бу зўр имконият. Уй-жойи бор, машинаси бор. Яхши инсон. Топиш-тутиши зўр.
— Уям анойи эмасдир? Хотин кўрган эркак. Сенинг бола кўра олмаслигингни билса…
— Ойи, эшитишимча, унинг ажрашган хотини бошқага тегиб, ҳомиладор бўлибди. Менимча, айб эркакда. Шунинг учун ҳам уйланишга қўрқяпти. Мен ҳам у учун бир имкониятман. Қизим бор. Бир умр боласиз ўтгандан кўра менинг боламга оталик қилса нима бўпти?
— Бу гапинг ҳам тўғри? — бирдан онанинг фикри ўзгарди. — Унда қўлдан чиқарма. Ўзи сенга майли борми?
— Билмайман, ойи. Яхши гапиради, қизимни ҳам сўраб туради. Лекин уйланиш ҳақида мен тугул бошқаларга ҳам гапирмайди. Ишхонадагилар жўртага ҳазил қилса ҳам парво қилмайди.
— Унда унинг кўз остига олгани бор. Ёки учрашиб турадигани. Бўлмаса, сенга бирор нима дерди-да…
— Йўқ, ойи. Эртаю кеч ишда.
— Бўлмаса кўнглига йўл топишга ҳаракат қил. Мен бор пайтимда бу уйга сиғасан, лекин эртага биз ўтиб кетсак, ҳолинг нима кечишини билмайман, болам. Ёшсан, ўз жуфтингни топишинг керак.
Онасининг хайрихоҳлиги Шаҳлога янада куч берди. Аввалдан ўзига қараб юрса-да, янада эътиборли бўлишга, чиройли, ораста кийинишга ҳаракат қилди. Анис билан кўпроқ мулоқотда бўлишга интилди. Ҳатто бир-икки бор қизчасини ҳам ишхонага олиб борди. Атай бир нималарни баҳона қилиб, уни йигитнинг ёнида беш-ўн дақиқага қолдириб кетди ҳам.
— Қизчангиз жуда ширин ва қақажон экан. Сира тортинмайди. Гаплари ҳам бирам қизиқ, — завқланиб дейди Анис Шаҳлога.
Бундан янада қувонган Шаҳло шумлик йўлига ўтди. Уйга келганида қизчасини гапга олди:
— Ишхонамда ким яхши экан, қизим?
— Анис ака, — деди тўрт ёшли қизалоқ ҳам онасининг кўнглини уққандек. — Менга шоколад олиб берди. “Бунча ширинсан”, деди.
— Анис акани ўзимизга дада қиламизми? — қувлик билан сўради Шаҳло.
— Ҳа, дада қилайлик? — бирдан ялина бошлади қизча.
Шаҳло эса унга гап ўргатишга киришди:
— Бўлмаса келаси сафар борганимизда унга ўзинг айт. “Сизни яхши кўраман, менга дада бўлинг”, дегин. Яна менинг ўргатганимни айтиб қўйма. Агар айтиб қўйсанг, кейин дада бўлмайди. Бу қизча ўзи хоҳламас экан, онаси айтгани учун сўрабди, дейди. Ўзинг айтсанг, йўқ дея олмайди.
Бир неча бор уқтирилган гап бефойда кетмади. Ишхонага онаси билан борган қизалоқ айнан Шаҳло чиқиб кетганида, Анис билан ёлғиз қолганида тилга кирди:
— Анис ака, сизнинг менга ўхшаган қизингиз йўқми?
— Йўқ-да, — деди алланечук бўлиб Анис.
— Унда мени қизим қилинг, — деди қизалоқ ростмана кўзлари мўлтираб.
Кўнгли бўшаб кетган Анис дарҳол қизалоқни бағрига босиб деди:
— Хўп, қизим.
— Менга дада бўласиз-а?
Анис бир зум гап топа олмай қолди. Лекин боланинг кўнглини синдириб бўлмасди. Шунинг учун қатъий қилиб гапирди:
— Бўламан! Агар сен “дада” десанг, сенга дада бўламан!
— Дейман, ҳар доим сизни дада дейман, — севиниб кетди қизалоқ ва ирғишлашга тушди: — Энди менинг дадам бор, дадам бор!
Шу пайт хонага ҳамкасб аёл билан кириб келган Шаҳло қизариб кетди. Дарҳол қизини ёнига чақириб танбеҳ берган бўлди:
— Нималар деяпсан? Унақа дема! Жим!
— Уришманг, — ийманибгина деди Анис. — Биз ота-бола бўлдик. Қизингиз мендан дада бўлишимни сўради. Мен “қизим” дейдиган бўлдим.
— Нима қилай? — жўртага кўзларига ёш олиб деди Шаҳло. — Туғилгандан буён отасини кўрмаган. Жиянларимга қўшилиб, баъзан тоғаларини ҳам “дада” дейди. Бола-да…
— Боланинг кўнгли сезади, — тилга кирди ҳамкасб аёл. — Сизнинг яхшилигингизни билиб, шундай деган, Анис. Бунинг уяладиган жойи йўқ. Иккалангизнинг ҳам бошингиз очиқ. Турмуш қуриб қўяверинглар. Яримта кўнгилни бутун қилиб, бошини силасангиз, ўзингизга ҳам беради Худо.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3