-----
Аллоҳ таоло деди:
«Биз тақводор зотларни отлиқ ҳолларида Раҳмон даргоҳига тўплайдиган ва жиноятчи кофирларни жаҳаннамга тушишлари учун ҳайдайдиган кунни (эсланг)!»
(Марям, 85-86-оятлар).
Мана шу даҳшатлардан сўнг одамлар Сирот томон ҳайдаладилар. Жаҳаннам узра чўзилган Сирот қиличдан ўткир, қилдан ингичка кўприкдир. Кимки бу оламда ҳаётини тўғри йўлга қурган бўлса, охират Сиротидан ўтиш унинг учун енгил бўлади ва нажот топади. Кимки бу дунё ҳаётида тўғриликдан чалғиган ва гуноҳ юкларини елкага ортиб олган бўлса, Сиротга аввал кадам қўйиши биланоқ, қоқилади ва қулайди.
Тасаввур қил: олдингда тубсиз, қоп-қора жаҳаннам устига қурилган қилдай ингичка кўприк, юрагинг қўрқувдан орқага тортади. Шунда қулоғингга жаҳаннамнинг ғазаб билан ўкирган фарёди эшитилади.
Ҳолинг ночор, қалбинг изтиробли, оёқларинг дир-дир титраётган бўлишига қарамасдан, кўприкдан юришга мажбурсан. Энг аламлиси, елкангга нафақат бундай нозик кўприк, балки кенг йўлда ҳам текис юришингга монеълик қиладиган юкларни ортиб олгансан.
Ўнгми ё чапми, битта оёғингни кўприкка аста кўяр экансан, қиличнинг дамидек ўткирликни сезиб сесканасан.
Олдингда халойиқ: кимдир қоқиляпти, кимдир қулаяпти, азоб фаришталари уларни чангак ва илгаклар билан жаҳаннамга тортяпти.
Шуларга гувоҳ бўлиб турган пайтингда бирданига сен кейинги қадамингни ташлашга мажбур қилинасан. Кўз олдингда одамлар оёқлари осмондан бўлиб, бошлари билан жаҳаннамга қулаяптилар... бор кучингни сўриб, толиқтириб ташлайдиган тепалик, нафасни бўғиб қўядиган даражадаги тор йўлак! Нақадар даҳшатли манзара!
Ўша ондаги ҳолингга назар сол: гўё эмаклаб бир тепаликка кўтариляпсан, елкангга оғир юк ортилган. Ўнгга, чапга қайрилиб, одамларга қарайсан, дўзахга қулашяпти. Пайғамбар алайҳиссалом: «Ё Раббим, саломат қил, саломат қил» деяпти.
Сиротдан ўтолмай, жаҳаннам каърига қулаган халойиқнинг азоб ва ҳалокат тўла фарёдларини эшитасан.
Энди айтчи, оёғинг тойиб кетса, сўнгги надоматдан не фойда?! Ўша пайт ҳалокатни ўзингга чорлаб, шундай деб қолмайсанми: «Эҳ, кошки эди, мен ҳаёт вақтимда солиҳ амаллар қилиб ўтган бўлсам! Эҳ, кошки эди, Пайғамбар алайҳиссалом билан бир йўлда бўлган бўлсам! Вой бўлсин менга, кошки эди, фалончини ўзимга дўст тутмаган бўлсам! Эҳ, кошки эди, қайтадан тупроққа айланиб, буткул унут бўлиб кетсам! Эх, кошки эди, онам мени туғмаган бўлса!»
Ўша пайт ловуллаган олов сени қаърига тортади ва нидо келади:
«(Аллоҳ) айтди: «(Жаҳаннамда) хор бўлингиз ва Менга сўз қотмангиз!»
(Мўминлар, 108-оят).
Чинқирасан, инграйсан, ёрдам сўраб бақирасан, нафасинг бўғзингга тиқилади. Ҳа, ҳали олдингда мана шундай хатарлар турибди.
Ажабо, бугун ақлинг у хатарлар хусусида ўйлармикан, уларни тасдиқлармикан? Агар ишонмасанг, билки, жойинг абадий жаҳаннамдир.
Йўқ, сен бу муқаррар воқеъликка ишонасан, уни тасдиқлайсану, аммо негадир ғофиллик оғушидасан, эрта учун хозирлик кўришда сусткашлик қиляпсан. Бу зиён ва туғёндан бошқа нарса эмас.
Аллоҳ таолога тўла итоат қилиш ва гуноҳларни тарк этиш билан у Зотнинг розилиги йўлида ҳаракат қилмасанг, иймонинг фойда берадими?! Агар олдингда Сирот ва ундан ўтиш дахшатидан бошқа бирорта қўрқинч бўлмаганида ҳам мана шу дахшатнинг ўзи (умрбод) қўрқишингга кифоядир.
Аллоҳнинг расули дейдилар: «Сирот жаҳаннам узра қурилади. Пайғамбарлар ичида мен биринчи бўлиб умматларим билан ундан ўтаман. У Кун пайғамбарлардан бошқа ҳеч ким гапирмайди. У Кун пайғамбарларнинг дуоси: «Аллоҳим саломат қил, Аллоҳим саломат қил» деган сўзлар бўлади. Жаҳаннамда саъдон ўсимлигининг тиконига ўхшаш чангаклар бор. Саъдоннинг тиконини кўрганмисизлар?
— Ҳа, кўрганмиз, эй Аллоҳнинг расули, дейишди.
— Чангаклар саъдоннинг тиконига ўхшайди, бироқ бу чангаклар жуда катта, уларнинг саноғини бир Аллоҳ билади. Одамлар у чангакларга амаллари билан илинадилар, кимдир ҳалокатга юз тутса, кимдир этлари шилиниб, шилиниб, кейин нажот топади»
(муттафақун алайҳ).
Абу Саид Худрий Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини ривоят қиладилар:
«Одамлар усти тикону чангакларга тўла жаҳаннам кўпригидан ўтишар экан, ўнг ва чап томонларидан чангакларга илинадилар. Кўприкнинг иккала тарафида турган фаришталар:
«Аллоҳим, саломат қил, Аллоҳим, саломат қил» дейишади тинимсиз. Кимдир кўприкдан чақмоқ каби ўтса, кимдир шамол каби ўтади. Кимдир чопқир от каби, кимдир югуриб ўтади. Кимдир юриб ўтса, кимдир эмаклайди, яна кимдир судралади. Ахли дўзах эса на ўлади, на яшайди. Кимлардир гуноҳларига кўра жазоланади, куйдирилади, кўмирга айланади, сўнгра шафоатга изн берилади»
(муттафақун алайҳ).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Аллоҳ таоло авваллару охиргиларни маълум Кунда шак-шубхасиз маҳшарга тўплайди. Улар самога кўзларини тиккан ҳолда қирк йил ҳукмни кутиб туришади. Кейин мўминларга: «Бошларингизни кўтаринг» дейилади. Бошларини кўтаришади. Бас, уларга амалларига яраша нур ато қилинади. Кимгадир улкан тоғ баробар нур берилади ва бу нур унинг олдида юради. Кимдир бундан кичикроқ, кимдир хурмо дарахтича, кимдир ундан ҳам озроқ нурга эга бўлади. Ҳатто охирги кишига берилган нур оёғининг бош бармоғи кадар ергагина етади, шу даражада хира ёруғлик таратадики, гоҳ ёнади, гоҳ ўчади. Нур таралиб, оёқ ости кўринган пайтда юради, ўчганида тўхтаб қолади».
Сўнгра уларнинг нурлари миқдорига кўра Сиротдан ўтишлари зикр қилинади: «Кимдир кўз очиб юмгунча,кимдир чақмоқ каби, кимдир булут каби, кимдир учар юлдуз каби, кимдир учқур от каби, кимдир чопқир киши каби ўтади. Нури оёғининг бош бармоғи қадар ерни ёритган киши юзлари, қўллари, оёқлари билан судралиб, эмаклайди. Битта қўлини олдинга ташлайди, иккинчиси орқага тортади, битта оёғини ердан узса, наригиси осилиб қолади. Ҳатто олов унинг ёнларигача келади.
Бу хатарлардан қутулгач, кўприк устида туриб, дейди: «Аллоҳга ҳамд бўлсин, ҳеч кимга бермаган неъматини менга ато этди, жаҳаннамни кўрганимдан сўнг ундан нажот берди».
Кейин уни жаннат эшиги олдидаги кўлга олиб келиб, чўмилтиришади»
(Ибн Адий ва Ҳоким ривояти).
Анас ибн Молик айтади: «Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини эшитдим:
«Сирот қилич каби ўткир, қилдек ингичкадир. Фаришталар мўмин ва мўминаларни қутқарадилар. Жаброил алайҳиссалом менинг белим (камарим) дан тутади, мен: эй Раббим, саломат қил, саломат қил, дейман. У Кунда тойиб кетувчи эркаклар ва тойиб кетувчи аёллар кўп бўлади»
(Байҳақий ривояти).
Эй инсон! Фурсатинг ғанимат. Сирот хақида, унинг дахшат ва қўрқинчи хусусида ўйла. Чунки Қиёмат куни даҳшатларидан энг омон киши бу дунёда у ҳакда кўп ўйлаган кишидир. Негаки, Аллоҳ бир бандада иккита кўркувни жамламайди. Кимки Қиёмат куни даҳшатларидан бу дунёда қўрқса, охиратда у даҳшатлардан омон бўлади.
Лекин бу ўринда Қиёмат дахшатларини эшитган пайтда қалблар эриб, кўзлардан ёшлар қуюлиб, ҳеч қанча ўтмасдан, қайғулар унутилиб, ўйин-кулгуга бериладиган аёлларга хос енгил-елпи кўрқинч назарда тутилмаяпти. Бу қанақасига қўрқинч бўлиши мумкин?! Ахир, кўрққан нарсадан қочилади, кимки бир нарсага етишни умид қилса, уни излайди. Аллоҳ таолога гуноҳ қилишдан тўсадиган ва У Зотга тоат қилишга ундайдиган хавфгина, фақат шу хавф сени қутқаради.
Аёлларнинг енгил-елпи қўркувидан ҳам енгилроғи аҳмоқларнинг қўрқувидир. Качонки улар Қиёмат дахшатларини эшитса, тиллари дарҳол паноҳ тилашга шошилади:
«Аллоҳдан ёрдам сўрайман, Аллоҳ бизни паноҳингга ол, Аллоҳим саломат қил...» дейди-ю, халокатининг сабаби - гуноҳлардан қайтмайди, Аллоҳ қайтарган ишларни килишда давом этаверади. Шайтон унинг «паноҳ тилаш»идан кулади. Унинг мисоли, шундоқ ёнида мустаҳкам қалъа туриб, қалъага беркинмасдан, ўзи томон одимлаётган ваҳший ҳайвонни кутиб ўтирган кишига ўхшайди. У узоқдан йиртқичнинг ёвуз, сўйлоқ тишларини, баҳайбат гавдасини кўради ва тилида тинимсиз: мустахкам қалъа мени паноҳига олади, қалъанинг пухта қурилиши ва пишиқ устунлари мени йиртқичдан қутқаради, дея такрорлайди. Буларни у фақат тилида айтадию, амалда жойидан жилмайди. Бу тарзда йиртқичдан «халос бўлиш» ўта кулгили эмасми?!
Охират даҳшатларидан сақловчи ягона қалъа «Ла илаҳа иллаллоҳ»дир. Кимки бу калимани айтар экан, энди у кишининг ягона мақсади Аллоҳ таоло ва унинг учун энди Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган зот йўқ. Ҳавойи нафсини ўзига илоҳ қилиб олганларнинг «Ла илаҳа иллаллоҳ» деганлари эса ёлғон, уларнинг аҳволи хатарли.
Агар юқорида айтилганларни бажаришдан ожиз бўлсанг, Аллоҳнинг расулига меҳр қўй, у зотнинг суннатларини улуғ бил, умматлари ичидаги солиҳ кишиларнинг ҳурматини қозон, уларнинг дуоси билан барака топ. Балки шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёки у зотнинг умматларидан бўлмиш солиҳ кишиларнинг шафоатига ноил бўларсан, охират учун йиққан сармоянг кам бўлсада, балки шафоат туфайли нажот топарсан.
Имом Ғаззолий. Иҳйоу улумиддин.
Ўлимдан сўнг.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев