#Ҳадис_1253
Расулуллоҳ ﷺ дедилар:
«Кишига ўзи молик бўлмаган нарсада назр йўқ. Мўминни лаънатлаш уни ўлдириш кабидир. Дунёда ўзини бирон нарса билан ўлдирган кимса қиёмат куни ўша билан азобланади. Ким молини кўпайтириш учун ёлғон даъво қилса, Аллоҳ унга йўқчиликни зиёда қилади, холос. Ким фожирларча сабр қасам ичса ҳам (шундай)».
Изоҳ:
Фожирларча – ёлғон қасамхўрлик билан.
Сабр қасами – ўташ талаб қилинадиган, ҳатто ўташга мажбурлаш учун эгаси ҳибсга ҳам олинадиган қасам. «Сабр» сўзи ушлаб туриш, ҳибсга олиш деган маъноларни билдиргани учун бу қасам шундай ном олган.
Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти.
(Собит ибн Заҳҳок розияллоҳу анҳудан)
#Ҳадис_1254
Расулуллоҳ ﷺ дедилар:
«Зинокор зино қилаётган пайтида мўмин бўлмайди, ўғри ўғрилик қилаётган пайтида мўмин бўлмайди, (хамрхўр) хамр ичган пайтида мўмин бўлмайди».
Шарҳ:
Ушбу ҳадиси шарифда мўминликка умуман мос келмайдиган, мўмин киши қилиши мутлақо мумкин бўлмаган баъзи ишлар ҳақида сўз бормоқда.
«Зинокор зино қилаётганида мўмин бўлмас».
Зино катта гуноҳдир. Бу гуноҳ энг юқори даражадаги хиёнат ҳисобланади. Хиёнат деганда, Исломда баъзи халқлардагига ўхшаб, умр йўлдошига хиёнатчини тушунилмайди.
Балки кенг маънодаги хиёнат — Аллоҳга, Расулга, дину диёнатга, жамиятга, келажак авлодларга, инсониятга, ўзига ва мўминликка хиёнат тушунилади.
«Ароқхўр ароқ ичаётганида мўмин бўлмас».
Зино ҳақида айтилган гапларни ароқхўрлик ҳақида ҳам айтиш мумкин. Ароқхўр энг кам деганда, ароқ ичган пайтида ундан иймони чиқиб туради. Шунинг учун уламоларимиз, ароқ ичиб ўлиб қолган одамга жаноза ўқилмайди, чунки у кофир кетган бўлади, дейишган.
Маст ҳолда йиқилиб ёки бошқа сабабдан ўлган одамга ўша ароқдан бошқа нарса сабабидан ўлган деган таъвил билангина жаноза ўқишга рухсат берганлар.
«Ўғри ўғрилик қилаётганида мўмин бўлмас».
Мўмин бўлса, бировнинг нарсасини ўғирлармиди?! Ўғри учун бўладиган энг енгил ҳукм ҳам ўғрилик қилаётганда ундан иймон чиқиб туради, деган ҳукмдир.
«Талончи талон қилганида, одамлар унга кўзларини тикиб қараб қолганларида у мўмин бўлмас».
Бировнинг молини зўрлик билан тортиб олиш ҳам энг катта гуноҳлардан. Бу иш ҳам мўминликка ҳеч тўғри келмайдиган иш. Бировнинг мол-мулкини зўрлик билан, ноҳақдан тортиб олувчи киши ҳақидаги энг енгил ҳукм ҳам, ўша пайтда ундан иймон чиқиб туришидир. Шунинг учун ҳеч қачон ҳеч кимнинг заррача молини ҳам ноҳақдан олмаслик керак.
Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти.
(Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан)
#Ҳадис_1255
Расулуллоҳ ﷺ дедилар:
«Ким ўзини тиғ билан ўлдирса, жаҳаннам оловида мангу қолиб, абадул-абад ўша қўлидаги тиғини қорнига санчаверади. Ким заҳар ичиб ўзини ўлдирса, жаҳаннам оловида мангу қолиб, абадул-абад уни симираверади. Ким ўзини тоғдан ташлаб ўлдирса, жаҳаннам оловида мангу қолиб, абадул-абад ўзини ташлайверади».
Изоҳ:
Аҳли сунна вал жамоа уламолари «Жаҳаннам оловида мангу, абадул-абад қолади» жумласини турлича изоҳлашган:
1. Бу ишни ҳалол санаб қилган одамгина жаҳаннамда абадий қолади.
2. Бу ҳадисдаги гаплар мусулмонларни ўз жонига қасд қилишдан қайтариш учун зажр ўлароқ айтилган.
3. Бу ўз жонига қасд қилган кишининг қилмишига яраша жазо бўлиб, Аллоҳ таоло муваҳҳид бандаларига икром кўрсатиб, тавҳидлари сабабли уларни дўзахдан халос этади.
Боб сарлавҳасидаги «Жаннатга фақат мусулмон киши киради» деган жумла ҳам шунга далолат қилади.
4. Тақдирда бундай кишиларга «Аллоҳ хоҳлаган муддат дўзахда қолади», деб ёзилган.
5. «Абадий, мангу» деганда муддатнинг ниҳоятда узоқлиги назарда тутилиб, ўз жонига қасд қилишнинг нақадар оғир гуноҳлиги таъкидланган.
Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти.
(Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан)
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев