Византия императори Михаилнинг ўғли Теофел Аббосий халифа Муътасимнинг Хуррамийларни қувишга қаратилган ҳужумини ғанимат билиб ислом чегараларига тажовуз қилди. У Византия давлати чегараларига энг яқин шаҳар бўлмиш Испартага ҳужум қилди. Шаҳарни ёқиб юбориб харобага айлантирди. Шаҳар аҳлидан эркакларни қатл қилиб аёллар ва болаларни асирга олди. У ердаги оз сонли ислом қўшини уларга қарши туриб бера олмади. Румликлар асирлар ва ўлжаларни олиб ғалабадан маст бўлган ҳолда Амурияга қайтишди.
Бу пайтда халифа Муътасим пойтахт Самаррада мажлисда эди. Бу шаҳарга Муътасим асос солиб уни хилофат пойтахти қилган эди. Ўшанда халифанинг қўлида бир қадаҳ сув бўлиб уни ичмоқчи бўлиб турган эди. Унинг ҳузурига Испартадан Онадўлига қочиб ўтган бир гуруҳ араблар киришди. Улар халифага Ҳошимийлардан Шурот ал-Алавийя исмли бир аёл Румликларга асирга тушганида: "Қаердасан Муътасим?", дея додлаганини айтишди.
Муътасим ғазабланди. Аёлнинг овозини худди қулоғи остида эшитгандек бўлди. Шу соатнинг ўзида қўшинни сафарбар қилишга амр қилди. Беш юз минг кишидан иборат қўшин жамланди. Халифа Румдан интиқом олишини айтиб қасам ичди. Қўмондонларини жамлаб деди:
- Румнинг энг мустаҳкам шаҳри қайси?
Қўмондонлари дейишди:
- Амурия. Ислом аввалидан буён унга ҳеч ким қарши чиқа олмаган. Бу шаҳар насронийларнинг маркази ҳисобланади. Бу жой улар наздида Константинополдан ҳам муқаддасроқдир!
Халифа Рум империясининг маркази, императорнинг киндик қони тўкилган макон бўлмиш Амурияни хароб қилишга онт ичди. Қўшинга ўзи бош бўлди. Қўмондонлардан Ҳайдар ибн Ковус, Ашнос кабилар унинг ёнида туришди. Беш юз минг қўшиннинг совутига "Амурия" деб ёздирди.
Халифа қўлида ушлаб турган сув тўла қадаҳни ичмасдан ходимига берган эди. Аёлни қутқариш сувни ичишдан зарурроқ эканини, сувни қайтганидан кейин ичишини айтган эди.
Муътасим йўлга чиқди. Йўлда кўп шаҳарларни фатҳ қилди. Анқарани ҳам ўшанда фатҳ қилган эди. Анқара фатҳидан олдин халифа қўшинни иккига бўлди. Бирини Ҳайдар ибн Ковус бошчилигида Анқарага йўналтирди. Ўзи иккинчи қўшин билан бошқа йўлдан юрди.
Ҳайдар ибн Ковус бошчилигидаги ислом қўшини милодий 838 чи санада император Теофел қўшини билан тўқнашди. Мусулмонлар Румдан ғалаба қозонди. Теофел Константинополга қочди.
Сўнгра ислом қўшини Амурияга қараб юрди. Шаҳарни қамал қилишди. Теофел Константинополга келганида у ерда исён бошланган эди. Император исён билан овора бўлиб Амуриядаги қўшинига ёрдам бера олмади. Ўн бир кунлик қамалдан кейин шаҳар таслим бўлди. Ғанимлар асир олинди.
Муътасим шаҳарга киргач ҳокимдан қамоқхона калитини сўради. Ҳоким калитни унга берди. Халифа калитни олиб ҳалиги аёл турган хонани ўзи очди. Аёлни ташқарига чиқариб деди:
"Мана мен келдим!".
https://t.me/Abdulqodir_Polvonov
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев