Хаётий хикоя.
Дадам қўшни маҳаллада яшовчи онамни ўзи топмаган. Томорқа қўшнимиз Соли тоға «Шу қизга уйлансанг кам бўлмайсан» деб қулоғига қуявергач, бир хафта йўлини пойлаб, бир кўришдаёқ яхши кўриб қолган экан.
Ўзи Кўприк бошимиз кичкинагина жой, лекин ўша вақтнинг қизларида ҳаё ўта кучли бўлиб, улар фақат ўз кўчасидангина юришар, эхтиёж бўлмаса қишлоқнинг бу томонига ўтишмас экан. Марғилондай шаҳарда ҳамшираликка ўқийдиган, ёзадиган шеърларини деворий газетага ҳам чиқаришга ийманадиган онам бекитиқча рубоб чалиб юрадиган дадамга манзур бўлиб, ақлу-хушини ўғирлаб қўйган дейишади. Бироқ, тўй дарровгина бўлиб қолмай, қайсар ачамни унатишга бир ой, раҳматли опоқимни рози қилишга салкам бир йил кетган десам ёлғон бўлмас...
Онамлар асли Водиллик. Тошкон томонлардан қулоқ қилинган Мирзамаҳмудбойнинг авлодларидан бўлишади. Урушга кетиб, Фин кўрфазидаёқ асирга тушган, концлагердан қочиб Маккаи мукаррамада етти йил яшаб қайтган хожи опоқимнинг неварасиман. Уларни Муқимжон қори деб ҳам чақиришар, Қуръон тиловат қилса шарқираб турган Шоҳимардон сой ҳам қулоқ солар экан. Сафурахон энам ҳам Бўстон кўчалик. учта хотинидан икктагина фарзанд кўрган Мирзағойиббойнинг ягона қизи қизи эди. Уч ёшида онадан, олти ёшида дадасидан айрилган энам акаси Садирали опоқим билан етим бўлиб қолишган. Ўн олти ёшида тоғаси - Чинор тагилик Нурмат опоқим томонидан узатилган экан... У жуда меҳнаткаш, анвойи гулларга кўмилган ховлиси маликалар сайр қиладиган гулзорни боғни эслатарди. У экадиган райҳонлар эса ҳеч кимда йўқ эди...
Сафурахон энамни "катта буви" деб чақирардим. У нафақага чиққунча фарошлик қилган. Ўша вақтлар имкон топилди дегунча дарслардан сўнг ёрдам бериш учун ишхонасига борардим ва шу баҳона ҳар хил савол беришни яхши кўрардим. У ҳамма сўровларимга эринмай жавоб қайтарар, фақатгина "Қандай қилиб келин бўлгансиз?" деган саволимга кулиб:
- Тоғам узатса, тегиб кетаверганман.. Лекин тўғрисини айтсам, бошқа гаплар ҳам бор... - деб , айёрона кўз қисиб қўярди.
- Яхши кўрганмисиз?
-Йўғей!
У ёш болалардай мазза қилиб кулиб, яна хотираларига бериларди:
- Катталарнинг гапини икки қила олмаганман... Қолаверса, ҳаммасига райҳонлар айбдор! Э, зўр гаплар бору, катта бўлганингда айтиб бераман.
- Хозир айтсангизчи!
- Майли, битта шарт қўяман, бажарсанг сиримни билиб оласан.
Қувониб кетдим. Шаҳар газетасида шеър, ҳикоячаларим чиқиб тургани учун шартни таҳмин қилган эдим.
- А, топдим! Ҳаётингизни ҳикоя қилиб ёзишим керакми?
- Йўқ...
- Романми? Унақа катта нарсани ёза олмайманда...
Каттабувим яна бошини қимирлатиб, "топа олмадинг" дегач, оғзига тикилиб миқ этмай қолардим.
- Шартим шуки, ховлингни тўлдириб, бирорта бўш жой қолдирмай райҳон экасан.
- Қанақа райҳон катта буви ?
Ховлимизда қадам босгани жой йўқ, ҳамма томон райҳонзор эди. Кўплигидан қўшниларга тарқатиб турамиз
-Уларни онанг эккан, сен эмас! Мен ўзингни райҳонларинг бўлишини хохлайман. Ўшандагина ёриламан...
Катта бувимнику ёрилишини хохламайман-у, ўша гапларни билгим келарди. Бироқ, ҳар сафар "кейинроқ" деган жавобни эшитиб. хафсалам пир бўлар, шунчаки эккан райҳонларим эса сўлиб қолаверарди...
Сафура энамни ўн олти ёшида қирқ уч ёшдаги одамга узатишганини биламан, тўйи куни роса дод солгани, паранжи остида йиғлайвериб юзи шишиб кетгани, чимилдиқда паранжини очиб юзига бир қараган опоқим индамай ташқарига чиқиб кетганини ҳам эшитганман.
Яна қанақа гап бўлиши мумкин?
Ха, янга бўлиб қолган келинбисига "Ўзимни ўлдираман" деб роса тўпалон кўтаргани, уни аранг тинчлантиришиб чимилдиқдан қочиб кетишига йўл қўйишмаганини эса холаваччаси Муборак хола миридан- сиригача билади.
- Опамнинг ўзи айтиб берган. Эртасига тонгда қочишни режалаб кўзи илинибди. Бир вақт қулоғига бутун дунёни сел қилишга қодир нолали тиловат қуйила бошлабди. У шунақа мунгли эдики ўн олтига киргунча ҳаётининг ҳар бир лаҳзаси кўз ўнгида намоён бўлиб, қалбида тошдай йиғилиб турган армонлар ва амалга ошмаган гўзал орзулар туғёнга келибди. Тиловат давом этган сари кўзидан дув-дув ёш тўка бошлабди. "Бу инсон овози эмас, малоиклар сасидир" деб, атрофга аланглабди, биров кўринмасмиш. "Хозир бирор мўъжизанинг гувоҳи бўлсам керак" деганча юраги хаприқиб эшикни очиб ташқарига чиқибди. Айвончадаги хира лампочка шуласида суппачага тўшалган жойнамоз устида ўтириб, Аллохга муножот этаётган малоик эмас, оддий одам эканлигини кўрибди. Тиловат тугашини кутиб, унинг кимлигини сўрабди. Шикаста овоз соҳиби эса келинчакка тан маҳрами эканлигини айтган, келин ва куёв шу тахлит танишишган экан.
Муборак холамдан эшитганларимдан ўзимча хулоса чиқариб, катта бувим айтмаган гаплар шу бўлса керак деб, суюнчи олмоқчи бўлдим. Қатта?
- Хожи опоқингни биринчи марта жойнамоз устида кўрганим ва яхши кўриб қолганим ҳам рост, фақат сенга айтмоқчи бўлганларим бу эмасда!
Яна, тушкунликка тушиб қолдим. Аямдан сўрайвериб, анча нарсаларни билиб оляпману, кўнглим ҳеч тўлмайди. ...Катта бувим ва опоқим жуда чиройли яшашган экан. Акасининг
қўлида ўсган хотинига овқатларни ҳам ўзи ўргатиб, индамайгина қозон осар, фақат бир нарсани қаттиқ тайинлар экан:
- Сиз райҳонларга қарасангиз бўлди. Ховли барҳаво бўлса, кўп яшайман. Саломатлигим сизнинг қўлингизда!
Бирин- кетин ширин фарзандли бўлган катта бувим тақдиридан мамнун, яратганга шукрона келтириб бахтидан сармаст бўлган, бироқ бу кўпга бормабди. Мухожиратда диққинафас касалини орттириб келган хожи опоқим кичик тоғам уч ойлигида ўлиб қолади. Бешта бола билан чирқираб қолган каттабувимни эса келин бўлиб тушган ховлисидан қайнакаси хайдаб юборган экан.
Анча пайт писта сотиб, идорада пол ювган, кечалари эса дўппи тиккан жиянини яна ўша тоғаси тинч қўймай, Усмонжон исмли бефарзанд одамга- яъни бизларни сариқ пазигида катайса қилдиришни яхши кўрадиган опоқимга узатишганини билганимда кап-катта қиз эдим. Энг яхши кўрган опоқим ўгайлигини хазм қила олмай, " Буни айтишмагани яхши эди" деб одамови бўлиб юрганман...
Роса чалғиб кетдима. Хуллас, беш болали бевага уйланиб, бирон марта ўгайлик қилмаган болажон опоқим Қумри ачамнинг феълини билгани учун совчиларни қайтаришга жўялироқ баҳона излаб боши қотибди. "Исталиннинг ўзидан қўрқмаган кампир новдадек қизимни икки кундаёқ синдириб қўяди" дейишга журъати етмабдию, " тожикка берадиган қизим йўқ! Гап тамом! " деб оёқ тираб туриб олибди, лекин Қумри ачам ҳам анойилардан эмас, ушлаган жойидан узадиганлардан эди. "Ха, тилингда турган гапингни айта олмадинга Усмон. Энди мани эшит! Московдаги каттакон съездга бориб қуруқ қайтмаганман,саникидан ҳам шўлпайиб кетиш йўқ! Сўзимни икки қилган одам хали дунёга келмаган!" деб, чўрт кесиб, ахийри онамни келин қилиб туширган экан...
Қумри ачам тўрт ўғилдан сўнг биттагина қиз топай деб ўлиб қолган Қундуз энамнинг онаси эди. Қўшнимиз Бахри хола уни яхши эслайди. « Э, у вақтлар дўхтирлар кам эдида болам. Олимжоним қорнимда эди. Шундоқ бақувват Қундуз опа туға олмадику, мен ҳам нобуд бўлсам керак» деб , тоза аюханнос солгандим"... Хуллас тўрт ўғилни тақдир ҳукмига қолдирган Қундуз энам чин дунёга кетиб, йили ўтибоқ Иброҳим бобом уйланиб олади. Гулдай қизини тупроққа қўйган ачам эса норасида етимчалар билан қолган экан.Тўртта неварага қараш осонми? Катта укамдай шўх бўлган дадамнинг ўзи анчагина куйдирги бўлган дейишади.
Тракторнинг свечасини қўрга кўмиб Жамол тоғанинг бир кўзини оқизиб қўйган тўполончи- дадамку! Носир амаким ҳам яхшигина қайсар, аскарликка кетиб ўша томонларда ўрис қизга уйланиб олган Эркин амаким ҳам ўзига еткича, ичларида ювошроғи фақатгина Маҳамматжон амаким эди. Балки, ачам шунинг учун баджахл бўлиб қолгандир? Яна билмадим.
Хуллас ҳамма қаршилик қилган тўй бўлиб ўтибди. Ўн саккиз ёшида чимилдиққа кириб, генерал кампирга биноидек келин бўлган онам жудаям чиройли бўлган экан. Мени эмас, кўпроқ синглим Муҳтарамани аяжонимга ўхшатишса жахлим чиқади. Мен сариқмашак, аям буғдойранг эмиш! Нима фарқи бор? Тараса тароқ синадиган, сочи патак, юзи қасмоқ юрадиган синглимнинг қаерини қирқ кокилли аяжонимга қиёслашади хайронман. Ҳар қанча солиштирмай, яримтаям ўхшашлик топа олмай синглимга зимдан хасад қилардим...
Ростини айтсам, синглим онамга эмас кўпроқ ачамга ўхшаб кетади. Жахли чиққанда чойнак, пиёла отишлари ва инжиқлик қилиб овқат танлаши хаттоки қирра бурни ҳам Қумри ачамники.( Фақат бу ўхшашликни анча кейинроқ топганман. Чунки Мухтарама туғилган йили ачам саксондан сакраб вафот этганди. Майли, бу хақда сал кейинроқ бошқа ҳикоямда тўхтайман)
Узун қиш кечалари иссиқ танча атрофида йиғилиб, оилавий суратларни томоша қилишни яхши кўрардик. Шунда ироқи дўппи устидан ғижим рўмол ташланган келинчакнинг юзига узоқ тикилиб қолган дадам хотираларига берилиб кетарди:
-Гап фақат чиройда эмас. Маликам дунёда ягона! У ҳамманинг меҳрини қозоняпти. Бир куни ачангнинг қалбидаги музни ҳам эрита олади.
Онамнинг меҳрибонлигини-ку яхши биламан, бироқ ўта содда эмасман. Агар дадам " Бувинг ( Фарғонанинг тожиклари онани буви дейишади) Олой тоғининг чўққисидаги асрий музликларни эритиб юборади! " деса ишонишим мумкин, аммо ачамнинг қалбини эрита олишига ҳеч қачон ишонмайман! Нега дейсизми? Ачамдан фақат Кўприк бошиликлар эмас, шаҳарнинг мана- ман деганлари ҳам хайиқишарди. Москвадаги съездда Сталинга тик қараб, хақиқатни гапиргани ва овозини ўчириб қўйгани ҳам
рост дейишади. Исми қолиб, "генерал хола " дейишларидан мавқеларини билиб олсангиз бўлади. Ўзи ҳам генераллардай басавлат, қовоғи ҳамиша солиқ, қўнғир яшил кўзлари бургутникидай ўткир, анча қариб қолган бўлсада гавдаси тик, ҳаракатлари анчагина дадил эди. Овози эса момқалдироқдай, гумбурлаб, гавдасига яраша гумбурлаб чиқарди. Шундай одамни эритиб бўлдими? Бунга дадамнинг ўзи ҳам ишонмаса керагу, бизни алдаб қўйяптида. Ёки ҳар куни ишда бўлгани учун уйдаги томошалардан хабари йўқ. Ана, бугун ҳам ғийбатчи қўшнилар мазза қилиб томдан томоша қилган жанжал бўлди. Онамнинг меҳмон келганидагина ишлатадиган пахта гулли чинни идишлар тўплами чил- чил бўлгани майли, кичиккина парчаси пешонасига санчилиб қолгани ёмон бўлди. Шунда ҳам "Тез ёрдам" чақиришимизни истамаган онам " қўрқманглар, арзимаган жарохатку" деб бизларни тинчлантиргач, авжига чиққан ачамнинг қаршисида миқ этмай бош эгиб турди
-Ха, сенга тарбия берган ўша Усмон пазик ҳеч қачон янги хаптабус минмасин! Э, ўша Сапуранинг швабраси синиб (онамнинг онаси яъни катта бувим касалхонада пол юварди) куни чўлтоқ супургига қолсин! Сани топиб берган Соли найновнинг бўйи яна чўзилиб, кастимлари сиғмай қолсин! "шундай келинни қўлдан чиқарма" деб миямни ачитганлар офтобда қолган шакаробдай ачиб қолсин!
Дунёдаги бор гап тугагагдир, деб туганимда ярим пиёла аччиқ кўк чойни симириб олган ачам, тўхтаган жойидан давом этарди:
Тавба, Бой маҳаллада қиз қуриб қолганмиди? Тошбой тўпида ҳам бир қошиқ сув билан ютгулик санамлар кўп эди-ку! Вой-дод! Раҳматли Тошбой опоқим ҳам гўрида тик тургандир! Сени барибир йўқотаман, хали кўрасан...
Агар менга биров шунча гапнинг ярмини айтса ерга ётқизиб, хуморимдан чиққунча сочини юлишим тайин, бироқ ҳар дойимгидай жим турган онам хаддан ортиқ одобли эди. Унга жудаям раҳмим келар, лекин ачамга қарши оғиз очгудай бўлсам балога қолардим:
- Сен аралашма! Ачанг тўғри айтяпти, айбим бор...
- Сизни йўқотаман, деяптиларку!
Кўзидаги ёш билан жилмайишга уринган онам елкамдан астагина қучиб, қулоғимга шивирларди:
- Хазллашяптиларку! Бир пас ўйнаб келинглар болам...
Ўшанда қишлоғимизни қоқ иккига бўлиб ўтган йўлнинг бу ёғи Бой маҳалла, у ёғи Қора маҳалла дейилишини билардиму, ачам ғурурланиб
гапирадиган Тошбой тўпилар ва Тошбой опоқи ким эканлигига сира ақлим етмасди. Буни сал каттароқ бўлгач тушундим. Аксарияти Бой маҳаллада яшовчи узоқ- яқин қариндошларимиз бу ерларни ўзлаштирган ўз замонасида жудаям бой бўлган Тошбой бобомнинг авлодлари экан. "Тавба" дердим, ҳеч нарсага ақлим етмай, бой бобомизнинг бойликлари қаерда? Кўчамизда аспалт йўғ-ку! Баҳор, кузда тиззамизгача лой чапланади. Қора маҳаллада эса кўчалар аспальтланган. Хуллас Тошбой тўпилилик кўчасида аспальти йўқ "генерал" кампир Қора маҳалладан олган невара келинини сира тинч қўймасди.
Дадам эса ҳар кунги жанжалларни эшитишни ҳам хохламай, бизларни чалғитишга ҳаракат қиларди:
- Хадеб чаққимчилик қилаверманглар! Аслида Қумри ачанг жудаям яхши инсон.Хали катта бўлсаларингиз кўп гапларни айтиб бераман.
- Дада фақат ростини айтинг, сиз ҳам ачамдан қўрқасиза?
У жилмайганча укамнинг бурнини беозор чимчилаб , тасдиқ ишорасини қилди:
- Мен армияда фақат кичик сержантгача кўтарила олганман холос.
Демак, генералга бўйсунишга мажбурман. Генералдан ҳамма қўрқади, бироқ.... Зоғора холани яхши кўрмаган одам йўқ эди....
- Зоғора хола эртакку!
Уруш пайтида отаси фронтда ўлган етим болалар яшайдиган уйларга билдирмай зоғора кулча ташлаб кетадиган хола хақидаги эртакни кўп эшитганман. Ўзбек халқ эртакларига киритилмаган бўлсада, у қишлоғимизда жудаям машҳур. Лекин, уни ачамга қандай алоқаси бор? Эх Зоғора хола! Агар сиз ким эканлигингизни ўша пайтда билганимда борми?
Дадамга битта саволни кўп берардим:
- Мен ҳам қарисам, ачамдака урушқоқ бўлиб қоламанми? Улар бақирса қўшнилар дарров томга чиқади. Кейин аям жудаям кўп йиғлайди. Бизга кўрсатмаса ҳам кўзларидан билиб оламиз.
Уйдаги вазиятдан хабардор дадам бизга қандай тушунтиришни билмай, овозини ҳиёл пасайтириб шивирларди:
- Ачангни ажиналар сеҳрлаб қўйишган. Ҳамммамиз бир бўлиб уни сеҳрдан халос этсак, зўр бўларди.
Кап-катта одам ажиналар хақида гапирса кулгули бўлар экан. Мен ҳаёлпарастман десам, дадам мендан ҳам ўтиб тушяпти. Ачам сеҳрлаган эмиш!
Кулавериб буралиб қолгач ўзимни аранг тўхтатиб, калламни қимирлатдим:
- Алдаманг! Ўтган йили "Толнинг тагида ажина" деган ўйинимиздан жахлингиз чиқиб, "ҳеч қанақа ажина йўқ!" дедингиз.
-Ростданми? Мен шундай деганмидим?
- Майли уни қўя туринг, хозирги гапингизни қаранг! Ажиналар ачамни сеҳрлаб қўйганига ўзингиз ишонасизми? Агар ажиналарнинг энг зўри келса ҳам , ачам уларни ҳам жиловлаб, чой дамлатиб, сомса ёптирарди-ку!
Бу гапимдан сўнг ўзи ҳам баралла кулиб юборган дадам аранг тўхтаб, яна қулоғимга шивирларди:
- Барибир сеҳрдан халос этишимиз керак. Ачангни асли холига қайтарамиз, келишдикми? Аянг унинг қалбидаги музни эритиб берса бўлди.
Мен тасдиқ ишорасини қилсам ҳам буни қандай амалга ошириш мумкинлигини ўйлаб, ўйимга ета олмасдим. Ачам эса тобора забтига олиб, энг мазали таом пиширилган кун ҳам ҳамманинг кайфиятини бузиб қўярди:
-Э, ошингни ўзинг е келин! Мен мастава ичмоқчи эдим.
Ўчоқ бошидан иккита товоқ кўтариб келган онам каловланиб қолмай жавоб қайтарди:
- Маставами? Майли бувижон хозирда!
Жахлим чиқиб, онамнинг этагидан тортдим:
-Қанақа мастава? Ахир бугун ўзлари ош емоқчилигини айтгандику! Мана шу қулоқларим билан эшитгандим.
Онам индамай, ош лаганларни дастурхонга қўйгач яна қозон осар, бир соатга қолмай мазали таомни косага сузиб, жилмайиб кириб келарди. Бир кун ҳам ўтмай, яна айнан кечки овқат пайти, ачамнинг норози овози гумбурлаб қоларди:
- Шавлами? Бир қошиқ ҳам емайман. "Келинингизнинг қўлидан овқат еманг, у сизни заҳарламоқчи" дейишди.
Ҳаммамизга бир-бир қараб чиқққан онам, жилмайиб "Ким?" деган саволни ҳам беришга ботина олмади. Ачам бўлса бадтар авжига чиқиб ёзғиришни давом этди:
- Ҳамшира бўлиб ишласанг ўзингга! Энди дори берсанг ҳам ичмайман! Ўлдириб қўяр экансан! Барибир бир куни сени йўқотаман!
Агар шу вақт дадам кириб қолса, у жанжалга нуқта қўйишга уринар, қўлидан келмаса ғинг демай, бошини эгканча индамай турарди.
-Ха, сенга хотин топган Солининг тиржайган башараси қурмасин! Шунча хурилиқо тожикларим турганида шуни танладинг. Манам ховлисини тўлдириб турган райҳон ифорига маст бўлиб, алданиб қолаверибман. Хали ҳам кеч эмас, ажраш!
-Бувижон, бир чиройлик хизматингизни қил..
- Ха, мана товушинг чиқдику! Яхшилаб ўргатяпти шекилли. Хизматларини пеш қиляптими? Шумо тожик астен, ёки узбак? Ки гуфтки...
Қолгани ўзбекча эмас! Минг афсуски, давомини мутлақо тушунмасдим. Негалигини билмайману, бизга тожикчани ўргатишмаган. Сабабини сўрасам, дадам:" Хали онангга ўргата олмадим. Агар сизлар ҳам тожикча гапирсангиз у яккаланиб қолади" деб қутулар, авжини яхши кўрадиган ачам бўлса атайин дийдиёнинг қаймоғини тожикчада давом эттириб мазза қилиб сайрарди.
Албатта тожикчани ўрганаман! Мен тўй-тўйчиқ, маракаларда йиғилиб қоладиган қариндош -уруғнинг гапиришларига маҳлиё бўлиб, ота тилимдаги сўзларни бузиб бўлсада талаффуз қилишга уринардим. Аҳдим қаттий эди. Олма- сев, сув - об, она- модар, ота- падар... каби сўзларни анчасини ёдлаб олдим, бироқ гап тузиш қийин. "Ман тожики намедонам"нигина биламан холос. Шунақа пайтларда бор аламимни онамдан олмоқчи бўлардим.
Ўша куни ҳам шахд билан онам уруғини олаётган райҳонлар ичига кириб юрагимдагини тўкиб солдим:
-Нега тезроқ тожикчани ўрганиб олмайсиз? Ана Аноранинг аяси биноидек гапира олади. Сиз бўлса осонгина сўзларини ҳам билмайсиз-а?
Ҳар доимгидек ишидан чалғимай жавоб қайтаришни яхши кўрадиган онам атрофга аланглаб, секин тушунтирди:
- Нега билмас эканман! Биламанку!
- Алдаманг! Қани гапирингчи?
Онам овозини янаям пасайтириб, жилмайганча шеър ўқиди:
- Ман аз дахани мор шакар металабам,
Аз хонаи анкабут пар металабам,
Аз синаи нарашер шир металабам
Аз марди бараҳнапой зар металабам...
- А, - дедим, қулоқларимга ишонмай. Нахотки сиз... Мен умуман тожикчани билмайсиз деб юрардим.
Қўлидаги уруғларни халтага солиб райҳонзордан чиққан онам бошимни силаб, кулиб қўйди:
- Бу тўртликни улуғ шоира Зебунисо ёзган.
- Зебунисонинг шеъри билан ишим йўқ! Демак сиз ачамнинг гапларини ҳам тушунасиз. Нега индамайсиз? Қарғаганида ҳам жим тураверасиз.
Онам мени райҳон ифори анқиб турган бағрига босар экан, овозига сирли тус берарди:
- Ким айтди ачанг қарғайди деб? Бўлмаган гапларни қўй қизим! Ачанг фақат ўзбекчадагина озгина урушиб қўяди. Тожикчада эса роса алқайди. Қачон тожикчасига ўтар экан деб кутиб тураманку!
- Ростданми? Нега унда қовоғи очилмай, роса бақиради?.
--Тиржайиб мақтаса, жилмайиб дуо қилса эркаланиб кетсам керакда. керакда. Феълини биласанку! Ачангни ким дейишади?
- Генерал!
-Ана! Генераллар юмшоқ гапирганини эшитганмисан?
Тирик генералларнику танимайман, аммо киноларда кўрганларим худди ачам каби баджахл эди. Шунинг учун юзимга табассум югуриб, елкамдан оғир тоғ ағдарилгандай бўлди. Онамни меҳр билан ўпиб, қучоғига сингиб кетдим.
- Демак сизлар ҳам худди кинодагидай роль ўйнар экансизда!
-Бўлмасамчи! Ачангни нима учун яхши кўришимни айтайми?
- Ха.
- Чунки у даданг ва амакиларинни бировга мухтож қилмай, вояга етказган...
-Уларга тожикчани билишингизни қачон айтасиз?
- Хозирча бу иккаламизнинг орамиздаги сир бўлсин! Ҳеч кимга индама!
Бирор кун албатта айтамиз.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев