Муаллиф: Наргиза Усанбоева
51-қисм
Давоми
“У бахтлимикан? Албатта, бахтли. Севган қизига уйланди. Машҳур телебошловчилардан бири. Тағин пойтахтда яшайди... Айтганча, уларнинг ҳали фарзанди йўқ. “Бири кам дунё” деганлари шумикан, ё? Улар бирибир бахтли. Чунки кун келиб болали ҳам бўлишади. Шунинг учун кутиб, умид билан бирга яшашмоқда...”
У ҳовлини чегаралаб турган ёғоч тўсиқни очиб, сой томон юраркан, атрофга бир қур назар ташлади. Анув қирларда ёзда Анис билан бирга югуриб ўйнаган, қишда эса сирпанчиқ учишган... У пайтлар уйлар бу қадар кўп эмасди. Қирлар ҳам алланечук виқорли кўринарди. Энди кичрайиб қолгандек, гўё уларни устига қурилган уйлар босиб, бирмунча чўктириб қўйгандек. Анис иккиси қўйларни ҳайдаб ўтадиган ҳув, катта йўл ҳам энди жуда серқатнов. Аммо у ҳам торайгандек...
Ким билсин, Малак ўзини қанчалар ожиз ва нотовон ҳис қилгани сари кўзига ҳам дунё ғариб кўринмоқдами? Нега?
У не мақсадда қиру сойликларга туташ ҳовли этагига тушганини ҳам унутди. Хаёл сурганча, ўша қадрдон дарахтлар ёнига келди. Яққол кўриниб турган таниш ёзувларга қараб жилмайди. Болаликнинг беғубор хотираси юрагига мусаффо ҳаво олиб киргандек енгил нафас олди. Рақамларда яширинган сўзлар аллақачон ёд бўлгани учун ичида такрорлади: “Мен сени соғиниб, ўламан бир кун...”
Бу ерда қанча бўлди, дарахтларга қанча тикилди, номаълум. Ҳатто бузоқни олиб кетишни, сигир соғишни ҳам унутди. Дили ёришиб, Мадинанинг ёнига кириб келди.
— Аммам чиқмадими? — деди унга кўзи тушиши билан Мадина.
— Кўрганим йўқ. Ариқ бўйидан келяпман. Нима қиласан аммамни?
— Келганлар кимлигини сўрардик-да...
Малакнинг дилидаги ёғду ўчгандек бўлди. Бир зумда борлиғига ҳузур бағишлаб турган туйғулар ғойиб бўлди.
— Қаримикан? — деди Мадина буни ўзича тушуниб.
— Кўрганим йўқ-ку!
— Сиқилманг, опа. Дадам сизни ёқтирмаган одамингизга мажбурлаб бермайди.
— Энди дадам менинг, мен дадамнинг кўнглига қараб ўтиролмаймиз... — оғир ютинди Малак.
Опаси эшитилар-эшитилмас, тушкун айтган бу сўзлар сингилнинг юрагини титратди. Куёвга бўлган қизиқиши бирдан сўнди. Нима дейишни ҳам билмай қолди. Охири синиқ овозда деди:
— Ўзингизга ёқмаган одамга тегишга мажбур эмассиз.
— Ҳеч ким мени мажбурлай олмайди. Лекин... ўзинг кўриб турибсан-ку!
Хонага кириб келган Малика опа-сингилнинг суҳбатини узиб қўйди. Амманинг юзида эса норозилик кўриниб турарди. У аввал Мадинага қаради. Сўнг Малакка тикилди. Охири хўрсинганча ўтираркан, тилга кирди:
— Менга умуман маъқул эмас. Тўртта боласи бор экан. Яна кичкинаси ҳали бирга ҳам кирмаган. Ҳеч ким рози эмас. Дадангнинг ҳам авзойи бузилди, ойингни-ку гапирмасам ҳам бўлади. Тағин узоқ жуда.
— Қайси қишлоқдан экан? — сўради Мадина.
— Қайси тумандан, қайси вилоятдан де?
— Нима? — хуши бошидан учгандек деди Мадина.
— Жомбой туманидан.
Малак ажабсиниб қаради аммасига.
— Қаерда эди у? — Мадинанинг пешанаси тиришди.
— Самарқандда.
— Ўзларида йўқмикан бирорта номзод? — энсаси қотди сингилнинг. Опа эса ҳамон сукут сақларди.
— Совчи бўлиб келган холанинг ўзи шу ерлик эмиш. Бир пайтлар ўзи ҳам шу ўғли билан ўша ёқларга эрга тегиб кетган экан. Гапира-гапира йиғлаб юборди, шўрлик. Кўп қийналган кўринади. Энди келини ҳам туғруқ вақтида ўлибди. Тўрт бола чирқираб қолибди. Каттаси ўнга ҳам кирмаган менимча... “Жомбойдан ҳам топсам бўларди, аммо қариганимда ўзим туғилган жойдан бўлган аёл билан “искашиб”гина яшагим келди”, дейди.
— Менимча ўғлига ҳеч ким тегмаган! — Мадина ўзича таҳмин қилди.
— Ўғли ҳам уйланишга қарши эмиш. Ўзи ўгай ота қўлида ўсгани учун болаларига бу тақдирни раво кўрмасмиш. Холанинг ўзи жон куйдиряпти, шекилли...
— Чақалоққа ҳам ўзи қараётгандир-да! — бехос сўзлади Малак. — Бечора гўдак... Онасини танимайди, билмайди ҳам...
— Раҳминг келмасин. “Банданинг раҳми келса, Худонинг қаҳри келармиш...” — жаҳли чиққан бўлди амманинг. — Сиқилиб ҳам ўтирма. Даданг сендан сўраб ҳам ўтирмай, жавобини бериб юборади.
— Ростдан ҳам ҳеч ким тўрт гўдакка она бўлишни, уларни парваришлашни истамайди. Шунинг учун тегмайди... Ўзлари томондан бирор аёл топилмагани учун бизникига келгандир? — Малак паришон кўрингани билан теран фикрларди.
— Бу уларнинг муаммоси! — Малика чимирилди.
— Болаларга раҳмингиз келмаяптими, амма? — ердан кўз узмай сўради Малак.
— Опа, нима, шу болаларни деб отасига тегмоқчимисиз? — хавфсираб сўради Мадина.
— Болаларда нима гуноҳ, Мадин? Агар ўша одамнинг боласи бўлмаганида, шароити зўр бўлганида тегувчи аёл ҳам кўп бўларди. Лекин болалар бор! Тағин ҳали гўдак. Улар онасидан ажраган, кўнгли кемтик. Яна... уларни деб отасига ҳеч ким тегмаяпти... Худди сен ва мени деб укамизга қизлар тегмагани каби Мадин! Биз-ку каттамиз, муаммоларимизни ҳал қила оламиз. Улар-чи? Меҳрга, парваришга зор.
— И-и-и, бу тегмоқчи... — ҳавоси чиққан пуфакдек шалвирай бошлади Малика. — Уларнинг раҳмини Худо есин. Сенгамас...
— Раҳмини еяпти, Худо. Шунинг учун ҳам ўша аёлни бизнинг остонамизга олиб келган. Шунча йўл бостириб, шунча овора қилиб... Яна менинг аҳволимни ҳам танг қилиб қўйибди. Бошқа йўл қолдирмай...
— Малак, сен уйдаги вазиятни деб ўзингни қурбон қилмоқчимисан? “Дадам кўнглимга қараб, ўзлари зарар кўряпти”, деган хаёлга боряпсанми? Билсанг, агар сенга мос куёв чиқса, даданг маслаҳатлашиб ҳам ўтирмайди, — койий бошлади Малика. — Ундан кейин эркакнинг ёши ҳам катта!
— Нечага кирибди? — Мадина опасидан олдин сўради.
— Малакдан нақ ўн ёш катта.
Бу гапдан сўнг орага сукунат чўкди. Малика ҳам, Мадина ҳам зимдан Малакни кузатар, куёвнинг ёшига эътироз қилади, деган хаёлда эди. Малак бўлса жим.
Ногоҳ очилган эшик учаласининг ҳам хаёлини бўлди. Хонага иккиланиш билан Дилором кириб келди. Зимдан катта қизига қараб оларкан, қайнопасига юзланди:
— Бу хола канадек ёпишиб олди, тавба. Ўғли шу ерда, қўшни қишлоқдаги қариндошиникида эмиш. Қизингиз билан гаплашиб кўрсин, дейди, аммаси...
— Менга нима дейсиз? — тезда Малакка кўз ташлаб олган Малика шошиб қолди. — Қизим турмушга чиқмоқчи эмас, денг.
— “Гаплашсин. Агар ўғлимни кўргандан кейин ҳам қарши бўлса, наилож”, дейди. Укангиз ҳар нима деб кўрди. Кампирнинг таслим бўлиш нияти йўқ.
Малика нигоҳлари билан Малакни кўрсатиб, “Ўзидан сўранг”, дегандек қилди. Дилором эса қизининг ёнига ҳолсиз чўкди. Кейин елкасини силаш баробарида деди:
— Малак, сен кўнглингга олма. У одамга сени сира бермаймиз. Фақат кампир қаттиқ ёпишиб олган. Қаттиқ гапирай десанг, меҳмон. Гапирмай десанг, аҳволлари бунақа... Шунга... Кўнгли ярим одамни оғринтирмайлик. Ўғли билан бир гаплашиб кўр. Шунчаки, холанинг кўнгли учун...
Малак секин бошини кўтараркан, сезилар-сезилмас ирғаб қўйди. Елкасидан босиб турган юк ағдарилгандек, Дилором енгил тортди. Бирдан жонланди:
— Кийин. Ҳайдовчиси амманг иккингни аммангникига қўйиб, кейин уни олиб келаркан.
— Вой, бизникига борарканмизми? — негадир саросимага тушди Малика.
— Бошқа қаерга боришади? Бу ерга келиш йигитга уят, у ёққа бориш Малакка тўғри келмайди. Кўчада гаплашишса, гап кўпаяди. Энг яхшиси, сизларникига боргани. Кейин бирга келасизлар-да...
— Нима бало, бермоқчимисизлар? — жаҳли чиққан бўлди Маликанинг.
— Йў-ўқ, кампирнинг кўнгли қолмасин. “Йўқ”, десак кўзига ёш оляпти. Малак, яна сенам нотўғри хаёлга борма. Шу холанинг дили оғримаслиги учун бориб кел. Хавотир олма, сени мажбурлаб узатмаймиз.
* * *
Ўлмас ўзи бўйнига ип солиб етаклагандек зўрға келганди. Энди эса ҳайдовчи келиб, бошини қотирмоқда.
— Мен йигирма яшар йигитмидим, қизни кўраман?! Аслида уйланмоқчи ҳам эмасман, — қўлидан ушлаб машина томонга тортқилаётган ҳайдовчини силтаб ташлади у.
— Сен кўрмасанг, аёлда кўнгил бор. Тегаётган одамининг кимлигини билиши керак-ку!
— Ҳали тегмоқчи ҳамми? Боя расмимни олволсам бўларкан, — ростмана ичини урди Ўлмас.
— Бу умр савдоси. Барибир кўришиш, гаплашиш керак. Болаларинг учун ҳам аёлнинг қандайлигини билишинг лозим, — насиҳат қилди ҳайдовчи.
Болалари кўз ўнгига келиши билан Ўлмас машинага ўтирди. Ҳақиқатдан ҳам болалари учун уйланяптими, улар учун гаплашиши, келишиб олиши шарт!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 4