-------------
«Молик унга Абдуллоҳ ибн Масъуднинг «Банда ёлғонда давом этаверса, қалбига қора доғлар тушиб бориб, охири қалби қорайиб кетади ва Аллоҳнинг ҳузурида ёлғончилардан деб ёзилиб қолади», дегани етганини айтди».
Банда бир оғиз ёлғон гапирса, қалбига бир дона қора доғ тушади. Яна бир оғиз ёлғон гапирса, қалбига яна битта қора доғ тушади. Аста-секин ёлғоннинг сонига қараб қалбидаги қора доғлар ҳам кўпайиб бораверади. Сўнгра қалбни бир қатор қора доғ босиб бўлгандан кейин, биринчи қатламнинг устидан доғ босиш бошланади. Оқибатда доғлар қаватлари кўпаяди ва мазкур қалбнинг эгаси катта гуноҳ қилса ҳам, бурнига пашша қўнганчалик таъсир қилмайдиган бўлиб қолади.
Ҳа, инсон гуноҳ ишларни қилаверса, жумладан, ёлғон гапираверса, қалбни моғор босиб, ҳеч нарса таъсир қилмайдиган ҳолга келиб қолиши шубҳасиз. Бу эса мўмин банда учун чексиз мусибатдир.
Ёлғоннинг сассиғидан фаришта қочади
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар банда ёлғон гапирса, у қилган нарсанинг сассиғидан фаришта ундан бир мил нарига узоқлашади», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Бу қанчалик даҳшат-а? Бу дунёда бандани қўриқлаб туриш учун бириктирилган фаришта ҳам унинг ёлғони сассиғидан ҳазар қилиб, ундан қочар экан. Фариштаси ўзидан қочган одам ким деган одам бўлади?! Халқ ичидаги: «Фалончининг фариштаси йўқ», деган қабилидаги гап бежиз эмас. Шунинг учун ҳам зинҳор ва зинҳор ёлғон гапирмаслик лозим.
«Ёлғон» китобидан
_______=======///////=======_______
ҚОЗИ ИЁЗ ВА БИР ХОИН ВОҚЕАСИ
Умавий халифаларнинг саккизинчиси Умар ибн Абдул Азиз раҳматуллоҳи алайҳ Иёс ибн Муовия раҳматуллоҳи алайҳни Басрага қози этиб таъйинламоқчи бўлганида, дастлаб у киши хоҳламаган.
Қози бўлмаслик учун турли баҳоналарни қилиб кўрган. Халифа ҳам ўта фаросатли зот бўлгани учун юртимга адолатли, ҳақдан тоймайдиган кишини қози қилмасам, кўнглим хотиржам бўлмайди деб, сўзида қаттиқ туриб олиб, охири уни қози этиб таъйинлаган. Ҳа, ҳақиқатда Халифа ҳазратлари адашмаган экан. Халқ у киши танлаган қозидан мамнун эди. У бу соҳада етук ақл-заковат ва ноёб иқтидор эгаси экан, ўта чигал масалаларни ақл бовар қилмас услублар билан еча бошлади. Улардан бири қуйидагича бўлган:
Икки киши унинг олдига бир ишнинг ҳукмини чиқариб беринг, деб келишди. Бири: “Мен бунга омонат қўйгандим. Энди қайтаришини сўрасам, тан олмаяпти”, деди. Шунда қози айбланувчидан бу ҳақда сўради. Айбланувчи ҳеч нарсани тан олмасдан: “Агар даъвогарнинг ҳужжати бўлса, олиб келсин. Бўлмаса, мана мен қасам ичаман”, деди.
(Шариат бўйича бундай ҳолларда даъвогар даъвоси ҳақ эканига ҳужжат – хат ёки тирик гувоҳлар – келтириши керак. Келтира олмаса, қози айбланувчидан Аллоҳ номи билан қасам ичишини талаб қилади. Қасам ичса, унинг сўзи тўғри экани тасдиқланиб, даъвогар ёлғончи экани маълум бўлади. Агар қасам ичишдан бош тортса, аксинча, даъвогар ҳақ экани ва айбланувчи ёлғон инкор этаётгани аниқ бўлади).
Қози бу маккор айбланувчига қасам ичказса, ёлғондан қасам ичиб, даъвогарнинг мулкини **** кетишидан қўрқди-да, даъвогарга қараб: “Бу кишига омонатни қаерда берган эдинг?”, деб сўради. Даъвогар: “Фалон ерда”, деди. Қози: “У ерда бирор нарса бормиди?”, деб сўради. Даъвогар: “Бир катта дарахт бор эди. Унинг остида ўтириб, соясида бирга овқатланганмиз. Қайтиш олдидан унга ўша нарсамни бергандим”, деди. Қози: “Сен ҳозир ўша дарахтнинг ёнига бор. Ўша дарахт ўша нарсангни қаерга қўйганингни ва нима қилганингни ёдинга солса, ажабмас. Кейин ёнимга қайтиб келиб, менга айтасан”, деди.
Даъвогар ўша жойга жўнаб кетгач, қози айбланувчига: “Сен шеригинг келгунича шу ерда ўтириб тур”, деди.
Сўнг қози ҳузурига мурожаат қилиб келган бошқаларга юзланди ва ҳалиги кишини кўз қири билан кузатиб, наригиларни ишларини кўриб чиқа бошлади. Ҳалиги одам анча босилиб, хотиржам бўлиб, ўтган ишларни бироз унутгандай бўлиб турганда, қози дабдурустдан: “Нима дейсан, шеригинг ўша жойга етиб бордими-кан?”, деб савол берди. У ўйламай: “Йўғ-э, нима деяпсиз, у ер бу жойдан анча узоқ”, деб юборди. Шунда қози: “Ҳой бадбахт, ҳали сен молни олган жойингни билиб туриб, омонатни инкор қиляпсанми?! Худо ҳаққи, сен хоин экансан”, деди. Сўнг ҳалиги одам даҳшатга тушиб, қўлтиғидан тарвузи тушиб, қотиб қолди ва хиёнатига иқрор бўлди. Қози уни шериги келгунича қамаб қўйди. Шериги келгач, унга омонатини қайтариб беришга буюрди...
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев