Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳижрий олтинчи сананинг Шаъбон ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Бани Мусталиқ қабиласининг у зотга қарши одам тўплаётганлиги ҳақида хабар келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам душманни кутиб ўтирмасдан, устига босиб боришга қарор қилдилар. Ўша сафар Ислом лашкари ичида Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул бошлиқ кўплаб мунофиқлар ҳам чиқишди. Мусулмонларнинг Хандақ урушидаги ғалабасидан кейин улар тарозининг оғир палласи томонига ўтиб олишган эди.
Икки тараф Бани Мусталиқнинг Мурайсиъ номли сувхонаси ҳудудида тўқнашдилар. Шунинг учун ушбу ғазот Мурайсиъ ғазоти ҳам дейилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша ерга чодир қурдирдилар. Кейин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга Бани Мусталиққа «Лаа илааҳа илаллоҳ»ни айтиб, ўзларини ҳам, молу мулкларини ҳам омон олиб қолишларини эълон қилишни топширишди.
Аммо Бани Мусталиқликлар урушни ихтиёр қилишди. Жангда улардан ўн киши ўлди ва қолганлари асир тушди. Эркак асирларнинг сони етти юзта эди. Уларнинг молу мулклари, хотинлари, болалари мусулмонларга ўлжа бўлди. Уларнинг барчаси Мадинаи Мунавварага олиб борилди. Етти юз эркак, икки минг туя, беш минг қўй, икки юз оиланинг аёллари ва болалари тақсим бўлишларини кутиб турар эдилар.
Асира аёллар ичида Бани Мусталиқ қавмининг улуғи Ҳорис ибн Абу Зирорнинг қизи Барра ҳам бор эди. У қабила бошлиғининг қизи сифатида ўша даврнинг олий тарбиясини кўрган, ҳамма нарсадан хабардор қиз сифатида вояга етган эди. У ёшлик чоғидаёқ Хузоъанинг машҳур йигитларидан Мусофеъ ибн Сафвонга турмушга берилган эди. Мусулмонлар билан бўлган жангда ўлган ўн кишидан бири ўша Мусофеъ ибн Сафвон эди.
Асирлар ва ўлжаларни мужоҳидларга тақсимлаш бошланди. Барра бинти Ҳорис саҳобалардан Собит ибн Қайс ибн Шаммос розияллоҳу анҳунинг чекига тушди. Катта оилада ўсиб, улғайган Барра бинти Ҳорис ақли расо ва уддабурон ҳам эди. У Собит ибн Қайс ибн Шаммос розияллоҳу анҳу билан музокара олиб бориб, тўққиз увқия тилла бериб, ўзини озод қилишга шартнома тузди.
Барра бинти Ҳорис ушбу шартномадан кейин ўша келишилган миқдордаги тиллани топиш пайига тушди. Бу мақсадга эришиш учун нима қилиш кераклигини у яхши билар эди. Шунинг учун ҳеч иккиланмасдан, тўғри Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мен муслима аёлман, «Лаа илааҳа иллаллоҳ» деб ва сизни Аллоҳнинг Расули, деб шаҳодат келтирганман. Мен ўз қавмининг саййиди Ҳориснинг қизиман. Бошимга сизга махфий бўлмаган бало тушди. Мен Собит ибн Қайс ибн Шаммоснинг чекига тушдим. У мен билан тоқатим ҳам, қўлим ҳам, қудратим ҳам етмайдиган нарсага аҳднома тузди. У тўққиз увқия тилладан иборатдир. Мени ўшанга рози бўлишим сиздан умид қилганим учун бўлди. Аллоҳ сизга саловот юборсин. Сизнинг ҳузурингизга тузган шартномамни адо этишда ёрдам сўраб келдим», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сенга бундан кўра яхшироқ бўлишини хоҳлайсанми?» дедилар.
«У нимадир, эй Аллоҳнинг Расули?» деди у.
«Сенинг шартномангни адо қилиб, ўзингга уйланаман», дедилар у зот.
«Хўп! Эй Аллоҳнинг Расули!» деди у.
«Ўшандоқ қилганим бўлсин», дедилар у зот.
«Буниси қандай бўлди?» дейиш мумкин. Ҳақиқатда бундай бўлишига ақл бовар қилмайди. Бу гап-сўзлар кечагина қирғинбарот уруш қилган икки тарафнинг икки вакили ўртасида бўлиб ўтмоқда. Қандай аёл кеча ўз эрини қатл қилган томоннинг бошлиғининг бир оғиз сўзи ила унга хотин бўлишга рози бўлиши мумкин?!
Яна қавмининг тирик қолган барча аъзолари асир қилиб, тақсимлаб олинган бўлса?!
Яна бу аёл ўз қавмининг улуғининг аслзода қизи бўлса?!
Барра бинти Ҳориснинг бундай қилишига сабаб бор эди. Бу сабабни ундан бошқа фақат Яратганнинг Ўзи билар эди.
Бу сабабни билиш учун имом Байҳақий у кишининг ўзидан қилган ривоятни келтирамиз:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келишларидан уч кеча олдин тушимда Ясрибдан бир ой келиб, қучоғимга тушганини кўрдим. Буни бировга айтишни истамадим. Асирга тушганимизда тушим ўнгидан келишини орзу қилдим. Бас, у зот мени озод қилиб, никоҳларига олдилар».
Ҳа, гап бу ёқда экан. Ҳамма нарса олдиндан аён бўлган экан. Шунинг учун ҳам Барра бинти Ҳорис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дастлаб мурожаат қилганда:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мен муслима аёлман, «Лаа илааҳа иллаллоҳ» деб ва сизни Аллоҳнинг Расули, деб шаҳодат келтирганман», деган экан.
Энди Барра бинти Ҳориснинг тутган иши тушунарли бўлди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тутган ишларини қандай тушуниш мумкин? У зот дунёдаги энг карамли зот эдилар. Бир асира аёл ёрдам сўраб келса, ёрдам беришлари турган гап эди. Шарт қўймай, пулни бериб юбораверсалар бўлмасмиди? Нима учун шартномадаги маблағни тўлаш билан бирга уйланишни ҳам таклиф қилдилар экан?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай қилишларига сабаб бор эди. Бу сабабни у зотдан бошқа фақат Яратганнинг Ўзи билар эди.
Бу сабабни билиш учун имом Бухорий Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан қилган ривоятни англашимиз лозим:
«Ўша хабар одамларга тарқалди. Улар «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуда тарафини қул қилиб бўлар эканми», деб, Мусталақда тушган қўлларидаги барча асирларни озод қилиб юборишди. Уларнинг сони юзта аҳли байтга етган эди. Бу у зот унга уйланганлари учун бўлди. Мен ундан кўра ўз қавмига баракаси кўпроқ бўлган аёлни билмайман. Бу иш у зот Мурайсиъ ғазотидан қайтганларида бўлган».
Ҳа, энди тушунарли бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Мусталиқнинг улуғининг қизига уйланиш орқали ўша қавмнинг барчасини қулликдан озод қилишни ирода қилган эканлар. У зот бутун бошли бир қавмни зое бўлишдан борликка, озодликка, иймонга қайтаришни ирода қилган эканлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа уйланишлари каби, бу уйланишлари ҳам кони ҳикмат бўлиб чиқди.
У зотнинг Барра бинти Ҳорисга уйланганликлари ҳақидаги хабар тарқалиши билан бирга саҳобалар буйруқ билан эмас, ўз ихтиёрлари билан бутун бошли бир қавмни қулликдан озод қилиб юборишди.
У зот Барра бинти Ҳорисга уйланганлари туфайли қулликдан озод бўлган бутун бошли бир қавм Исломни қабул қилди. У зотнинг бу уйланишлари яхшилик устига яхшилик, барака устига барака келтирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам янги онамизнинг исмларини Баррадан Жувайрияга ўзгартирдилар. Ўша вақтда Жувайрия бинти Ҳорис розияллоҳу анҳонинг ёшлари йигирмада эди.
Шундай қилиб, Жувайрия онамиз розияллоҳу анҳо нубувват хонадони аёлларининг дуру жавҳар силсиласига қўшилдилар. Охирги замон пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари сифатида мўминаларнинг оналаридан бирига айландилар.
Шу билан бирга, Жувайрия онамиз розияллоҳу анҳо қабила бошлиғининг қизи сифатида нозу неъматга кўмилиб, ҳойи ҳавасга берилиб, зару кимхобга ўралиб яшашдан кўра Расули Мурсалиннинг хотини сифатида борига шукр қилиб, тақвога ружу этиб, камтарона яшашни маъқул кўрдилар.
Жувайрия онамиз розияллоҳу анҳонинг нубавват хонадонида дастлаб пайдо бўлган ҳолларини Оиша онамиз розияллоҳу анҳо қуйидагича тасвирлайдилар:
«Аллоҳга қасамки, мен уни ўз ҳужрам эшиги олдида кўришим билан ёқтирмадим. У ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мен кўрган нарсани кўришини билдим».
Аммо кўп ўтмасдан, вазият тамоман бошқача ҳолга ўзгарди. Қуйидаги ривоятда зикр қилинган ҳолат юзага келди.
Муслим, Термизий ва бошқалар Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жувайриянинг олдидан чиққанларида у ўз намозгоҳида эди. Қайтиб кирганларида ҳам у ўз намозгоҳида эди. Бас, у зот:
«Ҳали ҳам ушбу намозгоҳингдамисан?» дедилар.
«Ҳа!» деди.
У зот:
«Мен сендан кейин тўрт калимани уч марта айтдим. Агар сен айтган нарса билан тортилса, ортиқ келур: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи адада холқиҳи, ризо нафсиҳи ва зината аршиҳи ва мидаада калимаатиҳи», дедилар.
Жувайрия бинти Ҳорис онамиз розияллоҳу анҳонинг зикр билан кўп машғул бўлишлари мана шу ривоятдан маълум бўлиб турибди. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг олдиларидан чиқаётганларида ҳам намозгоҳларида ўтириб олиб, зикр қилаётган эканлар. У зот ташқарида ишларини битириб, қайтиб келсалар ҳам ўша жойда ўтириб, зикр қилаётган эканлар.
Шунда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳали ҳам ушбу намозгоҳингдамисан?» дедилар.
«Ҳа!» дедилар Жувайрия онамиз зикрни муттасил давом эттираётганларини тасдиқлаб.
Ана шунда Расулу Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр билан зикрнинг фарқи борлигини, баъзи бир зикрни Жувайрия онамизга ўхшаб, узоқ муддат ва кўп такрорлагандан кўра, бошқасини оз такрорлаб, кўп савоб олиш мумкинлигини баён қилдилар:
«Мен сендан кейин тўрт калимани уч марта айтдим. Агар сен айтган нарса билан тортилса, ортиқ келур», дедилар.
Яъни «Мен сенинг олдингдан чиқиб кетганимдан буён ҳозиргача сен айтаётган зикрнинг савоби торозининг бир палласига, мен уч марта айтган тўрт калиманинг савоби бошқа палласига қўйилса, менинг айтганларимнинг савоби оғир келиб, босиб кетади», деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган калималарининг маъноси «Аллоҳга махлуқотлари ададича, Унинг Ўзи рози бўладиганча, Аршининг оғирлигича ва калималарининг оғирлигича поклаш ва ҳамд бўлсин», деганидир.
Жувайрия онамиз розияллоҳу анҳо нафл рўза тутишга ҳам қаттиқ ҳаракат қилар эдилар. Ҳатто дастлабки пайтларда нафл рўза тутиш иштиёқида рўза тутиш қоидаларига хилоф қилганларини қуйидаги ривоятдан билиб оламиз.
Бухорий, Абу Довуд, Аҳмад ва Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳим Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жувайрия бинти Ҳорис онамиз розияллоҳу анҳонинг олдига Жумъа куни кирсалар, у киши рўза тутиб олган экан. Бас, у зот:
«Кеча ҳам рўза тутганмидинг?» дедилар.
«Йўқ», деди.
«Эртага рўза тутиш ниятинг борми?» дедилар.
«Йўқ», деди.
«Ундай бўлса, очиб юбор!» дедилар».
Чунки фақат Жумъа кунининг ўзида нафл рўза тутиб бўлмайди.
Жувайрия онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча ҳадиси шарифларни ривоят қилганлар. У кишининг ҳадислари саҳиҳ китоблардан ўрин олган.
Жувайрия онамиз бошқа оналаримиз каби, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ҳам барча мусулмонларнинг ва хусусан, халифаларнинг иззат-икромларининг тўрида бўлдилар. У киши ана шу иззатни юқори қадрлар эдилар. Бирор сабабга кўра ўз қадрларининг пастлашини истамас эдилар. Агар ўша иш ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудек буюк ва забардаст зотдан содир бўлса ҳам кечирмас эдилар.
Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу мол тақсимлашда оналаримизнинг ҳаммаларини бир хил кўрар эдилар.
Ибн Абу Шайба, Баззор ва Байҳақийлар Fафранинг озод қилган қули Умардан ривоят қиладилар:
«Абу Бакр розияллоҳу анҳу вафот этганидан кейин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифа бўлди. Аллоҳ унга фатҳларни очди. Унга аввалгидан ҳам кўп келди. Бас, у:
«Бу мол бўйича Абу Бакрнинг ўз фикри бор эди. Менинг бошқача фикрим бор. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши уруш қилганларни у зот билан бирга уруш қилганларга ўхшатмайман», деди.
Бас, у муҳожир ва ансорларни афзал қилди. Улардан Бадрда иштирок этганларига беш минг-беш мингдан тайин қилди. Исломи Бадр аҳлининг Исломидан олдин бўлганларга тўрт минг-тўрт мингдан тайин қилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларидан ҳар бир аёлга ўн икки мингдан тайин қилди. Фақат София ва Жувайрия розияллоҳу анҳумонинг ҳар бирига олти мингдан тайин қилди. Улар уни олишдан бош тортишди.
Шунда у:
«Мен уларга ҳижратга қараб тайин қилдим», деди.
«Сен уларга ҳижратга қараб эмас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маконатларига қараб тайин қилдинг. Биз ҳам уларнинг маконатидамиз», дедилар.
Буни қайта кўриб, уларнинг ҳаммаларини тенг қилди».
Бу ерда Жувайрия бинти Ҳорис онамиз ва София бинти Ҳуяй онамиз мол учун эмас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидаги маконатлари учун талашган эдилар. Уларнинг олган молларининг ҳаммасини муҳтожларга тарқатиб юборишлари ҳаммага маълум. Бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидаги маконат ҳақида гап кетгани учун Умар розияллоҳу анҳу адолат тарафига ўтиб, ўз гапларини қайтариб олдилар.
Жувайрия онамиз розияллоҳу анҳо ҳижрий эллигинчи санада, олтмиш беш ёшларида вафот этдилар ва Бақийъ қабристонига дафн қилиндилар.
Аллоҳ таоло Жувайрия бинти Ҳорис онамиз розияллоҳу анҳодан рози бўлсин!
«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев