КАЪБА ЭШИГИДА ЎЗБЕК ХАТТОТНИНГ ИСМИ БОР(МИ?)
Ислом динининг ривожида, мусулмон тамаддунида юртимизда етишиб чиққан буюк алломалар катта ҳисса қўшишган. Бугун Қуръони каримдан кейинги ўринда турадиган энг саҳиҳ ҳадислар тўплами буюк ватандошимиз имом ал-Бухорий томонидан яратилганини биламиз.
Маълумки, Каъба ўн тўрт асрдан бери мусулмонлар учун энг муқаддас қадамжо ҳисобланади. Уни тавоф қилиш исломнинг беш арконидан бири саналади. Ўша даврдан ҳозиргача Каъба 14 марта таъмирланган, унинг эшиги ҳам бир неча бор алмаштирилган. Каъбанинг Пайғамбаримиз (с.а.в) даврида ясалган эшиги Туркиянинг Истанбул шаҳрида, Тўпқопи музейида сақланади.
Каъбанинг ҳозирги эшиги 1943 йилда ёғочдан ишланган, 1977 йили Подшоҳ Холид ибн Абдулъазиз ол Сауд фармонига биноан бу эшикка 250 килограм соф тилладан қоплама ясалган. Мазкур эшикни заргарлик, кандакорлик ва хаттотлик санъатининг энг нодир намуналаридан саналади.
Кейинги пайтларда интернетда кенг тарқалган бир хабарга кўра, мазкур эшикда Қуръон оятларини кўчиртириш учун қирол мамлакатдаги хаттотлар ўртасида танлов ўтказишни буюради. Танловда 1927 йилда оиласи билан Тўрақўрғондан Маккага бориб қолган хаттот Абдураҳмон қори Намангоний ғолиб чиқади. Подшоҳ уни тилла эшикка хат битиш учун таклиф қилади. Қори хатни ҳеч қандай ҳақ олмай ёзишни, фақат эшикнинг бир четига «Абдураҳмон Намангоний» деб ёзиб қўйишларини илтимос қилади. Подшо олдин бунга кўнмайди. Аммо, хаттотнинг ишига, санъатига ич-ичидан тан берган ҳукмдор бу ишга розилик беради. Шу тариқа Каъбанинг олтин эшигида наманганлик бир ҳамюртимизнинг исми битилади.
Бу маълумот қанчалик ҳақиқатга яқин, бир нарса дейиш қийин. Очиқ манбалардан Маккада яшаган Абдураҳмон Намангоний исмли хаттот ҳамюртимиз ва унинг Каъба эшигидаги битиклари ҳақида маълумот учрамади. (Ижтимоий тармоқлардаги манбаси кўрсатилмаган хабарлар бундан мустасно).
Каъба эшигидаги битикларга келсак, араб алифбосидан хабардор ҳар бир инсон уларни зиёрат пайти ёхуд интернетдаги суратлари орқали бемалол ўқий олади. Каъба эшиги унинг шимоли-шарқий қисмида, Ҳажарул-асваддан 2 метрлик масофада ўрнатилган. Ердан баландлиги 1,92 метр, кенглиги 1,9 метр, баландлиги 3.1 метрлик эшикда асосан Қуръони карим оятлари ва Аллоҳнинг исмлари ўқиб ёзилган.
Эшикнинг энг юқори қисмидаги иккита айланада “Аллоҳ Жалла жалолуҳу” ҳамда “Муҳаммадур саллоллоҳу алайҳи ва саллам” сўзлари битилган. Кейинги тўрт қатордан Ҳижр сураси 46-ояти, Моида сураси 97-ояти, Исро сураси 80 ояти ҳамда Анъом сураси 5-ояти, сал қуйироқ, қулфнинг устида Ғофир сурасининг 60-ояти ҳамда Зумар сурасининг 53-ояти битилган. Ўнг томондаги доирада “Ла илаҳа иллаллоҳ”. чапдаги доирада “Муҳаммадур-росулуллоҳ” битиклари мавжуд.
Қулф остидаги ўнг ва чап тавақадаги доиралар ичида “Фотиҳа” сурасини ўқишингиз мумкин.
Унинг остида эса, араб тилида “бу эшик 1363 йилда Саудлар оиласи мансуб, қирол ва икки ҳарам ходими Абдулъизиз бин Абдурроҳман тарафидан ясалган”, унинг остида эса “бу эшик қирол Холид ибн Абдулъазиз тарафидан 1399 (ҳижрий) йилда зийнатланган” сўзлари жойланган. Икки томонда эса “асмоъул-ҳусно” яъни Аллоҳнинг 15 та гўзал исмлари ёзилган.
Кўриб турганингиздек, бу битиклар орасида ҳамюртимизнинг номи учрамайди. Эхтимол энг қуйи қаторда кўзга ташланмайдиган нақшлар орасида чиндан ҳам қандайдир исм яширилгандир. Аммо, бу исмни топиб ўқиш айни дамда имконсиз. Ҳар қалай биз топа олмадик. Аниқ маълумотлар бўлса, бўлишишингиз мумкин...
Рустам Жабборов
Rustam Iqbol
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1