Гр: 🔥Ҳикоя ва қиссалар 🔥
Муаллиф: Наргиза Усанбоева.
Унга ишондим. Ҳамма сўзи табиий ва самимий эди. Танишувимиз ҳам тасодифан ва кутилмаганда бўлган.
Мен бозордан қайтаётгандим. Автобусга чиққанимни биламан, қўлимдаги елим пакет узилиб, меваларим сочилиб кетди. Уятдан қизариб тера бошладим. Шунда ёнимдаги йигит ҳам ҳам ёрдамлашишга киришиб кетди.
— Қўяверинг, ўзим… — дедим хижолат бўлиб.
— Юкингиз оғир шекилли, шунга узилган. Менга беринг, — у шундай дея қўлимдаги сумкаларни олди.
У эса бермади. Сал ўтмай дедим:
— Беринг, оғир. Қўлингиз оғриб кетади.
— Ие, ҳозиргина оғирмас, деётган эдингиз-ку!
Нима дейишни билмай қолдим. Автобусдан тушиб кетаётганимдагина юзига қарадим:
— Мен тушаман энди. Раҳмат, сизга!
— Арзимайди, — деди у жилмайиб.
Келишган йигит эканлигини кўриб, янада ўзимни ноқулай ҳис қилдим.
Бу воқеа эсимдан чиқиб кетай деганди. Ишга шошиб кетаётгандим. Кеч қолаётганим учун биринчи келган тиқилинч автобус эшигига ўзимни урдим. Эшик зўрға ёпилиб, сумкамни қисиб қолди:
- Эшикни бир очиб ёпинг. Сумкам қисилиб қолди, — дея ҳайдовчига бақирдим.
— Ҳар доим сумкангиз муаммо туғдираркан. Умуман сумка олиб юрманг, — деган овоз келди ёнимдан.
Ҳайрон бўлиб бошимни кўтардим. Ўша заҳотиёқ танидим. Бу ўша менга ёрдамлашган йигит эди. Беихтиёр жилмайдим:
— Шуни айтинг. Буни энди сезибман.
— Яхшимисиз? — деди у.
— Раҳмат. Ўзингиз-чи?
Шу билан ишхонамга етгунча гаплашиб келдик. Икки кун ўтиб яна автобус учраштирди бизни.
— Йўлимиз бир экан-да, — деди у кулиб.
Биз ҳар учрашиб қолганимизда саломлашар ва гаплашиб кетардик. Бора-бора уни автобуслардан излайдиган бўлдим. Чиқа солиб аланглардим. Чунки айнан қайси автобусга чиқиши номаълум эди. Ҳар доим ҳар хил автобусда учрашиб қолардик.
— Мени қидирмаяпсизми? — деди у бир куни уялтириб.
— Йўғ-е, — дедим қизариб. — Бўш жой бормикан, деб қарадим.
— Сиздай ёш қиз жой изласа-я! — ҳазиллашди у.
— Унда сизни излаган бўла қолай, — уни излаганимни билмасин, деб атай айтдим.
— Биламан буни, — деди у мени ҳайрон қолдириб. — Чунки ўзим ҳам сиз чиқадиган бекатга келганда аланглайман. Чиқмасангиз хафа бўламан.
Бу гаплардан ғалати бўлиб кетдим. Кун буйи шу сўзларни қайта-қайта такрорладим. У ҳам мени ўйларкан? Мени ахтараркан… Ўзимга ўзим шу сўзларни айтиб, хурсанд бўлардим. Кейин уни севиб қолганимни англадим. Аммо бизни ҳамон автобуслар учраштирар, у менга бошқа умидбахш сўз айтмасди. Уни кўрсам барча ғамим ариб, кўнглим қувончга тўларди. Қани энди, кун бўйи у билан автобусда юрсам. Гаплашмасам ҳам майли. Дийдорнинг ўзи менга катта куч берарди. Уни кўрмаган куним мунғайиб, чўкиб қолардим. Бир сафар нақ бир ҳафта уни кўрмадим. Дунёнинг севинчи бегона бўлгандек маъюслашдим. Қўлим ҳам ишга бормасди. Умидимни узиб афтобусга чиққанда уни изламасликка ҳаракат қилдим. Уни ҳар доим эрталаб кўрардим. Кўрган куним мендек ғайратли қиз бўлмасди. Энди эса… Ғамгин қиёфада уйга қайтаётгандим.
— Мени изламай қўйдингизми? — таниш овоздан юрагим ҳапиқиб кетди.
Гўё қалбимга ёруғлик киргандек бўлди.
— Кечки пайт кўрмасдим-ку! — дедим ҳаяжонимни сездирмасликка ҳаракат қилиб.
— Ишимни ўзгартирдим. Бошқа томонга қатнаяпман. Бугун сизни кўриш учу атай ишдан вақтли чиқдим. Сиз чиқадиган бекатга келдим. Мени кўрмадингиз. Жуда бепарвосиз-а?
Бу сўзлар эс-ҳушимдан айирди. Уйга қандай келганимни билмайман. У мени кўриш учун ишдан эрта чиқибди. Демак, менга ўхшаб соғинибди. Наҳот, мени севса? Кечаси уйқуларим очилиб кетди. Кейин яна уни кўрмадим. Аммо бошқа жойда ишлаётганини билганим учун хотиржам эдим. Унинг айтган гапларини ўзимга такрор-такрор айтиб овунардим. Бу сафар ўн кун деганда уни ишхонам бекатида кўрдим. Наҳот, мени кўришга келди? Юрагим чиққудек ури бошлади.
— Салом! Бу гал кўрдим сизни, — дедим ўзимни бепарво тутишга уриниб.
— Кўрмасангиз роса хафа бўлардим…
Унинг бу гапи қалбимни ўртаб юборди. Биз индамай автобусга чиқдик.
— Сизга боғланиб қолибман, шекилли… — деди у автобусда. — Шунинг учун бугун ҳам ишхонамдан эрта чиқдим.
Бу сўзлар яна икки ҳафта менга овунч бўлди. Лекин бу сафарги гапи менга бутун дунёни қоронғи қилди. Ўзимни қўярга жой топа олмай қолдим.
— Хотиним туғруқхонада эди. Шунга бу томонларга кела олмадим. Ўғилчали бўлдим, табрикламайсизми?
— Табриклайман, — зўрға дедим унга.
Ўша куни кечаси йиғладим. Ўзимнинг бу қадар таъсирчанлигимдан уялдим. Ахир у бирор марта менга “сизни севаман”, демади-ку! Нега мен севиб қолдим? Нега мен ундан умид қилдим? Энди қандай унутаман? Уни унутишга уриниб кўрдим. Аммо қўлимдан келмади. Қалбимнинг оғриқли ярасига айланди у…
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 5