7-қисм.
Гр: 🔥Ҳикоя ва қиссалар🔥
Муаллиф: Наргиза Усанбоева.
Энди қандай қилиб унинг кўнгли ёришсин, қанақасига юзи кулсин?
— Бор, онангдан дори олиб, ич! — деди Бекмурод Абдусалимдан кўз узмай. — Ҳали даврага бир сув сепиб чиқасанлар. Бўлмаса, чангиб кетади-ёв.
Ўша куни кечки пайт Ўлмас қий-чув бўлаётган даврага бошқа яқинлашмади.
— Бошим оғрияпти, — деди-ю, “Бап-бап” қилиб келинни олиб келган машинага ҳам қарамай, ўзини ичкарига урди. Уйлардан бирига кириб анча ётди. Кириб-чиқиб юрганлар саволга тутавергач, яна ташқарилашга мажбур бўлди.
Аллақачон қоронғи тушган, тўй авжида, ким рақс тушган, ким қийқирган: ҳамма ўзи билан овора.
Давра томонга ўтишга, келин кўйлагида акаси ёнида ўтирган Сарварага қарашга Ўлмаснинг юраги бетлармиди? Дунёга сиғмай кетяпти-ку!
У хўрсинганча, уйнинг ён томонига ўтди-ю, ерга ётқизиб қўйилган шотини тик қўйиб, чердакка кўтарила бошлади...
Тўй қандай ўтди, нималар бўлди Ўлмас бехабар қолди. Ҳовлидан келаётган овозлардан уйғониб кўз очганида, қуёш тиккага келган, уйдагилар уни қидириш билан овора эди.
— Кеча охирги марта ким кўрганди? Қаёққа қараб кетаётганди? Тўй базмида ҳам кўринмади-ку! — дерди ҳовли ўртасида туриб олган ўгай опаси.
— Бошим оғрияпти, деб дори сўраганини биламан. Бошқа кўрмадим, — онасининг овози йиғи аралаш келди.
— Тўй куни қаёққа ғойиб бўлади? Тавба... — деди яна кимдир.
Ўлмас иккиланиб қолди. Чиқишини ҳам, ўтиришини ҳам билмайди. Энди нима дейди, уйдагиларга? “Сарварани севардим, чидолмай чердакка чиқиб ётдим”, деёлмайди-ку!
“Кеча сезишдимикан? Балки эрталабдан буён қидиришаётгандир? Сарвара ҳам эшитдимикан, йўқлигимни? Қандай хаёлга бордийкан?”
Чердак эшигидан бош чиқарган Ўлмас нарвоннинг олинганини кўрди. Тўй даврасига ўрнатилган устунлардаги лампочка, гилам, симларни ечиш учун олишган шекилли. Шунинг учун ҳам унинг чердакда эканлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмаган.
— Нарвонни олиб келинглар, — деди ийманибгина Ўлмас.
Ҳовлида турган барча одам ялт этиб унга қаради. Биринчи бўлиб онаси койий кетди:
— Чердакда бало борми, сенга? Нима қиляпсан, у ерда? Одамни кечадан буён юрак касал қилиб ўлдирдинг-ку!
— У ёқда нима қиляпсан? Ҳушинг жойидами? — давом этди отаси.
Ўлмас то пастга тушиб олгунча индамади. Тайинли баҳонаси ҳам йўқ. Охири ростини айтиб қўя қолди:
— Бошим оғриётганди. Озроқ ётай десам, кўрган одам саволга тутаверди, охири чердакка чиқишга мажбур бўлдим. Ухлаб қолибман-да!
Уни кўриб ҳамма хотиржам тортди шекилли, тўйдан кейинги удумларни давом эттиришга киришиб кетишди. Сарварани чиройли кийимларда янгаси етаклаб, ҳовлига олиб чиқди. Аввалига супра ёзиб, ун элатишди. Сўнг “қуйруқ тўғратар” бўлди. Кейин қозонга ёғ солдиришди. Келинчакни зимдан кузатган Ўлмас, чексиз азоб ичида қолаётганини ҳис қилди. Бошини кўтармай, итоаткорона қадам ташлаётган, ял-ял ёниб турган келинчак уларнинг рўзғорига қанчалар яқинлашаётган бўлса, Ўлмасдан шунча олислаётганди. Юраги ўртангани сари йигит акасини ёмон кўриб борарди. Тағин кечки пайт Абдусалим уни ёнига чақирди. Унинг димоғи чоғ, терисига сиғмасди.
— Иярчан! Биламан, чарчагансан, аммо мана у самоварни ҳам эгасига топшириб кел. Битта шу қолиб кетмасин.
— Хўп, — деди Ўлмас унга қарамасликка ҳаракат қилиб.
— Ҳа-а, бир нимангни бой бериб қўйгандек, юзимга қарагинг келмайди, — атай кесатди Абдусалим.
— Хурсанд бўлсанг-чи, энди навбат сеники Ўлмас. Бирортасини топиб қўявер, — ҳазиллашди сал нарида ўтирган катта акаси.
Ўлмас зўрма-зўраки жилмайган бўлди. Индамай бориб, Абдусалимнинг қўлидан самоварни олди. Акаси эса қўйиб юбормади.
— Беринг, ташлаб келай. Олиб келаётганимизда “Дарров етказинглар, яна бир тўйга сўрашган”, дейишганди, — деди Ўлмас бошини кўтармай.
— Нега ўзгариб қолдинг? Бирор нарсангни тортиб олдимми? — эгилиб Ўлмаснинг юзига қаради Абдусалим.
Унинг кўзларида акс этган нописандликни Ўлмаснинг нигоҳидаги ғазаб ва нафрат парчалагандек бўлди. Энди Абдусалимнинг кўзларида ҳам совуқ нимадир йилтиллади ва тишлари орасидан деди:
— Менга қара, Иярчан! Агар Сарварага гапириш тугул, қараганингни сезиб қолсам, кунингни кўкка совураман!
Ўлмас унинг қўлидан самоварни юлқиб олди-ю, узоқлашди. Акасига нисбатан юрагида чексиз нафрат туйди.
“Демак, ҳаммасини билган! Била туриб, атай шундай қилди? Бўлмаса, менга “Сарварага гапирма!” демаган бўларди. Ярамас, номард! Ахир бир уйда яшаб, қандай гапирмайман? Аслида Сарвара билан суҳбатлашиш у ёқда турсин юзига ҳам қарай олмайман-ку!”
Ўлмас учун ҳар кун ва тун изтироб билан ўта бошлади. Бу ҳам етмагандек уйдагилар саволга тутади:
— Нега янганг билан гаплашмайсан?
— Янганг билан қачон уришиб улгурдинг, уят эмасми?
Барча саволларга Сарвара ва Ўлмасдан аввал Абдусалим жавоб беради:
— Буларни уялтирмангизлар. Тўйимиздан аввал уришиб қолишган. Синфдош бўлгандан кейин нима бўлади, уришади-талашади-да...
Шу билан уйдагилар уларнинг бир-бирига бўлган муносабатига кўникди. Аммо Ўлмас Сарварадан жудо бўлганига, акасининг рафиқаси эканлигига кўника олмади. Келинчакнинг қалбидан кетаётган туғёнлар ҳам унга маълум эмас.
11
2000 йил. Ёз. Тошкент
Малакни аммаси ва қайнонасининг қилиқлари ҳайратга соларди. У Бувсара кампирни — амма, Зумрадни — ойи дерди. Келин бўлиб келганидан кейин уларга қандай мурожаат қилишни билмай юрди. Зумрад эса бирдан минғирлашни бошлади:
— Ўзингизни бегонадек тутманг. Мени “ойижон”, ойимни “бувижон” деб юравермайсизми? Ҳали бирор марта эшитмадим, шундай деганингизни...
— Мени “амма” деяверсин. Унинг аммаси бўлиб қолишни истайман. Келин эмас, жияним бўлиб қолаверсин, — деганди ўшанда Бувсара кампир.
Малак Бувсара кампирнинг ҳам, Зумраднинг ҳам раъйини қайтармади. Бироз қайнонасидан хафа ҳам бўлди. Унга “Ўзингизни бегонадек тутманг”, деган аёлнинг сўзларини қаранг. “Сиз” деб гапириш билан унинг ўзи Малакни узоқ-узоқларга улоқтириб, бегона қилмаяптими? Ундан кўра “Малак” деса, илгаригидек сенласа яқин, қадрдон бўлмасмиди?
Бувсара кампир эса худди бувиси каби айланиб-ўргилади. Лекин баъзан қизи билан пичирлашиб, Малакнинг кўксидан итараётганини сезмайди.
Бир ҳафта ўтмай, Зумраднинг айтган гаплари эса буткул Малакни шошириб қўйди.
— Келин, бўлди, келин кийимларингизни чувалаштириб кийишни бас қилинг. Мана, сизга калтагина, торгина халат ва кўйлаклар олиб келдим. Шуларни кийинг. Енгилгина-да.
Малак савол назари билан Бувсара кампирга қаради.
— Қайнонангнинг айтганини қилавер, болам. Ростдан ҳам бу кийимлар енгил ва роҳатижон. Пахтадан бўлган-да. Яна Шариф эгнингдагига ўхшаш ялтир-юлтир, узун кўйлакларни ёқтирмайди, шекилли, — деди аммаси ҳам уни лол қилиб.
Аммо бу калта-култа кийимлар эрининг унга бўлган муносабатини ўзгартирмади. Ишдан кеч қайтадиган Шариф телевизордан кўз узмас, айрим пайтлар ўртоқларини баҳона қилиб, кечки овқатдан кейин чиқиб кетиб қоларди. Бундай пайтларда гоҳида ярим кечаси кириб келса, баъзан эртасига қайтарди уйга.
Бу Малакка ҳам ёқиб тушарди. У эрига кўнгилсиз бўлгани учунми, Шариф қанча уйда кам бўлса, шунча эркин юрарди. Аниснинг кўрсатуви эфирга кетадиган кунлари эса ўзини қўярга жой тополмас, аммо энди турмушга чиққан аёл сифатида дастурни кўришдан ўзини тийишга ҳаракат қиларди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 7