8-қисм.
Гр: 🔥Ҳикоя ва қиссалар🔥
Муаллиф: Наргиза Усанбоева.
У ўйга толиб қанча турганини билмайди. Қайнонасининг овози хаёлини бўлди:
— Малакхон, келинг! Навбатимиз яқинлашиб қолди.
Малак диққинафас коридорда ҳам пича турди. УЗИхона кичкина, аммо ёруғ экан. Хона тўрига қўйилган стол-стул бўш, унинг ёнидаги ўринда эса ҳамшира қўлида ручка тутганча ўтирибди. Қизнинг рўпарасида, чап томонда тўсиқ. Унинг ортида эса каравот ва компьютерни эслатувчи аппарат.
— Исм-шарифингиз? — деди ҳамшира ручканинг орқа томонини тишлаб.
Зумрад келинига оид барча маълумотларни айтиб турди. Малак эса тўсиқ ортидаги каравотга ётди.
— Ҳомила яхши ривожланяпти. Сал пастроқда жойлашган. Эҳтиёт бўласиз, қайнонаси! — Зумрадга юзланди текшираётган шифокор. — Уч ойгача оғир юмушлардан озод этасиз!
— Кўп қусаяпти. Шунга бирор нима ёзиб беролмайсизми?
— Буни ўзининг шифокори ҳал қилади, опа. Мен фақат кўриб бераман.
— Раҳмат! — деди Малак ўрнидан қўзғаларкан.
У ҳамон тушкун ва эзғин эди. Балки шифокорнинг гапларидан сўнг қайнонаси уйига олиб бориш тугул, умуман остона ҳатлатмаслигини билиб кўнгли ўксигандир?
— Эшитдингизми? Ўзингизни эҳтиёт қилинг, — гапга тушиб кетди Зумрад хонадан чиқа солиб. — Болангизга зиён етмаслиги керак. У билан Шарифни уйга боғлаб оламиз, ҳа...
Қўлтиқлашиб илдам одимлаётган Зумраднинг бирдан тўхтагани ва сўзи оғзида қолгани Малакни ажаблантирди. Бошини кўтариб қайнонасига қаради. Зумрад рўпарасидан илон чиққан бақадек қотиб турарди. Кейин Малак ҳам шу ҳолга тушди.
— Ойи? — Шарифнинг овози ҳайрат ичида янгради.
Унинг ортида турган жувон ўзини намоён қилишни истагандек, бир қадам босиб, Шарифнинг ёнидан жой олди. Сўнг бор бўй-бастини кўрсатишга уринган каби ўнг қўлини белига тираб, оғирлиги чап оёғида ташлаганча, кўзларини лўқ қилди.
— Бу нима юриш? — шивирлаб, аммо ўткир овоз билан сўради Зумрад.
Шариф бунга жавобан ёнидаги жувонга қаради.
Малак ҳам, Зумрад ҳам энди унинг ҳомиладорлигини, қорни дўмпайиб, анча сезилиб қолганини пайқашди. Аёл ҳам худди жўртага қилгандек, чап қўли билан қорнини оҳиста силади. Қизғиш, калта сочли, юз-кўзидан заҳархандалиги сезилиб турадиган бу хотин тор шим билан сал кенгроқ кофта кийиб олганди. Шариф ва бу аёлни танимаганлар бир қарашда опа-ука деб ўйлаши аниқ. Чунки иккаласи ҳам оқ-сариқдан келган, гўштдор бурунли ва ингичка лабли. Шарифнинг эса жувондан бир неча ёш кичиклиги яққол сезиларди.
Жувон Малакнинг ўзидан анча ёш ва гўзаллигини пайқагани учун унга еб қўйгудек тикилмоқда.
Малак бўлса тезроқ уйга боришни ва салқин хонада бироз чўзилишни истайди. Ҳозир кўзига эри ҳам, кундоши ҳам кўринаётгани йўқ. Тўғри, унинг қанақалигига қизиқарди. Мана, кўрди ҳам. Энди нима қилсин? Бақирай, жанжал қилай деса, бунга мажоли ҳам, хоҳиши ҳам йўқ. Бир томондан Шарифда кўнгли йўқлиги ҳам фойда беряпти. Бўлмаса, бир дарди ўн бўлармиди? Бироқ, барибир у кўз очиб кўргани, турмуш ўртоғи. Шунданми, уйга келмаган кунлари изтироб чекарди. Аммо ҳозир бўғзини қисиб келаётган кўнгил айниши барча дардларидан устун.
У оғзини бекитганча, ёнгинасида турган ўриндиққа чўкди.
— Нима қиляпсизлар бу ерда? — ҳамон ўзига келолмай сўради Шариф.
Ҳар доимгидек Зумрад сирини ичида сақлаб туролмади. Кутилмаганда айёрона жилмайиб, хуш кайфиятда деди:
— Ўзингни билмаганга олма. Эрталаб айтдинг-ку, “Малакнинг мазаси йўқ, кўрсатиб келинг”, деб. Гумонимиз тўғри чиқди. Суюкли келиним ҳадемай сенга қўчқордай ўғил туғиб беради.
Шарифнинг бирдан кўзлари порлади. Ёнидаги жувонда эса акси бўлди. Аввалига мунғайиб, кичрайиб қолгандек кўринди. Сўнг бирдан жонланиб, ўт чақнаган кўзларини ўриндиқда шалвираб ўтирган Малакка тикди. Унинг хурпайганини кўрган Шариф хавотирга тушди.
— Уйда гаплашамиз, ойи, — деди у онаси ва хотинидан тезроқ узоқлашишни истаб. Кейин бошини буриб, аммо нигоҳларини қаратмай туриб ёнидаги аёлга деди: — Кетдик, ишга боришим керак ҳали.
— Мен билан қачон гаплашасиз? — жойидан жилмай ёқимсиз овозда чинқирди аёл. — Ёлғонларсиз, алдовларсиз очиқ гаплашасизми ўзи?
— Маҳбуба... — ноқулай аҳволда қолди Шариф. — Кетдик, дедим.
— Нега алдадингиз? Менга “Унга қўлимни ҳам теккизганим йўқ, ҳадемай кетади”, деган эмасмидингиз?
— Маҳбуб... — Шариф гапини давом эттиролмади.
— Ҳей, аҳмоқ! — аёл бирдан Малакка ўдағайлади: — Шарифнинг сенга нима учун уйланганини биласанми? Менга йўл очиб беришинг учун! Тезроқ йўқол қишлоғингга! Сен кетсанг, кейин ҳеч ким бизга тўсиқ бўлмайди, ҳеч ким гап ҳам қилмайди. Тушундинг! Сен биз учун бахт эшигини очиб берувчи калит эдинг. Бўлди, эшикни очдинг, энди йўқол!
Малак қўрқиб кетганидан ўзини орқага тортиб, елкаси билан деворга янада ёпишди.
— Ўв, мегажин! — аччиқ пичинг билан деди Зумрад Маҳбубанинг қўлидан тортиб. — Сенга ким қўйибди менинг келинимга гапиришни?! Малак — менинг келиним, Шарифнинг хотини! Сен кимсан? А? Кимсан? Кўчадан илакишган ғунажинсан! Кўчадан илакишганлар кўчада қолади!
Атрофда томошабинлар кўпая бошлагани учун Шариф ўзини йўқотди. Жовдираб бир хотинига, бир хушдорига, бир онасига боқди. Уч аёлни ҳам ўзгаларнинг эътиборини тортишаётгани қизиқтирмас, ўзлари, ўз дардларидан бошқасини ўйламасди.
— Ойи, — деди охири Шариф онасининг қўлидан ушлашга уриниб. — Бўлди, уйга кетинг. Одамлар қараяпти.
— Ҳо-о, — жеркиб, қўлини тортиб олди Зумрад. — Фақат менга гапинг ўтади-да, а? Манов мегажинингни қайтар аввал!
Маҳбуба эса пайтдан фойдаланиб, Малакнинг сочига чанг солишга улгурганди. Унинг чинқирганигами ё ғала-ғовурданми, чап томондаги эшикдан бир шифокор аёл югуриб чиқди.
— Нима жанжал? Бу ер шовқин соладиган жой эмас! — деди у бор овози билан. — Кўрмаяпсизларми, қанча бемор бор? Инсоф ҳам керак-да, чиқинг, бу ердан!
Зумрад Маҳбубани итариб юборди-ю, Малакнинг қўлидан ушлаб кетишга шошилди. Мувозанатини йўқотган Маҳбуба эса ерга ўтириб қолди. Шариф жон ҳолатда унинг белидан тутди.
— Вой-дод! Менга бир нима бўлди! Агар боламга зарар етса... — кундоши ва Шарифнинг онаси ортидан аламли бақирди у.
Аёлнинг аччиқ чинқириғидан сўнг ҳалиги шифокор Маҳбубанинг ёнига югуриб келди. Буни кўрган аёл ўзини баттар жони оғриётган кўрсатиб, юзини буриштирди, қўлини қорнига олиб бориб, инқиллай бошлади:
— Булар биргалашиб, мени боламдан жудо қилишмоқчига ўхшайди!
— Туринг, эҳтиёт бўлинг, — унга ёрдамлашди шифокор. Сўнг Зумрадга юзланди: — Кап-катта хотинсиз опа, уялмайсизми? Бир нима бўлса, сизга чора кўришларини биласизми? Яна “Соғлом авлод йили”да-я! Биз авлодларимизнинг соғлом дунёга келиши учун курашаётган бир пайтда сиз аксини қиляпсиз!
Бу гапдан сўнг Маҳбуба анча жонланиб қолди:
— Менга душмандек қарашади. Шу бола невараси-ку!
Бу гапдан кейин Зумрад таққа тўхтади:
— Мен сенга ҳали душманлик қилмадим. Чангалингдан бегуноҳ келинимни тортиб олдим. Сенга ўхшаганларга жин ҳам урмайди!
Бу пайтда шифокор Маҳбубани етаклаб олиб кетар, Шариф эса қай томонга бўлишни билмай, аросатда турарди.
— Юрмайсизми? — зорланган бўлди унга қараб Маҳбуба.
— Юрмайди! Келинимнинг аҳволи сеникидан оғирроқ! — дея Зумрад ўғлига маъноли қаради.
— Эримисиз? Юринг, — шифокор ҳам Шарифни имлади.
— Унинг эмас, бунинг эри! — кўзлари билан Малакни кўрсатиб деди Зумрад кулгили бир тусда. — Унинг эри кимлигини билмаймиз! Юр, Шариф!
Шариф онасига яқин келди:
— Юринг, унинг аҳволини билайлик. Кейин бирга кетамиз.
— Бир камим унинг аҳволидан хабар олиш эди, — тутаб кетди Зумрад.
Кутилмаганда эса Малак ўхчий бошлади.
— Вой ўлмасам, шошма! — шошиб қолди Зумрад.
Шариф ҳам югуриб келди.
— Пастга олиб туш. Мегажинингга қарай-чи, майиб қилиб қўймабманми? — деди у ўғлига Малакни топшириб. — Тағин ортимдан туҳмат қилиб, судга бериб юрмасин! Ундан ҳар балони кутиш мумкин.
Шариф онасига сўзсиз бўйсунди. Хотинини суяб пастга туша бошлади.
— Болангиз жуда яхши ўсяпти. Соғлом. Ўғил! — деди аппарат экранидан кўз узмай гапираётган шифокор Зумраднинг УЗИ хонага бош суққанига ҳам парво қилмай.
“Ўғил” сўзи Зумраднинг қулоғига бирам ёқимли эшитилдики... Беихтиёр ичкарига кириб экранга кўз тикди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 5
Davomini intizor kutib qolamiz