9-қисм.
Гр: 🔥Ҳикоя ва қиссалар🔥
Муаллиф: Наргиза Усанбоева.
“Илоҳим, акамнинг эрта туриб югурганлари, дадамнинг сарфлаган пуллари куймасин. Нима бўлсаям “шпаргалка”да бор саволлар тушсин...” — дуо қилган бўлди у.
Афсуски, қўрқа-писа очган қоғозларидаги ёзувларнинг бирортаси Шаҳлодаги тест саволларига умуман мос келмади. Иложсиз қолган қиз ўзи бош қотиришга мажбур бўлди. Аммо аввал ичида ўша “шпаргалка” сотган кишини роса лаънатлади.
— Пулини бериб қўйганмидингиз? — деди акасига уйга келиб у. — Умуман “тушмади”. Алдашибди.
— Ие, саволлар тўғри келмадими?
Ака аламдан бошқа тилда сўкинди. Отаси ҳам койиди:
— Номардлар! “Бу йил айнан мана шу “шпаргалка”дагилар “тушади” деб ишонтиришганди. Пулларни ҳам олдиндан олди шу учун. Эсиз пул, эсиз вақт. Кечаси билан ухламай кутиб чиққанимиз-чи? Майли... Ўзим ечдим деяпсан-ку, бу ёғи омаддан...
Шаҳлонинг омади чопди. Шартнома асосида бўлса ҳам талаба бўлди. Қувончи чексиз. Лекин бир дугонасидан Бекзоднинг “йиқилгани”ни эшитди.
Бу қалбининг бир четини тирнаб ўтгандек бўлди. Лекин оғриғи узоққа боргани йўқ. Чунки у ўқишнинг илк кунидаёқ ҳалиги қўпол йигитни дарсхонада кўрганди...
14
2001 йил. Ёз охири. Ғаллаорол
Қуёш тафти ерни тандирдек қиздирган. Унинг ҳовури узоқ-узоқларга кўз тиккан киши кўз ўнгида жилваланиб, борлиқнинг гўзал манзарасини сассиз титратгандек бўлади. Иссиқдан мудраган каби дарахтлар ҳам бош эгган, ним пишган мевалар эса моҳир мусаввир чизган сурат сингари қотиб турибди. Гўё бу сокинликни бузгиси келмагандек, қилт этган шамол йўқ.
— У-ф-ф, ёндираман дейди-я! — кенг кўйлагининг ёқасидан ушлаб силкиганча ўзига шамол беришга ҳаракат қиларкан Баҳор акасининг дарвозасидан ичкарига ҳатлади. — Умида-а!
Аёл ҳовлида бироз туриб атрофга разм солди. Кейин иссиққа чидолмадими, уй томон одимлади:
— Янга! Нима бало, ҳалиям ухлаб ётишибдими? Умида дедим...
— Ҳу-ув, — ичкаридан овоз берди янгаси.
— Кун оғиб кетди-ку, ҳалиям ухлаяпсизларми? Вой-воей, зимистон қилиб олибсизлар ўзиям. Бир нимани илғаётган бўлсам, ўлай агар. Ким бор?
— Келинг, аммаси... — ҳамон уйқусираганидан рўмолини ўрай олмаётган Норхол ғудранди.
— “Свет”ни ёқаман-е! Деразага нима ёпдиларингиз, мунча қоронғи?
Янга ва қайнсингил кўришиб, айвондан жой олишганида, Умида ҳам туриб, юзини ювиб келганди.
— Мунча иссиқ ташқари. Қанақ қилиб келдингиз, амма?
Жиянининг юзларидан чўлпиллатиб ўпаркан, Баҳор гина қилди:
— Бормаганингдан кейин келдим-да ўзим.
— Бугун кечга томон бормоқчи эдим.
— Бир ҳафта бўлди чақиртириб юборганимга.
— Уйдан чиққиси келмайди бунинг, аммаси, — деди Норхол эснаб. — Нима қилдингиз кейин?
— Анувними? — ўсмоқчилади Баҳор.
— Ҳа-да, жуда мақтагандингиз.
— Мақтаганимча бор экан. Умидани кута-кута охири ўзим бордим.
— Ўзингизга нима қилган? — ажабланди янга. — Бирор жойингиз оғридими?
— Йўғ-а, Умиданинг расмини олиб бордим.
— У-ф-ф! Яна ўша гапми? — ясама норозилик билан деди Умида.
— “Уф”лама! Сенинг ёшингда менга ҳар куни совчи келарди! — чимирилди Баҳор. — Сени биров сўраб келдими?
— Бўрттирманг! — Норхол қизининг пастга урилганига чидолмай, ҳақиқатни айтди. — Мен шу ерда эдим. Сизга бир Сайди девонанинг ўғлидан совчи келганди. Онангиз раҳматли унамади. Кейин куёв сўратди. Отам берворди!
— Мана, иккита бўлсаям келган эканми? — бўш келмади Баҳор ҳам. — Бунга-чи? Соппа-соғ бўлса, чиройли бўлса, ўқиса...
— Ўқиётгани учун ҳам одамлар жим туришибди-да.
— Ҳо-о, — янгасига энса қотирди Баҳор. — Ана, қўшним Адолат маллимнинг қизи ҳам ўқияпти. Ҳар куни уйида совчи.
— Энди бу Тошкентда ўқийди-да...
— Э-э, бунча ёнини олдингиз? Бўлди-да! Йигирма бирга кирди. Ҳали битта одам сўратмади. Шу ёшигача келмаган совчи энди келармиди? Кимдир бунинг бахтини боғлаган, деганмидим сизга? Мана, худди шу гапни Ойдин фолчи ҳам айтди. Менам фолчилардан кам эмасман, янга. “Орқали”ман, сезаман.
— Нима деди?
— Бахти бойланган, деди. Банд бор эмиш йўлида...
— Вой ўлс-и-ин, — қўрқиб кетди Норхол. — Қайси ноинсоф бойлабди экан?
— Фолбин ҳам Худо эмас, янга. Уям кўзига кўринганини, ўзига берилганини кўради. Ким бойлагани-ю, қаерда бойлаганигача айтиб берса, Худо бўлиб кетади-ку!
— Жуда кучли деганингизга.
— Кучли! Фол очаётганда шунақа қалтирайди-и-и, шайтонлаб қолдими, дейсиз. Айниқса, касал одам келса борми...
— Нима деди Умидани? — ичи қизиб, сабри чидамай борарди Норхолнинг.
— Умиданими? Бахти бойланган деди.
— Буни айтдингиз!
— Яна нима десин? Қизиқсиз-е, янга! Қиз болага бошқа нима ҳам дейди?
— Мен билмасам, аммаси...
— Хуллас, париларга оқ товуқ атайсиз. Пиёзсиз ош дамлаб, чироқ ёқасиз. Кейин бир йигит бор, “Айтсамми, айтмасамми?” деб иккиланиб турибди, деди.
— Айтинг, айтинг, — кўзлари катта-катта бўлди Норхолнинг.
— Мен эмас, фолбин айтди. Довдираманг, янга! Шундай йигит борми? — Умидага юзланди Баҳор.
— Мен қаердан билай? — ерга қаради Умида.
— Нега билмайсан? Ёнингда эмиш-у, айтолмасмиш...
— Ёнида бўлса, Анис-да! Ўша биларканми, ким бойлаганини?
— Янга?! Уйқунгиз очилмаганми, дейман-да! Йигит гўрдан биладими Умиданинг бахтини ким бойлаганини? Қушночмиди, фолбинмидики, билса?! Қизингизга дилидаги гапини, яхши кўришини айтолмасмиш... Бирга юрармиш-у, севгисини ташига чиқаролмасмиш...
— Ҳа-а-а, — деди англаганини билдириш учун овозини чўзиб Норхол. — Анис дедим-ку! Ундан бошқа йигит Тошкентда бирга эмас!
— Мана, айтдим-ку Ойдин фолбин зўр, деб, — керилгандек деди Баҳор. — Агар хоҳласак, шу йигитга ҳам бирор нима қилиб бераркан. Кейин у “очиларкан”...
— Нима қиларкан? — ҳайрон бўлиб деди Умида.
— Ўқийди-да.
— Бирдан ўқитиб келмадингизми?
— “Бирдан” яна нималарни қилиб келай, янга? Бир ҳафтадан буён қизингизни курк товуқдай қўриқлаб ўтирмай, юборинг эди. Ўзини кўрса, янада кўп нарсалар кўраринарди кўзига. Мен расмини олиб боргандим. Уям кичиклигидаги. Шунга қараб шунча гап айтдиям.
Норхол мулзам бўлди. Лекин қизининг бахти ҳамма нарсадан муҳимлиги ва Анис яхши йигитлиги учун тилини тутиб туролмади:
— Ўқиса, Анис дилидагини айтиб, совчи юборарканми?
Бу гапдан Умида бир энтикди. Ахир бу бепарво йигит куну тун хаёлида. Тағин борган сари машҳурлик пиллапояларини бир-бир босиб юқорилаб бормоқда. Бу дегани атрофида парвона қизларнинг сони ҳам ортади. Лекин Умида Аниснинг ўша қизларга ҳам қайрилиб қарамаслигини билади. Малакнинг тўйидан кейин аламини ишдан олаётганини, бор дунёни унутганини ҳам ундан бошқа одам англамаса керак. Сабаби, қишлоқдагилар Анис ва Умидани учрашиб туради деб ўйлашади. Умидага эса... йигитнинг телбавор ҳолати яхши маълум. Нималарнидир баҳона қилиб ўзи йўқламаса, ҳали бирор марта Умиданинг ортидан келган эмас.
— Менга қара, шу телевизордан чиқадиган болами? Қўйсин момонинг невараси...
— Шу-шу, — Умидадан олдин жавоб берди онаси.
— Яхши болами, янга? Ўқитишимизга, Умиданинг атрофида “айланиб” қоладиган қилишимизга арзийдими?
— Роса яхши йигит. Босиққина, одобли. Яна телевизорда чиқса, Тошкентда яшаса...
— Шу йил ўқишни битирди. Келмади-ку!
— Бўлмаса, янга эртадан кечиктирмайлик. Сиз оқ товуқ топинг. Мен фолбинни олиб келаман. Нима қилиш кераклигини айтади. Ими-жимида қилайлик. Яхши йигитларнинг ҳам харидори кўп бўлади. Бирорта қиз бошини айлантириб олса, Умидага муносиб бошқа йигит борми? Йўқ!
Улар гапни бир жойга қўйишди. Эрталаб ўзи айтганидек, Баҳор Ойдин фолбинни етаклаб келди. Фолбин ҳам юм-юмалоқ, лўппи юзларига қон тепган, пешанасидан реза-реза тер аримайдиган, лапанглаб юрувчи қорача жувон экан. Ёшига ярашмаган ҳолда эгнига енги узун, кенг кўйлак, бошига оппоқ, катта рўмол ташлаб олган. Қўйнига қисган, сурпдан юмалоқ қилиб тикиб, доирасини солиб олган сумкасифат матоҳнинг қачонлардир оқ рангда бўлганига ишониш қийин.
— Киринг, опа, — қўлини кўксига қўйиб, ичкарига бошлади Баҳор.
Аёл остонадан дўмбоқ гавдасини зўрға қўзғатгандек ҳатлаб ўтди. Баҳор эса Умидани имлади:
— Дастурхон олиб кел-да, кейин таҳорат олиб тур. Ўзим чақираман.
Умида худди ҳозир мўъжиза юз берадигандек ҳаяжонга тушди.
— Оқ товуқ топдингиз, а? — Норхолдан сўради фолчи.
— Ҳа, олиб келайми?
— Йўқ, у билан қоқаман фақат. Кейин олиб кетаман. Банду балолари мен билан кетсин қизингизнинг. Сиз пиёз қўшмай ош дамланг. Пиёз аччиқ. Париларни қочиради, — шундай дея Ойдин фолчи узоқ ўтирди. Умидани қаршисига ўтқизиб алланималар ўқиди. Сўнг деди: — Қизим, сенга тузга, чойга, шакарга дам солиб бераман. Уни ўша йигитга чой дамлаганда ичирасан.
Умида аёлнинг ўзига анқайиб қараб қолди. Баҳор ҳам лол.
— Вой, у йигитга қаерда чой дамлаб беради? — деди ҳайрон бўлиб Норхол ҳам.
— Адашдим. Улар эр-хотин хаёл қилибман. Йўқ, мана аён бўяпти-да, Худо насиб, эр-хотин бўлишади.
— Насиб, насиб, — маъқуллади Баҳор.
Норхол эса юзига фотиҳа тортди. Умида уялиб, бош эгди.
— Унда нимага ўқиб берсам экан? Топдим, атирга ўқиб бераман. Совға қиласан.
— Ҳозир қаердан оламиз йигитлар атирини? — Норхол чорасизланди.
— Бу ёғини ўйламабман...
— Менга қаранг, хандон писта борми? Ўғилларингиз тоққа чиққанда териб келишганми? — Баҳор шошиб сўради.
— Бор.
— Шуни олиб келинг. Умида ўқишга борганда беради. Хоҳлайдими, йўқми ейди.
— Яшанг! — мамнун бўлди Ойдин фолчи ҳам.
— Вой, уни ўртоқлари билан еса-чи? — қизариб деди Умида.
— Яхши-да, қизим. Харидоринг кўпаяди, — миясига келган фикрдан тўлқинланиб гапира бошлади фолбин. — Лекин мен ўша йигитнинг отини атаб ўқийман ва у кўпроқ парвона бўлади.
15
2001 йил ёз. Тошкент
Чақалоқ аччиқ чинқириқдан сўнг “инга”лай бошлади. Юраги ғамга тўлган, ўзида йиғига ҳам куч топа олмаётган она унга маъюс кўзларини тикди. Бешик ёғочидан гўдакнинг юзи томон осилиб турган кўзмунчоқ ўтказилган ипни ушлаб, ўйнатди. Кўзлари чирт юмилган, юзи қизариб кетган, ияги қалтираганча оғзини катта очиб йиғлаётган дилбанди унинг овунчини эшитмади ҳам.
— Диёра-а-а, — титроқ овоз билан деди она. — Бўлди, бўлди!
— Келинпошша, кармисиз? Нега олдида ўтириб йиғлатасиз? Тўйдиринг қорнини, — эшикни оча солиб ўшқирди Зумрад.
Малак оғир хўрсиниб оларкан, кўйлаги ёқасидаги боғични еча бошлади.
— Имилламай овозини ўчиринг! — ўқрайиб қаради қайнона кетиши олдидан.
Ютоқиб эма бошлаган чақалоқ яна бирдан чинқирди.
— Кетишим билан атай бақиртиряпсизми? — эшикни жаҳл билан очди Зумрад яна.
— Ойи, ҳозиргина эмизгандим. Қорни тўймаяпти. Сутим йўқ...
— Нима қилай шунга?
— Дўхтир қўшимча овқат бериш керак деганди-ку!
Зумрад бу гапни эшитишни истамагандек, қарсиллатиб эшикни ёпди-ю, кетди.
Малак эзилиб, боласини бешикдан ечишга киришди. Шукрки, қизалоғи соғлом. Ҳомиладорлиги “Соғлом авлод йили”га тўғри келди. Шифокорлар ҳар ҳафта назорат қилар, дармондорилар берарди. Шунданми, Диёра тўрт килога яқин туғилди. Лекин туғилганидан буён йиғлоқи. Малакнинг бахтига бу йил — “Оналар ва болалар йили” бўлди. Энди шифокорлар уйига келиб ҳам улардан хабар олиб кетишмоқда. Бир ойча аввал келган мутахассис боланинг қорни тўймаётганлигини айтди
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 4