1-қисм.
Гр:🌹Ҳикоя ва қиссалар🌹
Муаллиф: Гулбаҳор Рахматуллаева (Хазонрезги)
🥀Япроқсиз қолдим, деб танангни кестирма. Зеро, олдинда баҳор бор...
Мавлоно Румий
Осиё уйқусидан яна нафаси бўғилиб уйғониб кетди.
У ётган жойидан базўр қимирлаб шундоққина қўл етар ерда жойлашган дераза табақаларини очиб юборди. Қиш бўлишига қарамай ҳаво илиққина эди.
Қиз ташқаридан ёпирилиб кирган оромбахш ҳаводан тўйиб
симирди. Ҳозиргина кўрган туши таъсирида юраги ўйнаб , жисмини тер босган экан , зум ўтмай сал аввал илиқ туюлган ҳаводан танаси жунжикди...
Осиё еттинчи синфни битирадиган йили онасидан айрилган эди. Ўшанда унга осон бўлмаганди. Тўсатдан бошига тушган айрилиқдан қиз бир неча ой ўзига кела олмаганди. Унинг онаси Ақида шошилинч тиббий тез ёрдам марказида шифокор бўлиб ишлар эди. Баҳорнинг шаррос ёмғир қуйиб турган илк кунларида навбатдаги чақирув учун йўлга чиққан гуруҳ аъзолари кўзланган манзилга етиб бора олишмаган , автоҳалокатга учрашган эди. Машинани бошқарган шофёр ва яна бир шифокор жиддий жароҳат олишганига қарамай яшаб қолишган, Ақида эса воқеа жойининг ўзида оламдан ўтган эди. Уни эртаси куни ерга беришди. Онаси борса- келмас манзилга йўл олган куни Осиё ўн тўрт ёшни қаршилаган эди.
Шундан буён орадан беш йил ўтибди. Аёлининг ўлимидан икки йил ўтгач , қариндошлар қўярда қўймай ёлғиз қизи билан уйида сўппайиб қолган Икром акани уйлантиришга кўндиришди. Осиёнинг номи ўгай, бироқ ўзи жуда самимий ва кўнгли очиқ бўлган онаси Латофат қўшни мактабда дарс берар экан.
Осиё Латофатдан ортиқча ётсирамади. Унга онасини ўрнини эгаллаган аёл сифатида қарамади , ғашлик ҳам қилмади. Онасининг ҳалокати сабаб бир неча кун ичида улғайиб қолган қизалоқ бўлаётган воқеаларни борича қабул қилишни ўрганиб улгурган эди.
Латофат ўзи каби кўнгли ярим ўспирин қиз билан тезда тил топишиб кетди. Унинг биринчи турмушидаги эри ўтакетган ҳудбин ва жоҳил эркак бўлиб арзимаган сабаб туфайли эрта- индин кўзи ёрий деб турган аёли- Латофатни жаҳл устида зинадан итариб юборган , шу кўйи аёл шўрлик ҳам зурриётидан , ҳам иккинчи қайта она бўлиш бахтидан мосуво бўлган эди. Эридан ажрашган Латофат узоқ йиллар эркак зотидан безиб , қайта турмуш қуришга зада бўлиб яшаганди.
Дастлаб Латофатнинг кўнгил яралари битиши учун ўз ҳолига қўйиб берган ота- онаси , унга Икром акадан совчи келгач қизларини турмушга бериш пайига тушиб қолгандилар.
- Бошида ватани бор , бир бурда нонини ҳалол меҳнати ортидан топиб ейди , шундан қолсанг кейин пушаймон бўласан , - деб туриб олишди улар , - қолаверса бир эсли- ҳушли қизи бор экан , етимни бошини силаган инсон сира кам бўлмайди . Сен шу қизга меҳр берсанг , вақти келиб жавобига ўзинг ҳаётингда ҳис қилишинг мумкин бўлган энг ажиб туйғу оналик туйғусини тотишинг мумкин.
- Ойи , - деганди Латофат онаси билан ёлғиз қолганда , - сиз турмушга чиқишга ундаётган эркакнинг қизи уч , тўрт ёш бўлса эканки мен томонга эгилиб она деб қабул қилса. У қиз ўн олти ёшда экан. Бу ёшдаги қизларни биласиз- ку , энг қайсар вақти уларнинг. У қиз билан тил топишаман деб юрак- бағрим хун бўлиб кетмаса эди ҳали.
- Болам , - дея қизини бағрига босганди ўшанда Қумри опа ,- сен битта нарсани унутибсан. Бошқа аёлларда йўқ устунлик сенда бор. Ахир сен ўқитувчисан. Шу вақтгача юзлаб ўқувчиларни ҳаётга тайёрладинг. Дарсда таълим билан бирга тарбия берган бўлсанг. Ўзинг ҳам муштоқ дилда ниш ундиртирган умид куртаги вақти келиб мева беришини яхши биласан. Буни бошқаларга ҳам уқтириб келгансан. Қолаверса Икромжон учун сенга оғиз солиб ўртада турган Раҳимахоннинг сўзлари бўйича ўша қиз жияни-Осиё бирам ройиш қиз экан-ки ...
Осиё ...
Латофат бўлғуси қизининг исми Осиё эканлигини ўшанда илк бор эшитганди. "Осиё... - дея ичида такрорлаганди у ,-исмининг айтилиши ва эшитилиши бирам ёқимли экан" ...
Орадан бир ойга яқин вақт
ўтиб Латофат Осиёнинг ўзи ҳам исми сингари жуда чиройли қиз эканлигига гувоҳ бўлди.
Инсон пешонасига ёзилган тақдиридан қочиб қутила олмас экан.
Бунга ҳар доим " Қайтиб иккинчи бор турмуш қурмаганим бўлсин" дея ўзига ўзи таъкидлаб юрадиган Латофат Икромжонга турмушга чиққанида амин бўлганди.
Ўшанда Латофатни аср намозига яқин Икромжоннинг уйига ортиқча дабдаба-ю, ҳашаматларсиз тушириб келишди. Жувон билан бирга ҳамроҳ бўлиб келган ўн чоғли аёллар куёв томондаги мезбонлар томонидан қуюқ- суюқ зиёфат қилингач икки соатларда ортга қайтиб кетишди.
- Латофатхон , бери келинг! - Икромжоннинг катта опаси Раҳимахон бир чеккада ийманиб турган аёлни ёнига чорлади ,- ўзим сизни Осиё қизингиз билан таништириб қўяй.
Латофат бугундан бошлаб қайинэгачи мақомини олган бу аёлнинг оғзидан "Қизингиз" деган сўзни эшитгач , юраги бошқача уриб кетганди.
"Энди мен ҳам онаман-ми ? -юзлари лов- лов ёнди аёлнинг,-
ишқилиб у қиз мени худди ўзимдек қабул қилармикан?"
- Осиё-ююю? - Раҳимахон опа даҳлиз ўртасидаги хона эшигини очиб ичкарига овоз берди,- болам , кирсак мумкинми ?
- Ассалому алайкум...
Латофатга ичкаридаги қизнинг овози аранг эшитилди. У қизнинг овозини эшитгани ҳамоно оёғидан мадор қочгандек туюлди ўзига
Раҳимахон опа буларни пайқамагандек Латофатга боши билан "кирамиз" деган ишорани қилди.
Латофат ичкарига қадам босганда чоғроқ хонанинг бир бурчагида турган оппоқ юзли , бўйчан ўспирин қизга дуч келди. Қиз белигача ўсиб тушган сочларини орқадан битта қилиб ўриб ташлаб қўйган , қоп- қора қошлари , ўсиқ киприклари , шаҳло кўзлари хиёл чўзиқ юзига ўзгача кўрк бағишлаб турарди.
- Осиё , қизим , сенга айтган Латофат опанг шулар бўладилар ,- деди Раҳима опа ёшига ярашган ўктамлик билан ,- бугундан бошлаб сизлар билан яшайдилар. Қани танишиб олинглар-чи ?
Осиё ердан кўзини узмай Латофатга салом берди :
- Ассалому алайкум ...
- Валейкум ассалом ,- Латофат кўзлари йиғидан қизарган қизнинг саломига алик олар экан бўғзини қайноқ алланима куйдириб ўтгандек бўлди ,- менинг исмим Латофат .
- Сен Латофатни опа ёки ая десанг ҳам бўлади ,- деди Раҳимахон опа Осиёга "тушундинг-а ? " деган маънода ,- ана танишиб ҳам олдинглар. Бундан буёғига аҳил бир оила бўлиб яшайверасизлар. Қизим , хонангда қамалиб олмасдан ошхонага чиқиб қарашиб юбор. Хўпми ? Ҳаммаёқни ювилмаган идиш босиб кетибди .
- Хўп... - Осиё аммасига хўп деган бўлса-да турган жойидан қимирламади.
Раҳимахон амма Латофатни хонадан эргаштириб олиб чиқиб кетар экан , жувон бу ерни тарк этгиси келмаётганини ҳис қиларди...
Эртаси куни меҳмонлар тарқалиб , Икром ака ишга кетгач Латофат ва Осиё уйда ёлғиз қолишди.
Мактабда кузги таътил кунлари бўлганлиги учун дадасини ишга кузатган Осиё хонасига кириб кетганча шу бўйи ҳовлида қайтиб қорасини кўрсатмади.
Қурилишда прораб бўлиб ишлайдиган Икром ака тушликка уйга келмаслигидан хабардор бўлган Латофат кун ярмида Осиёнинг хонасини журъатсизгина тақиллатди:
- Осиё ... Осиё ...
Ичкаридан жавоб эшитилмагач Латофат аста эшикни итарди. Осиё ўз ўрнида ухлаб ётарди. Латофатни диққатини қизнинг қандайдир нарсани қучиб ухлаб ётгани тортди.
Латофат аста ортига қайтаётганида ичкарида ниманидир ерга тушиб синган овози эшитилди.
Жувон жонҳолатда изига бурилди.
Ичкарида Осиё уйқудан кўзларини очган , изтироб билан ҳозиргина қўлидан тушиб чил- чил синган ойнали рамка синиқларига боқиб турар эди. У Латофатга кўзи тушган заҳоти гиламга чўккалаганча бир қўли билан суратни олди-ю , иккинчиси билан шиша синиқларини тўплай бошлади.
- Иии , эҳтиёт бўлинг ! - Латофат ўзини унутиб қизнинг ёнига отилди,- қўлингизни кесиб оласиз-ку бунақада ?!
Осиё қилаётган ишидан тўхтаб қаршисида тиззалаганча куйиниб гапираётган аёлга тикилиб қолди. Қизнинг нигоҳларидаги мунг Латофатни кўнглидаги гапларни тўкиб солишга ундар эди :
- Мени кечиринг ... Бари мени деб бўлди. Тушлик вақти бўлди , қорнингиз очгандир деб ўйлабман. Сизни бунақа чўчитиб юбораман деб ўйламабман.
- Мен чўчимадим,- хўрсинди Осиё , - баъзан уйқуда шунақа нафасим бўғилиб уйғониб кетаман.
Ҳозир ҳам ҳаво етишмагандан силтаниб...
- Сув ичасизми ? Мен ҳозир сув олиб келаман...
Ўрнидан туришга тараддудланган Латофатни Осиё қўли билан тўхтатди :
- Керак эмас. Мен яхшиман. Бари ўтиб кетди. Ёмон ётиб қолганман шекилли.
- Бу аёл ... - беихтиёр Осиёнинг қўлидаги расмга ишора қилди Латофат ,- ойингизмилар ? Майлими , бир кўрсам ..
Осиё Латофат ҳудди ундан жонини сўраган каби қўлидаги суратни аранг ҳоҳламайгина узатди.
- Жуда чиройли аёл эканлар ,- суратга маҳлиё бўлганча деди Латофат,- айтишларича кўз инсон қалбининг ойнаси дейишади . Ойингизнинг қалблари жуда гўзал эканлиги кўзларидан маълум...- Латофат шундай деб Осиёга жилмайди,- айтганча сиз уларга жуда ўхшар экансиз.
Латофат шундай деб суратни Осиёга қайтариб берди ва ўзи "мен ҳозир" деганча ўрнидан туриб ташқарига чиқиб кетди. Зум ўтмай қўлида супурги ва елим куракча кўтариб келган Латофат шиша синиқларини супуриб олар экан Осиёга сўз қотди:
- Қорнингиз ҳам очиб кетгандир ? Йўқ демасангиз бирга тушлик қилардик ?
Осиё "розиман" деган каби бош ирғади...
- Осиё... - деди тушлик вақти Латофат ,- мен бу ерларни яхши билмайман. Хўп десангиз овқатланиб бўлгач , маҳаллангиз гузарини бир айланиб келардик.
Осиё узоқ ўйланмай "Майли" дея бош ирғади.
Латофат Осиёларнинг маҳалласи Чилонзор метро бекатига анчайин яқинлигини билгач қизни у томонга бошлади.
- Осиё ...
- Ҳаа ..
- Ҳалиги суратни рамкаси синиб қолганди- ку , янгисини сотиб олсак яхши бўларди. Барибир рамкада турса яхши-да , ҳам кўримли бўлади, ҳам янада қадрли...
Осиё Латофатга жавоб қайтармади, бироқ аёлни энг яқин суратхона томонга бошлади...
Суратга рамкани Латофат танлади . Тўқ шокалад рангидаги рамка Осиёга ҳам маъқул тушди.
Ортиқча гап- сўзларсиз уйга қайтган Латофат ва Осиё келишиб олишгандек бирга кечки овқатга тайёргарлик кўриша бошлашди .
- Суратни рамкага жойладингизми ?
- Ҳаа ,- деди қиз ортиқча ҳаяжонларсиз ,- жойладим.
- Жуда яхши ... Руҳсат берсангиз масаллиқларни қовуриб , сув солиб бўлгач , уни кўриб чиқсам ...
- Сизга битта савол берсам майлими ? - Латофатга жиддий тикилди Осиё ,- нима учун менга бунчалик ёпишиб олдингиз ? Ё мен орқали дадамни кўнгилларига йўл топаман деб ўйлаяпсизми ? Агар ундай бўлса мени ўртага қўшишингиз шарт эмас... Мен шундоқ ҳам сизларнинг муносабатингизга қаршилик қилмайман. Фақат мени бу муносабатингизга аралаштирмасангиз бўлди,- Осиёнинг охирги сўзлари титраб чиқди ,- ўз ҳолимга қўйинг, илтимос...
Осиёнинг сўзларидан қаттиқ таъсирланган Латофат ўзини орқага ташлади. У ошхонадаги ўриндиққа ўтирганча юзини кафтлари орасига олди.
Латофат бир муддат шундай ўтиргач ўзига ўзи гапирган каби сўзлай бошлади:
- Ким учундир турмушга чиқиш балки ҳавасдир. Ҳурсандчиликдир. Бироқ аксарият иккинчи қайта турмушга чиқадиган аёллар учун бундай демаган бўлардим. Бундан бу ёғига икки инсоннинг орасига тушиб яшаш кимга ҳавас дейсиз ? Бир вақтлар ҳаётда бир-бирларисиз яшашларини тасаввур қила олмайдиган, умриларининг охиригача бирга яшамоқчи , қўша қаримоқчи бўлган инсонлар , тақдир бўлиб ногоҳон ўлим сабаб ажралишга мажбур бўлсалар , вақт ўтиб яна қайта турмуш қуришга-да мажбур қилинсалар , уларга иккинчи жуфт бўлиб келган инсонга осон деб ўйлайсизми? Улар эндиги умр йўлдошларининг юрагидаги ҳотира дея аталмиш туйғу залворида кунда эзилишлари тайин ... Ҳар ҳолда менинг мисолимда шундай. Аслини олганда сиз ва менинг аҳволим , чорасизлигимиз деярли бир хил. Сиз отангиз , аммаларингизнинг юзидан ўтиб бир сўз дея олмаган бўлсангиз , мен ҳам кексайиб қолган ота- онамни ранжита олмадим. Ўзимга қолса бундай ҳаёт йўлини танламаган бўлардим,- Латофатнинг мижжаларидан ёш думалади,- менингдек ўттиз беш ёшда ҳаётни яна тоза варақдан бошлаш осон иш эмас.
Мен шу чоққача барига кўниккан , тақдиримга тан ҳам бериб бўлган эдим. Ҳаётда умид билан кутганим ягона дилбандимни ҳатто совуқ дийдорини кўришдан ҳам мосуво бўлган ва қайтиб ҳеч қачон она бўлолмайдиган аёл яна ниманиям орзу қилиши мумкин деб ўйлайсиз ?
Отам эса бу фикримга қарши чиқдилар . Бу сафар улар "Орзу қилишга , умид билан яшашга ҳар бир инсоннинг ҳаққи бор" деб ўз сўзларида қатъий туриб олдилар. "Яримта кўнглингни ўзинг каби ярим кўнгиллар билан бир бутун қиласан" дедилар улар. "Инсон "Тақдирим шу экан" деб борига кўнаверса , ҳаракат қилмаса ер юзи умидсизларга тўлиб кетмайдими ? Биринчи турмушингни бўлмагани сен учун бир синов эди. Сен бу синовни енгишга ўзингда куч топишинг керак" деган ҳам яна улар.
Мана сиз ... Ўзингизни бир менинг ўрнимга қўйиб кўринг. Дадангизни жуда яхши кўрганингиздан уларга қарши гапириб кўнгилларини оғритгингиз келмаган. Уларга "Илтимос , бу аёлга уйлангманг" деганингизда, дея олганингизда мен ҳам ҳозир қаршингизда бундай бечораҳол турмаган бўлар эдим.
Кўрдингизми ...
Мен ҳам сиз каби қизман. Мен ҳам сиз каби ўзи отамни яхши кўраман ...
Осиё Латофатнинг юрагидаги дардларни ҳис қилиб жойида тек қотган эди.
У ортиқ гапира олмай қолган Латофатдан кечирим сўрагиси келаётганлигини ҳис қилди .
- Опа ... Мени кечиринг,- оғир ютинди Осиё,- сизга тушунтиришни ҳожати йўқ , барини яхши ҳис қилар экансиз. Мен ҳам ойижонимдан айрилиб ...
Осиё ортиқ гапира олмай бўғилди, унинг нафаси тиқилиб келар эди. Қиз шошилинч ташқарига йўл олди. У ошхона эшигини очиб салқин ҳаводан ўпкасини тўлдириб нафас олди . Бироз шундай туриб енгил тортгач ортига ўгирилди :
- Рамка суратга жуда мос тушди. Сиз жудаям дидли аёл экансиз . Раҳмат...
-Осиё ...
- Ҳаа ...
- Мени она ўрнида қабул қилишингиз шарт деб ўйламайман. Она - ягона зот. Унинг ўрнини ўзидек тугал босувчи иккинчи бир инсон топилиши қийин масала.
Агар сиз эсини энди таниётган қизалоқ бўлганингизда балки ўзимни оналик деган туйғу учун ишонтирмоқчи бўлган бўлармидим.
Бироқ буларнинг барчасига қарамай иккимиз яхши дугона бўлишимиз мумкин. Дардкаш , кўнгилдош дугоналар. Нима дейсиз ?
Осиё ҳазин жилмайди:
- Унда орадаги тўсиқни олиб ташлаш керак .
- Қандай тўсиқни айтаяпсиз , Осиё ?
- Мени бегоналар каби сизламанг . Сенлаб гапиринг , майлими ? Бу биринчиси ...
- Розиман ,- юзларига табассум ёйилди Латофатнинг ҳам ,- иккинчиси нима ?
- Иккинчиси дадамлар ҳар қандай таомни , у қуюқ бўладими , суюқми , салат билан ейишни яхши кўрадилар. Улар ҳадемай ишдан қайтиб қоладилар .
- Унгача улгуришга ҳаракат қиламан ,- деди Латофат чаққонлик билан ишга киришар экан ,- раҳмат сизга.
- Сенга денг ! Сееннгааа! Ҳозир нимага келишгандик?
- Вой узр !
Осиё ортга қайтди :
- Сизга қарашиб юбораман ...
Ишдан қайтган Икром ака уйига ўзгача файз кирганини ҳис қилиб , елкасидан тоғ ағдарилгандек бўлди :
"Ҳайрият ... Латофат ва қизим тил топишиб олганга ўхшашяпти"
...
Осиё Латофатни бир йилга яқин опа деб чақириб юрди. Келаси йил кузнинг ҳудди шундай кунларида қорни тўсатдан оғриб қолган Осиёга тез ёрдам чақиртирдилар.
Қизни қорин соҳасини текшириб кўрган шифокор "афсус" дегандек бош чайқади . У дард исканжасида тўлғаниб турган қизга уч, тўрт хил савол берди- ю , Икром ака билан Латофатга юзланди :
- Ўйлашимча қизингизнинг бачадонида киста борга ўхшаяпти. Оғриқлар ва берилган саволларга олинган жавоблар шунга ишора қиляпти .
- Йўғ-ей ? - эр- хотин бараварига ажабланиб қолишди ,- ахир Осиё ҳали мактаб ўқувчиси , унда киста қаердан бўлсин ?
- Сизларни яхши тушундим ,- деди шифокор кафтдек қоғозга нималарнидир шошилиб ёзар экан,- биринчидан , мен кистага ўхшаяпти дедим, айнан ўзи деганим йўқ. Иккинчидан "мактаб ўқувчисида киста пайдо бўлмайди" деган хулоса ҳеч қаерда ёзилмаган. Киста исталган ёшдаги инсонда учраши мумкин. Вақтида даволанса бўлгани. Асорат қолмайди. Ҳозирча мана бу оғриқ қолдирувчи дориларни олиб ичириб турасиз . Эрталаб тонг отгач , клиникага олиб бориб аппаратга тушириб яхшилаб текширтирасиз. Аниқ ташхисни улар қўйиб беришади.
Шу кеч дорилар таъсирида оғриқ анча ортга чекинди. Осиёнинг кўзи уйқуга кетди. Эртаси куни у ўша дорилардан яна бирин- кетин ичди-ю "Анча яхшиман , уйқум келяпти, клиникага кечроқ борармиз " деганча кўзларини беҳол юмди. У қорни оғримаётганини , шунчаки беҳоллигини айтиб кун бўйи ётоқдан бош кўтармади.
Ярим тунга бориб Осиёнинг иситмаси кўтарилиб кетгач, Латофат Икром акани қўярда қўймай тиғизлаб қизини шифохонага олиб боришга кўндирди. Шифокорлар тез ёрдам врачининг ёзиб қолдирган аломатлари ва ўз ташҳисларига таяниб "Осиёнинг қорин бўшлиғидаги ўзгаришларга ҳамда иситмалашига ҳақиқатда ҳам ёрилишга келиб қолган киста сабаб бўлган" деган хулосага келдилар . Осиёни зудлик билан операция столига олдилар.
Операция тўрт соатдан ошиқ давом этди.
Бу вақтда Икром ака ва Латофатнинг бўлари бўлди .
Ниҳоят операция якунлангани ва уни ўтказган жарроҳ беморнинг ота-онани кўрмоқчи эканлигини хабарини беришди.
- Қизим яхшими ? - Икром аканинг шифокорга берган илк саволи шу бўлди .
- Биз қўлимиздан келганини қилдик,- деди шифокор жиддий оҳангда,- яширмайман , қизингизни аҳволи анча жиддий. Унинг қорин бўшлиғини очганимизда ҳеч қандай кистага дуч келмадик.
- Унда ?
- Келинг сизларга содда тилда тушунтириб беришга ҳаракат қиламан. Қизингизни кўричаги буралиб , мадда йиғиб, яъни йиринглаб ёрилиб кетган . Кейин ўша мадда аралашган масса қорин бўшлиғига тарқалган. Натижада у ердаги аъзолар , айниқса ичакларга кучли зарар етказган, уларнинг чиришига сабаб бўлган. Биз операция жараёнида ичакларни айрим жойларни кесиб ташлашга мажбур бўлдик.
Хуллас, бу ёғига нажот Аллоҳдан. Насиб қилса қизингизнинг аҳволи ижобий томонга ўзгарса , яна қайта операция қилишга тўғри келади . Бироқ ...
- Доктор , юракни тоширманг ! - Икром аканинг овози ҳавони қилич каби кескир кесди
- Сизлардан бор ҳақиқатни яширмайман. Аҳвол ўта жиддий. Қизнинг қонига инфекция тушган бўлиши мумкин. Энди унга кучли антибиотикларни қўллашимиз зарур. Бизнинг қўлимизда бори эса ...
- Энг яхши дорини қаердан топишни айтинг ? - Икром ака ўрнидан туриб кетди,- рўйҳатини ҳам ёзиб беринг ...
- Бу дориларнинг кичиккина флакони фалон сўм туради ,- шифокор "чорасизман" деган каби қўлларини ёзди.
- Топилса бўлгани , доктор , илтимос тезроқ сўраганимизни айтинг . Вақтни йўқотмайлик...
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2