2-қисм.
Гр:🌹Ҳикоя ва қиссалар🌹
Муаллиф: Гулбаҳор Рахматуллаева (Хазонрезги)
- Осиё , ўқишгами ?
- Вой , Маҳмуда келинойи , ассалому алайкум. Узр хаёл билан бўлиб қолибман. Ҳа ўқишга .
- Чиқинг машинага , мен ҳам ишга кетаётгандим. Ташлаб қўяман.
Осиё шу топда қўшниси Тоҳир аканинг аёли Маҳмуда келинойидан жуда миннатдор бўлиб кетди, ахир энди дарсга кеч қолмаслиги аниқ.
- Раҳмат , келинойи,- деди у машинага ўтирар экан чин дилдан миннатдорчилик билдирди ,- сизни менга Худойимнинг ўзи етказди. Бўлмаса бу кетишда дарсга кеч қолишим аниқ эди.
- Ўзим ҳам айтдим негадир эрталабдан йўлим унмаяпти деб ? Сабаби бу ёқда экан-да, - деди машинани рулини чапдастлик билан бурар экан Маҳмуда келинойи ,- ишонсангиз бугун икки марта дарвозадан чиқиб , икки марта уйга қайтиб кирибман. Биринчисида бир беморга тегишли хужжатлар уйда қолиб кетган бўлса , иккинчисида эса телефонимни стол устида унутиб қолдирибман. Ва мана қарабсизки йўлимиз бир бўлиб турибди-да.
Осиё Маҳмуда келинойиси билан суҳбатлашиб манзилга қандай етиб борганини билмай қолди.
Осиё ҳусусий клиникада болалар шифокори бўлиб ишлайдиган Маҳмуда келинойига раҳмат айтиб университет биноси яқинида машинадан тушиб қолганда дарс бошланишига ўн беш дақиқа вақт қолган эди.
Элнора бугун ҳам дарсга келмабди. Гарчи уларнинг гуруҳи қиз болалардан ташкил топган бўлса-да , Осиё учун Элноранинг ўрни бўлакча эди.
Осиё Элнорани келишини яна икки кун кутди. Ва ниҳоят Элнора шанба куни институт дарвозаси ёнида кўриниш берганда Осиё қувончдан бақириб юборишига сал қолди.
- Элнора , бирам сени соғиндим-ки , - деди у ҳурсандчилигини яшира олмай , - келишинг билан бағрим тўлди-қолди-я.
Элнора эса ҳар доимги одатига яраша дугонасига хазил қила кетди:
- Ростдан мени соғинишга вақт топдингми? Мен бўлсам аллақачон анави Умид деганлари билан вақтинг чоғ ўтаётгандир деб ўйлабман.
- Умид ? - таажжубланди Осиё,- қайси Умидни айтаяпсан ?
- Вой , вой , бу кишимнинг муғомбирлигини? Қайси Умид эмиш ? Ҳали у билан бизникига бормаганман ҳам дерсан? - Элнора лабларини ясама жаҳл билан бурди .
- Э ҳаа , - деди Осиё жилмайиб ,- қизиқсан-а , дугош? Сенингча ҳаммаси шунчалар осон эканми ? Бир , икки марта учрашган одам етаклашиб кетаверса ер юзида жуфтини топа олмаган бўйдоқлар қолармиди? Ҳотиринг жам бўлсин , у йигитни ўша кундан буён кўрганим йўқ. Сен эслатмасанг , балки эсламасдим ҳам .
- Ҳоо , шундай йигитни- я ? Қўй ҳафсаламни пир қилма. Сен балки шунчаки сир бой бермаётгандирсан ? Ҳа ичидан пишган қиз ?! Менимча ҳақиқатда сир бой бермаётган бўлсанг керак ?
- Оббо , намунча шу йигитга ёпишиб қолдинг ? Ҳар икки гапнинг бирида уни эслайсан- а ? Менимча сенинг ўзинг унга бефарқ бўлмасанг керак ? Истасанг уни қаердан топишни айтаман .
- Ана айтмадимми ? Уни қаердан топишни билишинг ҳам кўп нарсани англатади билсанг ?! Демак ...
- Демак , дарсга кирадиган вақт бўлди . Кетдик,- Осиё дугонасини қўлтиқлади , - қўй ўша йигитни , бизга усиз ҳам яхши .
Иккинчи пара якунлашига ўн дақиқача вақт қолганда аудиторияга декан ўринбосари Сатторов кириб келди . У маърузачи устоздан узр сўраган ҳолда талабаларга юзланди .
- Қадрли талабалар! Бир эълонимиз бор. Тушликни қилиб бўлгач учинчи пара дарс бошланадиган вақтда университет биносининг дарвозаси ёнида йиғиламиз. Бугун олийгоҳлараро "Қувноқлар ва зукколар" танловининг саралаш босқичи бўлиб ўтади. Шунга иштирокчиларимизни қўллаб қувватламасак бўлмас .
- Қаерга борамиз , устоз ? Танлов қаерда ўтказилар экан ? - савол ташлади Чаман исмли курсдошлари
- Миллий университетнинг фаоллар залида ,- ҳозиржавоблик билан жавоб қайтарди Сатторов ,- бошқа саволлар бўлмаса , айтилган вақтда , айтилган жойда сизларни кутаман.
Кўп ўтмай гуруҳ қизлари кўтаринки кайфиятда тезда тушлик қилиб айтилган жойда ҳозир бўлишди.Албатта-да бундай танловлар талабаларнинг жони - дили бўлса.
Университет маъмурияти талабалари учун махсус автобус тайёрлаб қўйган экан. Йўл бўйи талабаларни қизиқтирган саволлар деярли бир хил бўлди:
- Қайси олийгоҳлар беллашар экан ?
- Бизнинг университетдан кимлар иштирок этишаётган экан ?
- Ким иштирок этса ҳам омад ёр бўлсин !
- Шартлари роса зўр- а шу танловни ?
- Менимча ғолиб тайин . Миллийнинг талабалари неча йиллардан буён доим ярим финал , финалда иштирок этиб келишади. Бир неча бор чемпион ҳам бўлишган.
- Борайлик-чи , кўрамиз-да!? Баҳонада маданий ҳордиқ олиб келамиз.
Керакли манзилга етиб боришгач Осиё билан Элнора бошқа курсдошлари сингари залнинг ўрта қаторидан жой олишди.
Бошловчининг кириш сўзлари билан танлов бошлаб берилгач , томошабинларнинг бутун вужуди кўз ва қулоққа айланди . Саралаш босқичида беш нафар олийгоҳ жамоалари иштирок этаётган экан. Навбат миллий университет жамоасига келганда залдагиларни ўзгача ҳаяжон босди.
- Осиё , анави Умидми ? - шивирлади Элнора нафасини ютиб ,- қара ўнгдан учинчи бўлиб турибди . Ҳа ўшанинг ўзи ! Вууй роса кўркам бўлиб кетибдими ? Шу сенга гапирмай дейман- у аммо ... нима қилай бўрини эсласанг қулоғи кўриниб кетаверар экан- да ?!
- Ҳаа ўша ! - дугонасига шивирлади Осиё , - айнан ўзи ... Кел , номерни кўрайлик кейин гаплашармиз. Анча қизиққа ўхшаяпти.
Умид яхшигина қизиқчи йигит экан . Зумда дўстлари билан бирга залдагиларни ўзларига ром қилиб олишди.
"Тавба ,- ўйларди Осиё унга зимдан тикилар экан ,- математикман деганига роса жиддий йигит бўлса керак дегандим. Бу бўлса яхшигина қувноқ йигит экан. Кўнглида кири йўқ , самимийлиги шундоққина гап-сўзидан билиниб турибди. Олдин унча эътибор бермаган эканман"
Қизлар танлов қандай тугаганини билмай қолишди. Гарчи ғолиблик мезбон талабаларга насиб қилган бўлса ҳам ҳеч кимнинг кайфияти тушиб кетмаган , қайтага барчалари бирдек ҳурсанд эдилар.
- Кетиш ўзимиздан ,- деди Элнора жилмайганча ,- Осиё, тўғрисини айтсам кулавериб қорним очиб кетди , битта қайноқ сутли қаҳва ва гамбургержон бўлса йўқ демасдим.
Осиё Элнорага жавоб қайтарар экан , сумкасидаги телефони жиринглаб қолди .
У телефондаги нотаниш рақамни кўриб ҳайрон бўлди:
- Осиё , яхшимисиз ? - шошилиб гапирарди қўнғироқ қилгувчи ,- СМС ёзсам ўқимадингиз. Сизларга кетиб қолманглар деб ёзгандим. Ахир меҳмонимизсиз.
Осиё Умиднинг овозини эшитиб ҳайрон қолди. Кўп ўтмай кўнглига илиқлик югурди ."Шунча одамнинг ичида кўрганини қаранг !"
- Ассалому алайкум , Умид ...ака.
Оворагарчиликка ҳожат йўқ. Биз ...
- Метрога қараб кетаяпсизларми ?
- Бўлди кўрдик Сизларни .
Элнора ҳеч нарсага тушунмай қизиқишдан базўр ўзини ушлаб туради.
Кўп ўтмай қизларнинг ёнига иккита машина олдинма- кетин келиб тўхтади.
Биринчи машинада Умид , Асилбек ва сал аввалги танловда иштирок этган Ҳосият исмли қиз , иккинчи машинада эса нотаниш бир йигит ва қиз бор эди.
-Меҳмон деган ҳам шунақа бўладими ? - астойдил ўпкалади Асилбек машинадан туша солиб ,- ахир қадимгилар бекорга "Келиш меҳмондан , кетиш мезбондан" дейишмаган . Ичкаридан чиққунча йўқ бўлиб қолибсизлар. Биз бўлсак ...
- Узр,- деди соддадиллик билан Осиё ,- бизни кўрмагандирсиз деб ўйлагандик Мусобақани эса мазза қилиб томоша қилдик. Барчаси учун катта раҳмат
- Иии , шошманг !?-деди Асилбекнинг ўзи шошилганча ,- шунча эътирофни бир пиёла чой устида эшитайлик. Бу сафар даврамизда Ҳосият ва Марғуба ҳам бор. Қани кетдик. Ҳавотир олманг , кўп вақтингизни олмаймиз.
Элнора бироз ўйланди-ю, Осиёга "юрақол" дея йўл бошлади . "Қувноқлар ва зукколар" мусобақаси ёшларни ўзаро бирлаштирган , ўзларини катта бир оила аъзоларидек ҳис қилишга ундаган эди. Ёшлар машинага ўтиргач , бироз юришди ва кўча юзидаги қаҳвахоналарнинг бирида тўхташди.
Осиё ва Элнора Ҳосият билан йўлдаёқ танишиб олишган , юлдузлари юлдузига тўғри келиб аллазамон чиқишиб кетишган эди.
Ҳосият ортда келаётган машинадаги курсдошлари Анвар ва унинг аёли Марғуба ҳақида ҳам ғойибона таништириб ўтганди.
Қаҳвахонага киришгач йигитлар дарҳол қизларни меҳмон қилиш пайидан бўлишди. Улар қизларнинг эътирозларига жавобан "Ғолибликни нишонлаяпмиз" дея гапни узил- кесил кесдилар.
- Бу Анвар! - деди Асилбек тўрдаги йигитни таништирар экан ,- ўзи курсдошимиз бўлсаям , очилмаган қирралари сероб. Сизлар билан ана шу Анвар сабаб танишганмиз. Унинг овоз ёзиш студияси сизнинг университетингизнинг қоқ қаршисида жойлашган. Жуда қизиқ мантиқ - а ? Математик йигитнинг овоз ёзиш студияси борлигини айтаман-да ?! Умуман олганда ҳозирги интернет асрида бундай нарсаларга ажабланмаса ҳам бўлади. Хуллас овоз режессураси Анвар дўстимиз учун хобби. Айнан унинг шарофати билан бугунги чиқишларимиз ажабтовур тус олди . Анвар керакли жойда овоз эффектларини шу даражада самарали қўллади- ки... Ҳа бунга айтмасам ҳам ўзингиз гувоҳ бўлдингиз . Умуман олганда бугунги ғалаба пойдеворини айнан Анвар яратди десам ҳам муболаға бўлмайди. Унга эса муносиб кўмакчи дўстимизнинг аёли Марғуба бўлдилар. Марғуба келинимиз рассомлар. Бугунги саҳна декорациялари эса Марғубахоннинг қўлларидан ўтган.
-Шу сабаб ташкил этилган чиқишлар жудаям сифатли чиққан экан-да ,- деди Элнора ҳаяжонини боса олмай, - зўрни зўр деб тан олиш марднинг иши-да.
- Сизлар билан танишганимиздан ҳурсандмиз ,- деди Осиё Ҳосият ва Марғубага қараб ,- бундай буён ҳам қўнғироқлашиб , учрашиб турсак бўларкан. Мен ва дугонам сиздек дўстимиз бўлса фақат мамнун бўлардик.
- Қаршилигимиз йўқ ,- жилмайди Ҳосият ,- "Талабалик олтин даврим" дейилади. Олтин даврни ҳар бир лаҳзасидан завқ олиб яшашга нима етсин ?
- Ҳой йигитлар , бояги маслаҳат нима бўлди ? - деди ҳалидан буён суҳбатни жимгина тинглаб турган Анвар,- бу ўтириш ҳисобмас .
- Қайси маслаҳат ? - Ҳосият ва Марғубалар тенг баравар Анварга савол ташлашди.
- Сизларсиз бирор маслаҳат пиширармидик ? Умид "Агар ғолиб бўлсак якшанба куни табиат қўйнида кабоб пишириб бераман" деяётганди. У яна "Қиш тугашигаям озгина вақт қолди. Шу вақтгача шаҳарда туззук- қуруқ қор кўрмадик , ҳеч бўлмаса Чимён тарафларга чиқиб ўпкаларни тўлдириб нафас олиб келайлик" деган таклифни берди . Нима дейсизлар ? Эртанги якшанбага улгурмасак керак. Аммо келаси якшанбага бемалол тоққа чиқиб келсак бўлади.
- Вой, бунча зўр? - деди Марғуба ҳам эрини қўллаб- қувватлаб ,- ўзи кейинги ойлар ҳақиқатда тинимимиз бўлгани йўқ. Бир ёқда ўқиш , бир ёқда ижод. Бир кун ўзимиз учун вақт ажратсак айни муддао бўларди.
- Яхши бориб келинглар ,- деди Элнора кўзлари кулиб ,- сизлар учун ҳурсандмиз , ҳавасимиз ҳам келди .
- Эътиборингиз учун бу таклиф даврадагиларнинг барчасига тегишли ,- деди бу сафар Асилбек ташаббусни ўз қўлига олиб ,- биз бу таклифни сизларни ҳам назарда тутиб айтдик. Фақат даврамизга яна бир киши - Ҳосиятни бўлажак турмуш ўртоғини ҳам таклиф қилсак бўлди. Ҳосият , нима дейсан ? Рустам аканг , якшанбада бўш бўлар- а ?
- Олдиндан огоҳлантирсак ишларидан жавоб олишга ҳаракат қиладилар,- деди Ҳосият қаҳва хўплар экан ,- улар ҳам сизлар билан бир мириқиб отамлашишга жон дейдилар.
- Яхши , унда ўзинг айтасанми бу таклифни ё биз айтайликми ? - бошини силкиди Асилбек
- Ўзимиз айтамиз ,- деди Умид ,- шунда бошқача бўлади. Қандайдир ҳурмат қилгандек кўринамизми- ей ? Хуллас Рустам акага "Йигитлар тоққа чиқиб бир айланиб келмоқчисиз , сиз ҳам юринг" деймиз . Турган гапки поччамизни у ерга Ҳосиятсиз боришга кўнгиллари чопмайди . Қарабсанки , Ҳосият у ерга боришга бўлажак турмуш ўртоғидан жавоб сўраб мўлтираб ўтирмайди . Рустам аканинг ўзи Ҳосиятни таклиф қилади. Ана романтика ! Қалай ?! Ўтган студент !
- Шу қитмирлигинг қолмайдида сен болани ?!- деди Ҳосият кулимсираб ,- аммо лекин зўр ўйлабсан ! Айнан шундай қилақолинглар.
- Яхши унда бир кун олдин яна қўнғироқлашамиз . Демак , кабоб , нон ва хуллас барча дастурхон ҳаражати биздан . Сизлар эса бизга ҳамроҳ бўлсангиз бўлди . Элнора , Осиё , албатта келасизлар- а ?
- Мен дадам ва аялардан сўраб кўраман, - деди Осиё ерга қараб ,- агар руҳсат беришса ажойиб бир ширинлик мендан .
- Қанақа ширинлик? - сўради Умид қизга қизиқиш билан тикилиб
- Буниси энди сир ,- Осиё ўзини жиддий тутишга ҳаракат қилиб
- Оббо !? - деди Асилбек хўрсинганча ,- келаси якшанбагача юрагимиз ўша сирни билиш учун тошиб кетмаса бўлди. Айтиб қўяй , мен жуда ҳам ширинликхўрман. Ишқилиб уйингиздагилар сизга руҳсат беришсин- да...
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1