5- қисм.
Муаллиф: Гулбаҳор Рахматуллаева (Хазонрезги)
- Биз тарафларга қайси шамол учирди ? - Осиёнинг ёдига йигитнинг ўтган сафарги сўзлари келди ,- яна дўстингизни ёнига келганмидингиз ?
- Топдингиз ! - ҳозиржавоблик билан жавоб қайтарди Умид,- ишим ҳам бу сафар эртароқ битди. Шунга кайфиятим кўтарилиб кўчага чиққанимда сизни учратиб қолдим. Уйга қайтаяпсизми ?
Осиё ростини айтайми , йўқми деб бироз тараддудланди , бироқ тез орада бир қарорга келди:
- Йўқ , Элнораларникига кетяпман. Унинг томоғи оғриб бугун дарсга кела олмади. Хабар олиб келай . Унга жуда суяниб қолган эканман. Ўрни ярим кунда билинди.
- Дугонангиз қаерда туради ?
- Ўрикзордаги махаллада . Шундоққина кираверишда.
- Ия , биз тарафга яқин экан-ку ? Юринг сизни ола кетаман.
- Ола кетасиз ? Шарт эмас , ўзим кетавераман , ортиқча оворагарчиликка ҳожат йўқ, - Осиёнинг хаёлидан "Бу йигит ҳозир такси тўхтатса керак" деган фикр ўтди.
- Нега овора бўлар эканман ? - Умид сўзидан қайтадиган кўринмасди , - ана тайёр машина , ғиз этиб олиб бориб қўяман.
Шундагина Осиё Умиднинг пиёда эмаслигини фаҳмлади. У йигит ишора қилган тарафга қараб сутдек оппоқ нексия машинасига кўзи тушди.
У Умидга на ҳа , на йўқ дейишга қарор қила олмай бироз ўйланди. Сўнгра кўнглида "Нима бўлса бўлар, барибир йўли ўша тарафга экан- ку ?" деган ўй билан йигитга эргашди ҳамда нексиянинг орқа ўриндиғидан жой эгаллади.
-Ўқишлар қалай ? Чарчаб қолмаяпсизми ? - сўради Умид орқани кўрсатувчи ойна орқали Осиёга қисқа назар ташлар экан.
- Йўқ , чарчашлар йўқ ,- сокин оҳангда жавоб қайтарди Осиё машина ойнаси орқали кўчани кузатиб кетар экан ,- инсон ўзи яхши кўрган касбидан чарчамас , балки завқ туйиб яшар экан. Менда ҳам шундай . Болажонларни яхши кўраман. Сиз-чи ? Сиз қайси факультетда ўқийсиз ?
- Насиб қилса математик бўламан мен.
- Жуда соз . Кейин-чи ? Қаерда ишламоқчисиз ? - Осиё қизиққанидан беихтиёр савол беришда давом этди .
- Билмасам. Кўраман- да. Балки университетда , балки бирор ўқув марказида ишларман. Барчасини вақт ҳал қилади,- деди Умид йўлдан кўзини узмай,- бу йил бакалаврни битирсам , кейин магистратурага кираман. Демак , ҳали ўқишда давом этаман. Университетни битиргунча бир қарорга келарман.
- Мен эса мактабда ишлайман. Ўқишга киришдан мақсадим ҳам аввал бошдан шу бўлган. Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактабдир" деган эди буюк тараққийпарвар аллома Маҳмудхўжа Беҳбудий . Мен ҳам у кишининг фикрларига қўшиламан.
Умид қизни тинглаган сари унинг заковати ва зеҳнига тан бериб борар эди. "Бу қизни Аллоҳ ҳар томонлама сийлаган экан ,- дея ҳайратга тушиб ўйлар эди Умид ,- ақл десанг ақл бор, ҳусн десанг ҳусн , одоб ҳам , ахлоқ ҳам бари бир жуссада мужассам..."
- Сиз мендан икки ёш катта экансиз-да ? - Осиёнинг саволи Уииднинг хаёлини ўзига келтирди,- демак сизга Умид ака дея мурожаат қилишим керак .
- Ҳоҳишингиз ,- деди Умид гарчи бу таклиф ўзига мойдек ёқиб тушса ҳам
- Хуллас , Умид ака , биз Элноранинг уйига етиб қолдик. Навбатдаги келаётган кўчадан кирилади дугонамнинг уйига. Мени кўча бошида қолдирсангиз.
- У ерда қанча вақт бўласиз ? Қайтишда яна уйингизга олиб бориб қўйишим мумкин,- деди Умид машинанинг тезлигини аста пасайтирар экан ,- тағин сиз бу йигит роса шилқим экан деб ўйламанг , шунчаки ҳозир уйга бориб кийимларини алиштираман ва ортга қайтаман. Бугун бир курсдошимиз уйланаётган эди. Кечга ресторанда тўй.
- Ҳаа , шундай денг ,- деди Осиё нима учунлигини ўзи ҳам билмаган ҳолда севиниб , -агар ярим , бир соатларда қайтсангиз , мен ҳам йўл бошига чиқиб тураман.
- Келинг , яхшиси сизга қўнғироқ қиламан "Келаяпман" деб . Шунда яна қайта кўришиб оламиз. Менинг рақамимга гудок ташлаб қўйсангиз бўлди ? Ёзинг : тўқсон тўртли ...
Осиё Элноранинг ёнида бир соатча қолди. Ўз- ўзидан Осиё дугонасидан ҳол сўраш баробаринда бугун Умид билан бўлган учрашувни ҳам яшириб ўтирмади .
- Балосан , сен қиз , балосан ! Шундоқ йигитни юрагидан урибсан- а ?
- Э қўйсан-чи ?! - ўнғайсизланди Осиё ,- ана энди сенга гап топилди. Умид ака билан тасодифан учрашиб қолдик. Бор гап шу.
- Тасодифан ? - муғомбирона кулди Элнора, - билиб қўйки , азизам , тасодифлар тасодифан бўлмайди. Мени тушунмадинг- а ? Биринчи учрашувинглар тасодифан бўлган эди , бу рост. Аммо бунисига шубҳам бор. Ундан кейин у йигит озми кўпми сенга ёққан кўринади. "Қаердан билдинг" дейсанми ? "Умид ака" миш... Тоже мне ...
- Жуда яхши-да ! Сен бўш ўтирмагин деб астойдил ҳаракат қилдим, - Осиё Элнорага тақлидан жавоб қайтарди ,- тезроқ тузалиб ўқишга бормасанг , бундан ҳам кўпроқ сюрприз тайёрлаб қўймайин яна ...
Элнора Осиёни маҳкам қучди :
- Хафа бўлма , асалим, аммо ростини айтаман. Шу йигит жуда бошқача кўринди кўзимга. Нима десам экан ? Худди сен ва у ... Бир бирингиз учун яралгандек. Узукка кўз қуйгандек ?!
Менга қара ? - Элнора Осиёга кўз қисар экан ,- мабодо уни бугун қайта учратганда юрагинг "жиииз" этмадими ? Айтишларича юрак ҳаёт йўлларидаги бир умрлик ҳамроҳини таниса шунақа "жиииз" этаркан. Сендаям шунақа бўлса унда тамом! Қўлга тушибсан , қизи !
- Э бор- ей?! Ўзи шундан бошқа мавзу йўқми сенга ? Кел , бошқа яхши гаплардан гаплашайлик. Уни буни қўй, қачон ўқишга борасан ? Бир кун бормаганингга ўрнинг шунчалик ҳувиллади- ки ...
- Аммо бормаганимни фойдасиям бўлиб-ку ? Қара қанча янгилик ? Бўпти, бўпти хўмрайма. Ўзим ҳам бир кунда зерикиб кетдим. Ойижонимни биласан- ку "Йўталинг зўрайиб бир ишни бошлама тағин" деб ўқишга юбормадилар. Эртага боришга ҳаракат қиламан. Руҳсат олиб олай.
Шу пайт Осиёнинг телефони жиринглади . У телефон экранига қараб дув қизарди . Осиё Элнорага нима дейишни ўйлар экан , дугонасининг ўзи унинг мушкулини осон қилди :
- Сен гаплашиб тур , мен тезда қайтаман. Ошхонада зўр пирожний бор эди. Менга мумкинмас , сенга эса айни муддао ...
Элнора хонадан чиқиб кетгач , Осиё тармоққа уланди :
- Алло ...
- Осиё, қачон йўлга чиқсам бўлади ? Ярим соатларда ўша сизни қолдирган жойга борсам бўладими ?
- Ҳаа , бўлади . Айтган вақтингизда ўша ерда бўламан.
- Яхши ... Дугонангизга салом денг.
- Хўп...
Осиё эшикдан қўлидаги ликобчада пирожний олиб келаётган Элнорани кўриб телефондаги суҳбатни тезда тугатди...
* * *
Умид Осиёни кўчаси бошига элтиб қўйиб , тавоъзе билан хайрлашди.
▪️▪️▪️
Шу тунда Осиё яна ўша тушни кўрди. Қиз бу сафар ҳам от йўрттириб кетаётган эмиш. Олдиндаги манзилда ўзини кимдир кутаётганини ҳис қилиб қувончдан юраги ўйноқлар эмиш унинг.
Ана...
У манзилга етай деб қолди. Ҳозир уни кўради . Ўзи дийдорига ошиқаётган ўша сирли кимсани . Оз қолди. Бир неча қадам ... Саноқли қадам ...
- Осиё ! Қизим , уйғонақол. Ўқишга кеч қоласан ,- эшик ортидан Латофатнинг куюнчак овози эшитилди , - яна туни билан алламаҳалгача дарс қилдингми дейман ? Эрталаб кўзингни уйқудан очолмаяпсан ? Осиё , уйғон деяпман ?!
- Ҳозир , ая . Мана туряпман...
Осиё аясига шундай дерди-ю , аммо ўзи кўзини уйқудан очгиси келмасди.
У шу алфозда бироз ётди-да , бирдан ўрнидан сакраб турди :
"- Эсим қурсин! Бугун биринчи пара домла Сайфиевани дарси- ку ?"
Осиё Латофатни ҳай- ҳайлашига қарамай ярим чашка кофени нари - бери ичди-ю , бошқа ҳеч нарса емай ташқарига отилди.
У шошилиб бекат томон кетар экан шундоққина ёнгинасида тўхтаган машинага эътибор бермади .
давоми_бор
#баҳорқайтгунчадил
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев