СЕВМОҚ ВА СЕВИЛМОҚ
Куймоқ не билурсиз тушганда бошга,
Билурсиз ғариб кўз тўлганда ёшга,
Ўтлуғ муҳаббатнинг савдоси ёмон –
Севмоқ бошқа экан, севилмоқ бошқа!
Бири боғда яшар, бириси тоғда,
Бири бахт қўйнида, бири фироқда...
Улар бир-биридан жуда йироқда -
Севмоқ бошқа экан, севилмоқ бошқа!
Бири қуёш бўлса, бири ой эрур,
Бири олов бўлса, бири сой эрур,
Иккисидан бирин юрак бой берур,
Севмоқ бошқа экан, севилмоқ бошқа!
Осмон ҳеч замонда ерга тушганми,
Замин ҳам ҳеч замон кўкни қучганми?!
Зуваласи турли лойдан пишганми,
Севмоқ бошқа экан, севилмоқ бошқа!