(ибрат учун ёзилди)
Бисмиллахир Рохманир Рохийм...
Ассалому алейкум азизларим...
Сог саломатмисизлар...
Шайх Алий Тантовий раҳимаҳуллоҳ айтади:
Ишхонамда ўтирар эканман, ҳузуримга ёши катта бир киши кириб келди. Кексалиги сабаб юришга ҳам мажоли йўқ, оёғини зўрға судрар эди. Менга салом бериб, столга суяниб тўхтади, кейин ўтириб: Менинг ҳикоямни эшитишингизни ва менга зулм қилганларга чора кўришингизни сўрайман, деди.
-- Марҳамат қилиб сўзланг, қулоғим сизда!- дедим.
У ҳикоясини бошлади.
-- Мен йигитлик чоғимда ҳалол, покиза эдим. Ҳар куни эрталаб уйдан чиқиб дўконимга борар, у ерда турп, бақлажон, узум каби сабзавот, меваларни сотар эдим. Топган фойдамни бир қисмига гўшт, нон сотиб олиб, ошиб қолган сабзавотларни уйга олиб борар, аёлим уларни пиширгач, ****-ичиб, Парвардигоримизнинг неъматларига ҳамду сано айтганча уйқуга ётар эдик. Бизлар ғам чекмас, эрта ҳақида ўйламас эдик, одамлар билан ҳам, ҳукумат билан ҳам ишимиз йўқ эди. Бировлардан нарса талаб қилмас, улар ҳам бизлардан бирор нарса талаб қилишмас эди. Мен мадрасада таълим олмаган бўлсам ҳам, фарз намозларни қандай ўқишни, пулларимни санашни билар эдим, шунинг ўзи менга кифоя эди. Ҳаётимни бировни алдамай, ўғрилик қилмай, ҳалол меҳнат қилиш билан ўтказдим. Лекин ҳаётимнинг кемтик жойи бизнинг фарзандимиз йўқлиги эди. Фарзанд кўриш учун барча воситаларни қўлладик... кейин эса ишимизни Оллоҳга топширдик.
Кунлар, тунлар шу зайлда ўтиб борар эди.
Кунларнинг бирида шодлик-хурсандчилик бизнинг уйимизни ҳам четлаб ўтмади. Ҳомиладор бўлган аёлимга ширин сўзлар айтиб, яхши парвариш қилиб, унга кўпроқ вақт ажрата бошладим. Биз кунлар, соатларни санар эдик. Ҳатто аёлимнинг тўлғоқ кечаси келгач, бутун тунни туғилажак фарзандни кутиш билан ўтказдим. Тонг ёришгач, шовқинни эшитдим. Аёлимга қараган доя менга шодон ҳолда ота бўлганим хушхабарини берди. Ўша пайтда ёнимда бир риёл бор эди, ўшани унга суюнчи қилиб бердим.
Фарзандимиз кулса, ҳаёт бизга кулгандек бўлар, йиғласа унинг йиғисидан уйимиз тебранар эди, касал бўлса, кунларимиз зулматга айланар, ҳаётимиз нотинч бўлар эди. У ўсган сари биз учун байрам бўлар, у ҳар гал бир сўз айтганида шодлик бизни ўраб олар эди. Агар у бирор нарсани истаса, унинг биргина истаги учун боримиздан кечар эдик... шундай қилиб у мактаб ёшига етди.
-- Боламиз катта бўлиб қолди, нима қиламиз?,- деди рафикам.
-- Уни дўконимга олиб бораман, у ерда ҳам яйрайди, ҳам менинг ишимни ўрганади!- дедим.
-- Кўкатфуруш бўладими?- деди рафикам.
-- Нима бўлибди, отасини ҳунаридан ор қиладими?- дедиб жахлим чикиб.
-- Йўқ, нега энди. Яхшиси уни қўшнимизнинг ўғли каби мактабга берамиз. Ахир ўғлимиз ҳукумат ишларида ишлаб, фалончилар каби костюм шимлар кийиб, раҳбар бўлиб юрса ёмонми?- деди.
Аёлим қарорида қатъий туриб олганидан сўнг ўғлимни мактабга олиб бордим, бор пулим унинг китобларини олишга кетди. У синфининг биринчи қаторида ўтирар, устозлари ҳам уни яхши кўришар, қадрлашар эди.Имтиҳонни аъло баҳоларга топшириб, бошланғич синфнинг гувоҳномасига эришгач, аёлимга:
-- Мана ўғлимиз Иброҳим гувоҳномалик бўлди, энди етар, мен билан бирга дўконда ишлайди, дедим.
Аёлим зарда билан:
-- Дўконга ҳам ўт тушсин илойим, ўғлимизни шунча олган билимини, келажагини барбод қилмоқчимисиз? Гап тамом, мактабнинг иккинчи босқичига ўтади, деди.
-- Эй хотин, сенга бу сўзларни ким ўргатди а? Билими, келажаги, деганинг нимаси?. Отаси, бобосининг ҳунарини менсимаяпсанми?- дедим. Аёлим ҳовуридан тушиб:
-- Қўшнимиз ўз ўғлини билим олишини қанчалар исташини биласизми?--деди.
Мен эса:
-- Эй хотин, бизлар оддий одамлармиз, бизлар ўзгаларга тақлид қилмаймиз!-дедим.
Аёлимнинг оҳ-воҳидан сўнг ўғлимиз мактабнинг иккинчи босқичига ўтди. Чиқимлар кундан-кунга кўпаяр, аммо мен унга берган пулларимдан рози эдим. У бакалавр даражасига етди.
Мен ўғлимдан сўрадим:
-- Энди бўлгандир?
-- Ҳа отажон бўлди. Энди Европага бормоқчиман!- деди.
-- Европа, қайси Европага?, деб сўрадим.
-- Парижга!- деди.
Мен буни эшитиб:
-- Аллоҳдан паноҳ сўрайман, кофир давлатга бормоқчимисан? Ахир бу бизга тўғри келмайдику?- дедим.
Ўғлим, унга қўшилиб аёлим сўзларида қаттиқ туриб олишди. Аёлим менинг юмшамаётганимни кўргач, ўзининг келинлик зирак, узукларини сотди. Унинг бор мул-мулки шулар эди. Пулларни ўғлига берди. Ўғлим эса пулларни олиб, менга қарамасдан Парижга кетди.
Ўғлимнинг бу ишидан ғазабланган эдим, у билан бир муддат боғланмадим. Юборган хатларига ҳам жавоб бермадим. Лекин шундай давом эта олмас эдим. Қалбим юмшади. Унга хат юбордим, нима керак бўлса, тортинмай сўрашини айтдим. У доим сўрар эди. Менга йигирма лира жўнатинг... ўттиз лира.... ҳатто мен ва онаси иккимиз кун бўйи қуруқ нон есак ҳам, ўғлимизга сўраган нарсасини етказиб беришга ҳаракат қилар эдик
Унинг курсдошлари ҳар ёз ойида дам олиш учун уйларига келишар, ўғлимиздан эса дарак йўқ эди. Унга келишини, соғинганимизни айтсам, у дарси кўплигини, уйига келиб-кетиб вақтини бекорга сарфлашни истамаслигини айтар эди.
Кейин юз лира сўради... ундан кейин уч юз лира.
Тасаввур қилинг, дўконининг бор мол-мулки йигирма лирадан ошмайдиган, кунлик фойдаси бир лирагина бўлган оддий бир кўкатфурушда уч юз лира нима қилсин. Ниҳоят унга бунча пулни бера олмаслигимизни айтиб, ўртоқларига ўхшашни ҳаракат қилмаслигини, чунки уларнинг оиласи бой, бизлар эса камбағал эканлигимизни айтиб насиҳат қилдим.
Ҳовлини ярим баҳосига сотдим. Эшитяпсизми? Яшаётган ҳовлимни икки юз лирага сотдим. Бу ҳовлидан бошқа мени ҳеч қандай давлатим йўқ эди. Қолган юз лирани бир судхўр яҳудийдан ҳар ойда ҳар бир лира учун тўққиз танга тўлаш шарти билан олдим. Яъни ундан олган юз лирам йил охирида икки юз саксон лира бўлади. Ўғлимга бу пулларни юборар эканман, унга бошқа бир тийин ҳам бера олмаслигмини, шундоқ ҳам хонавайрон бўлганлигимни айтдим.
Шундан сўнг уч йилгача ундан хат-хабар келмади. Унга юборган хатларимга ҳам жавоб бермади.
Орадан ўтган етти йил ичида унинг юзини кўра олмадим, ҳовлидан ҳам ажралдим. Бу орада судхўр яҳудий ўз ҳақини сўраб келди. Мен унга қарзни тўлашдан ожиз эдим. У ҳукуматга менинг устимдан даъво қилди. Ҳукумат ҳам унинг ёнини олди. Чунки у уларга мен билмайдиган бир варақни кўрсатди. Давлат одамлари мендан: Шу вараққа сиз қўл қўйганмисиз, деб сўрашди. Мен тасдиқладим. Улар менга қарзимни тўлашимни, акс ҳолда қамоққа олинишимни айтишди. Мен қамалдим. Ҳа, мени қамадилар. Аёлим ёлғиз қолди. Уни Аллоҳга топширган эдим. Аёлим одамларни кирини ювиб, уйларда хизмат қиладиган хизматкорга айланди. Хорлик косасини қултумлаб ичди.
Қамоқдан чиққанимдан сўнг қўшниларимиздан бири менга:
-- Ўғлинггизни эшитдинггизми, деди.
-- Ўғлим. Қаерда у?-деб сўрадим.
-- Ростдан хабаринггиз йўқми ёки ўзинггизни гўлликка соляпсизми? Ахир ўғлинггиз ҳукумат ишида катта вазифада ишлар, франциялик аёли билан хашаматли бир қасрда яшар эканку!-деди.
Шундан кейин аёлим билан сафар тадоригини кўриб, ўғлимизнинг олдига бориш учун йўлга чиқдик. Ўғлимизни худди кичкиналигидек бағримизга босиб, қучганимиздагина барча ғамларимиз кетиб, ҳаётимизнинг мазмуни қайтиши мумкиндек эди. Зеро, мана бундай узоқ айрилиқ сабаб бизлар унга ниҳоят даражада ташна бўлган эдик.
Ўғлимиз турган хонадонни топиб бориб эшикни тақиллатдик. Эшикни бир хизматкор аёл очди. Бизнинг афт-ангоримизни кўриб ҳайратга тушди ва: Сизларга ким керак, деди. Бизларга Иброҳим кераклигини айтдик. У: Иброҳим жаноблари сиздай ғарибларни уйларида қабул қилмайди. Девонга боринглар, деди. Мен: Кимни ғариблар деяпсан, эй ақли йўқ аёл, мен унинг отасиман, бу эса онаси, дедим.
Шовқинни эшитгач, ичкаридан Иброҳимнинг ўзи чиқди ва хизматкоридан: Булар кимлар, деб сўради. Иброҳимнинг ортида бир чиройлик фаранглик аёли ҳам турар эди.
Аёлим ўғлини кўриб йиғлади ва: Иброҳим, ўғлим, деб қўлларини у томон чўзиб, ўзини унга ташламоқчи бўлди. Иброҳим эса бунга йўл қўймади ва кийимини қоқиб, аёлига французча бир иккита сўзни айтди. Кейин билсак, у айтган сўзлар “мажнунлар” маъносини англатар экан.
Иброҳим ичкарига кириб кетар экан, хизматкорига бизларни ҳайдаб юборишини айтди. Бизлар ўз фарзандимизнинг уйидан ҳайдалдик.
Мен эса унга эргашиб, қўлидан ушламоқчи бўлганимда у, агар бирортасига мен унинг отаси эканлигимни айтсам, ўлдиришини айтди ва: Эй киши, мендан нима истайсан, пулми? Мен сенга ойлик тайинлайман, фақат шарт шуки, менинг олдимга бошқа келмайсан, мен отангман демайсан, деди.
Мен унинг берадиган пулини олмадим ва ҳолимиздан шикоят қилиб сизнинг олдинггизга келдим.
Мен бу кишидан:
-- Ўғлингизнинг исмини ва қандай ишда ишлашини айтинг!- деб сўрадим.
У менга норози қиёфада қараб:
-- Мени ўлдиришни истайсизми?- деди.
Мен, ҳукм даъво кўриб чиқилгандан кейин ўқилишини, даъво эса унинг ўғлини исмини билмай туриб кўрилмаслигини айтдим.
-- У ҳолда Аллоҳ азза ва жаллага шикоят қилишдан бошқа чорам йўқ экан, Ундан мана бу оқ бўлган фарзанддан ўчимни олиб беришини сўрайман, деди ва оёғини умидсиз ҳолда судраганча хонани тарк этди ва шундан кейин қайтиб келмади.
Аммо унинг ўғлига келсак, отасига нима қилган бўлса, фарзандидан ҳам шуни кўриши аниқдир, айтадиларку, не кўргазсанг шуни кўрасан.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3