KARIMBERDI TO'RAMUROD
«Роббингиз ҳукмига сабр қилинг!»
(Қуръон. «Инсон» сураси. 24-оят)
Сабринисо қовоқлари шишиб уйғонди.
− Вой, ўлай, ухлаб қолибман!
Дарҳол чироқни ёқди. Бир зум ойнага қараган бўлиб, кафтлари билан қовоқларини сийпалади. Деразадан ташқарига бўйлади. Субҳи содиқ кирган, машриқ томон бўзара бошлаган эди. Даҳлизга ўтиб, юзини ювди-ю, сигир соғадиган челакни олиб, ташқарига чиқди. Таҳорат қилиб, ичкарига кирган қайнотасининг ортидан офтоба ва сочиқларни йиғиштириб юрган қайнонасини кўриб, юраги бир жизиллади.
− Ассалому алайкум, энажон.
− Пешингача ухлайсан-а, Сабри, уялмайсанми? Ётасан-ей. Орқаларинг ботиб кетмайдими?
Сабринисо дарҳол бориб оғилдан сигирни етаклаб чиқди. Уни сайисхона устунига боғлар экан, ҳовлида куймаланиб юрган қайнонасининг тўнғиллаганини эшитди:
− Пешингача эринг билан ётганингнинг фойдаси бўлса экан.
Сабринисонинг юраги увишди. Бироз боғлаб бўлган арқонига тикилиб турди-ю, индамай бориб, бузоқни етаклаб чиқди. Бузоқнинг арқонидан тортиб-тортиб, бир-икки дақиқа онасини эмиздирган бўлиб, сигирни ийдирди. Бузоқни онаси боғланган устунга калта қилиб боғлади ва «пов»иллатиб сигирни соғишга тушди. Сигирни соғар экан, қайнонасининг гапларини эслаб, кўзига ёш келди.
«Ахир, нима қилай? Менинг қўлимда бўлса экан? Измимда бўлса эгиз-эгиз туғмасмидим?»
Сутли қўллари билан кўзларини артиб-артиб, сигирни соғиб бўлди. Бузоқнинг арқонини бўш қўяр экан, ўзича қайнонасини кечирди:
«Қайнонам бечора ҳам невара кўрсам дейди, тўйлар қилсам дейди-да. Иброҳим акам биттаю битта ўғил бўлсалар. Ёшлари ўтиб бораётган бўлса. Эй Худойим, мен учун бермасанг, шу бечора қайнонам учун бер! Қиз берсанг ҳам майлига».
Ўчоққа «гур»иллатиб олов ёқиб, қозон осди. Бир қозон қилиб, сутни пиширди. Сут пишгунча сигир-бузоғини йўнғичқаси яқинда ўрилган ҳовли этагидаги бедапояга боғлаб келди. Қўлларини совунлаб ювиб, тўртта чинни косага ярим қошиқдан сарёғ ташлаб, қайноқ сут сузди. Қозоннинг қопқоғини ёпиб, устига тош бостирди. Ўчоқ бошидаги патнисга косаларни қўйиб, сўрига олиб борди. Биринчи косани тўрда ўтирган қайнотасига узатаркан, ийманибгина салом берди.
− Ваалайкум ассалом, барака топ, қизим!
Икки бош сап-сариқ бўлиб пишган ҳусайни узумни узиб чиқиб, ювиб, дастурхонга олиб келиб қўйган Иброҳим ҳам хонтахта атрофидан жой олди.
Индамайгина нонушта қилдилар. Сабринисо аввал қайнота-қайнонасига, сўнг эрига ҳадик билан зимдан бир-бир қараб олди.
− Иброҳимжон, болам, − деди қайнонаси.
− Чойингни ич! − деди ўктамона оҳангда қайнотаси.
Шу билан нонушта тугагунча бошқа сўз айтилмади.
Сабринисо дастурхонни йиғиштириб олди. Косаларни ювар экан, қайнотаси ҳақида ўйлаб кетди.
«Бечора қайнотам фариштага ўхшайдилар. Замон оғир бўлиб кечроқ уйланганлар. Устига устма-уст тўрт қиздан кейин ёлғиз ўғиллари у кишининг ёшлари элликдан ошганда туғилган. Тўрт қизи тўрт ёндан «Туғмас келинингизни ҳайдаб юборинг, ёлғиз укамизга ҳали қиз олиб берамиз», деб авраганларини кўп эшитганман. «Ишларинг бўлмасин! Яна бир-икки йил сабр қилайлик, Худо бериб қолар», деб қизларининг ҳам, хотинининг ҳам гапларини рад этадилар. Яқинда Малика қизи «Бир-икки йил кутайлик, бир-икки йил кутайлик, деб укагинамнинг сочига оқ тушди. Мен бир қиз топдим, келинингизни ҳайдамасангиз, устига ўша қизни олиб бераман», деган эди, қайнотаси ҳассасини ўқталиб, қизини қувиб солди. «Тинч келсанг кел, бўлмаса келмасанг ҳам майлига», деди. Шу ёруғ жаҳонда менга қайнотамдан ортиқ меҳрибон зот бормикан? Насиб қилса, умримнинг охиригача хизматини қиламан. Аллоҳ бир ўғил берса, унга фақат қайнотамнинг хизматини қилдирардим».
Кечқурун даладан қайтиб келган Сабринисо уни кўриб, қўзғалишган қайин опаларига пешвоз юрди.
− Ассалому алайкум. Вой, нега бирдан туриб кетяпсизлар? Билсам, эртароқ келардим. Шошмангизлар, ош қилай!
− Энди, ошни насиб бўлса, тўйда еймиз, − деди Жамила опа.
− Илоҳим айтганингиз келсин, опажон! − Қайин опалари истеҳзоли лаб буриб, чиқиб кетишди.
«Ошни тўйда еймиз»нинг маъносини оқшом билди.
− Опаларим ўзларича тўйни битказиб қўйишибди, − деди Иброҳим. − Улар мени иккинчи марта уйлантиришмоқчи.
− Сиз-чи? − деди овози титраб Сабринисо.
− Нима сиз? Мени билмайсанми? − деди Иброҳим ҳадик билан жовдираб турган хотинини қучиб. − Мен беш-ўн йил эмас, йигирма йил бўлса ҳам кутаман. Туғмасанг ҳам сендан ажралмайман. Бошқа хотин олмайман ҳам.
Эрининг тиззасига бошини қўйган Сабринисо пиққиллаб йиғлай бошлади.
− Э, э, тентаквой, йиғлаяпсанми Яна? − Иброҳим кафтлари билан Сабринисонинг кўз ёшларини артди.
− Яна дейсизми? − деди Сабринисо. − Олдин қачон йиғловдим?
− Кеча кечаси билан жойнамозингнинг устида йиғлаганингни билмайди дедингми? Пичирлаб дуо қилиб йиғлаганларингни эшитмади, дедингми? Йиғлаб-йиғлаб жойнамознинг устида ухлаб қолганингдан сўнг устингга ким кўрпа ёпиб қўйганини билмабсан-да? Ҳаммасини билиб ётувдим, туриб овутай десам, ўзим ҳам…
Сабринисо эрининг қўлларини ўпди.
− Раҳмат сизга! Фақатгина сиз мени тушунасиз, авайлайсиз. Сиз мени шундай севганингиз учунгина бу дунёда яшаб юрибман. Бир неча марта ўзимни бир нима қилмоқчи бўлдим. Аммо сизни кўзим қиймайди.
− Жинни, унақа гапларни гапирма! Билиб қўй, сенга бир нима бўлса ўша куни мен ҳам йўқман.
Сабринисо «Бўлди, гапирманг!» дегандек бармоғини Иброҳимнинг лабларига босди. Иброҳим Сабринисонинг бармоқларини ўпди. Кейин ёнига ёнбошлади.
− Ўзи кеча нега унақа қон бўлиб йиғладинг? Тўйга бориб келувдик-ку?
Сабринисо узоқ жим қолди. Кечаги йиғисининг сабабини эслаб, маъюс бўлди.
− Ҳа, тўйга борувдик. Нимагаям бордик ўша тўйга? Ўз холам чақди. Ёмон чақди. Чаёндай чақди. Келинни кўришга қизиқиб, мен аҳмоқ чимилдиққа кирмоқчи бўлибман. «Сен кирма! Чимилдиқнинг ўз иримлари бор», деди холам. Шундаям тушунмабман. «Қайси иримини бузяпман?» дебман. «Туғмас хотинлар келиннинг чимилдиғига кирмайди», деди. Ер ёрилмади, кириб кетсам. Ўз холам-а? Ўз холам тириклай ўлдирди мени.
− Парво қилма! − деди Сабринисони бағрига тортиб Иброҳим. − Ҳали ҳаммаси бармоқларини тишлаб қоладилар. Ҳали катта-катта тўйлар қиламиз. Мен туғилганимда отам эллик иккида эканлар, мен эллик иккига кирганимча ҳар икки йилда биттадан туғсанг, хўш, эллик иккидан айирамиз йигирма саккизни, йигирма икки, йигирма иккини бўламиз иккига, баробар ўн бир, эҳ-ҳе, ўн битта туғаркансан. Агар бор-э, деб ҳар йили туғсанг, йигирма иккита туғаркансан. Ана, кейин исмларини ҳам адаштириб юрасан, Рўзигул момога ўхшаб.
Сабринисо Рўзигул момони эслаб кулди. Ўн олтита боласи бор. Роса бахтли аёл-да. Болаларининг отини сўрасанг, «Мўминқул, Бегимқул, Тўтинисо, Қаюмқул…», дейди-ю, қолганини тополмайди. «Кенжаси, кенжасидан каттаси, ўртанчаси, қоравойи, сариқвойи, семизи, озғини, узуни, калтаси…», деб кетаверади қолганини. Бир куни катта ўғлини чақириб, «Баёнқул деган уканг бор эди, нега уч-тўрт кундан бери кўринмайди», дебди. Катта ўғли дарров ҳамма укаларини чақириб, уларнинг олдида онасидан ҳалиги саволини бошқатдан сўрашини айтибди. «Баёнқулим нега уч-тўрт кундан бери кўринмайди, қани Баёнқул?» дебди Рўзигул момо болаларига бир-бир кўз югуртириб. Ҳаммалари гуриллаб кулиб юборишибди. «Эна, Баёнқулингиз армияга кетганига бир йилдан ошди-ку? Ҳадемай келади», дебди Бегимқул деган ўғли.
Ўтган йил Сабринисонинг қайнонаси «Мушкул кушод» қилганда Сабринисо Рўзигул момодан «Кириб, бир ўрнимизга думалаб беринг!» деб илтимос қилди. Момо асли ҳазилкаш эмасми, роса думалаб берган, Сабринисониям қучоқлаб думалаган, «Эрингни чақир, икковингни қўшиб, ўзим думалатаман», деб роса уни кулдирувди. «Хола, ўргатинг, нима қилсам туғаман?» деганди ўшанда Сабринисо. «Э, қизим-ей, бунинг сири йўқ. Сири тепада. Мени қўявер. Мени шундай қилиб яратган. Эрим ёнимдан ўтиб кетсаям бўйимда бўлиб қолаверади. Белбоғини ҳидласам ҳам бўйимда бўлиб қолаверади. Худо хоҳласа, сениям болаларинг кўп бўлади», деганди момо.
Момонинг думалаб бергани ҳам наф қилмади. Шоҳи-зиндага етти марта борди, наф қилмади. Ғўсга бориб, Ғавсул Аъзам ҳазратларининг зиёратгоҳида муножот қилди, бўлмади. Мана, яқинда Ҳазрати Довуд алайҳиссаломнинг Оқсойдаги зиёратгоҳига ҳам бориб келди.
Эҳ-ҳе, бунгача неча-неча табибларга кўринишди эр-хотин. Эскича қанақа ирим-сирим бўлса, қилиб кўришди. Самарқандга бориб, дўхтирларнинг каттасига ҳам кўринишди. «Иккалангиз ҳам соппа-соғсиз, кутинглар, фарзандли бўласизлар!» деди катта дўхтир.
Лекин қачон? Қачон фарзандли бўлишади?
Сабринисонинг ёмон кўргани фолбин эди. Умрида фолга бормаган эди. Аммо бир мўлтони уйига келиб, супанинг бир четига ўтириб олиб, «Бир фол кўриб қўяй, пулинг керак эмас, битта нон берсанг бўлди», деявергач, қайнонаси унга фол очирди.
«Эрингни бели тўла бача. Бошқага уйланса, эгиз-эгиз туғдиради. Аммо сангинани этагингда бача кўринмаёпте. Эрингни бахтини бойлама! Қўй, бошқага уйланиб кўрсин! Санам бошқага тегиб кўр!» деди мўлтони.
Қайнонаси ана шу фолга ишонди. Ўша кундан бошланди ҳаммаси. Бу фолни эшитмаган одам қолмади. Ўша кундан бошлаб қайнонаси ва қайин опалари эрини бошқа қизга уйлантириш ташвишига тушган эдилар.
− Иброҳим ака, − деди Сабринисо. − Ростдан ҳам бошқага уйланиб кўрсангиз-чи? Дарров болали бўлсангиз, уни ўзим катта қилардим.
− Уни туққан одам сенга бериб қўярканми?
− У ўзига яна туғиб оларди-да. Мен ҳамма ишни ўзим қилардим. Унга фақат туғишни қўйиб берардик. Нима дейсиз?
− Кундош билан апоқ-чапоқ бўлиб, бир уй болани бирга катта қиламиз, деб ўйлайсанми?
− Нима қипти? Ҳовлимиз катта. Уйларимиз кўп. Майли, унга меҳмонхонамизни, яна ёнидаги икки уй, бир даҳлизниям берамиз. Менга ота-онангизнинг ёнидаги бир уй, бир даҳлиз етади.
− Жуда сахийсан-да, − деди Иброҳим кулиб. − Сен-ку йўқ кундошингга яхши уйларни тортиқ қилаяпсан, у-чи? У битта туғса сени бу ҳовлида туришингга қўярмикан?
− Нимага қўймайди. Ахир меҳмонхона билан ёнидаги икки уй, бир даҳлизни иккаламиз қурганмиз-ку? Ҳатто ғиштини ҳам иккаламиз қуювдик.
− Тўғри, мен деворини терганимда ҳар бир ғиштини, лойини ҳам ўзинг узатиб тургансан. Мен суваганман, сен оқлагансан. Буларни ҳамма билади. Аммо сенга кундош келиб, битта туғса, унинг тили бир қарич бўлади. Айтгани айтган, дегани деган бўлади.
− Сиз-чи? Сиз қараб тураверасизми?
− Мен қараб турмайман. Уни ҳайдаб юбораман.
− Ҳайдаб юборсангиз нега оласиз?
− Шунинг учун олмайман-да, жиннивойим. Худди ёш болага ўхшайсан-а?
Сабринисо ўрнидан туриб, ўтириб олди. Иброҳим унга «Нима бўлди?» дегандек ҳайрон бўлиб тикилди.
− Сизни яхши кўраман, − деди Сабринисо қўққисдан.
− Э, бу янгилик бўлди-ку? − деб Иброҳим ҳам ҳайратланган киши қиёфасига кириб, ўтириб олди. − Хў-ўш, уч юз олтмиш бешни кўпайтирамиз саккизга, баробар икки минг тўққиз юз йигирма. Бунга яна икки ойдаги олтмиш кунни қўшсак, икки минг тўққиз юз саксон. Тўйгача йигирма марта айтган бўлсанг, уч минг. Худога шукр, бу сўзингни бугун уч минг биринчи марта эшитяпман.
− Ўн минг марта эшитасиз, юз минг марта эшитасиз, миллион марта эшитасиз!
Иброҳим ҳарбийларга ўхшаб, қўлини пешонасига олиб бориб, тантанали сўзлади:
− Доим тайёрман!
− Иброҳим ака, биламан, сиз ҳам мени қаттиқ севасиз. Аммо мен ўйлаб-ўйлаб бир қарорга келдим. Мен эртага кетаман. Энангизнинг ҳам, опаларингизнинг ҳам, қўни-қўшниларнинг ҳам гапларидан тўйдим. Мен сизни қаттиқ севганим учун ҳам кетаман. Сизнинг фарзандли бўлишингизни истаганим учун ҳам кетаман.
− Бекор айтибсан, − деди Иброҳим. − Қани, бир кетиб кўр-чи?
− Нима қиласиз?
− Ўлдираман!
− Саккиз йилдан бери уриш, сўкиш у ёқда турсин «Ўл» демаган одам бирданига мени қандай ўлдирасиз?
− Сен билан нима ишим бор, кетганингдан кейин. Мен ўзимни ўлдираман.
− Доимо мени жиннивой дейсиз, ўзингиз жиннивойсиз-ку! Эшитган нима дейди?
− Нима деса деяверсин. Хотиним бошқа эр истаб кетгач, менга шу йўл қолади-да?!
− Мен икки дунёда бошқа эр қилмайман, − деди ғамгин бўлиб Сабринисо. − Сиз бошқа хотин олишингизни истайман.
Сабринисо кетди.
Эри олиб келди.
Икки йил ўтиб, қайтиб келмасликка қарор қилиб, ўзича бутунлай кетди.
Ойсулув кампир тўнғиллаб-тўнғиллаб, сигирни оғилдан олиб чиқди. Тўнғиллаб-тўнғиллаб, сигир соғди. Тўнғиллаб-тўнғиллаб, сут пиширди. Тўнғиллаб-тўнғиллаб, куви пишди, қатиқ ивитди. Шу ишларни қилиб бўлгунча тушлик вақти бўлиб қолди. Минғиллаб-минғиллаб, овқат қилди. Молларни жилдирди, уларга сув берди. Коса-товоқни ювиб, ювиндини итнинг ялоғига солди. Қайтаётиб, пиёзни ўт босганини кўрди. «Ўтаб қўймасам бўлмайди», деди ўзича. Бир дастурхон ўрнича ерни ўтаб бўлиб, қараса шом бўлиб қолибди. Яна сигир соғиши керак, кечки овқат қилиши керак. Ҳадемай ўғли даладан ҳориб, очиқиб келади. Бобойи ҳам мачитдан қайта солиб, овқат сўрайди. Яна саксонга борган чоли қурғур кунда, кун ора палов қилдиради.
«Йўқ, улгурмайман. Жамилани чақирмасам бўлмайди. Тавба, Сабринисо бу ишларга қандай улгурди экан-а? Тағин тандир-тандир нон ёпарди. Далага чиқиб, ишлаб ҳам келарди. Яна мен уни «Пешингача ухлайсан», деб уришардим мендан сал кеч турса. Ваҳоланки, бирор марта қуёш чиққанидан кейин турмасди. Ҳа, ноўрин хафа қилибман. Бечорага Худойим тирноқ бермади-да. Биргина айби-боласи йўқ. Бўлмаса, ҳеч кимнинг келини меникидай эмас. Сабринисом бечора тилло. Эҳ, бир кам дунё экан-да».
Кечқурун ҳамма ўйлаганларини дастурхон устида эри ва ўғлига гапириб берди.
− Энди ўзингга келибсан, кампир, − деди Шодмон бобо. − Бир кунда кўзинг мошдек очилибди. Келининг жаннати-ку, қадрини билмас эдинг. Ҳаммамиздан олдин туриб, ҳаммамиздан кеч ётади. Ошинг, нонинг вақтида тайёр, уст-бошинг доимо ювилган, дазмолланган. Қўлинг дард кўрмагур, салламни ҳам, пайпоғимни ҳам дазмоллайди. Шунча ишга улгуриб, яна бирор марта нолимаса. Э, бунақа келинни етти иқлимдан тополмайсан. Ҳа, нима қипти туғмаса? Ҳали ёш бўлса, Худо берса туғади-да. Анна, Жаласойдаги Турсун мулланинг келини ўн йил деганда туғибди. Буям Худо берса туғади, Худо хоҳласа, кўп туғади ҳали.
Шодмон бобо индамай ўтирган ўғлига қаради. Латтадай бўшашганини кўриб аччиғи келди.
− Сен нимага аммамнинг бузоғига ўхшайсан. Хотиним кетиб қолди, деб лаллайи-иб ўтирибсанми? Бориб, олиб келиб берайми? Ўзинг бориб, узр сўра, тавалло қил, олиб кел! Энанг, опаларинг айтаверади-да, уйлантирамиз деб. Бахтингни қўлдан чиқарма! Агар сен ҳам шу фикрда бўлсанг, айт, шартта уйлантираман. Аммо келиним бу уйдан кетмайди.
− Бориб келдим, − деди бошини кўтариб Иброҳим. − Бормайман деди. Ҳатто ялиндим, кўнмади.
− Энангдан хафа бўлдимикан?
− Йўқ, ҳеч кимни ёзғиргани йўқ. Опаларимдан ҳам хафа эмас экан. «Сиз бошқага уйланинг, бахтингизни шунча йил боғлаб юрганим етар», дейди.
− Ҳай аттанг, ҳай аттанг-а, − деди енги билан кўз ёшларини артган Шодмон бобо. − Уй-жойидан, хону-монудан айрилса ҳам бировни ёмонламайди-я, менинг келиним. Янаям ўзини айблайди-я. Эй, Худойим, нима қилади шу келинимга биргина тирноқни раво кўрсанг!
Шодмон бобо дастурхонга дуо қилишни ҳам унутиб туриб кетди.
Сабринисо Ҳурматой биби халифани чақириб, йўл-йўриғини сўраб олди ва қирқ кун рўза тутиб, чиллада ўтиришни ният қилди. Унга бир уйни ажратиб беришди. Сабринисо шу уйдан чиқмай, туну-кун ибодатга берилди.
Сабринисо чиллада ўтирганининг учинчи куни қайнотаси келди. Сабринисо яхши кўрадиган Самарқанд нони ва лабзи ҳолва олиб келибди.
«Бугун жума экан», хаёлидан ўтказди Сабринисо. Қайнотаси ҳар жума куни жума намози учун Самарқандга борар, келишида нон ва албатта шу ҳолвадан олиб келарди.
У қайнотасининг отаси билан қилган суҳбатини эшитиб турди.
− Чиллада ўтиришни ният қилган бўлса, майли, ниятига Аллоҳ етказсин! Бўлмаса кириб, ўзим бирга олиб кетардим. Қуда, бир гапни айтиб қўйинг, қизингизни мен келиним эмас, қизим деганман. Қизим уйга қайтмагунча бу омонат жонимни ҳам эгасига топширолмайман. Айтинг, шу нарсани билиб қўйсин, кўзим йўлида бўлади!
Қайнотасининг йиғлагани эшитилди. Унинг оппоқ соқолидан ёш томчилаётганини тасаввур қилган Сабринисо ниятини ҳам бузиб, қайнотаси қошига отилиб чиққиси, ўзини унинг бағрига отгиси келди. Аммо нияти устунлик қилди.
Иброҳим, гарчи уни Сабринисо турган уйга киритмасалар ҳам, ҳар кеч бир марта келар, Сабринисо унга жавоб қилмаса ҳам, гапириб-гапириб кетар эди.
− Мени эшитаяпсан-а? − дерди у. − Шартмикин қирқ кун қоронғу уйда ўтиришинг? Ҳали энди ярми ўтди. Яна ярми ўтгунча ўлиб қоламан-ку? Ўзимизнинг уйда давом эттира қол, а? Нима дейсан? Индамайсан-а? Ҳа, майли, нимаям дердим? Чидайман.
− Мендан сўрайдиган гапинг йўқми? − дерди бошқа сафар. − Индамайсан-а? Сўрамасанг ҳам айтаман. Ҳаммамиз сени соғиндик. Отам ҳар намозларида сени дуо қиляптилар. Онам ҳам чилланг тугашини кун санаб, кутаяпти. Опаларим ҳам ҳалиги гапни тилларига олмайдиган бўлишди. Улар келиб, сендан узр сўрашмоқчи. Бу ерда шунча кун ўтирсам бошқага уйланади, қутуламан, деб хомтама бўлма! Мана, бир ой чидадим. Яна ўн кун чидарман.
Қирқ кун рўзадор бўлиб, тинмай ибодат қилган Сабринисо озиб-тўзиб чиқишнинг ўрнига аввалгидан ҳам гўзал бўлиб, ҳатто бироз тўлишиб чиқди чиллахонасидан. Унинг юзларида илоҳий бир нур ўйнар эди. Ўша куни Сабринисонинг ота уйида гўёки бошқатдан тўй бўлиб кетди. Қайнота қайнонаси, қайин опалари Иброҳим билан бирга келишди.
Сабринисонинг отаси қизи чиллага кирган кунлари олиб келиб боғлаган қўчқорни сўйдирди. Учдан иккисини хомлай қўни-қўшниларга улашишди. Қолганини паловнинг тагига бостиришди.
Сабринисони бошқатдан келин қилиб тушириб келишгандек иззат-икром билан олиб келишди. Ўз ҳовлиси кўзига жаннат кўриниб кетди Сабринисонинг. Уйига кириб, ҳар бир буюмини ушлаб-ушлаб чиқди. Ҳар бир кийими, сочиқларигача ҳидлаб чиқди.
Уни кулимсираб кузатиб турган Иброҳим келиб, бетоқатлик билан қучоқламоқчи бўлди.
− Аввал фарзанд тилаб, икки ракаат номоз ўқинг! − деди уни тўхтатган Сабринисо.
− Э, акангқарағайнинг хотини қаттиқ кетди-ку? − деди офтобани қўлга олган Иброҳим. − Мениям қирқ кун чилла ўтқазмайсанми ишқилиб?
Янги йил арафаси эди. Сабринисо устма-уст ўқчий бошлади. Уни бу аҳволда кўриб, Иброҳим шошиб қолди.
− Бирор дори берайми ё дўхтир чақирайми?
− Тузланган помидор беринг! − деди Сабринисо.
Иброҳимнинг кеч бўлганда кўчага чиқиб кетаётганини кўриб, онаси сўради:
− Тинчликми, бемаҳалда йўл бўлсин?
− Э, келинингизнинг тузланган помидор егиси келиб қопти. Эшон жўрамникига ўтиб келай, шуникида зўр тузланган помидор, бодринг бор, − деди ҳеч нарсага тушунмай.
− Нима дединг? − типирчилаб қолди Ойсулув момо. − «Шўр помидор сўради», дедингми? Худойимдан айланай! Югур, тез бориб, олиб кел!
Ўзи шошилиб, келинининг олдига кириб кетди.
− Ҳой, бобой, суюнчи беринг! − деди ўз уйига ҳовлиқиб кирган кампир. − Суюнчи беринг! Сабринисонинг бўйида бўлибди!
− Ўзингга шукр! − деди Шодмон бобо. − Беҳисоб шукр! «Сабр қилганларга мукофотим бор», деган Аллоҳимнинг Ўзи. Ўн йил сабр қилди-я, келиним, ўн йил. Жисмини исмига монанд қилиб яратган экан-да, Худойим.
Бобо узоқ яшади. Салкам тўқсон ёшга етди. Бир эмас, икки неварасининг тўйини кўрди. Яна икки қиз неварасининг бешик тўйини ҳам кўрди.
«Ана кетди, мана кетди» бўлиб, бир ой ётди. Бехосдан ўзига келди. Туриб, ўзи таҳорат олиб, намоз ўқиди. Келинига палов қилдирди. Бир ой деярли ҳеч нима емай ётган одам олдингидек, чинни лагандаги сариёғли ошнинг ярмини еди. Қўлларидан ошнинг ёғларини ўзи суйганидек, оқизиб-томизиб еди. Сўнг дастурхонга дуо қилди.
− Мен ҳаммангдан розиман! − деди бобо. − Ҳамманг Сабринисодек сабрли бўлинглар, унга ўхшаб мукофот оласизлар!
Эртаси куни саҳарда ўзи кўп бор айтганидек, келинининг қўлида Шодмон бобонинг жони узилди.
Ойсулув кампир ҳам сал-палини демаса эрининг ёшига етди. «Биргина невара кўриб ўлсам армоним йўқ эди», деб бир замонлар зорланган Ойсулув момо ўзи орзиқиб кутган неварасини уйлантирди ҳам, чеварасини ҳам кўрди.
Ойсулув момо ҳам Сабринисонинг тиззасига бош қўйиб, жимгина, бу дунёдан рози бўлиб, жонини Ҳаққа топширди.
Эҳ-ҳе, Сабринисонинг болалари, неваралари ҳозир бир қишлоқ бўлиб кетган.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1