(Ҳикоя)
Гр: 🌹Ҳикоя ва қиссалар🌹
Муаллиф: Наргиза Усанбаева.
“Сенга етган яхшилик Аллоҳдандир.
Ва сенга етган ёмонлик нафсингдандир...”
(Нисо сураси, 79-оят)
- Кўп борганман. “ТТЗ” томонда. Номи “Болалар суяк сили касалликлари сиҳатгоҳи”. Мендан қайтмаса, Худодан қайтсин. Олиб кетинг, - зорланди аёл. Юпун кийингани учун субҳнинг салқин ҳавоси юзларидаги майда, сариқ тукларнинг ўрнини билдириб, чеҳрасини нонпар урилган патирдек ғадир-будир ҳолга келтирган, бурнининг учи қизарган, тинмай сув оқаётгани боис “ширқ” этказиб тортиб қўярди. - Уйим у қадар узоқда эмас, бир қишлоқ нарида.
Тонг ғира-шира ёриша бошлаган. Еттитом бекатида тўрт-бешта машина эгаси пойтахтга кетиш учун мижоз кутарди. Кўчада одам йўқ. Атрофдаги дўконлар очиқ бўлгани билан сотувчиларнинг айни пайтдаги асосий иши - ўтирган стулида мизғиш. Йўлни эринчоқлик билан кесиб ўтаётган эшакни айтмаса, шу аёлдан бошқа зоғ йўқ ўзи.
- Бекор ҳам одам келишини кутиб турибсиз-ку! – ялинчоқлик билан деди аёл. - Юринг ука, боламни олиб келайлик, йўқ деманг.
- Янга, “уйимга бориб боламни оламиз”, деяпсиз. Яна “Сиҳатгоҳгача олиб бориб қўясиз”, деяпсиз. Қайтишда ҳам сиз билан қайтаман, деяпсиз, - қизишиб гапира кетди Шокир. - Берадиган пулингиз юз эллик минг сўм экан. Уйингизгача ҳам салкам ўн километр юраманми? Тошкентга боргандан кейин, сиҳатгоҳингизгача ҳам ўлдим деганда йигирма километр бордир? Уларнинг пули-чи? Битта одамни “Еттитом”дан “Бек барака” бозорининг ёнигача олмиш минг сўм билан олиб кетяпман. Сиз бориш-келишингизга эллик минг сўмдан бермоқчи бўляпсиз, яна уйингиз ва сиҳатгоҳ ортиқча!
- Пулим кам эди-да. Шу болани тўрт ёшидан буён ўша ёққа ётқизиб даволатамиз. Етказолмаяпмизда...
- Янга! Нега тушунмайсиз? Мен нима қилай? Менда йўқми, бола-чақа? Боринг, бошқа такси билан гаплашинг, мен олиб кета олмайман, - бақириб берди Шокир.
- Ҳозир сизнинг навбатингиз экан-ку! Сиз кетаркансиз. Эртароқ кетсам, кечгача қайтишга ҳам улгураман-да! Илтимос, ука. Пулим бўлса берардим. Мендан қайтмаса, Худодан қайтсин! – ялина бошлади аёл.
- Ҳеч бўлмаса, болангиз шу ерда бўлсаям бошқа гап эди, - тўнғиллади ҳайдовчи.
- Боламнинг оёғи гипсда-да. Суяк чириши дейишган. Тўртинчи синф боласи. Кап-катта бўлиб қолди, кўтара олмайман. Шунга таксини уйга олиб келаман, дегандим-да... – ҳайдовчининг қалби юмшаши учун янаям тушунтира бошлади аёл.
- Бошимни қотирманг, бошқа такси гаплашинг, - Шокир қовоғини осиб жувондан узоқлашди. Ўлжа қидирган бургут мисоли ўткир нигоҳини атрофга тикиб мижоз излади. Аксига олиб ҳеч ким йўқ. Аёл гириҳ кўзларини унинг ортидан тикканча қолаверди.
- Олиб кетсангиз бўлайди, - оғзидаги носини авайлаб гапирди сал нарида машинасига суяниб турган Ўктам.
- Юз эллик минг сўмга боласини уйдан олиб келиб, сиҳатгоҳга обориб қўйиб, яна ўзини қайтариб олиб келишим керак экан, - аёлга атай эшиттириб деди Шокир. – Ўғли билан сиҳатгоҳга боришининг ўзи шунча пул бўлади-ку!
- Йостдан пули йўқдий? – лабларини чуччайтириб олди Ўктам.
- Қайда? Боласини дўхтирга олиб борадиган одамда пул бўлмайдими? Дўхтирга борадиган одам, мол сотади, қўй сотади.
- Савоб ҳам керак-ку! – инсофли бўл, дегандек гапирди Ўктам.
- Сен олақол ўша савобни, - асабийлаша бошлади Шокир.
Шу пайт худди уни тинчлантирмоқчи бўлгандек йўл четига келиб тўхтаган машинадан иккита йигит тушди.
- Тошкентми? – улар томон шошиб одимлади Шокир.
- Ҳа,- деди йигитлар ҳам.
- Чиқинглар, оқ нексияга.
- Қанча бўлади?
- Олтмиш минг. Иккита одамим бор, жўнаймиз.
Йигитлар тушган машинаси юкхонасидан катта сумкаларини олиб, Шокирнинг машинасига жойлади. Шокир Ўктамга “кетдим”, дегандек қўл кўтарди-ю, машинасига ўтирди. Атрофда ҳалиги аёл кўринмасди.
- Анув хотин қайтиб кетдими, дейман, - машинасини жилдираркан, аёл келган томонга аланглади Шокир.
- Нима деди у? – деди ёнида ўтирган, Тошкентдаги ўғлиникига кетаётган қўшниси Ҳикмат бобо.
Озғин, узун бўйли бобонинг оқ-қора аралаш соқоли кўпроқ кулранг бўлиб кўринар, ўсиқ қошлари чуқур кўзларини ёпишга урингандек, булоқ бўйидаги қамишлар каби пастга қараб турарди. Шунданми жаҳли чиқиб турган одамдек таассурот уйғотарди.
- Нега олмадинг у аёлни?
- Ўғлининг оёғи гипс экан, - бобога қараб оларкан, деди Шокир. - Уйимдан олиб чиқиб, сиҳатгоҳгача олиб бориб қўйинг дейди. Арзимас пулга.
- Ўша ризқинг эди-да, - йўлдан кўз узмай деди бобо.
- Ризқим бўлса, минарди-да, айтган пулимни бериб. Мана, ўрнига бошқа йигитлар чиқди-ку! – орқада ўтирган йигитларга ишора қилди Шокир.
- Эрта тонгда Худойим бандаларига ризқ улашаркан. Ўша аёл биринчи бўлиб тўғри ёнингга келди. Яна боласи касал экан. У бераман, деган пул ризқинг бўлганми, дейман-да. Тағин билмадим... – ёнидаги ойнадан узоқ-узоқларда кўринаётган тоғларга боқиб деди Ҳикмат бобо.
- Қизиқсиз-да, бобо. Юз эллик минг сўмми, менинг ризқим? Сиз олтмиш, орқадаги ака ва икки йигит олтмиш минг сўмдан беради. Ҳаммаси икки юзи қирқ минг сўм бўлади-ку.
- “Ютганинг сеники, чайнаганинг гумон”, болам.
- Ўзи асабим бузилганди, сизам бир нималар деманг, - Шокир олд томонда секингина кетаётган машинага жаҳл билан сигнал чалди. Бу ҳам етмагандек, гож ҳисларини жиловлай олмай бақирди: – Тезроқ юрмайсанми, эшак?! Эшак арава миниб кетаётгандай имиллайсан!
Ҳикмат бобо нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтлади-ю, яна индамай ўнг томонидаги далага тикилганча кетаверди.
Орқа ўриндиқда ўтирган юзлари думалоқ, тўладан келган ака Тошкентда яшаркан. Газетчи. Икки йигит эса ўқишга ҳужжат топширгани чиқишибди.
- Тез юрдик. Худо хоҳласа, ўн бир бўлмай Тошкентда бўламиз, - мамнун бўлди ҳалиги газетчи ака.
- Ҳа, яхши бўлди. Бизам ҳужжат топшириб, қайтишга улгурамиз, - деди абитуриент йигитлардан бири.
- Мен Тошкентга боргач, машинада бироз мизғиб оламан. Соат учда тургандим. Уч яримдан буён бекатда эдик. Тўрт яримда юрибмиз мана. Бир соат Ҳикмат бовам билан одам кутибмиз. Шунга озроқ ухлаб олиб, тушдан сўнг қайтаман. Телефонимни ёзиб олинглар, ўзим олиб қайтаман, - Шокир қайтишга ҳам мижоз топилганидан хурсанд бўлди.
- Майли, айтинг рақамингизни, - деди абитуриент йигитлар ва Шокирнинг телефон рақамини ёзиб олишди.
Газетчи ака билан Ҳикмат бобонинг гапи гапига соз келди. Гурунг тўхтамасди. Икки ёш йигитнинг боши ҳали бўйни қотмаган гўдакники каби гоҳ у ёнга, гоҳ бу ёнга оғиб ухлаб борарди.
- Ҳе-е-е, онангни... Тошбақага ўхшамай ўл! Тезроқ юрсанг ўласанми?! – туйқус Шокир бақириб суҳбатни бўлар, йигитларни ҳам уйғотиб юборарди.
- Рўпарада келаётган машина сенга чироғини ўчириб-ёқдими? Танишингми? – ҳайрон бўлиб Шокирга қаради бобо.
- Ие, шундай қилдими? Радар бор экан-да! Ишора бериб кетди. Манов тошбақа бекорга секин юрмаётган экан-да! – ёнидаги секин юриб кетаётган машинани кўзлари билан кўрсатиб деди Шокир. - Билган экан радар борлигини. Мана-а-а, айтмадимми? Туришини қаранг, радарнинг.
- Шу шўпирларга қойил қоламан. Бир-бирини зўр қўллайди, бова, - ўзи Шокирнинг ортида ўтирган бўлса-да, бўйнини Ҳикмат бобо томон чўзиб деди газетчи ака. – Қаранг, таниса-танимаса радар борлигини билдириб кетди.
- Менам қойил қолиб турибман, - деди бобо қалин, ўсиқ қошларини силаб. – Сенам ўзимизнинг халқни қўлла, газитчи болам. Қўлингдан кўп иш келади. Бизнинг қишлоқнинг одамлари сувни сотиб олиб ичишяпти. Еттитомдан чучуқ сувни бочкада олиб бориб, атрофдаги қишлоқларга литрини 60 сўмдан сотишяпти. Ноилож оляпмиз. Кун иссиқ, кир-чир, ювиниш-чайиниш, ичишнинг ўзига бир кунда икки юз литрлаб сув кетиб қолади. Ўзимизнинг қудуқларнинг суви шўрлаб кетди. Ҳеч нарсага ярамайди. Шуни ёзиб чиқ. Халқни амаллаб ичимлик суви билан таъминлашнинг йўли бордир? Одамлар гази бўлмаса ўлмайди,электри бўлмаса ўлмайди. Лекин сувсиз ўлиши мумкин. Савобгаям қоласан.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 7