(Ҳикоя)
Гр: 🌹Ҳикоя ва қиссалар🌹
Муаллиф: Наргиза Усанбоева.
— Кўп нарсалар бизга боғлиқ эмас, — деди у чексиз надомат акс этган нигоҳларини ерга қадаганча. — Ҳатто баъзида ўз ҳаётимиздаги воқеаларга ҳам даҳл қила олмай қоламиз. Аралашишга ҳаққимиз йўқдек туюлади. Кўрамиз, биламиз, аммо четда туришга, жим кузатишга мажбур бўламиз.
У илон шаклида ясалган нуқра узукли узун бармоқларини пешанаси бўйлаб юрғизаркан, енгилгина “уҳ” тортиб қўйди. Сўнг ҳеч бир пардозсиз ҳам зулукдек қоп-қора қошларини чимирди. Катта, чарос кўзларини беркитишга уринган узун-узун киприкларини кўз-кўз қилмоқчи бўлгандек, пастга тикилганча жим қотди. Шу ҳолида унинг кўзлари очиқми, юмуқми билиб бўлмасди.
Очиғи, унинг ёнимга мижоз сифатида келиши етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган. Аслида тарихда ҳам, кўп йиллик тажрибали психологлар ҳаётида ҳам бунақаси учрамаган бўлса керак. Наинки, психолог балки, бошқа соҳа вакиласи ҳам ўзига кундош санаган аёлни қабулига киритмаган бўларди. Албатта, мен ҳам киритмасдим.
Исм-шарифини эшитганимдаёқ нафақат асабларим, эҳтимол, танамдаги бор зарраларим унга қарши исён қилгандир? Чунки унга бўлган нафратим шу қадарки, исмига ҳам тоқат қилолмайман.
Тажрибамдан ҳам, аёл табиатини яхши тушунганим учун ҳам биламанки, менга нисбатан у ҳам шундай. Шунинг учун айнан унинг қабулимга ёзилишига имоним комил эмасди. Шунчаки, исм-шарифи бир хил бўлган аёл деган тусмол билан ўтиргандим. Не ажабки, мана у қаршимда. Унга яхшилаб қарадим. Илгари ҳам кўрганман. Лекин гўзаллигини тан олгим келмаган. У чинданда гўзал аёл эди. Бу иқрорлик юрагимни мижғиб ташласа-да, мардларча тан олдим.
— Ўзи нега келдим? — деди у нигоҳларини менга қаратаркан. Кейин истеҳзо билан кулиб, яна сўзлади. — Одам баъзида дардкаш қидиради. Бугун менга дардкаш керак бўлди.
— Мен ишончли дардкашман, — дедим унга кулимсираб.
Сездим, табассумим беўхшов чиқди. Унинг жамоли олдида менинг ҳусним хира тортаётгани қалбимга ҳам қоронғулик бераётганди. Дилимга бостириб кираётган ночорлик, юзимда аксланаётганди-да. Бу ҳам етмагандек сўзларим кучсиз ва сохта янграгандек бўлди ўзимга.
— Биламан, шунинг учун ҳам келдим, — деди у хўрсиниб. — Танишлигингизга қарамай, гапларимни, бор сиримни маҳаллага ёйишингизни билсам ҳам келдим. Чунки нотаниш, мени, маҳалламни билмайдиган психолог бу яқин-атрофда йўқ.
Мен унинг гапларига эътироз билдирмадим. Сабаби, бир марта унинг ишончини пайпол этгандим. Ўша воқеа эсимга тушиб, ерга қарадим. Ким билсин, қизаргандирман, ҳам. Лекин дарҳол ўзимни қўлга олиб, қатъи дедим:
— Ўзинг айтганингдек, кўп нарсалар бизга боғлиқ эмас. Аммо бугунги эшитганларим тишимдан ташқарига чиқмайди. Бемалол гапиравер.
Мендан ёши кичиклиги ва ёвлигини унутмаган ҳолда сенлаб гапирдим.
— Хўп, - деди у. - Буни мен кўп йиллар ичимда сақладим. Энди ўйласам, бундан фойда йўқ экан. Бугун гапириб енгил тортмоқчиман. Юракда турган нарса барибир қалбга ботади, эзади, қийнайверади. Ундан кўра айтиш ва қутулиш керак экан.
У яна ўша бармоғини чирмаб турган кумуш “илон”ни айлантира бошлади. Асабийлаша бошлаганидан айтмоқчи бўлганлари ўша воқеа билан боғлиқлигини ҳис қилдим. Аёл эса бармоғидаги “илон”нинг бошини кафтлари ичига яширганча, маюс сўзида давом этди:
— Эримнинг хиёнати туфайли ажрашиб келган вақтларим эди. Болам касал бўлиб қолди. Ҳали ишламас, уйдагиларнинг кўзига балодек кўриниб юрган дамларим. Зиғирча бўлсин бировга оғирлигим тушишини истамасдим. Шунинг учун шифохонага ўғлимни ўзим олиб бордим. Тинимсиз қусаётган, шалпайиб қолган боламни бағримга босганча жон ҳолатда кириб бордим. Биринчидан, синглим ишларди. Яна ўзимизнинг маҳалладаги шифохона эмасми, ҳамма таниш. Шунинг учунми, терапевтнинг ҳузурига бостириб кирдим. Кирдим-у, қўлимда болам билан қотиб қолдим. Бир зум дилбандимнинг хасталиги ҳам эсимга келмади. Кўзларимга ишонмадим. Синглим шифокорнинг кўзларига тикилиб турар, шифокор эса унинг елкасидан қучганча бир нималар деб шивирларди. Кутилмаганда бостириб кирганим, уларни ҳам шошириб қўйди. Шунчалар ақлини олгандики, бир-биридан узоқлашишни ҳам ўйламай қотиб туришарди. Менинг миям эса яшин тезлигида ишлади.
Бегоналарнинг нигоҳи тушмасин дея, дарҳол эшикни ёпдим. Сўнг боламни бағримдан қўймай, бориб синглимнинг юзига шапалоқ тортдим. Ҳайронман, ўғлимни кўтариб турганим ҳолда буни қандай қилган эканман? Шундан кейингина улар бир-бирини узоқлашишди.
— Ифлос! Уялмайсанми, оилали бўла туриб, ёш қизнинг бошини айлантиргани! — дедим шифокорга тик қараб.
— Астароқ! — деди унинг кўзлари катта-катта бўлиб.
— Унинг ўрнига ўзингнинг синглингни қўйиб кўр, мараз! — дедим аламдан ёниб. — Бориб хотинингга айтаман!
— Айт! Ўзингнинг синглингни ўзинг шарманда қил! Синглингнинг ўзига керак шу, билдинг! Хоҳласам, сенинг ҳам бошингни айлантираман! Ўлиб тургандирсан! — хунук иршайиб деди у.
— Нима? – миям олов ичида қолгандек, бошим қизиди. - Вой ифлос-е-ей! Оғзингга қараб гапир! Сени одам деб боламни олиб келибман-а? Сенга ўхшаганлардан яхшилик кутиб бўлармиди? Ундан кўра бошқа жойга олиб бораман!
Шу пайт эшик очилиб, қўшни хонадаги шифокор кириб келди. Очиқ қолган эшикдан ҳамшираю навбат кутаётган беморлар бўйнини чўзиб қарай бошлашди.
— Тинчликми? — деди ҳалиги кириб келган дўхтир.
Мен тўлиб турганим учун йиғлаб юбордим. Синглим шундоқ ҳам қўрқув ва шармандаликдан юм-юм йиғлаётганди.
— Мана бу ифлос... хотинбоз... — дедим-у тилимни тишладим. Чунки ҳали турмушга чиқмаган синглимнинг шаъни мени соқовга айлантирганди. Агар ҳозир рўй берган бор воқеани айтсам, унинг номи ёмонга чиқар, шу билан келажаги барбод бўларди.
— Хотинбоз? — ҳалиги келган шифокор ҳам ҳамма гапни билиш учун атай ўсмоқчилаб деди. — Сизга бирор нима дедими?
Мен жим қолдим.
— Бирор нима дедингми? — ҳамкасбига қаради у.
— Йўғ-е, нотўғри тушунди. Шунчаки ўзимга яқин олиб елкасига қўлимни қўйгандим...
У бу сўзларни синглимга нисбатан айтаётганини сезиб, дарров тилидан гапини олдим:
— Бола қолиб, менга қўл чўзасанми, ифлос! Боламни кўрсатгани олиб келгандим...
Туйқус бошқача гапира бошлаганим, туҳматим уни тутатиб юборди.
— Туҳмат қилма! — бақирди у чидолмай. — Мен...
Унинг нима демоқчилигини билиб, дарҳол тўхтатдим:
— Бўлди. Ҳозир бир четга ўтамиз-у, гаплашиб оламиз. Дўхтир, сиз боламни кўриб туринг, — дедим ҳалиги шифокорга. Кейин ўғлимни синглимнинг қўлига тутқаздим. — Қусяпти, яхшилаб текширтир.
Сўнг эса дарҳол ҳалиги терапевтнинг қўлтиғидан олиб, ташқарига етакладим. Шунчалик тутаб, ёниб турган бўлсам-да, босиқлик билан дедим:
— Илтимос, синглим ҳақида ҳеч нарса деманг. Келажагини ўйланг! Тинч қўйинг! Сўраганларга майли мени бирор нима денг. Лекин синглимни...
— Синглингни тинч қўяман. Лекин... сенинг бошинг очиқ-ку! Гаплашиб турсак бўлар... — деди у менга кўзларини лўқ қилиб.
Жоним ҳалқумимга келди. Қани, дунё кўтарса, бўғиб ўлдирсанг! Ёки суяксиз тилини суғуриб олсанг!
Барибир ўзимни тутолмадим, юзига шапалоқ тортдим. У бўлса қўлимдан маҳкам тутди-да, алам билан деди:
— Шу қилганинг учун ҳам бир мартага хотин қиламан сени!
Мен ҳеч нарса деёлмадим. Қўлимни куч билан тортиб олдим-у, ортимга қайтдим. Табиийки, бу суҳбатни ва ҳаракатларимизни шифохонада кўпчилик кўрди. Албатта, ҳамма бизнинг орамизда нимадир бор деб ўйлади. Ҳарқалай, терапевт мард чиқди, синглим ҳақида лом-мим демади.
Афсус, бу воқеадан кейин одамлар мени унинг маъшуқасига чиқарди. Бу ҳақда унинг ўзи гап тарқатибди. Жанжал ҳақида сўраганларга, киноя билан “Эридек кўриб, би-и-ир эркалик қилди-да! Тушунтирдим, бошқа бундай қилмайди. Оилам мен учун биринчи ўринда туришини қулоғига қуйдим”, дебди.
Аёл ҳикояси шу ерга келганда, узун, қайрилма мижжаларини кўтариб менга қаради. Кўзлари ёшга лимо-лим. Катта ялтираб турган қорачиқлари сув остидаги қора маржон сингари одамни мафтун этарди. У хўрсинди. Сўнг яна бошини эгиб гапида давом этди:
- Бу воқеадан кейин уйда катта жанжал бўлди. Акам, отам қўл кўтарар даражагача боришди. Лекин мен ҳеч нарса демадим. Боя айтганимдек, ҳаётимиздаги кўп нарсалар бизга боғлиқ эмас. Уларни жимгина ўтказиб юборишдан бошқа чора тополмаймиз. Мен ҳам шундай қилдим. Ҳаммасини сукут билан енгишга ҳаракат қилдим. Кейин сиз чақирдингиз.
“Эримни тинч қўй, ифлос”, дедингиз ғазаб билан. Ўшандаги менинг жавобим эсингиздами?
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 11