(Ҳикоя)
Гр:🌹Ҳикоя ва қиссалар🌹
Муаллиф: Наргиза Усанбоева.
- Роса ҳасип егим келяпти, ойи. Шунга қайнонам ва эримдан ётиб келишга жавоб сўрадим. Эртага тушдан кейин йўлга чиқаман. Уйга борсам, ҳасип пиширайлик, хў-ў-ўп, илтимос, - ялинчоқ овозда деди Мадина.
- Илтимос деганинг нимаси, болам. Албатта пиширамиз.
У беихтиёр тамшанди. Тили танглайига зулукдек ёпишиб, ҳаракатсиз тўхтади. Лабини яламоқчи бўлганди, оғзига қуруқ, дағал, қоғоздек шиқирлаган нарса илинди. Ютинганди, димоғида ҳам намлик сезмади.
“Кун бўйи қуёшда юрдим, — ўйлади у гўшт бозорига умид билан кираётганида. — Тинкам қуриб кетганга ўхшайди. Тик оёқда юраверсанг чарчаганингни сезмайсан, лекин ҳозир бир пас ўтирсанг борми, танангни жон тарк этаётгандек шалвираб қоласан...”
Баъзилар рўза тутса, салқингина уйга кириб олиб, мазза қилиб ётади. У ҳам биринчи куни шундай қилди. Саҳарликдан кейин ухламади. Барча юмушларини бажарди-да, тушга яқин таппа ташлади. То қуёш қайтгунча ётди. Ҳарқалай қийналмади. Лекин ундан кейин рўзғорнинг югур-югури билан ҳали бозорга келади, ҳали томорқага киради, ҳали ўчоқ-тандирнинг атрофида куймаланади. Бугун ҳам саҳарликдан кейин томорадаги сабзининг бир жўягини бегона ўтлардан тозалади. Кейин гуллаб-гуркираб ётган картошкаларининг тагини кавлаб икки сумка териб олди. Бозорга олиб бориш учун. Сотади. Ҳарна бир-икки сўм-да. Икки сумкани кўтариб, уй томон келаётганди, катта ўғли бошини қашиб чиқиб келди.
— Турдиларингми, болам? — деди у бўйи анча чўзилиб, елкалари ҳам кенгайиб, отасининг келбатини ола бошлаган ўғлидан кўз узмай.
— Нималар қилиб юрибсиз? Уйғотмайсизми, ўзим териб берардим, — норози тўнғилади ўғли.
— Опангнинг ҳасип егиси келибди. Бозорга сўппайиб бормай, дедим. Сотсам пул. Шунинг пулига ҳасиплик гўшт оламан-да.
— Опам келармикан?
— Ҳа, кеча қайнонасидан, поччангдан рухсат сўрабди. Кечга томон келиб, ётиб кетаркан. Биринчи марта бемалол келиши. “Нима пишириб қўяй, десам “ҳасип” деди. Худойимдан айланай, бошқоронғида. Ҳар нима тусайди-да кўнгли.
— Эртароқ уйғотмабсиз-да! Помидорларга сув қўйишим керак эди, — деди ўғли томорқа томон юраркан.
— Менам томорқага бир кирсам, чиқолмай қоламан. Сабзини “ўтоқ” қилиб қолиб кетдим. Синглинг турдими?
— Ухлаяпти...
У икки сумкани эшик олдига қўйди-да, ширин ухлаб ётган кичкина қизини уйғотди. Кейин кийиниб чиқди.
— Қаёққа ойи? — уйқуси ўчмаган кўзларини ишқалаб сўради қизи.
— Бугун опанг келади. Ётиб кетади. Бозорга бориб келай. Ҳасиплик гўшт олишим керак.
— Ҳасип қиласизми? — кўзлари порлаб кетди қизчанинг.
“Ҳаммаси раҳматли отасига ўхшаб, ҳасипни яхши кўради. Тирик бўлганида ҳозир уям қувонган бўларди... — уйлади у. — Ҳа майли, пешанасида бор экан, қирқ ёшнинг устида кетиш. Болалигида сариқ бўлган экан. Оғир меҳнат кўп қилди, ароқ ичди. Жигари ишдан чиққанини сезмай ҳам қолди. Тўрт йилдан ошибди, шунга ҳам...”
У ўзини анча тутиб олганини ўйлаб, Худога шукр қилди. Ҳарқалай, қиз чиқарди, ўғли коллежда ўқияпти. Кичкина қизи ҳам ҳадемай мактабни битиради. Бир ойга қолмай, невара кўради...
Хаёл билан уйдан чиқиб, икки сумкадаги картошкани кўтариб, йўлга тушди.
— Кетдингизми, ойи? — ортидан қизининг овози келди.
— Ҳа. Чой қилиб, акангни чақир. Томорқада оч-наҳор ишлайвермасин! Уйларни йиғиртириб қўй, опанг келади, дедим-а! Тушликка янги картошкадан қовуриб ея қолинглар! – у шундай деб тонгда уйдан чиққанди.
* * *
Рамазон ойи бўлишига қарамай бозор гавжум. Нишолдаю хурмонинг кўплиги рўза бошланганини айтиб турибди.
“Картошкамни яхши пулга сотсам, бир қутигина ҳурмо ҳам олволаман. Ҳурмо билан оғиз очиш жуда савобли эмиш. Нишолда ҳам олсаммикан? Болаларим ерди-да! ”Катта қизим ҳам еб кетармиди? Яхшиси, нишолда оламан! Ҳурмони бошқа сафар оларман...”
У болаларининг оғзи тегишини ўйлаб кўп нарса олишни дилига тугди. Деҳқон бозорининг четроғига ўтиб, картошкасини олдига қўйди.
— Сизам картошка олиб келдингизми? Бутун дунёни картошка босиб кетганми, тавба? Нарироқ туринг, ўзи бир соатдан буён сотолмай ётибман, — шанғиллай кетди ёнидаги аёл.
Шундагина у атрофга назар ташлади. Ростдан ҳам атрофда картошка кўп. Кимдир қопи билан ёнига қўйган, кимдир сумкада. Олдига қопи билан картошкаларни қўйиб олган аёлу эркак борки, қўлига чангга ботган латта қўлқоп кийган. Тўрқопга картошкани солиб, икки ёнидан икки киши силташ билан овора. Шу йўл билан ўз молини тозалаяпти. Айнан улар бозорда картошка кўплигига парво ҳам қилаётгани йўқ. Хушнуд, тиллари бурро.
Сумкада картошка сотаётганлар худди у каби ўтган-кетганга илтижоли боқади, харидорга ялингудек бўлади. Синиқ, тушкун. Олувчи ҳам уларнинг юзига қараб молини баҳолагандек ҳафсаласи пир бўлади. Нари кетади. Гўё уларнинг картошкаси ўзлари каби кўримсиз ва ожиз. У буни бир соат ўтиб ҳам бир кило сота олмаганида янаям чуқур ҳис қилди.
— Ишқилиб сотай-да! Уйга қайтариб олиб кетмай... — минғирлаб қўйди ўзича.
Бора-бора картошкалардан чиқаётган чангданми, димоғида тупроқ ҳидини, тамшанганида таъмини ҳис қила бошлади. Қуёшнинг ерга узанган нурлари худди сув насос каби бор намлик, салқин ҳавони тортиб олаётгандек, шу даражада иссиқ ва дим бўлдики, унинг нафаси қайта бошлади. Оғзини намлаш учун тамшанай деса, тили ҳаракатланмасди.
— Оғзим қуриб кетди-я! Ишқилиб, ифторликкача эсон-омон етиб олайлик... — деб қўйди у ёнидаги аёлга.
Бир соат ўтиб, нияти ўзгарди: “Ишқилиб, сота олай. Ҳасиплик гўштлар тугаб кетмаса, эди...”
Банданинг айтгани бўлармиди? Тушдан кейин зўрға иккинчи сумкаси ярим бўлди. Қолган уч-тўрт кило картошка кўзига балодек кўрина бошлади. Силласи ҳам қуриди, иссиқда ўтиравериб. У охири қолган картошкани қайтариб олиб кетишга қарор қилди. “Нима бўпти, уйда ейилиб кетади-ку!”
У сумкасини йиғди-ю, ўрнидан қўзғалди. Боради-ю, ҳасиплик гўштни олиб уйга жўнайди. Ҳали гўштни тозалаб, ювиб-чайиб қозонга осгунича ҳам гап кўп. Кеч бўлиб кетмаса бўлди. Қизининг келишига тайёр бўлса зўр бўларди-ю, қани унга вақт?
Аёл қадамини тезлатди. Гўшт бозори томонга энди бурилмоқчи эди, боланинг чинқириб йиғлагани эшитилди. Ундан сал нарида бир ярим яшарча қизалоқ қайноқ асфальтга йиқилиб, куяётган қўл-оёқларини типирчилатиб бақирарди. У жон ҳолатда гўдак томон отилди. Ердан кўтариб олди-ю, бағрига босди. Шўрлик қизалоқча терга ботган, юзлари бўғриқиб кетган, беҳузур бўлиб ҳам йиғидан ўзини тиёлмасди.
— Юр тез-тез! — уларнинг ёнига қўлида чақалоқ кўтарган ёшгина келин келди. — Раҳмат хола. Қўйворинг, ўзи юради.
Келинчак чақалоғини бағрига маҳкам босган, билагидан сумкаси ҳам осилиб турарди.
— Юринг ой-и-и, — ялинган овоз келди наридан.
Аёл бўйнини чўзиб қараб, тўрт ёшча келадиган қизчани кўрди. Уям қўлида елим пакет кўтариб олганди.
— Уч бола билан иссиқда нима қилиб юрибсиз? Яна ҳаммаси кичкина экан?
— Отамнинг қон босими чиқиб кетибди. Шунга шошиб кетаётгандим. Буни кўрмайсизми, оёғи чалкашиб йиқилгани-йиқилган.
— Кичкина экан-да! Катта одамлар чидолмаяпти-ку, иссиққа! — деди жажжи қизалоқни бағридан қўймай ўрнидан тураркан. — Қайси томонга юрасиз? Қўйишиб келай...
— Катта бекатга боришим керак...
Аёл йўлни чамалаб ичини уриб қўйди. Чунки етти юз-саккиз юз метрча нарида. Бозорни айланиб чиқиб, кўприкдан ўтиб, яна пича юриш керак. У сумкасини елкасига амаллаб ўтказди-да, қизалоқни маҳкамроқ тутди. Тўрт яшар қизалоққа ҳам раҳми келди-ю, начора. Озгина юрар-юрмас қўлидаги қизча ухлаб қолди. Энди аёл қўли толиққанида уни ерга қўя олмасди ҳам. Қадамини тезлатай деса, келинчак ҳам, ўзи ҳам ортдаги қизалоқнинг одими билан ҳисоблашиб келяпти.
У чарчаганини сезди. Мадори қуриди. Тили буткул танглайига ёпишди.
“Ифторликкача сабр бер, Худойим!”
Жони ҳалқумига келиб, бекатга етди. Ўриндиққа чўкаркан, қўллари ҳеч нарсани сезмаётганини ҳис қилди. Уч килодан ортиқроқ картошка, қизча ва ташналик тинкасини қуритганди.
— Раҳмат, хола. Уйғотинг уни. Сизни ҳам овора қилдик.
— Жуда ширин ухлаяпти. Қайси таксига ўтирасиз, бирорта одамнинг қўлига берамиз, — деди аёл гўдакка ачиниб.
Сўнг айтганини қилиб, болани таксида ўтирган ёш йигитнинг қўлига тутқазди-да, келинчак билан хайрлашди.
“Шунча йўлга орқага қайтаман, энди. Майли оғринмай, савоб-ку! Жоним қолмади, лекин. Йиқилиб тушмасам эди...”
У сувсизликдан лаблари ёрилиб кетганини сезди. Шоша-пиша гўшт бозорга кираркан, ҳиддан кўнгли ағдарилди. Тишини тишига босиб атрофга аланглади. Излагани йўқ! Қассоблардан суриштирди.
— Тонгда бўлади, ҳасиплик гўшт. Бу иссиқда уни сақлаб бўладими? Энг охирини ярим соатча аввал сотишди-ёв! — дейишди ҳаммаси.
Аёл бор-будидан айрилган кишидек шалвираб қолди.
“Қизимга нима дейман? Ойим ҳасип пишириб ўтирибди, дея томоғи тушиб келаётгандир?”
Аёлнинг мадорсизлиги ҳам, чанқагани, рўзадорлиги ҳам унут бўлди.
— Ҳасиплик гўштни қаердан топсам бўлади? — дея бозорда зир югурди.
Натижа йўқ. Ичидан нимадир узилгандек бўлди. Йиғлаб юборай деди. Судралиб, паришон ҳолда бозордан чиқди. Оладиган бошқа нарсаларни ҳам эсдан чиқарибди. Уйга қандай келганини ҳам билмайди.
— Ойим келди, — деган овоздан сўнг хуши ўзига қайтди.
— Опанг келдими? — деди у кичкина қизига қараркан.
— Йўқ ҳали. Қўшнимиз Гулнора опа бир дунё гўшт ташлаб кетди. Боқаётган хўкизларини сўйишибди. “Сизларнинг ҳам ҳақингиз бор. Ойингиз томорқаларингиздан роса ўт юлиб ташларди”, деди.
Аёл қўлидаги сумкани “тўп” этказиб бир четга ташлади-ю, уйга кирди. Қизи елим тоғорача хом гўшт кўтариб келди.
— Мана ойи...
— Вой, ҳасиплик гўшт-ку! — аёлнинг кўзлари чақнаб кетди. Қара, атай ҳасип қилишсин, деб берибди-да, Гулнора. Худойимдан айланай, менимча, ўша келинчакка ёрдам берганим учун ризқимизни осон юборди!
У ҳорғинлигини ҳам, ташналигини ҳам, рўзадорлигини ҳам унутди. Вужуди кучга тўлиб, ҳасип пиширишга киришди. “Нишолдами, ҳурмоми олиш ҳам эсимга келмабди-я”, деб ичини урган бўлса-да, димоғи чоғ эди...
Тамом
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 9